Kirish Ro'yxatdan o'tish
26/12 17:30 Manchester Siti - Everton
26/12 20:00 Bornmut - Kristal Pelas
26/12 20:00 Chelsi - Fulhem
26/12 20:00 Nyukasl - Aston Villa
26/12 20:00 Nottingem Forest - Tottenhem
26/12 20:00 Sautgempton - Vest Xem
26/12 22:30 Vulverhempton - Man. Yunayted
27/12 01:00 Liverpul - Lester

Blog

Qahramon Aslanov

25-kadr

Ғанимат

Баҳо:
+1; -0

 

Ушбу сайтда илк хабар ўқилганига ҳам бир йил бўлиб қолди. Ҳаммамиз ўлим соатимизгача бўлган масофанинг бир йиллик йўлини босиб ўтдик. Эътиборингизга, талабларга биноан, сайтда эълон қилинган илк мақолани ҳавола қиламан. Баъзи фактлар ҳозирги воқеъликка мос келмаса, (масалан, Пол Скоулз) мақола роппа роса бир йил олдин ёзилганини эътиборга олишингизни сўрайман.

Атиги бир йил олдин Вадим Абрамовни тинмай танқид қилган журналистлар, бугун уни энг яхши мураббий деб эътироф этишди. Бу табиий, бир йил шундайлигича ўтгани йўқ, Абрамов футболда баъзи нарсаларни исботлай олди. Ўз-ўзидан унга бўлган ишонч ортди, мураббийнинг мақоми анча кўтарилди. Келаси йил шу пайтда вазият ўзгариб кетса ҳам ажабланмайман, зеро инсон ҳақидаги фикрлар унинг амал ва ҳаракатлари воситасида ўзгариб туради. Биз айниқса ҳозир, Абрамов футболимиз учун нималар бериб, нималарни олгани ҳақида умуми хулоса бера олмаймиз. Чунки унинг футболимиздаги мураббийлик умри давом этяпти. Шунинг учун ҳам, Абрамов фақат ва фақат 2011 йилда энг яхши мураббий бўлди холос. Аслида инсон ҳаётини йил, ой, кун каби вақт ўлчов бирликлари ташкил қилмайди. Ҳаёт ҳақида фикр юритар эканмиз, ўлчов учун умр бирлигини қўллашимиз тўғрироқ бўлади. Буни исботлаш осон.
Айтайлик, соат дақиқалар йиғиндисидан иборат. Олтмиш дақиқа бир бўлиб, бир соатни ташкил қилишини жуда яхши биламиз. Ҳар доим шунақа! Демак, соатга, вақтга бўлган муносабатимиз ўша дақиқаларлар йиғиндиси эканини, фалон дақиқа соатнинг қанча қисмига тенг эканини жуда яхши билиб турамиз. Тўғрими?

Умр-чи? Инсон умри неча йилдан, ойдан, соат-у дақиқадан иборат эканини билмасак, унинг қадрини йиллар қадри билан ўлчашдан нима наф? Биласизми, гуёки ҳаётимизда мана шу вақт ўлчовлари асосий аҳамият касб этаётган бўлса-да, аслида ундай эмас. Худди соатнинг чекланган экани, дақиқаларнинг қадрини белгилагандек, умрнинг тугашигина бизга унинг қанча вақтдан иборат экаини белгилайди, ана ўшандагина биз у ҳақида соф, энг тўғри хулосани билдира оламиз. Буни исботлаш осон.
Дейлик, форумларда, кўча-кўйда, ишқибозлар ўртасида ажойиб баҳс мавзуси бор. Месси кучлими ёки Марадона? Ёки Зидан? Месси тарафдорлари футболчининг ҳали ёш эканини, унинг ёшида ўша рақобатчилари ҳеч нарса юта олмаганликлари-ю, Месси агар яна ўн йил шу тарзда ўйнашда давом этса, ҳаммадан ўтиб кетишини айтишади. Марадона тарафдорларининг фикри бошқача: Месси яна ўн йил ўйнаб, бир марта жаҳон чемпиони, бир марта унинг финалида ўйнашига кафолат йўқ. Демак, у ҳеч қачон Марадона бўла олмайди.
Бундай баҳсларнинг чеки йўқ, аммо яхшилаб назар солсак, биз умуман иккита бир-бирига мос бўлмаган нарсаларни солиштиряпмиз. Биз умр билан вақтни солиштиряпмиз! Марадона – бу умр, у футболчи сифатида "ўлган", тўғрими? Унинг неча йил ўйнаганини биламиз, нималарни ютиб олгани ҳам бизга маълум. Демак, Марадона ҳаётидаги дақиқаларнинг қадри биз учун очиқ китобдек.

90-йиллар бошида Марадона гўёки "синиб қолганди", уни Италиядан "хайдашди", у гўёки футболчи сифатида тугаган эди. Ўша пайтдаги у ҳақида фикрлар ҳозир бўлмайди, чунки унинг АҚШ даги жаҳон чемпионати пайтида яна ажойиб спорт формасига қайтганини яхши биламиз. Демак, турли мусбат ва манфийлар доимий курашда, Марадонанинг футболчилик умри тугагачгина, унинг қандай футболчи эканини, унинг чекланган йиллари, чекланган футбол тарихида қанчалик аҳамият касб этгани ҳақида хулоса бера оламиз.
Месси-чи?
У ҳақида истасак, истамасак, айнан бугунги куни билан гапирамиз. Сабаби, унинг футболчилик умри қанча эканини билмаймиз. Унинг юқори савиядаги бир йили, унинг бутун футболчилик умрининг қанча қисмини ташкил қилишини ҳам. Биз бугунги Мессини ютуқлари билан биргаликда, хатолари билан қабул қиламиз. Месси терма жамоаси учун ҳеч нарса қилиб бермади-ку, деймиз. У етакчи эмас, унда харизма етишмайди, деб жар соламиз. Чунки у ҳали фаолиятини тугатмади, у келажакда терма жамоаси учун нималарни ютишини билмаймиз, бу аниқ.
Хўш, солиштиришдан мантиқ борми? Балки шунинг учун ҳам, "умри" тугаган футболчилар ҳақида кўпинча фақат яхши таассуротлар қолар, шундайми?

Мен талаба бўлганман. Вилоятдан келиб пойтахтда ўқиганлар билишади, бунинг ўзига яраша қийинчиликлари бор. Баъзан имтиҳонлар қийнаб қўяди, баъзан пулингиз тугайди. Қайсидир маънода мустақил қадамга қўйилган илк қадамлар — ҳали пул топишни ўрганмасдан туриб, уни сарфлашни ўргатадиган йиллар. Аммо биласизми, ҳозирдан туриб ўша йилларга боқар эканман, ҳар қанча уринмайин, қийинчилик пайтларимни ҳеч хотирамда жонлантира олмайман. Худди унақа вазиятлар бўлмагандек.
Ўша пайтларда, "нега талабаликни олтин давр дейишар экан", деб хайрон бўлганимни ҳам эсламайман умуман. "Талабалик - олтин давр" деган иборани фақатгина талабаликни тугатган инсонлар ишонч билан айта олишаркан, бунга кейин эътибор бердим. Худдики, Зидан деганда ЖЧ-98 финалида боши билан урган голлари-ю, Германиядаги мундиалда бразилиялик юлдузларни "ёш бола" қилиб ташлагани, ЕЧЛ финалидаги супер голи хаёлимга келаверади-ю, негадир ўша Греция чемпион бўлгандаги Европа чемпионати ёдимнинг бир кўчасига ҳам кирмайди. Ахир ўшанда ҳам Зидан бор эди-ку?! Ахир Аргентина бир марта ютқазса Мессини айблаймиз, унинг ўша Зиданнинг тирноғига ҳам арзимаслигини рўкач қиламиз. Зидан нималар қилган эди-я терма жамоа либосида! Лекин, эсланг, у ўша Греция чемпион бўлган Европа чемпионатида ҳам бор эди. Бор эди!

Ўтган 2011 йил футболимизда қандай ўрин тутишини билмайман. Балки бу келажакдаги йирик ғалабаларимизнинг дебочаси, пойдевори бўлиб хизмат қилар. Келаси йилги ютуқларимиз олдида эсимиздан ҳам чиқиб кетар. Балки, ўша йили терма жамоамиз кучли бўлган эди, ҳаммаси расво бўлди, дермиз. Буни билмаймиз. Сабаби биз футболимиз умрининг қайси нуқтасида турганимизни билмаймиз. Бу муҳим. Буни исботлаш осон.

Пол Скоулз ким?
Буюк футболчи! "МЮ" тарихидаги энг буюклардан бири.
У қандай ўйнарди?

О, сўраманг! Тилла бола эди. Олтин калла. Ажойиб диспетчер. Зарбалари жуда кучли ва аниқ чиқарди. Айниқса, 2008 йилги ЕЧЛ ярим финалида "Барселона" дарвозасига урган голи-чи? Биласизми, агар мана шу саволни, яъни Скоулзнинг ким эканини сиздан бир йил олдин сўраганимда, эмоциянгиз, унга нисбатан фикрингиз бироз бошқача бўларди.
Пол Скоулз ким?
Сўнгги бир икки йилда Скоулз "МЮ"нинг асосий футболчиларидан бўлмади. Скоулз бугун майдонга тушмас экан, дейишса, "МЮ" мухлислари айтайлик, Руни ёки Нани жароҳат олгандек хавотирга тушганликларига ҳам ишонмайман. У баъзан, спорт формаси яхши бўлганда майдонга тушиб турадиган, баъзан ажойиб пасларни бериб, баъзан эса тўпга ета олмай, қўполлик қиладиган футболчилардан бири эди.
Ҳа, у қариётган эди! Ўз-ўзидан "МЮ"нинг унга муҳтожлиги олдингидан камайган. Бу ҳам табиий йўл билан, ҳам Фергюсон томонидан атайлаб қилинаётганди. Эртага фаолияти тугайдиган футболчи билан режа тузилмайди-ку. Ҳа, Скоулз кетиши аниқ эди ва буни ҳамма билар, ҳамма тушунар, ҳамма кўникиб бўлганди. Лекин... Лекин, Скоулзнинг хайрлашув учрашуви жуда оғир бўлди. Мен "МЮ"нинг ёки Скоулзнинг ашаддий фанати бўлмасам ҳам, менга таъсир қилди. Ғалати ҳиссиёт.
Скоулз сўнгги марта майдонни тарк этар экан, негадир, ҳа негадир, унинг бугунги статуси, бугунги футболда ёки "МЮ"даги тутган ўрни ҳақида умуман ўйламасдим. Унинг футболдаги ўн беш йиллик умри турарди қаршимда, ўша ёшлиги, ўша голлари... Ўша харизмаси.
Футбол ва "МЮ" кимни йўқотаётганини ана энди ҳис қила бошладим. Скоулз энди йўқ. Ҳеч бўлмаса йилда ўн беш минут уни кўргим келса ҳам, кўра олмайман. Кимдир ўрнини босар, лекин Скоулз бўлмайди-ку, шундаймасми?

Ўшанда инглизлар қандай ҳолга тушганликларини жуда яхши тасаввур қиламан. Адашмасам, Миржалол Қосимов футболдан кетганида шунақа бўлганди. У терма жамоада ўйнамай қўйган, "Машъал"да ярим куч билан майдонга тушиб юрарди. Терма жамоамиз келажагида ҳам Қосимов бўлмаслигини жуда яхши билардим. Аммо у футболни расман тарк этгач, ғалати ҳолатга тушганман.
Қосимов "умри"да ҳам, эсласа бўладиган, фахрланса, қўмсаса бўладиган дақиқалар Сколузникидан кам эмасди. Энг биринчи абзац эсингиздами? Умр ҳам дақиқалардан иборат. Лекин фарқи шундаки, ўша умр тугасагина, биз унинг дақиқаларини қадри ҳақида тушунчага эга бўламиз. Қосимовнинг футболдаги умри ўшанда тугаган эди. Йўқ, бу фақат футболда эмас. Ҳаётда ҳам шундай. Буни исботлаш осон.

Мен 2011 йилда дадамни йўқотдим. Биласизми, бу — бутун инсониятнинг тақдири, пайғамбарлардан қолган мерос. Мен ҳеч нарсани достон қилмоқчи эмасман. Мен бошқа нарсани исботламоқчиман. Инсон туғилибдики, ота ва онаси унга ҳамроҳ бўлади, суянчиқ бўлади. Илк қадамлар ҳам улар томон босилади. Аммо у улғайган сари, ота-онага бўлган муҳтожлик камайиб боради. Энди ўзингиз юришни ўрганасиз. Биров қўлингиздан тутиши шарт эмас. Ўқишни ўрганасиз. Энди бошқаларнинг эртак айтиб беришига зор эмассиз. Пул топа бошлайсиз. Энди истаган нарсангизни ўзингиз сотиб олишингиз мумкин ва ҳоказо.
Энг даҳшатлиси, уларнинг ҳаётингиздаги ўрни йиллар ўтган сари камайиб бораверади. Инсоннинг энг буюк хатоси эса, доимо ўзи муҳтож бўлган нарсага талпинади, ўша нарсанинг ҳаётидаги ўрни ҳақида кўпроқ фикр юритади.
Хўп, бир йил олдин дадам мен учун ким эди?
Дадам эди.
Хўш?

Ишга бораман, келаман. Саломлашаман. Бирга ўтириб, овқатланамиз. Баъзан бирга футбол кўрамиз. Баъзан алоҳида кўрамиз. Баъзан қайсидир мавзуда гаплашамиз. Баъзан эса, умуман гаплашмаган кунларимиз бўлган. Сабаб ўша суҳбатсиз ҳам куним ўтаверган. Эрта бор-ку?! Аминманки, сизнинг ҳам мендан фарқингиз йўқ. Чунки буни аллақачон кашф қилганман, сиз билан мен жуда ўхшаймиз.
Мен ҳозир, сочимни юлмаяпман. Нега, кўпроқ гаплашмадим, деб ғалати надоматлар чеккандек кўрсатиб, сизнинг ҳиссиётларингиз билан ўйнашиш ниятим йўқ. Оддий ҳақиқатни айтмоқчиман.
Биласизми, мен дадамнинг вафотини эшитганимда, ўша куни, бир кун олдинги воқеаларни умуман эсламадим. Дадамнинг менинг ҳаётимдаги ўрни, худди ўша Скоулзнинг "МЮ"даги каби, захира ўриндиғида эканини ҳам ҳис қилмадим. Мен захира ўйинчисини йўқотган жамоага умуман ўхшамасдим. Менинг дадамга бўлган муносабатим тубдан ўзгарди, мен энди "дадам" деганда, ўша бир кунимнинг қандайдир дақиқаларини бирга ўтказадиган инсонни эмас, ҳаётимнинг муҳим бир бўлагини тушуна бошладим...
Мана, мени елкаларида кўтариб боғчага олиб боряпти. Ана, ҳеч қайси ўртоғимда бўлмаган қимматбаҳо "танк"ни кўтариб келди. Ана, мен биринчи синфнинг биринчи дарсидаман, ўқишни биламан чунки, дадам аллақачон ўргатган. Ана, ташқарида, дарсим тугашини кутиб, қалин китоб ўқиб ўтирибдилар. Ана, бирга футболга боряпмиз — у пайтларда стадионларда аншлаг бўларди — йўқолиб қолмасин, деб қўлимдан маҳкам ушлаб олган. Эҳҳе, бундай дақиқаларнинг саноғи йўқку?!

Нега кеча бу ҳақида ўйламадим? Нега хаётимнинг ҳар бир муҳим дақиқасида ёнимда дадам бўлганини ҳар доим ҳам эслаб юрмаганман? Нега сиз эслаб юрмайсиз? Наҳотки, бир инсоннинг сизга қанчалик азизлигини билиш учун, битта умрнинг тугаши шарт бўлса? Қосимовсиз терма жамоамиз ғалаба қозонаётган бўлса-да, айнан Қосимовни ҳам қўмсаймиз-ку, баъзан. Наҳотки, умрнинг қадрига етишимиз учун унинг аслида қанча дақиқадан иборат эканини билишга муҳтож бўлсак? Бусиз иложи йўқми?

Умримиз ҳам, бировнинг умри ҳам дақиқалар йиғиндисидан иборат экан, уни қадрлайлик. Инсонга баҳо беришда, бировнинг бизнинг ҳаётимиздаги ўрнини аниқлашда айнан ҳозирги мақомини эмас, умуман у биз учун ким бўлганини ҳам эслашни ўрнайлик. Ана ўшандагина, манфаатлар ботқоғига ботиб қолган бу замонда инсоний муносабатларни тарғиб қилиш осонлашади. Ахир, шундоқ ҳам, мени сиздан, сизни улардан, уни мендан ажратадиган ўлим бор.
Шундай экан, бир-биримизга суянчиқ бўлайлик, бир биримизнинг фақат яхши хислатларимизни яхши амалларимизни эслаб қолишга ҳаракат қилайлик. Ўша хотиралар эса қачондир, кимнидир улуғлаш учун ишлатиладиган, унгача эса чанг босиб ётадиган матоҳга айланмасин, доим муомалада бўлсин. Умрингизни, яқинларингизнинг умрини қадрланг. Уларнинг сизга тақдим этган дақиқаларини қадрланг. 2012 йил барчангизга фақат ва фақат яхши хотираларни тақдим этсин. Футболда ҳам. Хаётда ҳам. Саломат бўлинг.

2011 йил, декабр.

Киритилган сана: 28.12.2012 11:33. Ўкилди: 9129 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

Билдирилган фикрлар:


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 09:19. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 09:19. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 09:16. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 09:16. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 23.07.2024 17:29. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 23.07.2024 17:29. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


MINISTER
Сана: 04.01.2013 00:09. MINISTERга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


MINISTER
Сана: 04.01.2013 00:07. MINISTERга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


TURONIA
Сана: 29.12.2012 06:48. TURONIAга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


SHAHRIXON
Сана: 28.12.2012 19:00. SHAHRIXONга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


SHAHRIXON
Сана: 28.12.2012 19:00. SHAHRIXONга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


SHAHRIXON
Сана: 28.12.2012 19:00. SHAHRIXONга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


MARKETING
Сана: 28.12.2012 14:52. MARKETINGга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


CHESSMASTER
Сана: 28.12.2012 14:39. CHESSMASTERга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


ELIVERPOOL
Сана: 28.12.2012 13:40. ELIVERPOOLга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


FILOSOF
Сана: 28.12.2012 13:00. FILOSOFга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


DIADOR
Сана: 28.12.2012 12:10. DIADORга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР


Asosiy saxifa
© STADION.UZ
Guvohnoma №0917. Berilgan sanasi: 02.12.2013. Muassis: «OSIYO KABEL» MCHJ. Bosh muharrir: Bo‘ronov Olimxo‘ja Azimxo‘ja o‘g‘li. Tahririyat manzili: 100057, Toshkent shahri, Usta Shirin 125. E-mail: admin@stadion.uz
Barcha huquqlar himoyalangan. Sayt materiallaridan to‘liq yoki qisman foydalanilganda veb-sayt manzili ko‘rsatilishi shart.
Blogdagi materiallar uchun blog egasi, xabarlar ostidagi fikrlar uchun foydalanuvchining o‘zi javobgar.