Kirish Ro'yxatdan o'tish
26/12 17:30 Manchester Siti - Everton
26/12 20:00 Bornmut - Kristal Pelas
26/12 20:00 Chelsi - Fulhem
26/12 20:00 Nyukasl - Aston Villa
26/12 20:00 Nottingem Forest - Tottenhem
26/12 20:00 Sautgempton - Vest Xem
26/12 22:30 Vulverhempton - Man. Yunayted
27/12 01:00 Liverpul - Lester

Blog

Qahramon Aslanov

25-kadr

Жиддий комедия (архивдан)

Баҳо:
+2; -0

Бугунги кўрсатувимизни бироз долзарб мавзуга бағишлашга қарор қилдик. Сўнгги ойлардаги футбол нашрлари ва ТВ да тилга олинаётган энг машҳур шахс, кўпчилик томонидан танқидга учраётган ва буларнинг барчасига жавоб бериши шарт бўлган жаноб Миллий Чемпионатни студиямизга таклиф қиламиз. Қарсаклар!

Негадир қарсаклар бўлмади, студияни хуштакбозлик ва “увввв” деган хайқириқлар тутиб кетди. Юзи шишган, кийимлари бир аҳволда бўлган кимса студияга кирди ва кўрсатилган ўриндиққа ўтирди.

Ассалому алайкум, ўртоқ Миллий Чемпионат. Аслида кўрсатувмиз кеча бўлиши керак эди, шунча мухлис жонли эфирда сизни кутиб, қайтиб кетишга сабаб бўлди. Нега?

Авваламбор, студияга чақирганингиз учун рахмат. Анчадан бери ТВ га чиқишга орзуманда эдим. Тўғри, пешқадам клубларимиз ўйнаган кунлари ТВ да чиқиб тураман, аммо у ўйинлар унча қизиқ ва шиддатли бўлмайди. Кўпчиликда шуям чемпионатми, деган савол туғилиб қолади. Хафа бўламан. Кеча кела олмаганимнинг сабаби, мен вақтимни тўғрилаган эдим, аммо эрталаб дўстим ПФЛ қўнғироқ қилиб, “эртанги ўйин бугунга кўчирилган, эсингда-а” деб қолса бўладими? Мен қаёқдан билай, йилнинг бошидаги тақвимни деворимга осиб қўйганман, кейин устига ручка билан тўғрилайвериб, кўкартириб, қизартириб ташладим. Эсим кирди-чиқди бўлиб қолган бўлса, ҳатто ўзимдаги баъзи масалаларни Бахтиёр Ширинов деган журналистдан сўраб оламан. Эсимда турадими? Шунга сизга ваъда берворибман, узр.

Майли, келганингизгаям шукр. Хабарингиз бўлса, бу йили терма жамоамиз ҳам, клубларимиз ҳам, ёшларимиз ҳам муваффақиятсизликка учради. Бунинг асосий айбдори – Сиз бўласиз! Шуни биласизми?

Бу ҳақида жуда кўп эшитяпман. Ҳозир ҳам федерация олдида тууууургандим, бир гала мухлислар келиб қолишди. Эшик қулф экан, мендан сўрашди. «Билмайман, мен Миллий Чемпионатман, бу ерда ишламайман”, дейишимни биламан, дўппослаб кетишса бўладими.

Чалғиманг, сиз олдин саволга жавоб беринг. Нега шунақа бўлди?

Майлими, битта ривоят айтиб берсам. Қадим замонларда, битта катта бино бўлиб, у ерда ҳар куни галстукли, пўрим кийинган одамлар суҳбат ўтказишар экан. Ўша бинога бошлаб борадиган йўл фақат битта, у ҳам бўлса жуда лой, ботқоқликлардан иборат, умуман юриш қийин экан. Ўша мажлис , яъни суҳбат қатнашчилари ҳар куни бир амаллаб ўша йўлдан ўтиб олишар, аммо кийимлари ниҳоятда кир бўлиб кетар, оёқ кийимларидаги лойлар бинони ҳам ифлос қилар экан. Ҳар куни суҳбат “йўлнинг ёмонлиги” билан бошланиб, шу билан тугар, бошқа гап айтишга вақт қолмас экан. Шундай қилиб, ҳар куни суҳбат бўлар, ҳар куни қатнашчиларнинг кийимлари лойга ботар ва бечора йўл ҳар доим айбдор бўлиб қолаверар экан. Ахир, ўзингиз ўйланг, ўртоқ бошловчи, йўлнинг кирлиги, ифлослигига уни тозалашга масъул одамлар айбдорми ёки йўлнинг ўзими?

Толстойнинг китобидамикин, "Чемпион"дами, эсимда йўқ, бир латифа ўқигандим. Шайтонча отасидан "Инсонлар ким?" деб сўраса, отаси "Э сўрама, жуда бўмағур жонзот, айбни ўзлари қилишади ва ҳаммасини бизга тўнкашади" деган экан. Аслида айбдор мен эмас, ўша келишилган ўйинларни уюштираётганлар, ҳакамга пора бераётганлар. Энг кўп ўшалар мени айблаб жар солишмоқда!

-Э, қойил. Вазиятдан чиқиб кетишга уста экансиз. Нима қилиш керак?

- Энг аввало барча ислоҳотни ўзидан бошлаш керак. Бир бемор докторга "Қаеримга бармоғимни текказсам, оғрияпти" деб шикоят қилибди. Аслида унинг бармоғи касал экан. Тунов куни ПФЛ, ЎФФ каби дўстларим билан йиғилишиб қолгандик, уларгаям айтдим, бармоғимизни тузатмас эканмиз, ҳамма еримиз оғрийверади. кейин бир-биримизни тузалишга чақиришимиз, камчиликларини кўрсатишимиз керак. Чунки, бу жуда юқимли касаллик.

-Яна опқочишни бошлаяпсиз. Майли, саволни конкрет қўяман – нега ёшларимиз Мисрда яхши ўйнай олишмади? Ахир сиз уларни тоблашингиз керак эди-ку?

-Тўғри, мендаям айб бор. Лекин мураббийлар уларни майдонга туширмаса, мен нима ҳам қила олардим. Захира ўриндиғига жавоб бермайманку мен ҳам. Шунақа зўр ёшларни кузатаман, умид қиламан, кейин ҳалигининг ўринбосарлар чемпионатида хотиржам юрганини кўрсам қоним қайнайди. Ўзи умуман шу ўринбосарлар чемпинатини бошимга оғриқ бўлди. Ҳаммани дангасага айлантириб қўймоқда. Ёки ёшга чеклов қўйиш керак ва жароҳатдан тузалаётган футболчилар амалиётсиз қолмаслиги учун 1-2 тасига тушишга рухсат бериш керак холос. Бу нима деган гап, ҳатто Лушан ҳам фаолиятини тугатаётиб бир йил ўринбосарлар сафида ўйнади. Кимнинг ўрнини босаркан у? Тўғри, илгарилари ҳам, МДҲ давлатларида ҳам шу нарса бор эди, лекин кўр-кўрона ёпишиб олиш керакми? Ҳатто мураббийларнинг айбларини ҳам менга тўнкашяпти, ахир ўзингиз ўйланг, мени кучайтиришга улар масъулку! Мен қандай қилиб уларни кучайтирман? Бир пайтлар мен ҳам роса зўр ёшларни ўйнатганман, голларни уришган. Таблицаларим ўшаларнинг натижалари билан тўлиб кетарди. Кейин нима бўлди, алдов йўлига ўтишди. Ёшларини ўзгартиришадими-ей, таниш-билиш қилишадими-ей, жабриниям мен тортяпман, айбдор ҳам мен.

ОЧЛ даги натижаларчи?

Мана шуниси алам қилади. Бўш вақтларда бошқа Лигалар билан “гап” ўйнаб турамиз. Терма жамоалар ўртоқлик учрашувлари ўтказадиган ФИФА кунларига тўғрилаймиз “гап”ни. Ҳатто Премеьр лига-ю, А-сериялар ҳам келиб туришади. Йиғилишиб бирор терма жамоаларнинг ўйинини кўрамиз. Ишонасизми, уялиб кетаман, бирорта футболчим ўйнамайди-да, шунақа ўйинларда. Лекин охирги йилларда ўшаларнинг олдида анча обрўйим ошиб қолганди. Ривалдо, Сколари каби юлдузлар менда, деб анча тўрига чиқволардим. Ла-Лигаям Лапортадан эшитган экан дербилардаги шиддатни, мени алоҳида ҳурмат қиларди. Осиёда-ку, ҳамма менга қуллуқ қилиб турарди. Энди нима бўлди? Дард бўлди, бало бўлди. 14-куни кейинги “гап”имиз. Қайси юз билан бораман? Бахона қилай десам... Айниқса араблар билан корейслар роса устимдан куладиган бўлди-да. Унга-ку чидайман, анов доимо чой ташиб турадиган Гонконг Чемпионати роса калака қилса керак энди.

Демак, бошқалар олдида обруйингиз тушишидан қўрқаётган экансиз-да?

Йўғ-е узр. Аслида ўзбекчиликда шунақа ўзини кўрсатиб қўйиш деган одат бор, мен ҳам ўзбекман. Лекин асосийси, ўз мухлисларимни хурсанд қилсам, шуниси кифоя. Стадионларга одамлар кириб борса, ўйинларимни ҳамма қизиқиш билан кутса, мана шунинг ўзи мен учун катта бахт.

Бунинг учун нима қилиш керак деб ўйлайсиз? Умуман ОАВ лардаги ёритилиш сизни қониқтиряптими?

Кеча шу масалада Туркиялик дўстим билан гаплашиб қолдим. Уям жа Европанинг олди эмас-у, лекин футболга бўлган қизиқиш роса юқори экан. Масалан, ҳар бир турдан кейин деярли барча каналларида 1-2 соат жонли эфирда таҳлил бўлиб ўтар экан, тур олдидан ҳам шу аҳвол. Натижада мухлислар чемпионат муҳитига кириб кетар эканлар. Менчи? Мен ҳам истайман хафтасига саккиз мартадан телевизорга чиқишни. Чет элларга чиққим келади.

Мухлислар сизга қизиқмаса, ТВ да сизи кўрсатишдан не наф? Аҳволингизни қаранг, ёш болалар қўрқиб кетади-ку, сизни кўрса.

Эндииии, долларнинг нариги томони ҳам бор. Масалан, 1998-99 йилларда стадионларга жуда катта қизиқиш билан киришарди мени кўргани. 25-30 минг мухлис чўт эмасди. Сабаби у пайтларда Интерфутбол деган кўрсатув бўлмасди, анови антенналар ҳам кам эди. Хуллас, мухлислар ТВ да фақат мени кўришга мажбур эдилар. Кейин нима бўлди? Ҳар хил каналлар кўпайди, ўзимизни СПОРТ каналимиз очилиб, катта чемпионатларни кўрсата бошлади. Натижада халқнинг футболга бўлган чанқоғи қона бошлади, менинг савиямни билиб қолишди ва келмай қўйишди. Мен чет элдаги дўстларимни бизда кўрсатилишига қарши эмасман, аммо мениям ёритилишимни ўз ўрнига қўйиб қўйинглар-да. Бир хафтада мен ҳақимда биргина кўрсатувча. Хафтада 1 та воқеа бўладими, 10 тами фарқи йўқ. Бечора Зафар укам, янгиликларни айтиб олишга шунчалик шошиладики, уям нима қилсин, вақт 20 минут, нарёқда сериал мухлислари кутиб ўтиришган бўлишса.

Газеталардаям шу аҳвол. Масалан бугун ўйнадим, эртасига хабар йўқ. Кўпроқ иккита катта жамоамга эътибор қаратишади, бошқалар ҳақида гап йўқ..

. Бўлди, ака, биз сизни танқид қилишга чақирсак, сиз ҳаммани айблаб чиқяпсиз-ку! Кўнгилочар саволлар берайлик, бўш вақтингизда нима қиласиз?

Ҳозир унчалик бўш вақтим йўқ. Ёзда отпуска олдим, биир Анталияда дам олиб келмоқчийдим, 12-июлда чақириб қолишди. Дерби бор экан. Энди қишни кутяпман. Битта яқин дўстим бор, исми ТЕРМА ЖАМОА, ўзи ғирт бекорчи, айтишича, келаси йил умуман ишламасмиш, 2011 йилгача тайинли иш йўқ, дейди. Ўша билан эски дамларни эслаймиз, ўйинларни таҳлил қиламиз, хуллас вақт қандай ўтганини билмай қоламиз. Уям охирги кунларда роса нолиган, чет элларга боргиси келади, бечора Озарбайжондан бошқасини кўрмай ўтиб кетяпти. Яқин дўсти Чили меҳмонга айтган экан, Виза беришмади. Роса хижолат бўлди-да ўзиям.

Балки жамоаларингиз сонини камайтирсак шиддат кучаярмиди? 1-лигагаям кураш қайтарди.

Ҳа яшанг, биратўла тириклайин кўмиб қўя қолинглар. Қутулардиларинг. Хўп, камайтириб нимага эришамиз. 14 та команда бўлса, “Машъал” “Бунёдкор”ни енгиб қўярмиди? Шиддатли ўйинлар кўпаярмиш, қанақасига? Командам камайса, кучлилар кўпаядими? Агар 8 та команда қолдириб, СУПЕРЛИГА деб атасак, "Нефтчи" суперклуб бўлиб қоладими? Қайсидир журналист, агар кўпайтириш фойда бўлса, 30-40 тагача чиқараайлик деб киноя қилибди. Хўш, унда камайтириш яхши бўлса, 2-3 та жамоа қилайлик олий лигада. 1-лигаям кучаярмиш... Ўйлаб гапиринг, “Металлург”ни 1-лигага тушириб юборсак, биринчи лига кучайиб қоладими? Хуллас бу ечим эмас, тажрибамдан ва чет элдаги ўртоқларимдан биламан. Кўпроқ кичкина давлатлар ва аксарият легионер экспорт қиладиган мамлакатлар бу усулни қўллашади. хеч ким команда сонини камайтириб ривожланиб кетгани йўқ. Мен сизга биринчи лигамдаги ҳолатни тушунтириб берайми?

Айтайлик, “Зарафшон НЦЗ”. Агар бирор футболга ўта қизиқадиган ҳомий олий лигага олиб чиқишни истамаса, ҳеч қачон олий лигани истамайди. Кимга ёқади, олий лига талабларини бажар, ўринбосарлар таркибини туз, бадал тўла ва ҳоказо.

Футболчиларчи? Олий лигада ўйнашни исташмайдими?

Қизиқсиз-а, қанақасига ўйнашади? Масалан ўша клуб футболчилари жонларини жабборга бериб олийга чиқдилар, дейлик. Нима ўзгаради? Мураббий ҳомийга: ”Энди олийга чиқдик, бизга олий лига тажрибасига эга бўлган футболчилар керак, бўлмаса ютқазамиз” дейди. Кейин 8-10 та янги футболчи келади, хув тирашиб-талашиб олийга чиққан футболчилар бор-ку, улар ё ўринбосарлар таркибида юради ё ўзига бошқа клуб ахтариб сарсон бўлишади. Нима қилишади тинч бошларини оғритиб, ундан 1-лигада 4-5 ўринларда юрганлари яхши-ку!

2009 йил сиз учун қандай ўтди?

Очиғи, ҳамма айбни менга ағдаришлари жонга тегди. Сайтларга кириб тураман, танқид, танқид, журналистлар ҳам, мухлислар ҳам орқа олдига қарамай сўкишяпти. Савия паст, савия паст деявермай, нима қилиш кераклигини ўйла. Худди юқорида айтганимдек, “йўл ифлос”, “йўл лой” дейдиган одамларга ўхшамасдан, йўлни тузатишни ўйлашса бўлмайдими? Кейин яна битта илтимос, хадеб тақвимни ўзгартираверманглар. Башарамда соғ жой қолмади-ку ўзгаравериб. Масалан, охиргиси, “Машъал”нинг “Бунёдкор” билан ўйини. Очиғи, сабабини роса ўйлаб топа олмадим. Дастлаб, “Бунёдкор” чемпионликни ўз уйида нишонламоқчимикан, деб ўйладим. Кейин қайсидир сайтда ўқиб қолдим, “Машъал” академиясининг 5 йиллиги бўлармиш-да, унда Сколари ва Ривалдонинг иштирокини таъминлаш учун ўйинниям ўша кунларда ўтказилиши керакмиш. Тавба, “Бунёдкор” ўйинга боряптими ё тадбирга? Балки очко керак бўлган “Машъал” кучли”Бунёдкор” билан эмас, барчасини ҳал қилиб, очко керак бўлмаган “Бунёдкор” билан ноябрда ўйнашни истагандир. Шу томонларига ҳам эътибор бериш керакми? Ёки дербини олайлик. “Гап жўраларим”ни атайлаб дерби кунига таклиф қилардим ҳар сафар. Мана, мендаям шиддат бор, дегим келарди. Шунақа ўзгаришларни деб, охирги дербиям бир пул бўлди. Охири шу ПФЛ билан уришиб қоламан-ов...

- Клубларингизни хусусийлаштириш масаласига қандай қарайсиз?

- Рўпарадан қарайман. Савол беришниям қотираркансиз-у. Жиддий айтадиган бўлсам, охирги кунларда шунақа гаплар ҳам кўпайиб қолди. Аслида барча клублар хусусийлаштириш учун очиқ, яъни истаган одам уни сотволиши мумкин. Жон деб беришади, ортиқча бош оғриғидан қутулишни Ким ҳам истамайди дейсиз. Масала бошқа ёқда, ким сотиб олади? Ҳар қандай инвестиция фойдани кўзлаб қилинади. Ҳозирда клуб орқали ўша тадбиркор фойда кўриши учун шароит борми? Яқинда онлайнда Премьер Лига билан гаплашиб қолдим. “Ҳар “гап”га янги кийим киясан, шунча пулни қаердан оляпсан” десам, даромадларини санаб кетди. Транслациялар, трансферлар, савдо белгиси, турли атрибуткалар ва либослар савдоси, реклама, стадион даромадлари ва хоказо. Ўйлаб кўрсам, шуларнинг бирорта позицияси бўйича ҳам клубларим фойда кўрмаётган экан. Қанақа қилиб, клубларни сотиб олинглар деб бировни мажбур қиламан. Лекин умидим йўқ эмас, бирорта халқпарвар хотамтой чиқиб қолиб, ўз жойидаги командани кучайтирса, хурсанд бўлардим.

Шу пайт иккита тартиб-интизомни сақлаш ҳодимлари кириб келади:

-Миллий Чемпионат исмли шахс шу ерга келдими? Боя у бир нечта футбол мухлисининг қўл-оёқларига ўз башараси билан жароҳат етказган. Биз уни олиб кетгани келдик. Майли охирги гапини айтиб олсин.

Қаҳрамонимизга сўнгги сўз берилади:

“Азиз юртдошлар, мендан юз ўгирманглар, мени савиясизликда айбламанглар. Ахир менининг ривожланишимига масъул сизлар бўлишингиз керак! Ахир менда ҳам бир пайтлар шиддатли учрашувлар бўлган, ҳаммангиз севиб томоша қилгансизлар! Мангаям осон тутманглар, 1-лигамдаги ҳар бир клубим чиқиб кетаётган-да, мен ҳам ўшаларга ўхшаб йўқ бўлиб кетгим келади. Аммо сиз мухлисларни деб йўқ бўлишни истамайман. Менинг исмим МИЛЛИЙ, яъни сизларникиман ва бир кун келиб кучли бўлишимга ишонаман, чунки баъзиларингиз айтаётгандек 0 эмаслигимини яхши биламан. Ахир мен эмасми, Ширшову-Акопянцларни тарбиялаган, Шацких-у Бозоровларни тоблаган.. Наҳотки, ўшалар ҳаққи менга ишонмасангиз, умидсиз бўлсангиз. Ахир энг охирида таслим бўладиган ҳам, ютқазиб ҳам сўз бермайдиган аввало Сиз мухлислар-ку! Наҳотки баъзиларнинг хатолари сизни мендан совутса, ажратса! Нафрат тўла сўзлар, бефарқ кўзлар нечун? Мен сизларнинг қувончингиз учун борман ва курашяпман-ку!”

Ҳеч ким уни сўзини эшитмади. Хуштакбозлик билан айбдорни кузатиб қўйдилар.

Киритилган сана: 21.06.2012 21:44. Ўкилди: 8112 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

Билдирилган фикрлар:


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 08:14. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 08:14. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 08:11. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 08:11. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


GAYRATBEK
Сана: 24.06.2012 10:29. GAYRATBEKга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


SHERZODCHIK
Сана: 22.06.2012 18:28. SHERZODCHIKга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


SHERZODCHIK
Сана: 22.06.2012 18:27. SHERZODCHIKга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


UZBARS
Сана: 22.06.2012 17:37. UZBARSга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


MUNIS
Сана: 22.06.2012 01:00. MUNISга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


MUNIS
Сана: 22.06.2012 00:59. MUNISга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


BAHROMJON
Сана: 21.06.2012 22:49. BAHROMJONга ёзиш
+1; -0
0

Ушбу фикрга жавобан

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР


Asosiy saxifa
© STADION.UZ
Guvohnoma №0917. Berilgan sanasi: 02.12.2013. Muassis: «OSIYO KABEL» MCHJ. Bosh muharrir: Bo‘ronov Olimxo‘ja Azimxo‘ja o‘g‘li. Tahririyat manzili: 100057, Toshkent shahri, Usta Shirin 125. E-mail: admin@stadion.uz
Barcha huquqlar himoyalangan. Sayt materiallaridan to‘liq yoki qisman foydalanilganda veb-sayt manzili ko‘rsatilishi shart.
Blogdagi materiallar uchun blog egasi, xabarlar ostidagi fikrlar uchun foydalanuvchining o‘zi javobgar.