Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Блог

Ҳасанали ота

Ўзингни англа

Мақола ҳақида мақола

Баҳо:
+0; -0

Терма жамоамиз Анталия шаҳрида яна олти кун шуғулланади. Сўнгра янги йилни юртимизда кутиб олгач, ОК жангларида қатнашиш учун Дубайга учиб кетишади. Улар учун ушбу кунлар жуда муҳим кунлардир. Ҳар бир куни қандай бошланиб, қандай ўтиб, қандай тугаяпгани бизга қизиқарли. Терма билан бирга Хайрулла Ҳамидов кетган экан. Терманинг ушбу кунлари ҳақида батафсил маълумотлар ёзиб юборишига рухсат беришмагандир. Йўқса, бизни соат сайин терма ҳақида янги барра ҳабарлар билан кўмиб ташлаган бўлармиди. Ҳар бир ишқибоз учун ушбу кунлар ўзгача ҳаяжон билан ўтиб бормоқда. Терма жамоада нима гап, нима сўз? Фақат шу, (АПЛ, ё Ла Лига, ё бошқаси ўз йўлига), бизни фақат шу, фақат термамиз қизиқтирмоқда.

ЎЛМАЙ ТУРИБ ТАРИХДА ҚОЛИБ КЕТИШ
Хайрулла Холиқов “Локомотив”да матбуот котиби бўлиб ишлаб юрганида кўпчилик уни фотомухбир деб билар эди. Клуб сайтини тўлдираман деб фотоаппаратидан ажралмас эди-да. У билан кўп марта учрашиб юрардим. Доим менинг мушкулимни осон қилиб юрарди. Футболчилар билан учрашувлар ўтказиб берарди. Ҳар бир матбуот анжуманини аъло даражада ўтказарди. Уни 10 йилдан бери таниман. Доим қаердадир, қайсидир жамоанинг матбуот котиби бўлиб ишларди. Бахтиёр Ширинов шу йиллар ичида фақат битта клубда, Олмалиқда ишлаб келмоқда. Шу йиллар давомида ОТМКда бешта мураббий алмашгандир. Ширинов ўша ерда бир жойда ишлай беради. Холиқов эса мана шу йилларда бешта жамоани алмаштиргандир, ким билсин. Ўн йил олдин Ширинов ўз мақолалари билан “Чемпион”да қатнашиб турар эди. У ўзбек футболи бўйича статистиканинг устаси ҳисобланарди. “Чемпион” ўтмишга чўкиб кетган тарих бўлиб қолди. У билан бирга анча-мунча журналистлар жимиб қолди. Ўтмишда қолди. Ким билади дейсиз, ҳозир улар қай бир сайтда ўз сўзлари билан истиқомат қилишаётгандир. Холиқов эса, ҳеч қаерда ёзмас эди. Бундай қаламсиз, армон-аламсиз, ораста котиблар талайгина.

Ушбу кунлари Холиқов “Локомотив”дан бўшаб кетгач, “ФЭ”нинг ҳар бир сонида ўз мақолалари билан ҳаммамизни қувонтириб келмоқда. Буни мен ундан ҳеч кутмаган эдим. Тузуккина ижодкор экан. “ФЭ”нинг саҳифалари яна бир муаллифнинг ўзига хос овози билан бойиди. Бу қувонарли ҳол. Унинг ҳар бир ёзгани менинг эътиборимда. Газетанинг ҳар бир сонида унинг икки-учталаб мақолалари босилиб чиқмоқда. Терма жамоамиз ўйинларига, Эктор Купер фаолиятига ўз муносабатини доим билдириб келмоқда. Унга ҳавасим келади; менда бундай минбар йўқ. Ёзганларим ватандошларим уйларига, кутубхоналарга, кабинетларга, ўқув масканларига кириб бормайди. Электрон сайт орбитасига учиб кетади.

ҒИЖИМЛАНГАН ОВОЗ СОҲИБИ
Холиқов “ФЭ” газетасининг 100-сонида “Терма жамоамиз учун ҳал қилувчи палла” деган сарлавҳа остида (6-7-бетлар) мақола билан чиқиш қилибди. Купер термага келганидан бери Холиқов у ҳақда бир хил позицияда туриб ёзмоқда. Биринчи йиғиндан кейин бу қандай гап, бу қандай иш, дегандек ҳимоявий футбол бизга керак эмас, деб ёзди. Тўпсиз ўйнаш эмас, тўпни назорат қилиш биз учун муҳим деб ёзди. “Тўпсиз ва ҳимоявий футбол бизга бегона эканини сентябрдаёқ кўргандик. Лекин Купер октябрь ва ноябрда ҳам бу услубдан воз кечмади” деб (“ФЭ”, № 100. 7-бет) саҳифани “ақлли” гаплари билан тўлдирибди. Ажабо, Купер Холиқовнинг гапига биноан ноябрдаёқ ўз футбол қарашидан “воз кечиши” керак экан-да. Бу қандай гап, бу қандай иш, дегандек журналист Купердан норозилигини билдирган. Ажабландим. Ўйинчи жами 10 дақиқа тўп билан ўйнайди. Ундан кўп эмас. Футболчи 80 дақиқа нима қилсин? У тўпсиз ўйнаши, тўпсиз тўғри ҳаракат қилиши керак бўлади. Бизда кўпи билан ҳар бир комбинацияда учта ўйинчи қатнашади. Қолганлари оний дамда томошахонлик қилаётган бўлишади. Тўғри ташкил қилинган ўйинда ҳар бир вазиятда камида 6та футболчи қатнашиши керак. Қолган 4таси уларни қўллаши керак. Мазкур ҳолат ўзбек футболининг асосий нуқсонидир. Холиқов буни тушунмайдими? Купер унинг айтганини қилсинми?

Иккинчи ғалабали йиғинимиз ўйинлари унинг танқидий гапларини бўғиб қўймади. Унинг сўзамоллиги ҳисоб рақамлари билан боғлиқ эмас экан. Рақамлар салбий бўлса, унинг овози авжига чиқади. Ижобий бўлса-чи? Унинг танқидий овози ғижимланиб, ғалабалар тасодифий деб, далил қидириб, топиб-топмай, пусаяди. Куч тўпласа керак-да. Ҳолатан ўйинда камчиликлар ҳали жуда кўп эди. Ўйин ҳақида жуда кўп ёзиш мумкин эди. У эса сабабиятни рақибдан қидирмоқда.

ЖАДВАЛ ТЎҚМОҒИ БИЛАН...
Учинчи йиғиндан кейин унинг “қўшиғи“ авжига чиқди. Бу қандай гап, бу қандай иш деган мазмунда мақолалари қайнаб тошди. Туркиядаги ҳал қилувчи йиғинимиз ўтаётган бир муҳим даврда, бизнинг муаллиф газетхонлар даврасига кириб борар экан, яна ўша, бу қандай гап, бу қандай иш дегандек, мақола ёзибди. ОК-2019даги бизни кутяпган бўлғуси ўйинларимиз Анталияда ўтаётган йиғинимиз туфайли мазмунли ўтишига ишонаман. Улар ижобий рақамларда якунланиб Холиқовнинг гап-сўзларини рад этиб қўйишига ишонаман. Термамиз карвони олдинга қараб одимлашига ишонаман. Бизнинг муаллиф, бу қандай гап, бу қандай иш, деган мазмунда мақолалар ёзиб орқада қолиб кета беради. Карвон ўта беради.

Мақолани “Нега айнан Туркияга (кетдик)”, деган сўзлар билан бошлабди. Муаллиф доим оммавий фикрга таянади. Оммага, ҳаммага маъқул бўлган майдондаги ҳаракатлар, майдон ташидаги гап-сўзлар унинг учун тушунарли, ишонарли, эътиборли ҳисобланади. Кўпгина рақибларимиз мусобақага охирги тайёргарликни Қатарда ўтказаётган бир пайтда Холиқов нима учун Туркияни танладик деб, уни танқид қилибди. Бу билан кимни нимада айблаётганини билмай қолдим. Далил маъносида Қатарда ким ким билан ўйнаши ҳақида жадвал тузиб чиқарибди. Фаластин, Иордания, Хитой, Эрон, Қирғизистон, Вьетнам, Ҳиндистон термалари Қатарда кунора назорат ўйинини ташкил қилишини танқидига далил қилиб келтирибди. Масалан, 23 декабрда Қатар Иордания билан ўйнаса, 25 декабрда Қатар қўшнимиз Қирғизистонни қабул қилади. Икки кун ўтиб 27 декабрда Қатар Жазоир билан ўртоқлашса, 31 декабрда Қатар Эронни қабул қилади. Шунга ўхшаб барча жамоалар ўйинлари бир жадвалда жамланган.

Муаллиф Купернинг қарорини танқид қилар экан, Қатар ҳавосининг ҳарорати айнан Амирликдаги ҳарорат билан бир хиллигини пеш қилган. Анталиядаги ҳарорат Дубайдан 10 градусга фарқ қилишини эслатиб, танқидига куч қўшган. Купернинг Анталияда 15 кун машғулот ўтказиб шу ерлик жамоа билан фақат битта ўйинда майдонга чиқиш қилиши муаллифга ёқмаган. “Охирги йиғин учун Доҳа танланса, маъқул бўлармиди... Ўртоқлик учрашувлари борасида ҳам муаммо юзага келмасди” деб, Куперга маслаҳат берган.

Худди шу гапларни, шундай танқидни Фаррух исмли бир ишқибоз йигитдан эшитдим. Фақат у Куперни ёзиб бўлмайдиган аччиқ сўзлар билан “сийлаб” гапирди. Фаррух термамизга бефарқ эмас. Сайтга доим киради. Умуман газета ўқимайди. Демак, у Холиқовнинг мақоласини ўқимаган. Нима демоқчиман? Бизнинг муаллиф ўз фикрини (агар унда фикр-мулоҳаза бор бўлса) баён қилмасдан омма гапларини бизга етказар экан-да. Оммабоп, ҳаммабоб ёзар экан-да. Омманинг олдига ўтиб ёзмас экан-да. Оммадан ажралиб қолишни истамас эканда. Омма ичида ё ортида юрар экан-да. Оммавий гапда фикр-мулоҳазанинг адашиб қолган ушоғи ҳам бўлмайди. Шундай экан мен, муаллиф келтирган фактлар бўйича бир мулоҳаза юритиб боқай. Эшитинг.

ТАХМИНЛАР ТАҲЛАМИ
Масалан, Қатар термасини оламиз. Нима сабабдан улар 10 кунда 4та ўйин ўтказишмоқда? Биринчи тахмин: Арабларнинг чемпионати эрта тугаб, уларнинг спорт формаси паст даражада бўлганидан, уларнинг жисмоний ҳолатини тиклаб олиш учун, мушакларни уйғотиб олиш учун кун ора ўйин ўтказишмоқда. Бу нотўғри гап. Биз-чи? Бизнинг ўйинларимиз яқинда тугаган. Ҳеч кимда форма йўқолмаган. Кун ора футбол ўйнашга эҳтиёж йўқ.

Иккинчи тахминим қуйидагича. Арабларда таркиб ўйинчилари яқинда йиғилишган. Бир-бирлари билан яхши чиқишиб узвий боғламликда ўйин кўрсатишлари учун турнирдан олдин тўртта учрашув ўтказишмоқда. Бу ҳам нотўғри гап. Бизга келсак, футболчиларимиз анчадан бери бир-бирларини яқиндан танишади, яқиндан ҳис этишади. Бир нафасда ўйнай олишади.

Учинчи тахминим шундай: Қатар терма жамоаси ҳар томонлама мукаммал таркиб билан мукаммал ўйин кўрсатишга тайёр туришибди. 4та ўйинда ўйин тасвирига сўнги ва охирги бўёқларини бериб, гуруҳнинг биринчи тўқнашувиданоқ ғалаба қозонишни бошлаб юборишмоқчи. Бу гап ҳақиқатга яқин.

Бизга келсак, бизда мутлақ бошқа вазифа кўндаланг турибди. Футболчиларимиз ўз ўйин маҳоратини 10 кунда 4та назорат ўйини ўтказиб бир поғона баланд даражага кўтара олишмайди. Купер бу вазифани ўртага қўймаяпти ҳам. Купер янги ўйин тизимини яратиб олмоқда. Гап у ё бу тактика ҳақида эмас. У бир ойлик ё бир йиллик ўйинга эмас, у уч йиллик ўйин даражасига ва натижасига қараб интилмоқда. ОК-2019 турнирининг ўйинларида ўша манзил сари катта масофани босиб ўтмоқчи. Купер биринчи марта 20 кун жамоа билан бирга узлуксиз ишламоқда. Ва шунинг учун янги ўйин тасвирини тугал яратиб олмоқчи. Ўйинга пардоз ишларини гуруҳ ва плей-офф ўйинларида давом эттирмоқчи. Тур сайин ўйинга ўйин қўшмоқчи. Ман уни шундай тушунаман. Илоҳим, йигитларимиз камида 6та ўйинда тажриба орттириб қайтишсин.

Холиқов гапида давом этиб, таркиб ҳақида янги хабарлар, маълумотлар келтирди. Таркиб борасида ҳамманинг ўз фикри, ўз гапи бор. Бу ҳақда гапирсак тонг отмайди. Сабрингизни синаб нима қилдим. Ман нима демайин, Сизнинг ўз фикрингиз бошқачароқ бўлади. Фақат бош мураббийнинг қарори сўнги ҳақиқат бўлиб қола берсин. Шуни айтишим керакки, яқин 12 йилдан бери ҳеч бир мураббий терма таркибини шакллантиришда беғараз бўлмаган. Доим кўрпани қайсидир клуб бўй-бастиига тортар эди. Бу борада биринчи марта Бош мураббий беғараз бўлмоқда. Бу ҳол жамоа руҳиятига ижобий таъсир қилмоқда.

Ҳурматли ҳамюртим, сиртдан туриб Хайрулла Холиқов билан баҳслашиб, термага бўлган эътиборингизни бир оз оловлантирган бўсам, лов-лов ёндирган бўлсам, ёзаман деб чиранишларим бекор кетмаган бўлади. Терма жамоамиз беш кундан кейин юртимизга қайтиб келишади.

ОК жанглари бошланишига 11 кун қолди.

Сизни, азизларим, соғиниб Ҳасанали-отангиз ёздим. 24.12.2018й.

Киритилган сана: 24.12.2018 20:52. Ўкилди: 4399 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.