Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Блог

Ҳасанали ота

Ўзингни англа

Узр айтиш истаги билан

Баҳо:
+0; -0

КОВИД ВА ФУТБОЛ.

Абдилазиз Искандаров. Ҳасанали-ота, анчадан бери “Дастурхон” ёзмай қўйдингиз.

Ҳ.Қ. Бунга кўп сабаблар бор. Ҳаётимда оғир кунлар бўлиб ўтди, соғлиғимдаги муаммолар туфайли қийинчиликлар ичида қолдим. Ўнглана олмаётибман.

А.И. Травма олган футболчи ҳолатига тушиб қолибсиз-да.

Ҳ.Қ. Шунга ўхшаш. Лекин ундай эмас. Ўхшаш томони ҳаётимда бир нимам синиб қолди. Қалбим қаттиқ “травма” олди. Жароҳатдан кейин футболчи руҳан кучаяди. Зеҳни тиниқлашади. Тақдирга тан беради. Ковиддан кейин нимага тан беришни билмай қоласиз. Шодланиш ҳам, қайғуриш ҳам бошқача. Бугун яхшисиз. Эртага ёмон. Ковиддан кейин ҳамманинг ҳолати турлича бўлар экан. Ковид юракка, буйракка тепмоқда. Лекин таслим бўлмайман. Бугунги ҳолатим эртага ўзгариб яхшиланмоқда. Индинга соғлиқ яна ёмонлашмоқда. Аниқ бир гап айтиб бўлмаяпти. Аниқ бир нимага кўникиб, мослашиб бўлмаяпти. Ҳеч нарсага тушуниб бўлмаяпти. Ўзимни танимай қолдим. Жароҳат азобидан йиғлаган футболчиларни кўрганман. Кўз ёш тўкмай, товуш чиқармай ўкириб йиғлайман, гоҳида. Бу йилги футбол ҳам шундай ўтмоқда. Кечаги “МЮ”нинг, “Реал”нинг нол-нолларини, ярим финалларни қандай тушунасиз? “Барса”ни ютган “Реал” шуми? “Локомотив”га қарши биринчи бўлимдаги “Бунёдкор”ни умуман таниб бўлмади. Ковид остидаги мавсум шундай ўтмоқда. Рухий ва жисмоний ҳолатнинг ўзгариши сабабсиз ва ададсиз.

ДАВРОН ВА ФАРЗАНДЛИК БУРЧИ.

А.И. Лекин ҳар бир жамоа, ё мураббий, ё бир футболчи ҳақида маълум хулоса чиқариб, аниқ “ташҳиз” қўйиб бир нима дея оларсиз. Масалан, “Реал”у “Барса”, “Сити”ю, “Челси”лар ҳақида нима дейсиз?

Ҳ.Қ. Сиз ҳам Даврону Хайруллалар даврасидан чиққанмисиз дейман. Гап кеб қолди. Жойи келди, ҳеч кимни аямайман. Давронга нега ўзбек футболи билан ишингиз йўқ десам, биласизми нима деб жавоб берди? Бу саволни давлат ТВ компаниясига беринг дейди, футболимиз ҳақида кўрсатув қилишга хуқуқимиз йўқ дейди. Ўз футболимизни тарғиб қилишга ким қандай “хуқуқ”ни кимдан сотиб олиши керак экан? Ким бу “хуқуқни” сотиб даромад кўрмоқчи? Ўз футболимизни тарғиб қилиш Ватан олдидаги ҳар биримизнинг фарзандлик бурчимиз эмасми? Бундай сотувгарчилик, тўғрисини айтаман; бундай сотқинлик дастидан ўз футболимизга эътибор ўлиб бормоқда. Сиз ҳам тилдаям, дилданам Еврофутбол билан яшаяпсиз, шекилли. Тилдан илиндингиз. Савол бераркансиз, “Пахтакор”у “Насаф”лар эмас, “Реал”у “Барселона”лар тилингизга ихтиёрсиз келиб қолди.

А.И. Бозор муносабати. Ҳар бир хизматнинг эгаси, тўлови бўлиши керак. Футболда бозорни яратиш зарурлигини бир неча бор уқтирган Сиз эмасмидингиз?

Ҳ.Қ. Футболимизда бизнес муносабатларини яратиш зарур деб ҳалиям такрор айтаман. Монополияни эмас. Ҳар ерда бўш келганимиздан бозор душмани-- монополия ҳукумронлик қиламан дейди. У ёқда Жаҳонгир мансабдор бўлиб олиб ўз мулкига имтиёзлар яратиб олмоқда. Бу ёқда бошқаси футболимиз тарғиботини ўз мулкига айлантириб олмоқда. Лекин шундай бўлса-да, ҳар бир футбол журналисти қаршисида юрт олдидаги бурчини бажариши учун ҳеч нарса тўсиқ бўла олмайди. Хайрилла Ҳолиқов “Локомотив”да ишлагани баробарида “chempionat.Asia” сайтида ўзбек футболига бағишланган мақолалари билан қанташмоқда. Бир пайтлари футболимизга воқеа бўлароқ мақолалари билан кириб футболимизда ўз овозига, ўз сўзига эга бўлган Хайрулла Ҳамидов Еврофутболга маҳлиё бўлиб қолган. Ёлғизланиб қолган “Интерфутбол” саҳифалари унга интизор. Узлуксиз футболимиз ҳақида мақолалар ёзишига ҳеч нарса тўсиқ бўла олмайди. Лекин, Абдулазиз, Сиз айтган “тўсиқни” олиб ташлаш осон иш. Футбол операторларини “Спорт канал” қарамоғидан чиқарайлик. Улар ҳаммага баробар хизмат кўрсатиб кун кўрсин. Ҳаммадан хақини олсин. Бунга ким қарши. Майли, давлат каналига имтиёзли хизмат кўрсатсин. Шунда ҳаммадан футболимиз тарғиботини талаб қилайлик.

А.И. Бу қизиқарли таклифни омманинг эътиборига ҳавола қиламиз. Лекин саволим ўз кучида қолади.

ДАҲОЛАР ЖУФТЛИГИ

Ҳ.Қ. Мен жавобдан қочмайман. “Барса”нинг ўйини пасайиш даврига кириб қолганига анча бўлди. Пасайиш табиий ҳол эди. Чунки, юқори нуқтага кўтарилган ўйиндан сўнг пасайиш келади. Янги ўйинни янги мураббий янги таркиб билан амалга оширади. Замонамизнинг даҳо мураббийи (Гвардиола) ва даҳо футболчиси (Месси) атрофида яхши шароит яратилиб мазкур буюк ўйин порлаган эди. “Барса”да Месси бор бўлгани билан янги Гвардиола топилмаяпти. Месси туфайли пасайиш даври қаҳрли бўлмаяпти. “Барса” чўкмасдан юқорида сузмоқда. Гвардиола ҳам гоҳида порлаяпти, лекин ёнида Месси йўқлигидан лов-лов ёнмаяпти. Иккаласи қўшилиб ҳаммани ўзига маҳлиё қилган эди ўша даврда. Бизнинг Абрамов ҳалигача ўша ўйиндан нусҳа кўчираман деб овора. Хозир Пепнинг ўзи ундан, яъни эскирган ўйин ғоясидан воз кечиб, “М.Сити” ўйинига янги нафас бера олди. Энди “Сити” ўйинида тики-так билан рақибни қамал қилиш йўқ. Пеп бир эмас, тўртта Стерлинг билан ҳам рақибни жаримага қамал қилиб уни енга олмаслигини тушунди.

А.И. Гапларингиз қизиқарли. “Реал” ҳақида нима дейсиз?

ТАКТИК ЎЙИН НИМАСИ

Ҳ.Қ. Хайрулла бир кўрсатувда Зиданни тактик мураббий деб атаган эди. Физик ҳолат билан шуғулланадиган алоҳида мураббийлар бўлишини билардим. Баъзида алоҳида таҳлилчи мураббийлар ҳам бўлади. Манимча, бир пайт Амед Мамед, хозир Волков Қосимов ёнида шундай вазифани бажарган, бажармоқда. Тактик мураббий ҳақида илгари эшитмаганман. Янги тактик схема билан футболда давр яратган мураббийлар бўлишган. Лекин ҳеч ким уларга бундай ном бермаган. ЖЧ-1958да Бразилия мураббийи Фиола Футболда давр яратди. 1-3-2-5 ўрнига у Ж.Ч.га биринчи бўлиб 1-4-2-4ни олиб келди. Кейин ҳамма шундай тактик схемада ўйнай бошлади. Лобановский биринчи бўлиб 1-4-4-2 тактик схемасини қўллаб Супер кубок ғолиби бўлган. Янги ўйин ғояси билан машҳур бўлганларни эслайман. Круиф даврида Голландия термаси Ж.Ч.га тотал футболни олиб келди. Дания термаси Югославия ўрнига қатнашиб, Е.Ч-92да бир чизиқли ҳимояни қўллаб, ҳаммани офсайтда қолдира-қолдира Европа ғолиби бўлган эди. Хозиргача ҳамма шу усулда ҳимояланмоқда. Зиданга нисбатан Хайрулла нега тактик мураббий деган номни қўллади, билмадим. Вазиятни ўқиш, ўзига мақул вазиятни яратиш ва мақсадга эришиш (гол инглиз тилида мақсад дегани) ҳар бир ўйинчидан тактик маҳоратни, баланд физикани, юқори техник салоҳиятни талаб қилади. Тактик тренер, тактик ўйин нима дегани ўзи?

Зидан кучли футболчи эди. Хозир у кучли ўйин яратувчи бўлган. Ўйинчилардан тўғри ҳаракатни талаб қилиб кучли ўйин ярата олади. “Челси”га қарши кечаги ярим финал ўйинида Томас Тухелга қарши бир нима қила олмади. Жавоб учрашувигача Зидан ўйинни кучайтира олмади. Менди устида кўп ишлаб эндигина унинг ўйинини тўғри йўлга сола бошлади. Юнисиус ҳалигача нотўғри ўйин кўрсатиб келмоқда. Кечаги “Бетис”га қарши кечган ўйинда унинг нотўғри ҳаракати туфайли неча марта голвар вазиятлар пучга чиқди. Лекин Зидан кутишни билади. Рональду даврида Бензема бошқача ўйнаб жамоавий ўйинда жуда фойдали ҳаракат қилар эди. Хозир у ҳечам Рональду бўла олмаса-да, тўпурарлик қилиш учун бошқача ҳаракат қилмоқда. Фикримни тушунтириш учун мисол келтираман. Масалан, бизнинг Абрамов янги ўйинни яратгани билан уни кучайтира олмайди. Абрамовдан кейин Еличич “Локомотив”га бош мураббийлик этиб тайинланди. У Абрамов ижод қилган ўйинга бир нима қўшмади. Вадим яратган ўйинни физика билан кучайтириб “Локомотив”ни чемпион қилган эди. Саволингизга жавоб бера олдимми? Ютти-ютқазди деган гапларни мендан кутманг.

ИККИ КЛУБ, ИККИ МУРАББИЙ

А.И. “Челси”га ярим финалда ҳар томонлама ютқазиб қўйди-ку “Реал”ингиз. Бунга нима дейсиз? Зиданингиз шуми?

Ҳ.Қ. Зидан “Реал”га қайтиб хато қилган эди, деб ўйлайман. Ҳеч ким Фергюссон бўла олмайди. “Реал”нинг ўйини энг паст нуқтагача чўкиб, сўнг янги юлдузли таркиб билан, янги мураббий бошчилигида янгича ўйин кўрсатиб янги чўққиларга кўтарилсин деб бош мураббий жамоадан кетган эди. Гурухдаги ўйинларни кўриб “Реал” гурухдан чиқа олмасов деган эдим. Шу жамоа Зидан туфайли ярим финалгача етиб келди. Бу яхшиликками, ёмонликка, билмадим. Европада уч карра ғолиб бўлган учтўртта буюк футболчилари бор. Бошқалари жаҳон даражасига ҳали чиқишмаган. Улар учун финал кураши фойдали тажриба бўлар эди, албатта. Лекин савия ҳали паст. Ҳали иш кўп.

А.И. Куман ҳақида нима дейсиз?

ҲҚ. Куман даражаси баланд мураббий. Анчелоттидан ҳам баланд. “Эвертон”га келиб ўйин яратган эди. Карло-ота “Эвертон” билан бу ишни қила олмаяпти. Унга кучли юлдузларни берсангиз, натижани оласиз. Лекин, Конте ва Лопотегилар билан бўлган воқеа у билан ҳам юз беради. Бу йил Куман чемпион бўлиб кейинги йил ўйини сабаб-бесабаб йўқолиб кетиши мумкин. Нима учун? Шошманг, хозир айтаман. Конте Италия термасини ташлаб “Челси”га келган эди. Эслайсиз, ЖЧ-2014 олдидан термани ташлаб “Челси”га келган мураббийнинг ишлари қандай бўлганини биласиз. Лопотеги ЖЧ-2018 олдидан Испания термасини ташлаб “Реал”га келган эди. Нима бўлди. Куман ўлиб қолаёзган Голландия термасини тирилтириб, уйқудан уйғотиб, ўйинга ўйин қўшиб турган пайти эди. Терма жамоани ташлаб “Барса”га келди. Футбол биринчи навбатда ватанпарварлик рамзи эмасми. Мазкур мураббийлар терма ишқибозлари қарғишига қолишиб, кўчиб келган клубларида натижа бера олмай, у ердан беобрў бўлиб ҳайдалишди.

ЯХШИНИ ТОПГАНИНГ ҚАНИ

А.И. Бизнинг терма жамоамиз ҳақида нима дейсиз? Бу гал Мундиалга борамизми?

Ҳ.Қ. Сиз ҳам шу кўчада юрибсизми? Термамиз июндаги ўйинларимизда ғалаба қозонсин, аввало. Бунинг учун нима қилиш керак бўлса, шуни қилайлик. Шундан гапирайлик. Ҳеч кимнинг футболимиз савияси билан иши йўқ. Бизга мундиални беринг. Қолгани бир гап бўлар, шундайми? Сизни тушунаман. Мундиалга чиқсак, бу воқеа бутун ўзбек халқининг байрами бўлади. Шу бугунги ўйин савиямиз билан мободо мундиалга чиқсак, ЖЧ-2010 йилги КНДР сингари ҳаммага ютқазиб, дўппосланиб қайтамизми? Сиз тугул мутасаддиларни ҳам ўйинимиз савияси қизиқтирмайди. Умид Аҳмаджоновнинг отиниям, изиниям ўчирамиз деб Эктор Куперни амаллаб йўқотдик. Ўрнига шошилинч равишда Абрамовни вақтинча ўриндошлик асосида термага бош қилиб қўйдик. Куперни ёмон дедик, яхшисини ҳалигача топмадик. Хозирги терма аҳволига сизу-биз куюнамиз. Раҳбарлар эмас. Улар салобатли юришади, обрў сақлаб туришади. Биронта ишқибоз эшик қоқиб раҳбар олдига кира олмайди. Дардини айтолмайди. Ҳайбатли эшик олдида бечора ишқибознинг оёқлари қалтираб, сўзи қочиб, тили тутилиб қолади. Раҳбар бир нима қилай демайди. Бир нима бўлса, ишдан олишга айбдор тайёр. Терма жамоамизга “бир нима” бўлганига анча бўлган. Аҳвол пачавалиги кундай равшан. (Ироқ билан ўйинни эсланг.) Айбдор, албатта, Абрамов бўлади. Абрамов бир ой эмас, бир йил туриб берди. Етар, кучли мураббийни олиб кел! Консультант сифатида бўлса ҳам, майлига. Йўқ, ҳеч ким буни ўйламайди, ҳеч кимни олиб келишмайди. Ҳеч қандай ўзгаришлар бўлмайди. Ҳеч ким ташвиш тортмайди.

Мавсум бошида Абрамов олдида танлов имконияти бор эди. Нега у Куманга ўхшаб клубни демади. Термани деди. Нега? Эронга қарши ўйинда урган голимизни япон ҳаками ҳисобга олмаганидан кейин Абрамовни беобрў қилиб ҳайдаб юборишган эди. Шундай воқеалардан кейин ҳам Абрамов клубни эмас термани деди. Нега? Ватанпарварлик туйғуси баланд келдими, ё диққат марказида бўлишни истадими, ё қоқолсада, жангга тўймайдими? Балки клубдаги жойини унга “бронлаб” қўйишгандир. “Қатардаги О.К. олдидан натижа кўрсатиш учун сенга терма билан бир ойлик йиғин қилиб беришган эди. Беш кунлик йиғинда натижа кўрсата олмайсан-ку”, дейдиган одам топилмайди. “Ўйин савиясини бир даража у ёқда турсин бир мирига ҳам кўтара олмайсан-ку. Кучли легионер футболчиларимиз ўйинни кучайтира олади, дейсанми? Ўйин умуман бўлмаса-чи, нимани кучайтирасан?” дейдиган одам қани? Беш кунлик йиғинда ўйин яратиб бўлмайди-ку. Хозирги савиямизни бу йилги ОЧЛ гурух ўйинларимизда ҳаммага (Абрамовгаям) кўрсатиб қўйдик. Наҳотки, Абрамов бу нарсаларни тушунмаса?

ДЎППОСЛАНИШ ТАРИХИ

Тушунади. Гап бошқа ёқда. Абрамов ўз кучига, атрофдаги реал ҳолатга объектив баҳо бера олмайди. Янглишади. Мисол келтираман. ОК-2011 ярим финалидан аввал Абрамов Австралия термасини юта олишига чин дилдан ишониб, бошқаларни ҳам ишонтириб, ҳамманинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдирган эди. Хатто, медаллар учун курашамиз деган эди. ЕЧ-2002да ҳар бир рақибга қарши алоҳида ўйин тайёрлаб турнирда ғолиб бўлган Греция термаси аслида кучсиз эди. Ўша Отто Рекхагелга ўхшамоқчидир. Биздан анча кучли бўлган кенгуруларга қарши Абрамов ҳам бир нима тайёрлаб қўйгандур деган умид учқуни бор эди. Йўқ, ўзига, тўп назоратига ишонган Абрамов ҳеч нарса тайёрламаган экан. Бизларни рақиб дўппослаб ташлаган эди ўшанда(0:6). Хозир ҳам Абрамов ўз кучига кўр-кўрона ишониб юборяптими, дейман. Хатто, кейинги босқичга чиқишимиз амримаҳол-ку. Ёки Абрамовнинг яширин сеҳрли таёқчаси бормикан? Ё олтин балиқчани тутиб олганми? Ё чол Ибн Ҳаттоб унинг ҳизматидами?

А.И. Четдан туриб танқид қилиш ҳаммага осон. Сиз катта раҳбар, масалан, ЎФА президенти бўлганингизда терма учун нима қилган бўлардингиз?

АГАР МЕН РАҲБАР БЎЛСАМ...

Ҳ.Қ. Сизу-бизнинг гапимиз ҳеч қайси раҳбарга керак эмас. Ушбу хос суҳбатни ҳеч қайси раҳбар ўқимайди. Умуман, ҳеч ким ҳеч нарса ўқимайди. Суҳбатни издан чиқариш учун шундай савол бермагандурсиз, ахир. Бу саволингизни шунинг учун беэътибор қолдирсам бўлади. Лекин ман ушбу саволингизни жиддий қабул қилиб, жиддий жавоб бераман. Ман бош мураббий лавозимига Европадан кучли мураббийни олиб келган бўлар эдим. Масалан, ван Гални, ё Қурбон Бердиевни, ё Гус Хиддинкни, ё ишсиз юрган Фабио Капеллони тежамкорлик қилиб маслаҳатчи мураббий сифатида олиб келардим. Ёки ўсиб келаётган иқтидорли чет эллик ёш мураббийни ёрдамчилари ўзимиздан бўлиши шарти билан таклиф қилардим. ТЖМ таркибига Рўзиқул Бердиевни, Вадим Абрамовни қўшиб, Марказ олдида Бош мураббийни ҳисобатдор қилиб қўярдим. Ж.Ч.да имкон борича юқорига боришни вазифа қилиб қўярдим. Лекин, навбатдаги О.К.да совриндор бўлиш талабини мураббийлар олдига қўяр эдим. Бунинг учун ҳар йили бир неча марта термамиз учун совринли турнир ташкил қилардим. Марказий Осиё конфедерацияси учун ўз чемпионатини яратар эдим. Футболимизни Исландия ҳамда Хорватия футболидан ўрнак олган ҳолда, биринчи навбатда терма жамоаларимиз ўйинлари асосида ўстирардим. Мисол келтираман. Исландияда умуман, профессионал клублар мусобақаси йўқ. Хорватиянинг клублари орасидаги мусобақа эса, Европада ҳеч қандай нуфузга эга эмас. Лекин терма жамоаси ЖЧ-2018да иккинчи ўринни олди. Бизда барча маблағ клубларга еб кетарга берилмоқда. Лекин самара ноль.

МАЙДОН БИТТА, ТАКЛИФ МИНГТА.

Чемпионатимиз савияси паст даражада қолиб кетмоқда. Чемпионатимизни лигалар турнири шаклида қурмасдан, вилоятлар мусобақаси асосида қурардим. Масалан, вилоятлар мусобақасининг ғолиблари учун плей-офф шаклида бир ерда турнир ўтказиб, сўнгра Ўзбекистон ғолиблигига финал турнирини ўтказиб чемпионни аниқлардим. Марказий Осиё чемпионлар лигасини ташкил қилардим. Клублар учун ҳам совринли турнирлар сонини кўпайтирардим. Футбол мактаблари-ю, академияларида тил ўргатиш мажбуриятини қўяр эдим. Африка халқларининг кўплаб вакилари Европа клубларида ўйнашмоқда. Нима учун? Сабаблардан бирини айтайми? Улар тил билишади. Бу йилги ҳолатни асосий йўналишга айлантирардим. Европанинг ёш иқтидорли мураббийлари учун юртимизни юқорига ўсишнинг тажриба ва старт майдончасига айлантирардим. Бунинг учун футболимиздаги каррупцияни батамом йўқатарди.

Автопром саноатидаги ютуқларимизнинг асосий омили замонавий энг юқори технологияни олиб кирганимиз бўлди. Футболимизда технология деганда аввало бош мураббий ва унинг меҳнат шароитини, кейин бошқа омилларни: майдонни, ташкилотчиликни, қонун устиворлигини, ҳалолу шаффофликни тушунаман. Бердиеву, Файзиевларимизни камситиш ниятим йўқ, Лекин ??уларнинг бизникилар олдидаги фарқ “нексия”нинг “москвич” олдидаги фарқи кабидир. Хозирча шундай. Тожик мураббийи Россия футболида ўзини кўрсата олди. Туркманистонлик Қурбон Бердиевни айтмай қўяқолай. Нима учун шундай бўлмоқда? Бош мураббийнинг қадри йўқ бизда. Нўмон Ҳасановни қандай “қадрлаб” қўйганимизни ҳамма унутиб юборди. Бунақада бизнинг Нўмонларимиз бири қандай қилиб ва қачон Қурбон бўла олади?

А.И. Хюистра “Пахтакор”да бир ишни қойил қилдими? Сикейра Локомотивда нима қилмоқда? Хюистранинг гурухдан чиқа олмаганига қандай баҳо берасиз? “Истиқлол” олдида уятли бўлмадикми? Тожиклар терма ўйинчилардан ташкил топганлигини сабаб қила олмаймиз. Чунки “Пахтакор” ҳам шундай тузилган.

КИМГА ПАХТА, КИМГА МАҚТОВ

Ҳ.Қ. Хозирги кунда Хюистра емаган сомсасига пул тўламоқда. У қандай “Пахтакор”ни қабул қилди, биласизми? “Пахтакор” зўрма-зўраки, ўз ривожи билан эмас, пул кучи билан кучайтирилган жамоа бўлди. Катта пуллар билан майдонда катта ўйин қилиб бўлмайди. Майдон ташқарисидаги “ўйинга” майдон ичидаги ўйин бўйсунмайди. Тайёр футболчилар уч йилдан бери пулни миниб чемпион бўлиб юрди. таркибдагилар ўзининг юқори даражасига етиб бўлган футболчилар бўлса, маҳорат ва тажрибаси бошқалардан бир калла юқори бўлса, номининг “вазни” билан бошқаларни “босиб” турган бўлса, футболчида ўсиш бўладими? Сайфиевда, Черанда ўсиш бўладими? Шодиевларга пахта қўяман деб Арвеладзенинг кетини кўтаришган бўлса, футболчида ўсиш бўладими? Бир йили, Мавсумнинг энг кучли мураббийи ёнида мавсумнинг янг яхши чет эл мураббийи деган унвонни уялмай-нетмай Шота учун яратиб бердик. Шота кубокни бой берган йили эди. Кейинги йили кубокни ютгач, бу унвонни олиб ташлашди.

Янги авлодни, ёш иқтидорларни излаб юришмас эди. Кимни хоҳлашса, ўшани қўшиб ола беришди. Қўшоқлар ёш иқтидорлар эмас, тайёр ўзини кўрсатиб қўйган ўйинчилар эди. Тарбиялашга вақт керак. Бунинг учун меҳр керак. Футболимизга нисбатан меҳр-оқибат керак. Меҳр бўлмаса-чи? Пул керак. Катта ойликка ким бормайди дейсиз. Футболчиларга ойликни клуб эмас, қўмита берсин деб, ўртача бир хил қилиб берсин деб, эгаллаган ўрнига қараб кузда катта пулларни қўшиб берсин деб роса куюниб ёздим. Боқимандалик йўқолади деб ёздим. Ҳеч ким ўқимади. Хатто хатга солиб мутасаддиларнинг қўлига обориб бердим. Ўқишмади. Ёзганларимга ё бир эътироз бўлмади, ё бироз эътироф айтишмади. Уларга ҳам пул керак. Улар ҳам боқимандаликдан манфаатдорми, дейман. Энди, юзимизни халқаро майдонда етакчи клубларимиз дунёга кўрсатиб қўйишгач, ҳаммасига айбдор Хюистра бўладими?

ТУШУНСА-ДА, БЕҲУДАГА ЁЗИШ САБАБИ

Узр, тағин дардим очилиб, ҳасратимнинг чанги чиқиб кетди. Мендек бир ишқибозни кечиринг. Инфаркдан кейин ковид одамни роса қийнар экан. Етмишдан ошган қарияни футболимиз дарди бир нима ёзишга ундар экану, федерация биносига етаклаб келар экану, (иккинчи қаватга чиқиш оғирлигини билишармикан) улар қария ёзиб келган қоғозларни йўқотиб юборишар экан. Инсонга бундан ортиқ хўрлик бўладими? Шундайлар футболимизни бошқаришмоқда.

А.И. Отахон, бу гапларни қўйинг. Чалғитувчи савол бераман. Футбол муҳлисига қисқа-қисқа, тезкор маълумотга тўла хабарлар керак. Сиз доим узундан узун мақолалар ёзиб юрасиз. Ҳеч ким ўқимайди-ку. Буни билиб турибсиз.

Ҳ.Қ. Янги гапга, фикрлашга, самимий, дилкаш суҳбатга талабгор ўқувчилар борган сари камайиб бормоқда. Ўқишга, ўйлашга талабгор муҳлис умуман йўқолиб бормоқда. Бунинг учун журналистикага “раҳмат”. Ҳаммани юпатмоқчи, кўнглини ҳушламоқчи, ақлини пучламоқчи, сабрини мўртлаб талабини учламоқчи, дидини тузлаб нафсини кучламоқчи. Ҳамма ёппасига истеъмолчига айланиб бўлган бугун. Ижодкор бугун четга суриб қўйилган. Ҳамма яккаланиб он-лайнга боғлаб қўйилган. Ҳамма ўзи учун ўз туйнугида интернетга боғланиб яшайди. Уйда футболга муҳлислик қилади. Ишқибозчиликка бирлашиш, дардлашиш, қувончу-ғамини биргаликда ўтказиш хос. Улар борган сари камайиб бормоқда. Борлари ҳам илму-маърифатсиз бўлиб, эҳтиросга берилган тўдага айланиб бормоқда. Кечаги ўйиндан кейин (Бунёдкор-Насаф) тўдага айланган “Насаф” ишқибозлари метро олдида ойналарни чил-парчин қилишибди. (Фарғонада ҳакамни тепган футболчи Тўрақулов ҳам, унинг мураббийи ҳам умрида биттагина китобни ўқиб чиқмагандир.) Буни билиб турибман. Шундай бўлса-да футболдан мазмун, маъно излай бераман. Топганимни сизларга сўзлай бераман, бетаъсирлар ичида адолат тополмай бўзлай бераман. Лекин тўғри, қисқа-қисқа, тез-тез ёзишим керак. Буни тушунаман.

ҚАТОРДА ТУРИШ БАҲТИ

А.И. Унда нима учун бундай ёзмайсиз?

Ҳ.Қ. Ёзганларимни йиғиб-йиғиб кимнингдир ёрдамида интернет орқали Азизга ё Олимхўжага жўнатиб юбораман. “Чемпион”чи сафдошларимдан ҳеч ким футбол кўргани стадионга келмаяпти. Келгани бор бўлса ҳам анжуманга кирмайди. Менга нотаниш невараларим қаторида ўтираман. Лекин телефонимни диктофон қила билмайман. Савол-жавобни ёзиб ололмайман. Кечаги ўйиндан кейинги (Бунёдкор-Насаф 2:0) анжуман жуда қизиқарли ўтди. Тезда ёзиб юборсам қани эди. “Чемпион”да ёнимда менга ёрдам бериб юрган талаба йигитни ўшандан бери кўрганим йўқ. Бир кўрсам, қани эди. Яна айтсам, ман журналист эмасман, СЎЗга шайдо, ТИЛ сеҳрига мубтало оддий бир ишқибоз архитекторман, архиқурувчиман. Қадимги Совет бинокориман. Тирикчилик бугун жуда оғир. Касбим рақобатда эмас тирсакзорда қолиб кетган. Дорилар қиммат. Шунинг учун Футболга бағишлайдиган вақтим борган сари камайиб бормоқда. Нима учун бу гапларни ёзмоқдаман? Оз бўлса-да, менинг ҳам ўз муҳлисларим бор. Улардан кечирим сўраш маъносида ёзмоқдаман, дилимни ёрмоқдаман. Омон бўлинг, азизларим.

Лекин, барча ҳасталикларни енгиб стадионга бориб футбол завқини туйганимдан, сафда турганимдан ҳадсиз ҳурсандман. Мен ҳам қатордаман.

А.И. Бундай самимий сўзлар билан интервьюни тугатсак чиройли бўлади. Сиз, доим футболдан шундай завқланиб бахтимизга кўп йил яшанг.

Сизларга ҳурмат билан каминангиз Ҳасанали-отангиз ёздим.

09.05.2021й.

 

Киритилган сана: 11.05.2021 11:56. Ўкилди: 5377 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

Билдирилган фикрлар:


MESSI FCB
Сана: 04.07.2021 13:18. MESSI FCBга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.