Kirish Ro'yxatdan o'tish
26/12 17:30 Manchester Siti - Everton
26/12 20:00 Bornmut - Kristal Pelas
26/12 20:00 Chelsi - Fulhem
26/12 20:00 Nyukasl - Aston Villa
26/12 20:00 Nottingem Forest - Tottenhem
26/12 20:00 Sautgempton - Vest Xem
26/12 22:30 Vulverhempton - Man. Yunayted
27/12 01:00 Liverpul - Lester

Blog

Qahramon Aslanov

25-kadr

Diamante di Prandelli

Баҳо:
+0; -0

Немисларнинг қовушмаган ўйини, ўша Пирло, ўша Буффон ёки Балотеллилардан ташқари, бу ғалабага яна қаердандир асос қидиргим келади. Наҳотки гап фақат италияликларнинг баландроқ мадҳия айтишлари-ю, ўйинга юракни кўпроқ баҳш этганларида бўлса? Йўқ, ахир мен, сиз, бутун Европа бу жамоанинг ўйинига маҳлиё бўлиб, яхши кўриб қолаётган бир пайтда, “а ля Пранделли”ни кўпроқ тушунгимиз келади. Нега? Чунки кечаги ғалаба шунчаки, “шундай бўлиб қолгани” учунгина пайдо бўлмаганини тан олиш орқали, биз финалдан каттароқ ўйинни кутишимиз мумкин.

Тўрт йилдирки, замонавий футбол маълум йўналишдан бормоқда. Тўпни техник назорат қилиш, жамоавий ёввойи ҳаракатланиш ва қаттиқ прессинг эвазига Испания, Германия, олдинги жаҳон чемпионатида Голландия терма жамоалари футбол эталони сифатида тилга олиниб келдилар. Бу жамоаларнинг бири бири устидан қозониши бўлган ҳар қандай ғалабаси футбол революциясига айланмаслиги, аслида футбол мазмуни муаллақ, фақатгина ғолиб жамоалар алмашиб турганлиги ҳақида тасаввур пайдо қиларди холос. Яъни хоҳ Германия, хоҳ Голландия агар испанларни тахтдан қулатган тақдирларида ҳам, ҳеч нарса ўзгармасди, ишонинг. Демак терма жамоалар миқёсининг ҳам ўз “Реал”и керак эдики, мана шу услубга зарба бера олсин. Хўш, бунга Италиядан бошқа номзод борми?

Мен айнан “Реал”, дедим, “Челси” эмас. Биласизми, “Челси”нинг ғалабаси футбол майдонидаги мезонларни ўзгартира олмаганди, шунчаки, ўша “Барселона” футболига қарши иш бериши мумкин бўлган барча факторларни намойиш қила олишганди холос. Мақсад “Барселона” устидан ғалаба қозониш бўлган, “Барселона”ни енгиш эмас. “Барселона”ни чин маънода, қарши услуб билан, ўз мезонлари бўйича енгиш устида “Реал” иш олиб борган ва охирги ўйинда бунинг уддасидан ҳам чиққанди.

Италия финалда ҳали ҳам энг кучли таркиб ва ижро билан қолаётган Испаниядан ютқазиши эҳтимол. Аммо айнан мана шу услубга илк зарбани бера олган илк ғоя айнан Пранделли бўлди. Ҳа, балки Португалия ўзининг тажовузи билан испанларни тўтатиб қоларди, лекин гап айнан мустақил футбол ғояси, ўз ўйинини намойиш қилиш ҳақида борганда, Италиянинг немислар устидан қозонган ғалабаси янада жозибалироқ бўлди.

Германия услуби юқори айтганимдек, аслан испанларникига ўхшаб кетади. Фақат немисларда тезкор қанотлар, жисмонан бақувват ҳужумчилар бор. Лекин фалсафа барибир ўзгармайди, айнан ижрочиларнинг характери туфайли жузъий фарқлар сезиладихолос. Хўш, Италия ниманинг ҳисобига бу жамоаларга қарши тура олиши мумкин эди? Пранделлида Жозедан фарқли равишда, ўйлаганларини майдонга кўчира оладиган ижрочиларни тўплаш имконияти йўқ, ҳаммаси чекланган. Ҳар қанча мақтамайлик, Пирло ёки Буффон супермен эмас, эътибор беринг, барибир Италия терма жамоасининг ўйинида бу юлдузларннинг ёввойи ўйинигина қутқариб қолаётганлиги ҳақидаги тасаввур йўқ. Қаердан келяпти шунча куч? Испанияга қарши ўйинда жуда ақлли ва кучли ўйин қилган италияликлар ҳақида бироз эхтиёткорлик билан гапирилди. Ҳа, энди, биринчи ўйин. Англия билан ўйиндаги устунлик ҳам кўпроқ инглизларнинг турнирдаги нурсиз ўйинига йўйилди, лекин кеча...

Испанлар ёки немислар тўпни жуда яхши назорат қилишади. Тўп эгаси ҳам, тўпсиз шериги ҳам динамик ҳаракатда бўлади. Иккинчи хусусият – тўпсиз қолганда тезкор прессинг орқали ўша ондаёқ тўп учун курашиш. Бу рақибларни тез чарчатади ва издан чиқаради.

Лекин сўнгги пайтларда, Европа футболида ўша “Барселона”га ҳам осон бўлмай қолди. Сабаби, рақиб жамоалар қайсидир маънода қаршилик йўлларини топа бошладилар. Яъни ўша тўпга эгалик қилаётган жамоа тинмай тўп узатиш ва ҳаракатланиш орқали рақибни чалғитишга уринганда, энди рақиб тўп орқасидан югуришни бас қилди. Нима кераги бор, тўпни эгаллашга ҳаракат қилиб, нима кераги бор ортиқча куч йўқотиб. Энди, кўп жамоалар ўз зоналарини ёпган ҳолда, шунчаки, вазиятни пойлай бошладилар – ҳар қанча тўп узатсангиз узатаверинг, мана бу бизнинг худуд, шу ерга ўтмасангиз бўлди! Қачонки, ҳимояланаётган жамоа деярли ҳаракатсиз бўлар экан, зоналар очилмайди ва тўпга эгалик қилишнинг фойдаси бўлмай қолади. Ҳозирда Испаниянинг гол уришга қийналаётганининг ҳам сабаби шу, “Барселона”да эса Месси бор. Бундай ҳолатларда дриблингни ишга солишга ҳаракат қилади ва натижада, рақиб ҳимоясида бўшлиқлар пайдо бўлади. Эътибор берсангиз, Испания терма жамоасида Иньеста ўз дриблингини ишга солган пайтлари ёки Педро, Сильвалар тезлик олган пайтлари ҳужумда бирор вазият яратиш мумкин бўлмоқда холос. Ҳа, бу ўша Испания ёки “Барселона” услубига қарши ўзига хос биринчи зарба эди, лекин, бу тактикани ғалабали тактика деб бўлмайди. Шунчаки, ютқазмаслик учун ҳаракат қилиш, деса ҳам бўлади. Бу услубда Испанияни енгиш учун жуда кам вазиятларни голга айлантириш ёки испанлар жуда кўп вазиятларни кўкка совуришга тўғри келади. Португалия бўлиш учун эса ё хаддан зиёт куч сарфлаш ёки Роналдуга эга бўлиш керак.

Пранделли “антибарса”нинг ғалабали вариантини ишлаб чиқди. Ғалаба қозонадиган эмас, ғалаба қозониш учун имконият хосил қиладиган услуб десак бўлади. Тўғри, ҳали бу чемпионликка олиб келгани йўқ, лекин айтиш мумкинки, футболда ўзига хос эволюциянинг дебочаси бўлиши мумкин. Пранделли янги нав яратмади, икки навдан ўзига хос гибридни намойиш қилди. Ўша испанларнинг тўпни назорат қилиш устунликларини “Челси”нинг фалсафаси билан қориштирди. Бу хусусият айнан нималарда намон бўлади?

Эътибор беринг, Италия терма жамоасининг фалсафаси майдонинг исталган нуқтасидаги ўйини рақибни прессингга провакация қилишдан иборат. Италия рақиб ҳимоясида бўш зоналар очишни уддасидан чиқмоқда, лекин улар буни ўша испанлар каби тўхтовсиз ва динамик ҳаракат орқали эмас, аксинча, ҳаракатсизлик орқали пайдо қилишмоқда. Парадоксал ҳолат, қўшилмаслигингиз мумкин, лекин бу менинг субъектив фикрим холос.

Тасаввур қилинг, Пирло майдон марказида қабул қилади. Биз тушунган ва ўрганган футболда у ўзига энг яқин бўлган шериги ёки ҳимоячилар билан бир нечта узатмаларни амалга ошириши ва шу орқали рақибни ҳаракатланишга мажбур қилиши мумкин. Аммо Пирло тўпни иложи борича кўпроқ сақлаб туришга ҳаракат қилади, шу билан бирга, олдинга мақсадли ҳаракат ҳам унчалик кузатилмайди. Мақсад эса, рақиб футболчиларини прессинг қилишга ундаш. Испанлар худди шу ишни кўпроқ рақиб жарима майдони яқинида қилади, ёки баъзида рақибни ўз майдонига чорлаш ва янги зоналар очиш учун ҳимояда амалга оширади. Италия эса ҳар доим, мунтазам, ҳар бир нуқтада мана шу услубни жуда яхши ўзлаштирганини кўрмоқдамиз. Воқеанинг давоми, 2-3 футболчи ҳар тарафдан Пирлони ўрай бошлайдилар. Айнан шу паллада бир нечта футболчи ўша ҳаракатланган футболчиларнинг бошланғич зоналарида ўзини таклиф қилади. Пирло эса, икки футболчи орасидан кесиб ўтувчи пас учун йўлакни топа олади кўпинча. Ортиқча югуриб куч сарфланиши олдини олинади. Икки кун кам тикланиш вақтига эга бўлиб ҳам, юқори физикада қолаётганликларининг сабаби ҳам фақат жисмоний машқлар эмас, тактиканинг ўзида. Албатта, ижро маҳорати бу ерда жуда муҳим, шунинг учун ҳам эътибор берсангиз, ярим ҳимояда айнан “кесик узатмалар” бўйича устунликка эга бўлган футболчилар тўп суришмоқда. Де Росси ҳам, Монтоливо ҳам ўз клубларида айнан мана шундай ўткир узатмаларга “жавоб берувчи” ўйинчи саналишади. Италияликлар ҳар доим узатмалар орқали рақибнинг қайсидир футболчисини кесиб ўтишга ҳаракат қилмоқдалар, айнан мана шу жиҳат уларнинг ўйинига томошабоп хусусиятларни олиб кирмоқда. Ва албатта, техника ва тезликда рақибларга нисбатан оқсайдиган, аммо ақлли футболга уста бўлган Италия ярим ҳимоячиларига устунлик тақдим этмоқда. Ўтказилган деярли барча ўйинларда Италия айнан ярим ҳимоядаги рақибни енгиш орқали натижа кўрсатишмоқда. Пирлонинг суперпаслари, Балотеллининг голлари, Буффоннинг ишончи, барчаси ғалабаларнинг муҳим омиллари, лекин жамоа ўйинини умумий картинасини олганимизда, бу натижаларга пойдевор бўлаётган мана шу хусусиятларни пайқашимиз мумкин. Чунки айрим шахсларнинг қаҳрамонлиги туфайли финалгача етиб боришнинг сира иложи йўқ. Диаманти, Балзаретти каби футболчилар нафақат йирик турнирларда, ҳатто терма жамоада дебют қилдилар, лекин айнан мана шу фалсафа туфайли умумий ансамблда ўз вазифаларини бажара олмоқдалар. Вазифа ҳеч кимдан суперқаҳрамонликни, ўзидан кучлироқ рақибини тиз чўктириш маҳоратини талаб қилмайди, ҳаммаси оддий, Пранделли фалсафасини бажаришдан иборат. Арзон хом ашёдан қимматбаҳо маҳсулот яратишнинг фалсафаси шу, заргарнинг санъати! Диаманти ярим финалдаги қолган уч жамоанинг таркибида бу қадан ишончли кўрина олмасди, ишонинг. Диаманти сўзининг маъноси қайсидир тилда қимматбаҳо тош экани ҳақида гап бормаяпти асло. Ҳаммаси Пранделлининг заргарона маҳорати, ҳа Диаманти – қимматбаҳо тош!

Ҳа, бугунги Италияни том маънода мураббий жамоаси дейишимиз мумкин. Одатда кўпчиликка ёқмайдиган бу таърифнинг айнан Италияга келганда, жозибадор янграшининг ҳам сабаби бор. Италия Греция эмас, жамоанинг футболдаги мақоми мураббийни ягона услуб ва тактикага содиқ бўлмасликка чақиради. Айтайлик, Греция барча ўйинларда ўзини иккинчи планга кўриб, ҳимоявий футболни ўзига байроқ қилиб олиши мумкин. Аммо Италиянинг бунга ҳаққи йўқ. жамоа Испания билан бир мақомда, айтайлик, Ирландия ёки Хорватия билан бошқа бир мақомда ўйнашига тўғри келади. Италия билан ҳатто инглизлар ҳам иккинчи ролни танлаб ўйнашдан орланишмайди. Демак Италия учун “мураббий жамоаси” бўлиш ўта мушкул. Ягона услуб билан ҳамма ўйинда майдонга тушиш учун ё Испания каби ҳаммадан кучли ёки Греция каби ҳаммадан кучсиз бўлиш керак. Ҳар иккиси ҳам бўлмаган жамоалар учун бир бош баланд сакраш мураббий учун ҳам, футболчилар учун ҳам қийинчилик туғдиради. Мисол учун кеча Лев қайсидир жиҳатларда Италиядан келиб чиқиб ўйнашга, Пирлони зарарсизлантириш учун Кроссни чиқаришга мажбур бўлди. Натижа? Натижада немислар ўз ўйинларини қила олишмади. Хуллас, мураббий сифатида Пранделли бир қанча йўналишларни ишлаб чиқиши, футболчилар эса буларнинг барчасини майдонда ижро эта олишлари керак эди. Бу қийин. Айнан шунинг учун Италияни ҳаммага ёқяпти. Жамоа гуёки, компьютер ўйинларидаги бир бирига ўхшамайдиган турли “этап”ларни босиб ўтаётган қаҳрамонларни эслаятпти. Қандайдир уйга вазифани бажариб, томоша кўрсатмаяпти. Кўз ўнгимизда ўсиб бормоқда. Шунинг учун нейтрал мухлислар бу эртакнинг яхшилик билан тугашини исташмоқда. Қайтараман, Испания ўзи билган, ўзи ўрганиб қолган услубда тўп сураётгани учун бироз зерикарли, гуёки ўша вазифа мукаммал бажарилмаётгандек туюлади. Италия янги янги синовлардан ўтаётгани туфайли, уларнинг хатолари ҳам қабул қилинмоқда, ғалабаларга қаттиқроқ қарсак чалинмоқда.

Айнан мана шу омил финалда Испанияга салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Испания айтарли ҳайрон қолдирмайдиган ўйин намойиш этиб, жаҳон чемпиони бўлганди. Улар яна худди шу йўлдан бориб, финалгача етиб келдилар. Испания фақат ва фақат кучлилиги туфайли ғалаба қозоняпти, ўша кучини рақибга кўрсатишни уддаламоқда. Аммо биласизми, Испания ўз кучини мухлисларга намойиш қила олмаяпти! Айнан шу туфайли уларнинг ғалабали нейтрал мухлислар томонидан яхши қабул қилинмаяпти. Бирор ўйинда бировни ҳайрон қолдирмасдан, мухлисга янги хиссиёт ва эмоция бермасдан ҳамма нарсани ютиш спортни зерикарли қилиб қўяди. Испания айнан мана шу фактор билан ҳам ҳисоблашиши ва ҳеч бўлмаса финалда, жуда ҳужумкор ва томошабоп футбол намойиш этишга уриниши мумкин. Италияни ҳар тарафлама ютибгина Испания футболдаги ўз мавқеини мустаҳкамлаши мумкин. Мана шу истак, агар у бор бўлса, Дель. Боскени чалғитиши, қандайдир янгиликка ундаши эҳтимол. Бу эса натижага салбий таъсир этиши ҳам мумкин.

Эсингизда бўлса, Евро – 2000 ярим финалида Италия ўта ҳимоявий ўйин кўрсатгани туфайли Дзофф кескин танқидларга учраганди ва “бундай чемпион керак эмас” қабилидаги гап сўзлар ҳатто Италияда ҳам пайдо бўлганди. Натижада Дзофф финалда бироз ҳужумкор ўйнашни ихтиёр қилди ва балки бу ҳам мағлубиятга сабаб бўлгандир. Бугун эса, рақибидан фарқли равишда Пранделлида бу босим йўқ. Жамоа немисларни ютиб, ўзини чемпионликка лойиқ эканини кўрсатиб бўлди, энди ҳар қандай ғалаба ҳам, ҳатто мағлубият ҳам уларга бўлган симпатияни ўчириб юбормайди. Мабодо Италиянинг финалда ғалаба қозониши учун бир неча омиллар мавжудлигини тан олсак, энг муҳимларидан бири мана шу деб ҳисоблайман.

Киритилган сана: 29.06.2012 17:01. Ўкилди: 8865 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

Билдирилган фикрлар:


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 08:25. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 08:25. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 08:23. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 08:23. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


MUSKOMANDA
Сана: 01.07.2012 02:26. MUSKOMANDAга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


FUTBOLVATANI
Сана: 30.06.2012 18:20. FUTBOLVATANIга ёзиш
+1; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


NASAFFC
Сана: 30.06.2012 16:21. NASAFFCга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


SPITAMEN
Сана: 30.06.2012 14:49. SPITAMENга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


YAHYOHON
Сана: 30.06.2012 10:07. YAHYOHONга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


SHERZODCHIK
Сана: 30.06.2012 09:58. SHERZODCHIKга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


IBRAKADABRA
Сана: 30.06.2012 02:17. IBRAKADABRAга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


FOTIX
Сана: 29.06.2012 22:14. FOTIXга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


SERENADA
Сана: 29.06.2012 21:07. SERENADAга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


SMILE
Сана: 29.06.2012 21:04. SMILEга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


SMILE
Сана: 29.06.2012 21:03. SMILEга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


SILBURN
Сана: 29.06.2012 20:36. SILBURNга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


YAHYOHON
Сана: 29.06.2012 20:04. YAHYOHONга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


SERENADA
Сана: 29.06.2012 19:39. SERENADAга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


ROSSONERI
Сана: 29.06.2012 19:17. ROSSONERIга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР


Asosiy saxifa
© STADION.UZ
Guvohnoma №0917. Berilgan sanasi: 02.12.2013. Muassis: «OSIYO KABEL» MCHJ. Bosh muharrir: Bo‘ronov Olimxo‘ja Azimxo‘ja o‘g‘li. Tahririyat manzili: 100057, Toshkent shahri, Usta Shirin 125. E-mail: admin@stadion.uz
Barcha huquqlar himoyalangan. Sayt materiallaridan to‘liq yoki qisman foydalanilganda veb-sayt manzili ko‘rsatilishi shart.
Blogdagi materiallar uchun blog egasi, xabarlar ostidagi fikrlar uchun foydalanuvchining o‘zi javobgar.