Kirish Ro'yxatdan o'tish
26/12 17:30 Manchester Siti - Everton
26/12 20:00 Bornmut - Kristal Pelas
26/12 20:00 Chelsi - Fulhem
26/12 20:00 Nyukasl - Aston Villa
26/12 20:00 Nottingem Forest - Tottenhem
26/12 20:00 Sautgempton - Vest Xem
26/12 22:30 Vulverhempton - Man. Yunayted
27/12 01:00 Liverpul - Lester

Blog

Qahramon Aslanov

25-kadr

"Априс"лар (архивдан)

Баҳо:
+2; -0

ТАЛАБГА БИНОАН: АРХИВДАН

Жамоа ўз дарвозасига тўп киритиш орқали ғалаба учун курашиши мумкинми? Шунақасиям бўлар экан. Бехазил.

Кариб денгизи худудидаги терма жамоалар ўзларининг анъанавий  Shell Caribbean Cup, яъни “Кариб денгизининг “Шелл” кубоги” турнирини ўтказиб боришади. Воқеа, 1994 йилда, шу турнирнинг гуруҳ босқичида бўлиб ўтади. Финал турнирига йўлланма учун 1-гуруҳда учта терма жамоа – Барбадос, Гренада ва Пуэрто Рико терма жамоалари баҳс олиб борадилар.

Биринчи турда Гренада терма жамоаси Пуэрто Рико устидан 2:0 ҳисобида ғалаба қозонади. Кейин эса пуэрто риколиклар Барбадосни кичик ҳисобда – 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратадилар. Регламентга кўра, фақатгина бир жамоа кейинги босқичга йўл олиши керак, хуллас Барбадос ва Гренада ўртасидаги сўнгги учрашув олдидан гуруҳда қўйидаги вазият вужудга келади:

 1. Гренада              1               1          0          0          2:0       3 очко

2. Пуэрто Рико        2               1          0          1          1:2       3 очко

3. Барбадос            1               0          0          1          0:1       0 очко

 Пайқаш қийин эмаски, Гренада терма жамоасини дуранг ҳам, ҳатто кичик ҳисобдаги ғалаба ҳам кейинги босқичга олиб чиқади. Барбадосликлар эса гуруҳ ғолибига айланиш учун камида иккита тўп фарқи билан ғалаба қозонишлари шарт. Вазиятни янада мураккаблаштирувчи жиҳат шунда эдики, турнир регламентига кўра, ўйинларнинг дуранг ҳисобида якунланиши мумкин эмас, янаям қизиғи, белгиланган қўшимча вақтда киритиладиган “Олтин гол” оддий голнинг (“хашаки гол” деб кетаверайлик) икки баробар қийматига тенг. Уёғини эшитинг.

Ўйиннинг бошидаёқ иккита голни киритган Барбадос терма жамоаси футболчилари ҳисобни ўзларига мос қилиб оладилар. Яъни ушбу ҳолатдаги турнир жадвали қўйидагича кўриниш олган бўларди.

 

1. Барбадос              2                      1          0          1          2:1       3 очко

2. Гренада               2                      1          0          1          2:2       3 очко

3. Пуэрто Рико         2                      1          0          1          1:2       3 очко

 

Ушбу ҳисоб, ўйиннинг 83-дақиқасигача сақланиб туради. Ўша дақиқада эса Гренада терма жамоаси ҳисобни қисқартиришга муваффақ бўлади – 2:1. Турнир жадвалининг эса оёғи осмондан бўлиб кетади:

 

1. Гренада               2                      1          0          1          3:2       3 очко

2. Барбадос              2                      1          0          1          2:2       3 очко

3. Пуэрто Рико         2                      1          0          1          1:2       3 очко

  

Бу ҳисоб Гренада терма жамоасини тўлиқ қониқтириш туфайли бутун жамоа бўлиб ҳимояга ётиб оладилар. Бечора барбадосликлар эса нима қилиб бўлса ҳам яна бир тўп киритиш илинжида олдинга ташланадилар, аммо натижадан дарак йўқ.

Ўйин тугашига уч дақиқа қолган. Гол сув ва ҳаводек зарур бўлган жамоанинг ҳужумини бошлаб бераётган Сиели ва дарвозабон Стаутнинг бирдан, “ярқ” этиб каллалари ишлаб кетиб қолса бўладими! Ҳужумдаги ишлар унчалик юришмаётганлиги ва гол уриш учун етарли вақт жамоасида қолмаётганлигини хис қилган Сиели ўз йўналишини терс тарафга йўналтиради ва ўз дарвозаси томон ҳужум бошлайди ва... “Пақ” этиб ўз дарвозасига гол уриб қўяди. Кўпчилик ҳайратда!

Негалигини сезган бўлсангиз керак. Шу шаклда у жамоаси учун яна қўшимча 30 дақиқа ишлаб беради. Яъни ҳисоб 2:2 бўлгач, жамоалар қўшимча вақтда ўйнашлари мажбур, ўшанда биргина гол ҳам иккита гол ыийматига тенг ва жамоа 4:2 ҳисобидаги ғалаба билан яна гуруҳ босқичининг пешқадамига айланиши мумкин.

Воқеаларнинг бундай ривож олишини кутмаган Гренада терма жамоаси футболчилари дастлаб довдираб қоладилар. Ҳаммаси тескари кўриниш олди, энди гренадаликлар гол уришлари шарт! Барбадос бунга йўл қўярмиди? Лекин гренадаликлар ҳам анойи эмас, русчасига айтганда, “чукча не дурак”. Сеними шошмай тур, дейишади-да, ўз дарвозалараги ҳужумни бошлаб юборишади. Гренада терма жамоаси учун 2:2 ҳисобидаги дурангдан кўра, 2:3 ҳисоби қулайроқ, чунки ушбу ҳисобда ўйин асосий вақтда тугайди ва гуруҳ қўйидаги кўриниш олади. 

 

1. Гренада               2                      1          0          1          4:3       3 очко

2. Барбадос              2                      1          0          1          3:3       3 очко

3. Пуэрто Рико          2                      1          0          1          1:2       3 очко

 

Дуранг эса, юқорида айтагимиздек Барбадосга қўшимча имконият тухфа этади. “Хушёр” барбадосликлар ўз дарвозаларига гол урганлари етмагандек, энди рақиб дарвозасини қўриқлашга тушиб кетадилар. Комедия бошланади. Гренада терма жамоаси ўз дарвозасига автогол киритиш учун тинмай ҳаракат қилар, Барбадос терма жамоаси эса уни қўриқларди. Учрашув “қаҳрамон”и Сиели рақиб дарвозабонига айланади ва бор кучи билан ҳимояланади.

Гренада футболчилари энди тўпни “орқага”, рақиб дарвозаси томон олиб кетишади. Ахир, улар учун қайси дарвозага гол урилишининг умуман фарқи йўқ, гол бўлса бўлди. “Автогол” уларни қўшимча вақтдан асраб қолади ва гуруҳ ғолибига айлантиради, ҳақиқий гол эса уларни учрашув ғолибига айлантиради. Тасаввур қилинг.

Барбадос ҳам ҳаммасини ҳисобга олган албатта. Хуллас Гренада терма жамоаси ҳар икки дарвозага ҳужум қилар, Барбадос терма жамоаси эса ҳар икки дарвозани жон жаҳди билан ҳимояларди. Мухлислар эса бу ажойиб ўйинни кузатишар, ўзларини кулгидан тўхтата олишмасди.

Сўнгги икки ва ҳакам қўшиб берган тўрт дақиқа мана шу майнавозчилик билан ўтади, Барбадос футболчилари метин ирода кўрсатишиб дурангни сақлаб қоладилар ва қўшимча 30 дақиқага эга бўладилар.

Қўшимча вақтда яна ҳақиқий футбол бошланади. Барбадос футболчилариниг ажойиб режалари амалга ошади, яъни жамоа ҳужумчиси Торн қўшимча вақтда гол муаллифига айланади ва ҳисоб автоматик равишда 4:2 га етади, бутун National Stadium кулгидан ўзини тўхтата олмасди. Шу тарзда рақибга битта “хашаки гол” тақдим этиб, “олтин”ни ютиб олган Барбадос терма жамоаси гўёки шахматдаги “қурбон қилиш” тактикасининг футболдаги кўринишини намойиш этадилар. Гуруҳдаги сўнгги вазият қўйидаги кўриниш олади:

 

1. Барбадос             2                      1          0          1          4:3       3 очко

2. Гренада               2                      1          0          1          4:4       3 очко

3. Пуэрто Рико         2                      1          0          1          1:2       3 очко

 

- Ўзимни аҳмоқ қилингандек ҳис қилмоқдаман, - деганди Гренада терма жамоаси бош мураббий Жеймс Кларксон ўйиндан сўнг, - бундай қоидаларни ўйлаб чиқарган инсон биратўла жиннихонага кетгани маъқул. Жуда кўп футболчилар-у мухлислар ўртасида бўладиган ўйинда бу тақлид мантиқсизликлар келиб чиқмаслиги керак. Ўйинчиларим тўп билан нима қилишни билмай қолишди, рақиб майдонига ҳужум уюштириш керакми ё ўзларининг дарвозаларигами? Бунақасини хаётимда кўрмагандим. Футбол қоидаларига мувофиқ, учрашувда ғалаба қозониш учун ўз дарвозасини ишғол қилиш мантиғи умуман тескаридир”

Футболда мана шунақа ҳолатлар ҳам бўлган. Мураббийнинг куюнганича бор, лекин масаланинг тубига қарасак, барибир бу ерда ғирромлик йўқ. Ахир қўшимча вақтда, Барбадос терма жамоаси ўша “Олтин гол”ни урди-ку тўғрими? Агар ўша голни ура олишмаганда, асосий вақтдаги майнавозчиликлар фойда берармиди? Йўқ. Яъни барибир, ҳар қандай айёрликнинг замирида барибир қандайдир ҳаракат бўлиши шарт.    

 

***

Шу ўринда яна бир воқеа эсимга тушиб кетди ва маълумотни қидириб топдим. Саҳифада бўш жой қолганлигидан фойдаланиб сизларга ҳам илиндим.

Футболда энг йирик ҳисоб қаерда қайд этилган, биласизми? Македонияда. 1979 йилда. Қўйи лигалардан бирида Велгошти қишлоғининг юқори ўринларга даъвогарлик қилиб турган “Илинден 1903” жамоаси ва Вапила қишлоғининг “Младость” жамоасини (бу жамоага лигани тарк этиш хавфида, аммо кўпроқ уларга пул керак) қабул қилади. Ўша учрашувда жамоа иложи борича йирикроқ ҳисобда ғалаба қозониши шарт эди. Чунки нариги қишлоқда “Градинар” (буларга умуман ҳеч нарсанинг кераги йўқ) жамоаси “Дебарца”ни (бу жамоа ҳам йирикроқ ғалаба қозониб, “Илинден 1903”ни ортда қолдириши шарт) қабул қилмоқда.   

Демак, сўнгги тур:

1. “Илинден 1903” – “Младость”

2. “Гранидар” – “Дебарца”

 

Дастлаб “Дебарца” вакиллари “Младость” билан алоқага чиқадилар ва ўйинни бузишни сўрайдилар. Яъни “Младость”нинг ўйинга чиқмаслиги, ҳакамни дўппослаши, хуллас ҳар қандай шунга ўхшаш ҳаракати ўйиннинг техник ҳисоб 3:0 ҳисобида якунланишини таъминлайди. Буёқда эса “Дебарца” истаганича рақибига гол уриб олаверади.

Йўқ. Ахир “Илинден”даям аҳмоқлар яшамайди-ку, тўғрими? Ахир сўнги тургача пешқадамлик қилиш уларгаям осон бўлмагандир. “Раз” улар ҳам “Млодость”нинг “машҳур” мураббийига “чиқишади”.

Чўнтагига битта янги машинанинг калити солиб қўйилгач, “Младость” мураббийи Ристевскининг ҳам кўнгли юмшайди. Шогирдларига вазият ўзгарганини, эндиги мақсад сал бошқача эканлигини ўзининг оташин нутқи билан тушунтира олади ва уларга мезбонлар нечта гол уришни исташса, ўшанча қўйиб беришни сўрайди! Айни шу паллада, худди шундай кўрсатмани, иккинчи пешқадамни (шу пешқадамлар ҳам жуда “қаллоб” экан-да, футбол ўйнаса ҳам бўлади-ку... Тўғри айтасиз, энди кеч) қабул қилаётган “Гранидар” футболчилари ҳам олаётган эдилар.  

У пайтда “сотка”лар йўқ, аммо ҳар икки қишлоққа қарши қишлоқдан “агентлар” ўз радиочалари билан ташриф буюришган. “Гранидар”даги ўйин 9:30 да бошланади, нариги тараф эса буни кечиктиради. Дастлаб ҳакамларга бошқа ҳужжатни бериб юборишади, кейин ҳақиқийсини “излайдилар”, хуллас, ўйин 22 дақиқа кеч бошланади. Биринчи таймдан сўнг, “Илинден” 11 та, “Дебарца” эса 14 та гол киритади. Албатта “агентлар” “Дебарца”ликларга нариги учрашув кечроқ бошланганини етказадилар, табиий-ки, “Дебарца” футболчилари вазиятни тенглаш ниятида 2-таймни 15 минутга кечиктирадилар. Қаёқда? Шунақаям содда бўладими? Қанақа пешқадам ўзи булар? Ахир уёқда “Илинден” бемалол, танаффусни 40 дақиқага чўзиб ўтирган бўлса.      
 2-тайм бошланади. “Илинден” ҳужумчилари тўпни марказдан дарвозага йўллашар, голдан сўнг яна ҳудди шундай ҳужум давом этарди. Айниқса “Младость” футболчилари катта жонбозлик кўрсатадилар. Жамоанинг икки ҳимоячиси ўз дарвозаси чизиғида туриб олади (рақиб офсайдда қолмаслиги учун), уларнинг яна бир вазифалари шунда иборат эдики, мабодо “Илинден” футболчиларининг зарбалари нотўғри кетиб қолса, тезроқ майдонга қайтариш керак эди. Агар зарба етарлича кучли чиқмаса, ҳимоячиларнинг ўзи тўпни дарвозага киритардилар. “Младость”нинг бошқа ўйинчилари майдон марказидан жой олишган, вақт оз, уларнинг вазифаси голдан сўнг тезроқ тўпни ўйинга киритиш, яъни рақиб ҳужумини кечиктирмаслик.

Шу пайт Крсте Николоски тўпни ўйинга киритаман деб қаттиқ тепворади ва кутилмаганда, тўп “Илинден 1903” дарвозасига бориб тушади. “Бомбардир”ни қаттиқ койиб ўтирмадилар (вақт йўқ эди), фақат “энди тўпга сен тегма” деб қўйишди холос. Э бу ўйин қизиқ бўлмаяпти, наригисига ўтамиз.

89-дақиқа. “Дебарца” 57:0 ҳисобида олдинда бормоқда. Шунда битта “агент” келиб, нариги ўйин ҳақида маълумот беради, виждонли ҳакам (ахир, олинган пулни оқлаш керак-ку) эса “аччиқ устида” ўйинга 20 дақиқа қўшиб юборади. 31 гол протоколга сўнгги дақиқа сифатида қайд этилади – 88 :0.

Аммо бу ҳам етарли бўлмади. “Илинден 1903” 134:1 ҳисобида ғалаба қозонади. “Илинден” – “Младость” ўйини протоколи “йўқолиб” қолган. Фақат таҳминан айтиш мумкин, Наум Шапкаровски (эслаб қолинг, бутун халқлар ва даврларинг энг буюк бомбардири) ўша учрашувда 58 та гол муаллифига айланади. Ўйиндан кейин у урган 18 голи ҳимоячиларга ҳисоблаб юборилганлигини арз қилади. Майли, бу “сутдек оқ” ўйинчига ишонайлик-да, 76 да деб қўя қолайлик. Иккинчи ҳужумчи (жамоа 2 ҳужумчи тактикасида ҳаракат қилган) Любе Црковски атиги 29 та гол муаллифига айланди (шунақаям вазиятларни кўкка совурадиган ўйинчи бўладими?!)
Ҳақиқат “қарор топиб”, ҳатто “Младость” ҳам ўз улушини олди. Яна бир аутсайдер, жамоанинг асосий рақиби “Рибар”нинг ҳам мағлубиятидан хабар топган “Младость”нинг лигада қолишиям аниқ  бўлди.

Қизиғи, ўша ўйинлардан сўнг на бирор тренер, на бирор ҳакам, на бир мухлис (дарвоқе, “Илинден 1903” майдонидаги ўйинга фақат ўша қишлоқ фуқароси эканлигини тасдиқловчи хужжати борларгагина чипта сотилган) ўйинлар ҳақида норозилик билдирмади. Аммо барибир, мамлакат футбол федерацияси бу ҳолатдан шубҳаланди (сезгирликни қаранг) ва тўрттала клуб, футболчи ва ҳакамлар бир йилга дисквалификация қилиндилар.  

Киритилган сана: 26.06.2014 16:53. Ўкилди: 9385 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

Билдирилган фикрлар:


INDZAGHI
Сана: 01.07.2014 00:43. INDZAGHIга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


SHEVAROONEY
Сана: 27.06.2014 02:04. SHEVAROONEYга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


GONSALEZ
Сана: 26.06.2014 21:47. GONSALEZга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


ASDFGHJK
Сана: 26.06.2014 21:32. ASDFGHJKга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


ASDFGHJK
Сана: 26.06.2014 21:31. ASDFGHJKга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


JONNYREAL
Сана: 26.06.2014 20:13. JONNYREALга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


SHAVKATFCB
Сана: 26.06.2014 20:04. SHAVKATFCBга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


KASPERSKIY
Сана: 26.06.2014 19:47. KASPERSKIYга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


FATHQUQON
Сана: 26.06.2014 19:09. FATHQUQONга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


BAUYRZHAN

Сана: 26.06.2014 17:56. BAUYRZHANга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


RAULBLANCOS
Сана: 26.06.2014 17:23. RAULBLANCOSга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР


Asosiy saxifa
© STADION.UZ
Guvohnoma №0917. Berilgan sanasi: 02.12.2013. Muassis: «OSIYO KABEL» MCHJ. Bosh muharrir: Bo‘ronov Olimxo‘ja Azimxo‘ja o‘g‘li. Tahririyat manzili: 100057, Toshkent shahri, Usta Shirin 125. E-mail: admin@stadion.uz
Barcha huquqlar himoyalangan. Sayt materiallaridan to‘liq yoki qisman foydalanilganda veb-sayt manzili ko‘rsatilishi shart.
Blogdagi materiallar uchun blog egasi, xabarlar ostidagi fikrlar uchun foydalanuvchining o‘zi javobgar.