Кириш Регистрация
26/09 16:00 Тамбов 0-2 Спартак
26/09 16:00 Энергетик-БГУ 1-1 Ислочь
26/09 16:00 Алавес 0-0 Хетафе
26/09 16:30 Брайтон 2-3 Ман. Юнайтед
26/09 18:00 Навбаҳор 0-0 Насаф T
26/09 18:00 АГМК 2-1 Қизилқум
26/09 18:00 Городея 1-1 Славия
26/09 18:00 Торино 2-4 Аталанта
26/09 18:30 Зенит 6-0 Уфа
26/09 18:40 Ал-Аҳли (СА) 1-1 Шабаб ал-Аҳли
26/09 19:00 Кристал Пэлас 1-2 Эвертон
26/09 19:00 Валенсия 1-1 Уэска
26/09 20:00 Торпедо-БелАЗ 0-1 Неман
26/09 21:00 Сампдория 2-3 Беневенто
26/09 21:00 Кальяри 0-2 Лацио
26/09 21:30 Вест Бромвич 3-3 Челси
26/09 21:30 Эльче 0-3 Реал Сосьедад
26/09 22:00 Сочи 1-1 Краснодар
26/09 22:00 БАТЭ 2-4 Динамо-Брест
26/09 22:45 Пахтакор 2-1 Истиқлол T
26/09 23:45 Интер 4-3 Фиорентина
26/09 23:59 Бетис 2-3 Реал Мадрид
27/09 00:00 Бёрнли 0-1 Саутгемптон
27/09 15:00 Осасуна 1-3 Леванте
27/09 15:30 Специя 1-4 Сассуоло
27/09 16:00 Қўқон-1912 2-1 Бунёдкор
27/09 16:00 Шеффилд Юнайтед 0-1 Лидс
27/09 16:00 Арсенал Тула 2-3 Ростов
27/09 17:00 Машъал 0-1 Сурхон
27/09 17:00 Белшина - Шахтёр-Солигорск
27/09 17:00 Эйбар 1-2 Атлетик Бильбао
27/09 18:00 Тоттенҳэм 1-1 Ньюкасл
27/09 18:00 Верона 1-0 Удинезе
27/09 18:30 Ахмат 2-0 Урал
27/09 18:40 Персеполис 1-0 Ас-Садд
27/09 19:00 Динамо Минск 1-0 Витебск
27/09 19:00 Атлетико 6-1 Гранада
27/09 20:30 Манчестер Сити 1-1 Лестер
27/09 21:00 ЦСКА 0-0 Локомотив
27/09 21:00 Ротор 0-0 Рубин
27/09 21:00 Рух 1-0 Слуцк
27/09 21:00 Наполи 1-0 Женоа
27/09 21:00 Кротоне 0-0 Милан
27/09 21:30 Вальядолид - Сельта
27/09 21:30 Кадис - Севилья
27/09 22:45 Ан-Наср (СА) - Ат-Таъвун
27/09 23:00 Вест Хэм - Вулверҳэмптон
27/09 23:45 Рома - Ювентус
27/09 23:59 Барселона - Вильярреал
28/09 18:00 Минск - Смолевичи
28/09 21:00 Химки - Динамо Москва
28/09 21:45 Фулҳэм - Астон Вилла
28/09 23:45 Болонья - Парма
29/09 00:00 Ливерпуль - Арсенал

Блог

Ҳасанали ота

Ўзингни англа

Мамат-ака ёки икки томчи ёш . (бадиҳа)

Баҳо:
+2; -0

Қишда сунъий майса билан қопланган майдонда футбол ўйнаш жоннинг роҳати бўлар экан. Атрофда увада пахтадай бўлиб эрий бошлаган қор у ер бу ерда тўдаланиб ётса-да, чим усти қуруқ экан. Қишнинг қисқа  куни ботмоқда, майдонда 14 ёшли ўспиринлар футбол ўйнамоқда. Терма ўйинчиларимиздан майдон ортгач, болалар учун бўшаган ушбу майдонда  машғулот охирлаб бормоқда эди. «Спартак» ўйингоҳи ўрнида метро бекати қурилгач, неча йиллар ўтиб, Тошкент тарихида энг биринчи бўлган машҳур физкультура ва спорт жамиятининг номи қайта тикланди. Чиғатойдаги футбол жамоасига бултур «Спартак» номи берилди. Мен кеча кечқурун шу ерда эдим. Мураббий билан танишиб олдим. Машғулотни кузата туриб, сезиб қолганим дилимни қувонтирар эди. Мураббий ўспирин болаларга замонавий ўйин услубини ўргатмоқда эди. Қисқа ва ўрта оширмалар билан майдон марказида ўйинни созлаб олишмоқда эди. Бунга эришиш қийин иш. Бу ёшдагилар тўпни эгаллаб олишдими, ҳужум тизимини созламай туриб, тасир-тусир олдинга югуришади. Ким қанотда, ким марказда ҳужум завқига ғарқ бўлишади. Тўпни марказда ушлаш учун ҳамма тўпсиз бетиним фойдали ҳаракат қилиши керак. Техника баланд бўлиши керак. Акси бўлса -ю, бу ёшдаги болалар яқин масофада футбол ўйнашса борми, ўйин ола-тасир тўполон бўлиб қолади. Мен эса гўдаклар ижросида тартибли футбол кўраётган эдим, тўполонни эмас. Айтмоқчиманки, бошқа муҳим нарсани назарга олишмапти. Бир муддат марказда бир-биринга яқин ва зич ўйнасанг, рақибни яқин масофага йиғиб оласан. Натижада рақибнинг жарима майдонида пайдо бўлган бўшлиқда тезкор ўткир ҳужум уюштиришинг учун шароит пайдо   бўлади .Бундан фойдалан.Улар эса қандай ўйнашяпти ?.. Голурар вазиятга чиқиб олгач,  ўткир ҳужум қилиш ўрнига секин ва майда оширмалар қилсак ҳужум майда гапга ўхшаб қолади- ку. Зарбдор вазиятга чиқдингми, ўткир ва тезкор ҳужум қилишинг шарт. Салом алик билан эгизак-ку. Майдон марказида олдинга силжимай, майда оширмалар билан ҳужумга салом берилса-ю, олдинги чизиқда пайдо бўлган бўшлиқда тезкор ҳужум қилинса, саломга алик олган бўламиз. Салом алик билан гўзал. Янги усулнинг ярмини ўзлаштириб, қолган ярмини чиқариб ташлашибди. Чала услуб чаламуллаликка олиб келади, ахир. Ундан кўра, бу болалар ўз ёшига, ўз табиатига яраша ўйнаса, маъқул бўлмасмиди? Шундай гаплар билан бесабрлик қилдим. Жараён давом этмоқда. Бердисини айтмагунча ҳукм чиқармайин. Балки, бир-икки ой тинимсиз меҳнат қилишса, услубнинг қолган ярмини ҳам кўрарман.

Машғулот сўнгида уюштирилган ушбу ўйинни кўра туриб, хаёлим ўз ҳаётимда бўлиб ўтган бир воқеага ўтиб кетди. Мен ўз ўрнимда, ўз ишимда, яъни журналистикада худди шундай хатога йўл қўйган эдим. Саломга алик олмаган эдим. Оллони этиб, бердисини ташлаб кетган эканман. Бу билан бир кимсанинг ҳаётига фожеа олиб киргандекман. Бир кимсанинг ижодига чек қўйгандекман. Тағин билмадим.

**********

Бу воқеа «Футбол плюс»нинг таҳриририятида ишлаб юрганимда содир бўлган эди. Баёнимдан аввал касбимга озгина  изоҳ бериб ўтай. Биласиз, хусусий футбол газеталарида ҳамма ўз мақолалари билан иштирок этиши мумкин. Уч-тўрт кишидан бўлак ҳамма четдан туриб саҳифаларда чиқиб туришади. Уларнинг ўз касби бор. Ўз тирикчилиги йўлида юришади. Қаламга ошнолик, бадиятга яқинлик ҳаммада бор дея олмайман-у, футболга меҳр-муҳаббат уларнинг  ҳаммасида бор. Бу хислат бизни бирлаштириб туради. Масалан, Қаҳрамон Аслановни ҳисобчи деб эшитганман. Зафар Қосимов мактабда физикадан дарс берармиш. Мухбирларнинг кўпчилигини талабалар ташкил этади. Хуллас, турли хил одамлар футбол атрофида бирлашган. Табиийки, футбол газеталарида асосий мавзу футбол бўлиб қолмоқда. Бошқа нарса эмас. Саҳифаларда адабиётчиликка, жим-жима сўзларга ўрин йўқ деб биламан. Масалан, Ҳасанали отанинг мақолаларини унчалик хуш кўрмайман. Тўғри, баъзи мақолалари «Қўзиқорин» каби яхши чиққан. Ҳаммаси эмас. Хуллас, мақсадга кўчсам. Бир куни электрон манзилимизга яхши мақола тушибди. Тезда босиб чиқардик. Водийдан, “Олтиариқ”дан бир деҳқон “Нефтчи” ҳақида алланима ёзиб юборган экан. Муаммоларни йўқ жойдан топиб, ечимини газетхонларга ҳавола қилибди. Таблонинг ҳам аҳволини ёзиб, бу камчиликнинг томиридаги муаммони ёритиб бергани эсимда. Хуллас, мақолани саҳифада мазза қилиб ўқиб чиқдигу, унутиб юбордик. Футбол шундай мавзуки, кейинги турда ўтган тур ўйинлари долзарблигини йўқотади. Олдинги мақолалар ҳам эсдан чиқади. Янги кунда янги ўйин дарди билан яшайверамиз. Мазкур мақола босилиб чиққач, бир ойдан зиёдроқ вақт ўтиб кетди.  Мен ўзимдан, газетамиздан мамнун бўлиб  юрдим-у ўтган кунлар, ўтган ишлар орқада қолиб унут бўлиб кетишди.          Кейинчалик бўлиб  ўтган бир воқеадан сўнг мен мақолани чиқара туриб, қандайдир  хатога йўл қўйганимни сезиб қолдим. Шунинг учун  матбуотда узр маъносида мақола ёзарман дедим- у, ёзмай чўзиб юрдим.. Бу орада “Футбол плюс” ёпилиб кетди.

Юқорида баён қилганим, Чиғатойдаги ўспиринларнинг машғулотини кузата туриб, ўйиндаги чалаликни кўриб қолиб ранжидим. «Аввал ўзингга боқ…» деган ҳикматнинг ўткир тиғи айбимни очиб, юзимни янчиб  юрагимга санчилгандай бўлди. Товонга кирган чақир тиканакдек вужудимга ботиб кетди бир нарса....

 Ғашлик.   Бедаво ғашлик..... 

                              ***************

Қандай жўн ҳаёт, турмуш енгил, эл қатори // Эл билан бирга юр. Манзил бўлмас хатоли // Ўз сўзинг, ўз йўлинг бўлса хайрли, ҳатто оқли // Тезда яшир, этма ошкор. Сўзинг – душманинг // Омма эмас, шоҳни эмас, Шахсни хушладинг // Эл ризосин малҳам билма. Чўғни ушладинг // Энди омма туфлаб ташлар, бўлсанг-да сал атоқли.

                                         ************

Сиз ўқиб чиққан ушбу етти мисра шеър қилган хатоимнинг сабабчиси бўлган эди. Ҳа-я, мен ҳалигача сизга мақола муаллифининг исми-шарифини айтмабман. Эшбўтаев Эшмуҳаммад эдилар. 1979 йили ҳалок бўлган “Пахтакор”даги энг ёш ҳужумчининг фамилиядоши эдилар. Яқинлари Мамат ака, дўстлари Эшмат деб чақиришар эди. Биласиз, ишқибозларга маҳалла-кўй “ашаддий” ёки “футбол жинниси” деган баҳони бериб, уларни бошқалардан ажратиб қўйишади. Шунинг учун, аксарият муаллифлар саҳифаларда тахаллус билан чиқишмоқда. Мақолани Муҳаммад Сўғдий деган ном билан босиб чиқарган эдик.

Баёнимга қайтсам. Шундай қилиб, бирор ойдан сўнг Мамат- ака таҳририятга кириб келди. Салом аликдан сўнг, мендан жуда қаттиқ  ранжиганини билдирди. Мен ўзимни оқлагандай бўлдим. Хусусий матбуот қандай оғир аҳволда ишлаётганидан шикоятланиб, аллақандай дахли бўлмаган гапларни айтиб ҳимояланибман. Гапларимни охиригача тингламай туриб, “Шеър билан мақола бир бутун нарса эди, бир-бирисиз яшамас эди. Бир бутуннинг икки бўлаги. Нега шеърни босиб чиқармадингиз? Бу шеърсиз мақола муаллифи ақл ўргатувчи “донишмандга” айланиб қолибди-ку”-, дея бўғила бошладилар. Ўша пайтда айтган талай эътирозларини тингламадим ҳам. Бу киши эҳтиросга тўла сўзларни бежилов ҳаяжон билан устимга сочар эди гўё. “Менинг вақтим йўқ, кетишим керак”,- деб қолдим. Ҳақиқатдан ҳам Жаъфар Ирисметов билан интервью тайинланган эди. Биз хайрлашдик.  Бўйдор, оғир гавдали Мамат ака хонамиздан чиқиб кетди,қадам товуши ўчди. Лекин мунозара товушлари анча маҳал қулоғимдан кетмади. Тағин бир муддат қирқбешларга кирган бу  киши эҳтирос билан бир нима деб, бир нималарни исботлаётгандек бўлди. Кичик хонамизни тўлдириб тургандек бўлди. Ёлғиз қолиб,бўм- бўш ҳонамизда ҳовуримни босиб олдим. Тўсатдан бир муҳим нарса эсимга тушиб қолди. Мамат-ака орқасидан югурдим. Гап бундай. Бизга ёзган ҳар бир одамга ҳақ тўлар эдик. Берарим 20 минг сўмни гонарар дейиш қийин. Лекин бир нимага яратса бўлади-ку. Келишини билиб тайёрлаб қўйган эдим.. Ортидан югуриб қолдим. Ўшанда мен ўзимни  ҳақ деб билар эдим. Шеър-пер бўлса, “Интер футбол”га ўхшаб мухлислардан келган хатлар қаторига қўйиб бир бет ажратиб, эълон қилиб турамиз. Футбол газетасида шеърхонлик қилиб бўлмайди-ку. Махмуд Асрорнинг шеърлари “Чемпион”да босилиб турибди. Лекин у халқ таниган катта шоир бўлса. Мамат ака ким, бир ишқибоз, тракторист ҳалос. Кейин Маҳмуд Асрор ҳечам мақолага шеър қўшмайди. Яна айтсам, унинг шеърлари фақат футбол ҳақида бўлар эди.К. Х. Д. Р. ҳақида ёзган шеъри менга жуда ёқди. “Чемпион”да босилиб чиққан эди. Шундай фикрларим туфайли ўзимни ноҳақ санамаганман. Ўшанда мен қанақасига ноҳақ бўламан дегандим. Газетхонлар нимага қизиқишини мен яхши биламан. Футболдан уларни чалғитиб бўлмайди деган фикрим тўғри эди.

Шундай қилиб бировнинг ҳақи менда қолиб кетмасин дея, Навоий кўчасига югуриб чиқсам,Маматака Панарама ёнига етиб қолибди. Ортидан югурдим. Етиб олганимдан сўнг, нафасимни ростлаб, бақирмасдан секингина Мамат- ака деб чақирдим.

*******************

Эркак кишининг йиғлаганини кам кўрамиз. Тўғри, қартайиб қолган кишининг кўз ёшлари тез тез кўриниб қолади. Лекин қирчиллама эркакнинг кўз-ёшини кўрганмисиз? Маматака орқага ўгирилиб менга қараганида кўзлари жиққа ёш экан. Бу аҳволни кўриб ҳанг- манг бўб қолдим. Дона-дона қилиб,бу инсон - “қалбимга ифлос ковушингизни артиб ташладингиз”- деди. Салмоқдор айтилган сўзларни эшитдим-у, нима учун Мамат ака ортидан югуриб келганимни унутиб юбордим. Айтилган аламли сўзлар эмас ёшга тўлиб кетган кўзлар ичимни қўпориб юборди. Унинг кўз соққалари катта-катта эди. Сизга тик қараганида ҳар бир кўзнинг устки қовоқлари икки чизиқ тортиб таҳланар эди. Қорачиғи қўнғир ранг эди. Менга қараб турган мана шу кўзлар ёшга тўлиб,қорачиғи йилтиллаб ҳар бири ичидан бир томчи қайноқ ёш сизиб чиққан эди. Йиғлаётган кўзлар алам билан эмас, ўқрайиб эмас, қандайдир мунгга тўлиб, шавқат тилаб,менга илтижоли қараб туришар эди. Қақшаган сўзларни айтган лаблари эса нафрат билан қисилиб жипслашган эдилар. Ўша жойда тик турганимча, йигирма минг сўмни қисмлаб ушлаганимча йўлакда қолиб қетдим.Одамлар ҳосил қилган оқим ўртасида қотиб қолган тўнкадекман. Баҳайбат инсоннинг қораси Навоий ҳайкалига етиб олгач, кўздан йўқолди. Метро бекатига бурилиб кетди. Чўлда ёлғиз қолган одам қалбига сокин табиат вобаста бўлади. Пойтахтнинг шовқин кўчалари-чи? Бундай гавжум Тошкент кўчаларида, ичи тош усти асфальт кўчаларида Мамат-акага ҳеч ким эътибор бермасди, омма ҳеч кимни назарга илмасди.Омма одамни одам деб билмасди.Бунда ҳамма - йўловчи.  Мамат ака менга терс бурилиб кетганида қалби ёлғиз қолиб, кўз ёшлари тўхташ билмай сел бўлиб оққандир. Бўлган воқеадан ларзага келдим. 

Ўзимни оқлашниям, айблашниям билмай юрдим.Кунларимдан таскин қидирдим. Кўнглимдан ҳотиржамлик.Лекин тополмасдим.

*************

Сўнгра кундалик ташвишларим сувига шўнғиб кетдим. Ирисметов билан учрашиб, дурустгина интервью олиб келдим. Бир неча ҳафта кунлари иш билан оқиб кетишди. Мен муаллиф ҳуқуқини бехосдан туртиб юборганимдан эмас, бу билан кимсани ҳафа қилиб қўйганимдан эмас, буни ўшанда тушуниб етмаган эдим, балки бировнинг ҳақи менда қолиб кетганидан  ўзимни айбдор санаб юрдим. 

Ёлғиз қолганимда ўша воқеа эсимга тушиб қолар эди. “Ҳар кимнинг кўз ёшини артсам, ишни ким қилади? Ўрнимга кимдир ишлаб кўрсин” деб турли бўлмағур гаплар билан ўзимни оқлаб, ичимдан бир нимани ҳайдамоқчи бўламан-у, ўша бир нима аслида нима эканлигини билмай юраман. Бу виждонми ё ўкинч ё ўтинчми,  менга қоронғу эди. Кўнглимни тўқ қилайин деб ишга шўнғиб кетар эдим. Барибир Мамат аканинг охирги сўзлари, ўзлари, жиққа ёшга тўла кўзлари хотирамдан кетмас эди. Ҳамма қатори мен ҳам ўз ҳаётимда ўз мафкурамга таяниб яшар эдим. Ўзим учун ўз мафкурам дуруст эди. Ўша воқеадан кейин мафкурам пойдевори дарс кетгандек бўлди. Ўшанда мақола мағзини данагига қўшиб  юлиб ташлаганимни тушунмас эдим, тан олмас эдим. Қаердадир хато қилганимни ҳис қилар эдим холос. Бир куни Фарғонага йўлим тушганида Олтиариққа кириб Маматаканинг ҳаққини бериб қўяман деб кўнглимга тугиб қўйдим. Баъзи-баъзида мониторда ўша шеърни эринибгина қидирар эдим-у, топа олмас эдим. Яна бир бор ўқиб чиқиш илинжида юрдим. Ахир ўша етти мисра шеър ҳаммасига сабабчи бўлган эди. Наҳотки етти мисра шеърни деб инсон шунчалик изтироб чекса деб хайрон қолар   эдим. Шеър сўзлари Мамат ака учун шунчалар муҳим бўлмаса деб ҳам ажабланиб, ҳам азобланиб юрар эдим. 

Тағин бир ойдан зиёдроқ вақт ўтиб кетди. Тожикистон билан бўлган ўйиндан сўнг Азамат чиройли репортаж олиб келди. Сиз дарров Гейнрихнинг боши билан урган учинчи голини эслагандирсиз. Олиб келган флешкасини процессорга туширсам, Мамат аканинг мақоласи билан шеъри чиқиб турса бўладими...... 

 

Эй Оллоҳ! Ўзингга шукур. Ўзинг буюксан. Ўзинг меҳрибон. Яратган эгам бу тасодиф билан менга бир нимани ишора қилгандек бўлдими? Тасодиф дедимми? Тасодифан ҳеч нарса бўлмайди. Ҳамма нарса УНИНГ измида.

******

Мен мактабда ўқитилган шоирлардан бошқа ҳеч бир шоирниям, унинг ижодиниям танимас эдим. Таниганларимни ҳам қизиқмасдан ўқир эдим. Шеър деганни унчалик яхши кўрмас эдим. Энди Шеър ўқий бошладим. Шеър ўқишни ўргатадиган устоз қидирдим. Менга Иброҳим Ҳаққул ёки Қозоқбой Йўлдошевни тавсия этишди. Халқ танимаган, омма оғзига тушмаган шоирни мен илгари тан олмай юрардим. Машҳурларни ҳам ўқишга ҳафсала қилмас эдим. Ҳаваскор шоирларга йўл бўлсин. Бир нима ёзиб, уни шеър деб, ўртага чиқиб ҳаммани ўз оғзига қаратиб юргувчилар энсамни қотиришади. Кўнглимда бир ёр, қўйнимда бир ёр деб ёзилган шеърлар ғашимга тегар эди. Қўлтиғингда ҳам борми, дегим келарди. Юзта шеърдан Қаҳрамон Аслановнинг футболбоб,ҳаммабоб битта мақоласини устун қўяр эдим. Шу сабабли шеър ҳақида ўз фикримга қандай қилиб таянаман?. Шунинг учун билимдон одамнинг фикрини билмоқчи бўлдим. 

Қозоқбой Йўлдошевни излаб миллий университетга бордим. Етти мисра шеър ҳақида унинг фикрини сўрадим. Жуда кўп одам ўз фикри билан яшамайди. Умуман фикрламайди ҳам. Кимнингдир фикрига суянади. Масалан бирор одам футбол ҳақида янги фикр билдирса-ю, уни бирор бир обрўли инсон қўлласа борми, ҳамма журналистлар уни такрорлаб кетишади. “Позицион ҳужум” деган иборани кимдир биринчи бўлиб айтган. Ҳозир ҳамма айтаяпти. Кўпчилик оқ деса, бизга ўша нарса оқ бўлиб кўринади. Қора деса – қора. Доим эл ортидан эргашамиз. Мен ҳам ўз ўрнимда Қозоқбой Йўлдошев фикрига таянмоқчи бўлдим. У киши шеърни таҳлил қилиб берди. 

“ Умуман услуб янги, мазмунга мос. Рубоий деб бўлмайди. Лекин унинг услубига яқин. Шаклан яқин. Фикри, Сўзи ўзгача, ўзига мос. Яъни шеър ғоясига мос.” –дея ҳар бир мисрани тушунтириб берди. Шахснинг қалбини қўлимда ушлабман. Чўғни ушлаганимни билмабман. Сизга илғаганимни тушунтириб берай. Эшитинг. Мамат- ака мақоласида  алоҳида, ҳаммадан фарқли фикрлашини ошкор қилибди. Ҳамманинг овози қўшилиб омма, оқим ҳосил қилиб турган бир пайтда, “Нефтчи” мураббийини ҳамма мухлислар бир овоздан ҳар бир ўйин олдидан беш дақиқа бақириб олқишлаши оммавий, одатий бўлиб қолган бир пайтда у киши шахсий фикрини, шахсий муносабатини очиқ-ойдин ёза олибди-я. Мамат ака мазкур мақоласида ўз фикрларини ўзгача услубда ёзиб юборган экан.“Шеър шакли шеър мағзига мувофиқ ажабтовур алоҳида, ўзгача ёзилган. Мақоланинг ўткир танқид, чуқур таҳлилга тўла оқ-қора сатрларини шеърдаги поэтик сўзларнинг рангин нури ёритиб турибти-я.”-деган гаплари қулоғимда қолди .Мен эса...  

Мамат ака шеър сўнгида ўз қисматини олдиндан кўра билган экан. Шеъриятга туфлаганлардан бири мен эканман. Қозоқбой- аканинг гаплари эсимда қолди:” Шоир буюк ёки тубан, катта ё кичик бўлмайди. Шоир ҳақиқий ёки сохта бўлади. Шеъриятсиз ҳаёт оқ-қора тасвирга ўхшайди. Гўдакка яхши шеър ёдлатинг-а, қандай завқланиб қувонишини кўрасиз. Мамат акангиз ҳақиқий шоир.”

 

Қандай жўн ҳаёт,манзил енгил эл қатори. 

Юрт билан бирга юр.Манзил бўлмас ҳатоли.

Ўз сўзинг ,ўз йўлинг бўлса ҳайрли,ҳатто оқли 

Тезда яшир,этма ошкор.Сўзинг  душманинг.

 

Омма эмас,шоҳни эмас Шаҳсни ҳушладинг. 

Эл ризосин малҳам билма.Чўғни ушладинг.

 

Энди омма туфлаб ташлар,бўлсангда сал атоқли.

Ушбу суҳбатдан сўнг мақолани шеър билан бирга такроран босиб чиқарсакмикан деб юрдим.Йўқ,бемаъни нарса бўлади,кўнглини кўтариб хат ёзайинми? Йўқ,аввало,Олтиариққа бориб,юзма-юз,дилдан суҳбатлашиб,газетамиз истиқболи ҳақида маслаҳатлашиб келаман. Шеър тақдирини биргаликда тўғрилаймиз-,деб турли тадбирларни санаб чиқдим.Биронтаси ўзимга ёқмади.

 Футбол талантлари бутун ўлкамизга сочилиб ётгани каби Шеър ижодкорлари ҳам ҳар ерда сочилиб ётибди экан. Кимдир бизга уларни халқ ичидан топиб келиб унга ишлов бериб, ярқиратиб кўрсатса, талантни тан оламиз, йўқса, улар тупроқда қолиб кетишади. Аҳмад Убайдуллаев Кенжа Тўраевни Чироқчининг Қўшали қишлоғидан топиб келган экан. Ҳозир Абрамов унга ишлов беряпти. Заргарнинг кўллари дард кўрмасин. Мен эса Шоирни,Шеърни менсимай қўйдим.  Тупроқда кўрдим. Ундан ҳам пастроқда кўрдим. Шеърни эмас Мамат ака қалбини қайчилаб ташлаган эдим. Нима хаққим бор эди?

 

Чиғатойнинг яшил майдонида бир бутун нарсани, Гвардиола услубини кемтик ҳолда кузатдим-у, ўзимга боқдим. Ич этимни едим. Мамат ака билан бўлган воқеа эсимга тушиб кетди. Мен Олтиариқлик Рассом чизган бир кишининг тасвирини газетамизда босиб чиқаришдан олдин икки кўзини ўйиб олган эканман.

***************

Мана,кўряпсизми,мен айбимни олдингизда дастурхон қиляпман.Нима учун?Билмадим. Айбимни очдим. Хасратимни тўкиб сочдим. Барибир енгил тортмадим. Ичим тўла ғашлик. Бедаво ғашлик......

Жаббор  ЎЗИ,бандаси эмас.Билгувчи, аълам ЎЗИ,бандаси эмас. Кичкина амалдор ҳолимга ўзимни Билгувчи санаб бир кимсага Жабр етказибман. Чиғатой мени ўз ўрнимга қўйиб қўйди.

Сиз бундай хатога йўл қўйманг,азизларим.

Ёзганларимни ўқиб чиқдим-у, футбол ҳақида ўйланиб қолдим .Жозибадор, кўримли футбўлга ҳаммамиз маҳлиёмиз.Ҳисобдан қайғурамизми ё қувонамизми,бундан қатъий назар,ҳаммамиз футболдан баҳра оламиз,ундан таскин топамиз.Ибрат оламиз. Чунки бу ўйин ҳалос.Ўйин.Руҳимиздаги енгиллик шундан.Эртага Чиғатойга, албатта бораман.Ўспиринларнинг машғулотини томоша қиламан. Яна Азизнинг “Чика,тўпни кутма,ўйин саники,ўзинга ишониб ўйна!”,деб бақиришларини эшитаман.Яна асрдан шомгача яшил майдонда Азизнинг  буйруқлари ҳамма ёқни босиб ,ҳавога сингиб, кўчада ҳам эшитилиб туради, майдонда янграб туради.

 “Иба, олдинга югур, тўп сани қувиб етади.Жўка,зич ўйна,қарши ол.Дима,ўзингни бос,ҳовлиқма.Диёр,Искан.......

 

     Тошкент.   20012йил  28.  02.                                           

 Аҳад  Юсуф

 

 /P.S. Мамат аканинг электрон манзили менда бор бўлса-да, ҳозиргача у кишига хат ёзмадим. Нима дейман? Кўнглини ҳушлаб кечирим сўрайманми? У киши ҳар қандай кўнгил ҳушлаш, кўнгил овлашдан юқори. Олдига ҳам бормадим .Юзим бетламади. Бир фарғоналик муҳбир аниқлик киритди. Мақола чиқиши билан водий газеталари Мамат акани раддия билан кўмиб ташлашибди. Хатто “Чемпион”да кимдир ўша кезлари мураббийни Фергюссонга қиёслаб, мақтаб мақола чиқарган эмиш. Ўқимай қолибман. Ҳаммаси тўғри. Сўз эркинлиги бу. Ҳуррият нафаси. Янги кун нафаси.

Ҳуник ҳабарни ҳам эшитдим:    “Нефтчи” фанатлари Мамат ака уйининг дераза шишаларини битта қўймай синдириб ташлашган эмиш. Бу нимаси? Буниси ортиқча. Бу бизни тўппа-тўғри оломон фожеасига элтиши мумкин. Шеър Сўзлари бундай ҳунук воқеани башорат қилишган экан. Шеърни, агар ўз вақтида босиб чиқарганимда дераза ойналари омон қолар эдими, дейман.Оламон сафидаги ишқибоз ўзини,аввало,Инсон санармиди,дейман.Қайдам. 

Киритилган сана: 02.03.2012 19:51. Ўкилди: 7448 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

Билдирилган фикрлар:


SHAHRIXON
Сана: 20.03.2012 16:20. SHAHRIXONга ёзиш
+0; -0
Аҳад Юсуф

Ушбу фикрга жавобан


MEDIK
Сана: 04.03.2012 12:48. MEDIKга ёзиш
+0; -0
Яхши макола.Лекин, муаллиф ким узи, тушунмадим.Хасанали ота блоги,макола охирида Ахмад Юсуф езилган.Илтимос,аниклик киритворинглар.

Ушбу фикрга жавобан


YAHYOHON
Сана: 03.03.2012 20:30. YAHYOHONга ёзиш
+0; -0
ATSTEYKA | 03.03.2012 17:12
0
Мамат акани Саркисян ва Нефтчи хакидаги маколасиниям ёзинг. Биз хам укиб курайликчи.
_________

албатта шеъри билан

Ушбу фикрга жавобан


ATSTEYKA
Сана: 03.03.2012 17:12. ATSTEYKAга ёзиш
+0; -0
Мамат акани Саркисян ва Нефтчи хакидаги маколасиниям ёзинг. Биз хам укиб курайликчи.

Ушбу фикрга жавобан


YAHYOHON
Сана: 03.03.2012 00:32. YAHYOHONга ёзиш
+0; -0
Мен Абрамовнинг МТЖйимизга янги келган даври эсимга тушди,

хавотир олманглар хаммаси яхши булади деса, биз эшитмадик, аникроги хохламасдик, чунки бундан кура муйлови хакидаги латифаси кизикрок эди,
Худога шукр Абрамов синиб колмади, иродаси бакувват экан.


Катар билан уйинда Абрамов Бизга бердисини айтган эди))


макола зур, мазза килиб укидим, рахмат.

Ушбу фикрга жавобан


SKYWORTH
Сана: 02.03.2012 23:23. SKYWORTHга ёзиш
+0; -0
кизик???

Ушбу фикрга жавобан


NAMANGAN
Сана: 02.03.2012 21:48. NAMANGANга ёзиш
+0; -0
Katta rahmat maqola uchun. Juda ham tasirlandim. Qandaydur odamni olislarga olib ketadi, maqoladagi eng tasirli joyi "Дона-дона қилиб,бу инсон - “қалбимга ифлос ковушингизни артиб ташладингиз”- деди. Салмоқдор айтилган сўзларни эшитдим-у, нима учун Мамат ака ортидан югуриб келганимни унутиб юбордим. "
Muallifni holatini tassavur qilish qiyin, juda ham qiyin...

Ушбу фикрга жавобан

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.