Kirish Ro'yxatdan o'tish
26/12 17:30 Manchester Siti - Everton
26/12 20:00 Bornmut - Kristal Pelas
26/12 20:00 Chelsi - Fulhem
26/12 20:00 Nyukasl - Aston Villa
26/12 20:00 Nottingem Forest - Tottenhem
26/12 20:00 Sautgempton - Vest Xem
26/12 22:30 Vulverhempton - Man. Yunayted
27/12 01:00 Liverpul - Lester

Blog

Qahramon Aslanov

25-kadr

Талаб ва таклиф

Баҳо:
+2; -0

Муаммоларга муносабат билдиришда, мен уларни асосан икки турга ажратиб оламан. Ечими мавжуд ва маълум муаммолар унчалик қаттиқ ташвишга солмайди. Мисол учун, майдонларнинг талабга жавоб бермаслигини олайлик. Бунинг ечимини, майдонни қандай қилиб яхшилаш кераклигини ҳамма билади. Керакли кўрсатма, бироз маблағ ва муаммо ҳал.

Мени кўпроқ ечими номаълум бўлган муаммолар кўпроқ таашвишга солади. Келинг улардан бири ва назаримда асосийси ҳақида гаплашамиз.

Чемпионатда “Бунёдкор”, “Локомотив” ва “Пахтакор” жамоалари барчанинг эътиборида турган жамоалар саналишади. Яқинда бу уч жамоа ўзаро ўйинларда майдонга тушди. Аслида бутун Ўзбекистонни ўзига қаратиши мумкин бўлган бу икки учрашувни бевосита майдонда кузатган мухлислар сони, айтайлик, “Пахтакор Чўст” – “Қўқон 1912” жамоаси ўртасидаги учрашувникидан камроқ.

Юқори амбицияли клубларимиздан бири “Локомотив” Ўзбекистон чемпиони бўлиши мумкинлигига ишонаман, лекин улар қандай қилиб чин мухлислари сонини икки мингтага етказишади, бу энди тасаввуримга сиғмаяпти.

Умуман, лигамизда кўпинча “ўлик” клубларнинг етакчилиги-ю, уларга сарфланган маблағлар “тирик”лардан кўра кўпроқлиги осонгина хазм қила оламиз экан, ПФЛ нинг бир кун келиб тирилишига ишонишимиздан нима наф? Ҳа, мен, эртага йўқолиб кетса, биров эсламайдиган клубларни “ўлик” деб атайман, узр.

Агар ҳаммаси табиий равишда, футбол ўлчовларида вужудга келаётган бўлганида, менинг бу иддаоларим умуман мантиқсиз бўлиб қоларди. Шунчаки, нега “Арсенал” кучли деб ғингшиётган “уэстхэм”ликни эслатарди холос. Лекин унақа эмас! Асослайман.

Мамлакатларимиздаги футбол клублари оғир аҳволда қолган бир пайтда, муҳтарам Президентимизнинг айни пайтдаги, жуда ўринли ва фойдали қарори чиқди. Ушбу қарорнинг чиқишида ЎФФ президенти Мираброр Усмоновнинг ҳам сайи ҳаракатлари эътирофга молик. Футболни ривожлантириш ҳақидаги навбатдаги қарорда футболга туртки берадиган жуда кўп соҳаларнинг йўналишлари белгилаб берилган.

Энг асосийси, фақат йўналиш ва кўрсатма билан чекланиб қолинмасдан, ислоҳотларнинг молиявий базаси ҳақида ҳам тўхталиб ўтилган. Бу жуда катта, тарихий қарор. Бунақаси ҳеч қайси давлатда йўқ, ишонинг. 

Муҳтарам Президентимизнинг футболга ижтимоий мақом бериб, давлат миқёсида эътибор қаратаётганликлари футболимиз учун жуда катта ютуқ. Ва имконият. Эндиги вазифа, ўша имкониятдан, яъни ташқил қилиб берилган “қайнар хумча”дан ўринли ва самарали фойдаланиш. Токи яна ўн йилдан кейин ҳам яна ўша пул берадиган ташкилот ва уни сарфлаб тўп тепадиган клублар билан қолиб кетмайлик.

Бугунги вазифа аслида, футболни оёққа турғазиш ва келажакда бақувват ва жамиятнинг муҳим бўлагига айлантириш, уни оммавийлаштириш бўлиши лозим. Агар шунча пул сарфланиб, чемпионлик масаласи ҳал қилинадиган ўйинларда икки мингта мухлис йиғяпмизми, демак муаммони тан олиш ва ҳал қилиш керак. Футболдан фойда йўқ, ҳеч кимга керак эмас экан, деган хулоса билан эртага “қайнар хумча” беркилмасдан олдин, футбол кераклигини исботлашимиз шарт. Қандай қилиб?

Футболнинг моддий таъминотига жалб қилинган бир нечта корхона, ташкилотлар руйхати чиқиб, ушбу корхоналар ҳозирда лигамиздаги турли жамоаларга ҳомийлик қилиб келишяпти.

Энг эътиборли жиҳат шундаки, бу корхоналарнинг аксарияти Давлат улуши бўлган ташкилотлардир. Бошқа сўз билан айтганда, клубларга сарфланаётган пулларнинг асосий қисми бюджетдан молиялаштирилади.

Биласизми, ҳолат нимани эслатяпти? Аукционда бир миллионлик товар юз миллионга сотилиши мумкин. Сабаби, рақобат. Аслида кимдир бир миллионга олиши мумкин бўлган товарга бошқалар ҳалақит беради, натижада нарх кўтарилади. Лекин, бу ўша товарнинг қадрини юз баробар оширадими? Осонроқ тушунтираман: Тасаввур қиламиз, “Нефтчи” бир йилга уч миллиард сарфлаяпти. “Бунёдкор” эса, “Нефтчи”ни ортда қолдириш учун ўн миллиард сарфлаяпти. Ўн уч миллиард пул кетяпти ҳаммаси бўлиб. Хўш, футболнинг сифати ошиб қоляптими?

Айтайлик, “Нефтчи” икки миллиард сарфлаб, “Бунёдкор” уч миллиард сарфласа ҳам, оқибатда “Бунёдкор” рақибини ортда қолдиради. Биз барибир ўша ҳозир кўраётган футболни томоша қиламиз. Ортиқча пуллар эвазига қанақа самара келяпти? Ўша ортиқча пуллар шунчаки, тўпни оддий тўхтата олмайдиган футболчиларга бир неча миллионларни сарф қилиниб ҳавога учириляпти-ку? Машҳур Афандининг латифасидагидек, “бу мушук бўлса, гўшт қани, бу гўшт бўлса, мушук қани?”

Футболнинг сифати нега ошмаяпти, биласизми? Клублар боқимандаликка ўрганиб қолишган. Ёш ўйинчи тарбиялаб, таркибга қўшиб, оқибатда маълум трансфер маблағини тежаш ким учун керак? Ундан кўра, ўша пулни ҳомийдан олиб қўя қолса бўлмайдими? Ахир бечора “Шўртан Газ” “Шўртан”дан воз кечиб, бошқа клубга ҳомийлик қила олмаса, футбол учун бу ташкилот шунчаки “қайнар хумча-ку”?

Лўндароқ қилиб айтаман: Биз пул сарфлаётган ва “ишлаб чиқараётган” футбол деярли сотилмаяпти. Ижтимоий соҳа сифатида ҳам оммавийлашув ошмаяпти, аксинча, тушиб кетяпти.

Дадил қадам, дадил ислоҳотлар бўлмас экан, футболимизни яхшилай олмаймиз. Ахир миллий чемпионатимиз ҳозир олдинга юраётганига амин эмасмиз-ку, тўғрими?

ТАКЛИФ

Футболда молиявий ислоҳотлар ўтказиш, клубларнинг моддий таъминлаш схемасини ўзгартиришни таклиф қиламан. Клублар таъминоти уч турдаги бюджет асосида шакллантирилиши керак. Қандай?

А-Бюджет. Клубларни йирик компанияларга бириктириб қўйилишидан воз кечилади. Алоҳида клублар фонди ташкил этилади ва футболга сарфланаётган (сарфланиши керак) маблағлар ушбу фондда йиғилади. Маблағлар мавсум бошида, олий лиганинг 14 клубига ТЕНГ миқдорда тарқатилади. Ушбу маблағ клубнинг А-бюджети ҳисобланади ва минимум ҳаражатларда бу сумма мавсум учун етиши керак.

ББюджет. ПФЛ титул ва транслация шартномалари асосидамаблағ ишлаб топади. Ушбу маблағ мавсум сўнггида, жамоаларнинг эгаллаб турган ўрнига қараб пропорционал равишда тарқатилади. Чемпион энг кўп, кейинги ўринни олган жамоа камроқ ва ҳоказо шаклда. Ҳа, ПФЛ бунақа пулларни ҳали тополмаяпти, лекин мана шу йўналишда фаолият олиб бориш айнан ПФЛ нинг вазифаси. Фарҳод Магометов биринчи лига клубларига “ҳеч кимга керак бўлмаган клуб кимга керак?” деганидек, агар ПФЛ ҳали ҳам фақат боқимандалик билан шуғулланаётган бўлса, кимга керак?

С–Бюджет клубнинг мустақил футбол фаолиятидан пайдо бўладиган маблағлардан ташкил топади. Турли реклама ва ҳомийлик шартномалари, билетлар, трансферлар ва бошқа футбол билан боғлиқ даромадларни кўпайтириш орқали клублар рақибларига нисбатан каттароқ умумий бюджетга эга бўлиб олишалир имкони бор.

Хўш, бу бизга нима беради? Кенгроқ тўхталаман, чунки ҳар бири алоҳида мавзу ва муаммо.

1) Рақобатнинг ошиши.

Клубларнинг молиявий имкониятлари орасида катат фарқларнинг пайдо бўлиши ҳатто Европани ҳам ташвишга соляпти ва турли молиявий фэйр-плейларни ўйлаб топишга ҳаракат қилмоқдалар. Аммо у ерда бу фарқлар табиий пойдевор устида бўлгани учун ҳам таъсир кўрсатиш қийин. Барибир “МЮ”нинг транслация ҳуқуқлари, трансфер бозори ёки ҳомийлик шартномаларидаги устунлиги кичик клублардан кўпроқ бўлиб қолаверади.

Аммо биз бу ерда ушбу фарқларни сунъий равишда ўзимиз пайдо қиляпмиз. Демак бу фарқни йўққа чиқариш ёки табиийлик орқали пайдо бўлишини таъминлаш ўз қўлимизда. Нега бир клуб бошқа клубга қараганда бюджетдан кўпроқ пул олиши керак?

Юқорида таклиф амал қилса, старт олиш учун клубларда тенг имконият юзага келади. Клуб бошқасидан устунликка эришмоқчими, марҳамат, кучлироқ тренер олиб келсин, ўринбосарларга эътибор берсин, яхшироқ ўйнасин, футбол менежменти орқали кўпроқ маблағ топиб таркибни кучайтирсин, марҳамат. Аммо зинҳор, боқиманда сифатида заводдан кўпроқ пул олгани эвазига рақибларидан кучли бўлиб қолмасин. Рақибнинг энг кучли футболчисига уч баробар пул бериб (шундоққина олинган пул эвазига) ўзиники қилиб олиш орқали натижага эришиш кимга керак

2) Клубларда футбол менежерлари.

Рақиблардан ҳомийнинг кучи эвазига эмас, майдондаги ўйин ёки футбол-иқтисодий фаолият орқали устунликка эришиш талаби қўйилгач, клуб бошқарувига бўлган муносабат ўзгариши табиий. Мисол учун, бугунги кунда кўп жиҳатдан клуб фаолияти маҳаллий ҳокимиятлар ёки ҳомий (аслида ҳомий эмас, клуб эгаси) ташкилотлар томонидан бошқарилади. Бу табиий, чунки пулни ўша ташкилот беради ёки ҳокимият ҳомийларни жалб қилади. Аммо...

Ташкилот раҳбарлари ёки ҳокимлар футбол мутахассиси эмас. Бу натижа ва сифат талаб қилавериш ёки умуман натижа ва сифат талаб қилмасликка олиб келади. Ўртада узилиш юзага келади. Пул эгаси бошқа, сарфлайдиган бошқа, футбол билан эса учинчи одам шуғулланади. Бу эса кўп маблағларнинг ҳавога учишига сабабдир.

А-бюджетнинг ўзгармаслиги ва асосий рақобат йўналиши футбол фаолиятига тақалгач, футбол менежерларига эхтиёж тузилиши мумкин. Рақиб устидан кўпроқ шароитга эга бўлиш учун клуб маблағни тежашга, ўринли фойдаланишга мажбур. Имкониятдан максимал фойдаланиш учун тренер савиясига эътибор берилади, ҳадеб четдан ўйинчи олиб келмасдан, ўринбосарларга эътибор қаратади ёки трансферлар орқали даромадга интилади. Мақсад - С ва Б бюджетларни кўпайтириш.

3) Биринчи лиганинг кучайиши.

Хўш, биринчи лиганинг савияси нега паст? Фарҳод Магометов уларни тепса тебранмасликда, ҳаракатсизликда айблаган бўлса-да, балки у муаммонинг жуда яхши билади. Муаммо шундаки, 1-лига жамоаси олий лигага чиқишни истамайди. Сабаби, хўп, олий лигага чиқди ҳам дейлик. Шаҳар, туман ёки ҳомийлик қилиб турган ташкилот олий лига ҳаражатлари учун аввалгидан ўн баробар кўп маблағни топиб бера оладими? Йўқ, кўпинча.

Натижада 1-лигада ўйнаб турган клуб раҳбари ҳам, унинг мураббийи ҳам, футболчи-ю мухлислари ҳам, мабодо лигада ғолиб чиқса, келаси йили олий лигада ўйнамаслигини жуда яхши билади. Хўш, қаердан келади энди мотивация ёки қизиқиш? Бу биринчидан.

Иккинчидан, ўша жамоа олий лигага чиқиб, олий лига учун катта маблағни, ҳомийни топди, дейлик. Мураббий нима қилади? 1-лигадаги футболчиар билан олийда ўйнаб бўлмаслигини билади ва муносиб қатнашув учун мана шунча футболчи, шунча пулга сотиб олиниши керак, дейди вассалом. Олий лигага чиқса, клуб захирасида қолиб кетиши ёки умуман клубсиз қолиши мумкинлигини билган 1-лига футболчиси учун ғолиблик нега керак?

А-Бюджетнинг шакллантирилиши 1-лиганинг ҳар бир клубига олий лигада қатнашиш учун минимал сумма мавжудлиги кафолатлайди. Натижада 1-лига клуби юқори ўринни қўлга киритса, олий лигада қатнашишини аниқ билади. Мухлислар ҳам. Ҳеч бўмаса, клуб раҳбарлари ўша қўлга киритиладиган А Бюджет учунам ҳаракат қилишади.

Кейин ўша А Бюджетнинг ҳам чекланган экани ва таркибни бутунлай янгилашга етмаслигини билган клуб жорий таркибга ҳам яхшироқ эътибор қаратади. Минимал трансфер билан максимал натижани кўзлайди.

4) Шаффофроқ молиявий ҳаракатлар.

А-Бюджет клубга берилдими, демак назорат ҳам ўша фонд зиммасида бўлади. Ҳозир қанақа? Клуб бор ва ўша клубни молиялаштирадиган ташкилот бор. Ташкилот ва клуб ўзаро тил бириктирган ҳолда ҳар қанча ҳаражат қилиши мумкин, буни футбол жамоатчилигидан сир тутиши осонроқ. Бу нуқта ҳам бирча миллионларни ҳавога совуриш (ҳавога совуриш деганда, шунчаки сочиб юбориш эмас, футболдан ташқари ҳаражатлар учун ишлатишни назарда тутяпман) учун шароит туғдиради.

А-бюджетни ташкил қилувчи фонд ушбу ҳаражатларни назоратини ҳам йўлга қўяди. Пул берилдими, демак, футболчиларнинг ойлигидан тортиб, кўтарма-трансфер пулларигача шаффоф ҳолда акс эттирилади. Б ва С бюджетлар бўйича марҳамат, клуб мустақил, истаса, борини мукофот пули сифатида тарқатиб бўлиб олишсин, исташса, яхшироқ трансферларни амалга ошириб таркибни кучайтиришсин.

5) Футбол фаолиятининг таҳлили.

Яна бир муҳим жиҳат, футбол жамоатчилиги ва ОАВ томонида у ёки бу клубни таҳлил қилиш, мураббийлар ёки менежерлар ишига баҳо бериш, таҳлил қилиш имконига эга бўлади. Чунки, қайтараман, бошланғич старт, бир хил. Ҳозир қанақа?

Масалан “Сити” бир миллиард сарфлаб бўлгачгина, тўртинчи уринишда чемпионликни ютиб олди. Бизда ҳамма клубдан кўп пулга эга бўлдингизми, тамом, чемпионсиз. Пули кўпроқ биринчи, сал камроғи иккинчи, энг ками охирги ўринни олавергач, бу ерда мураббийнинг хизмати ёки хатоси қани? Бутунлай ўчириб кетади-ку?

Мураббий мавсум давомида юзлаб хато қилиб, ўнлаб истеъдодларни пайқамай, оқибатда лигадана тушиб кетиши мумкин. Аммо у учун бахона тайёр – молиявий тарафдан “Бунёдкор” билан тенг эмасман, демак ютқазишим табиий! Қани бу ерда футбол? Ғирт аукцион-ку? Нимасини кўрамиз энди майдонда?

6) Қизиқиш ва ташрифнинг ортиши

Буни алоҳида тушунтириш шарт эмас. Олий лига ўртамиёналарининг футболга муносабати ўша 1-лига клубларини эслатади. Барибир совриндор бўла олмаймиз, уларда пул кўпроқ. Тамом. Ҳатто мухлислар ҳам уларга босим қилишмайди, чунки етакчиларда пул кўпроқ экани уларнинг ҳам онгига сингиб кетган.

Агар мухлис жамоасининг максимал ва минимал даражаси ҳакида маълумотга эга бўлмасагина, уни футбол жараёни ва ўйинлар қизиқтириши мумкин.

САВОЛЛАР:

1) Осиё кубокларидаги натижалар тушиб кетади-ку?

Тўғри, ҳозир энг бой клубимизнинг имконияти, мен тақдим қилган вариантдаги энг бой клубдан кўра анча баландроқ бўлади. Лекин ҳали қатнашувчи клубни қатнашаётгани учун молиявий таъминлай олмайдиган ОЧЛ бизнинг футболга нима беряпти? Икки марта ярим финалларга чиқдик ёки Корея жамоаларинги ютяпмиз, дейиш учунми? Ундан кўра қизиқроқ, томошабопроқ миллий чемпионат афзал эмасми? Ўша Япония Жей-Лига қилиш йўлида бунақа турнирлар билан умуман иши бўлмади. Натижада мухлислар учун ҳам, ҳар бир клуб учун ҳам, Япония чемпиони бўлиш ОЧЛ дан кўра муҳимроқ. Биз футбол юртимиз бўйлаб оммавий бўлишини истаймиз, йилда 3-4 марта 3-4 минг мухлис “Ал Фалон”ларни томоша қилиши хуморимизни босмаяпти.

2) ОФК клубларнинг нопрофессионаллигига эътироз қилсачи?

Мумкин. Клуб бюджетининг асосий қисми фонд тарафидан молиялаштирилиши ОФК нинг эътирозига сабаб бўлади. Аммо мантиқан, масаланинг тубига қарайлик. Хўш, ОФК нега қарши бўлади? Сабаби ОФК клубларнинг футбол фаолияти билан шуғулланишларини, футбол даромадларини кенгайтиришни ўрганишларини истайди. Биз уларни алдаб, клубларимизни қоғозда профессионал деб, аслида боқиманда бўлишининг ниам кераги бор? Ундан кўра, қоғозда боқиманда, лекин аслида, фтубол фаолиятига кўпроқ мотивацияга эга бўлган клублар керакмасми? Ҳа, ҳатто ОЧЛ га ўхшаган турнирлардан қуруқ қолишимиз мумкин. Ўша юқоридаги гап. Керак ҳам эмас. Биз аввал ўз чемпионатимиз ҳақида ўйлайлик. Терма жамоа эса, умуман чемпионатни ёпиб қўйсак ҳам фаолиятини юргизаверади. ФИФА ёки ОФК бу борада чеклай олмайди.

3) Клублар бадтар боқиманда бўлиб қолишмайдими?

Ҳар йили маълум пулни олиб, еб юравериш ва В ва С бюджетларга эътибор бермай, яшаб юриш мазза-ку, дейилиши мумкин. Йўқ, бундай муносабат клубни бошқа рақибларига нисбатан ожизлаштиради ва натижада лигадан тушиб кетиши мумкин. Лигадан тушиб кетиш дегани, келаси йил учун каттагина бюджетдан айрилиб қолиш дегани. Ким истайди буни?

4) Ташкилотларни клубга бириктириш осон, маълум фондга фалонча пулни ўтказишни талаб қилиш нотўғри?

Ҳа, нотўғри. Мен футбол ривожи учун пул сарфласин ҳамма, деган иддаони қилмаяпман. Барибир ҳам сарфланяпти-ю, шулар ҳавога кетмасин, ўринли ишлатилсин. Бугунги эътибордан, имкониятдан фойдаланиб футболимизни маълум даражага чиқариб олайлик, деяпман холос. Энди бу қанақа схемада бўлади, ҳуқуқий ташкилий жиҳатдан қандай тартибга солинади, қайси мумкин, қайси бири мукинмас, буёғи энди соҳа мутахассисларинининг иши. Мен таклифимни бердим холос.

Бир катта майдонга мухлисларни йиғиб, томоша ваъда қилиб, қатнашувчи полвонларнинг бирининг қўлига болта, бирига найза, бирига эса ўқотар автомат бериб, яна эътибор талаб қилишдан мантиқ борми?

Шароф Бошбековнинг “Эшик қоққан ким ўзи?” асарини ўқиган бўлсангиз керак. Бир ривоят айтилади: Бир одам ҳар сафар оролга одамларни олиб бориб, қўлига тенг миқдорда пул бериб келар экан. Лекин йиллар ўтиб хабар олса, бири бой, бири камбағал...

Бу табиий. Шунақа бўлади. Мен таклиф қилган вариантда ҳам қачондир ҳозир Европада кузатилаётган улкан тафовутлар пайдо бўлиши турган гап. Лекин биласизми, ўша тафовут, ўша устунлик клубларнинг ўз-ўзиники. Меҳнат ва футбол эвазига келган ҳаққи...

Киритилган сана: 19.07.2013 15:26. Ўкилди: 8005 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

Билдирилган фикрлар:


XOTIRA
Сана: 31.07.2013 16:02. XOTIRAга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


UZBARSA
Сана: 20.07.2013 11:43. UZBARSAга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


ALMUNIYA
Сана: 19.07.2013 18:56. ALMUNIYAга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


ALMUNIYA
Сана: 19.07.2013 18:54. ALMUNIYAга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР


Asosiy saxifa
© STADION.UZ
Guvohnoma №0917. Berilgan sanasi: 02.12.2013. Muassis: «OSIYO KABEL» MCHJ. Bosh muharrir: Bo‘ronov Olimxo‘ja Azimxo‘ja o‘g‘li. Tahririyat manzili: 100057, Toshkent shahri, Usta Shirin 125. E-mail: admin@stadion.uz
Barcha huquqlar himoyalangan. Sayt materiallaridan to‘liq yoki qisman foydalanilganda veb-sayt manzili ko‘rsatilishi shart.
Blogdagi materiallar uchun blog egasi, xabarlar ostidagi fikrlar uchun foydalanuvchining o‘zi javobgar.