Кириш Регистрация
21/12 00:45 Верона 0-1 Милан
21/12 01:00 Жирона 3-0 Вальядолид
21/12 17:30 Астон Вилла 2-1 Манчестер Сити
21/12 18:00 Хетафе 0-1 Мальорка
21/12 19:00 Торино 0-2 Болонья
21/12 20:00 Брентфорд 0-2 Ноттингем Форест
21/12 20:00 Ипсвич 0-4 Ньюкасл
21/12 20:00 Вест Хэм 1-1 Брайтон
21/12 20:15 Сельта 2-0 Реал Сосьедад
21/12 22:00 Женоа - Наполи
21/12 22:30 Кристал Пэлас - Арсенал
21/12 22:30 Осасуна - Атлетик Бильбао
22/12 00:45 Лечче - Лацио
22/12 01:00 Барселона - Атлетико
22/12 16:30 Рома - Парма
22/12 18:00 Валенсия - Алавес
22/12 19:00 Фулхэм - Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер - Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед - Борнмут
22/12 19:00 Эвертон - Челси
22/12 19:00 Венеция - Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид - Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм - Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта - Эмполи
22/12 22:30 Леганес - Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас - Эспаньол

Блог

Ҳасанали ота

Ўзингни англа

Мен ҳам бир оз Бабаян эканман

Баҳо:
+0; -0

Матбуот анжуманидан уйга қайтаётиб Хайрулла менга “Сиз ҳам юмшоқ гапирдингиз. Уни қаттиқ саволларга кўмиб ташлайсизлар деб ўйлаган эдим”, — деди. Хайрулланинг энг қаттиқ гапи шундай эди. У табиатан ҳалим одам. “Шиддатли, важоҳатли, ҳамжиҳат ўйин кўрсатдингиз деб, Бабаянга пахта қўйдингиз. Сиздан кутмагандим”, деган маънода айтди бу гапларни. Гапининг мазмун-маъносини ўзим тушуниб олишим керак бўлади ҳар гал. Ҳамманинг ўйиндан ҳафсаласи пир бўлган эди. Менинг қаттиқ гапларим ҳеч кимга оғир ботмаслигидан ҳамма саволимдан норозилик аломатини кутган экан.

МАҒЛУБИЯТНИНГ ҲИКМАТИ, ҒАЛАБАНИНГ РОҲАТИ
Мен ўйинни кўриб, Бабаяндан жуда хафа бўлган эдим. Стадионнинг шифтига бош тегар-тегмас қисмида жойлашган журналистлар қаторидан юриб чиқиб, одамлар ичида туртиниб-суртиниб дюраль зиналарни санаб ерга тушгунимча бош мураббийга, бош сабабчига берар саволларимни ўйлар эдим. Санжар Ризаев Дмитрий Поповдан сўнг савол навбатини менга берди. Савол беришдан аввал ҳар гал мени ҳаяжон босади. Бутун Ўзбекистон шу ўйинга кўзини тиккан эди. Элимизнинг барча ишқибозлари номидан, бутун юрт олдида сўз олиб, юрак ютиб савол беради-да ҳар бир журналист. Саҳнага биринчи бор чиққан актёр ёки майдонга биринчи бор тушган ёш футболчи сингари вужудимни ҳаяжон босади. Ҳаяжонни енгиш услубидан фойдаланиб гапни четдан, муҳум бўлмаган сўзлардан бошладим. Кейин...

Бир нечта саволни сўзма-сўз ўйлаб қўйган эдим. “Амал-тақал қилиб гол уриб олдик ва ютдик. Филлипин ё Ливан келганида ҳам шундай бўлган эди. Ўйин қовушмаган эди. Ливанга қарши кечган ўйинда биронта арзигулик голвар вазият ярата олмай Гейнрихнинг жаримадан урган ягона голи эвазига ютган эдик. Бугунги бетайин ўйинда ҳам худди шундай ҳисоб билан ютдик. Бугун рақибнинг кам сонли, лекин ўткир ҳужумларидан бири амалга ошиб ютқазиб қўйишимиз ҳам мумкин эди. Бугун ҳам ютдик ва ғалабадан қувониб юрибмиз, 3 очкодан хурсанд бўлиб ўтирибмиз. Ғалаба руҳлантириш билан бирга юпатиб ҳам қўяди. Мағлубият камчиликларни ошкор қилади. Ғалаба қувончи уларни яширади. Барча ишқибозларнинг, ўйинчиларнинг қувонч товушлари хато ва камчиликлар келтирган аламзадалик ноласини ҳам, ўйиндан норози “футбол билимдонларининг” сўкинишларини ҳам кўмиб ташлади. Юрт қувончига Сиз ҳам қўшилиб қувониб юрибсизми? Ғалаба туфайли Сизга ҳам бугунги ўйиндаги камчиликлар кўринмаяптими? Чизиқлардаги ноқисликларни, ўйиндаги камчиликларни, бош мураббий хатоларини кўрмаяпсизми? Шунинг учун Филиппинга қарши ўйинимиздан кейин жамоавий ўйинда ҳеч қандай янгиликни, ўсишни амалга оширмадингизми? Наҳотки, хатоларимизни бартараф қилиш учун аянчли мағлубиятга учрашимиз шарт бўлса? Шунда ҳам камчиликларимизни тан олмаймизми?

НЕГА, НИМА УЧУН, НИМА ДЕЙСИЗ...
Лобанов янги ҳужум бошлаб беришни эплолмаслиги билан ишингиз йўқми? Тўпни назорат қилишдан, “перепасовка”дан қочиб марказда горизонтал оширмалар қилмаймиз деб, биз фақат ҳужумкор ўйин қиламиз деб, ўз фикрингиздан қайтмайсизми? Тўпни назорат қилмай туриб ҳужум бошлаб бўлмаслигини ҳалиям тан олмайсизми? Кечаги ўйинда ҳимоядан ҳужумга ўтиш пайтида майдон назоратини йўқотиб тўпни олдириб қўя берганимизни ҳамма кўргану, Сиз кўрмадингизми? Биздан бошқа барча рақибларимиз Сурия термасини бемалол катта ҳисобда ютиб кета олишади. Шу даражада биз билан Сурия термасининг ўйин савиясида катта фарқ бўлса-ю, биз билан Сурия араблари теппа-тенг ўйнаганига нима дейсиз? Нега йигитларимизнинг баланд савиясига муносиб ўйин ярата олмадик?

Услубингиз бўйича ўйнаб, тўпни қанотларга тезланишга ошириб, у ёқларда Сардор ё Элдор қанотлардан ёриб ўтиб, кейин марказга Сергеевга қарата тўпни ҳаволатиб узатиб гол урмоқчи бўламиз. Бу бир типдаги ҳужум эмасми? Бўлиб ўтган бундай сифатсиз ўйинга Сизнинг хатоларигиз эмас, балки Рашидовнинг 2 ой дам олгани, Аҳмедовнинг кичик жароҳати сабаб бўлдими? Сабабчи Сизнинг “установка”нгиз эмасмиди? У хато эмасмиди? Мабодо, бу усулда ўйнаб гол урмоқчи бўлсак, рақиб томонда катта бўш масофа бўлиши шарт эмасми? Бунинг учун рақиб билан ўз майдонимизда тўпни назорат қилиб, Сиз ёмон кўрган ўша “перепасовка”ларни амалга ошириб, рақибнинг кўпроқ ўйинчиларини марказга тортишимиз керак эмасмиди? Бунинг учун тўпни назорат қилишда камида 5та ўйинчи актив ҳолатда ҳаракат қилиши, доим ўрнини ўзгартириб туриши зарур эмасмиди? Кечаги ўйинда ҳар бир вазиятда 2 ё 3та ўйинчи актив холатда бўлиб, қолганлари пассив холатда бўлмадими? Сергеев тўпсиз жуда ёмон ўйнашини биламиз. Нима учун? Чунки у тезкор фикрлай олмайди, бунга эҳтиёж сезмайди. Чунки, Истанбулдаги U20 ЖЧдан бери бир хил функционал вазифани бажариб келмоқда. Кечаги ўйинда 39-дақиқага келиб биринчи марта рақиб ўйинчиси билан яккама-якка курашганига нима дейсиз? Фақат олдинда оширмани кутиб юрди. Иккинчи бўлимда чап қанотда ҳам ўйин кўрсата олмади. Нима учунлигини биласизми? Мен биламан. У майдонда ўзини бек, ўзини хон, ёки бошқачароқ айтсам, ўзини Бабаян эркатойи деб санар экан, таркибда рақобатчиси бўлмас экан, унинг ўйинида ўсиш ё ўзгариш бўлмайди.

Тўхтахўжаев Денисову Ҳошимовларга нисбатан вазиятни яхшироқ ўқий олгани билан барча бошлаган ҳужумлари бефойда кетди. Тўпни олдириб қўя берди. Сабабини биласизми? Ён чизиқ чегарасида ўйновчи жуда тезкор бўлиши керак. Ислом тезкор эмас. Нега уни қанотга қўйдингиз? Одил Аҳмедов ҳужум ортида эмас, ҳимоя олдида, ҳужум бошида, Ҳайдаров ёнида ўйнадими? Олдинроқда Жепаров ўйнадими? Одил бирон бир вазиятни ярата олмади. Ҳужум ривожини бузиб турди. Бунга ҳам кичик жароҳати сабаб бўлдими? Оширма узатишда доим ярим сонияга кечика берди. Ҳужум бошланишида ўзини таклиф қилмади. Ўйин сайин унинг майдондаги ҳаракатлари мазмунсизроқ бўлиб бормоқда. Майда жароҳат сабабми бунгаям ёки бош мураббийнинг авторитет олдига талаб қўёлмаслигими? Ёки бош мураббийнинг ўйин ташкил қилишдаги ожизлигими?

ИККИНЧИ ШАХС
Шунга ўхшаш берар саволларим кўп эди. Биттагина савол беришга рухсат этилади. Шунча саволни, шунча гапларимни айтолмайман. Унда нима десам экан? Ғуж-ғуж одамлар ичида юриб пастга тушар эканман, бундай фикрларим хаёлимдан ўтар эди. Демак, бошқа саволни беришим керак экан. Самвел оға, Сиз Ўзбек футболида моҳир ташкилотчи сифатида элга танилгансиз, деб унинг қобилиятини эътироф этайми?  Кейин “Пахтакор”да эришган юқори натижаларингиз бунга далил бўб турибди. Бунга қандай қилиб эришдингиз. Энг аввало, кадрларни жой-жойига қўйиб, уларга ижодий муҳит яратиб, ҳар бир ходимнинг яхши томонларини очиб эришдингиз”, десам яхши бўлади. Кейин давом этиб “Шундай экан, моҳир ташкилотчи Бабаянга саволим бор. Ташкилотчининг фикрича термамизнинг бош мураббийи ўз жойида эмасмикан? У термага директорлик қилиб, унинг юраги бўла олади. Бош мураббий бўла олмаётибди. Нима деб ўйлайсиз?”, десаммикан. Йўқ. Бу саволни бериб бўлмайди. Бабаяннинг мувозанати бузилиши мумкин. Бу саволни ТЖМ раҳбари Асқар Толибжоновга бериш керак. У эса, термамиз тақдирини яратишда ҳеч ким эмас. Оқим устига чиқиб қолган бир ҳасдек гап. Демак, бу саволни ўзбек футболидаги иккинчи шахсга бериш керак. У ким экан? Бундай одам борми?

Бабаяннинг ўрнига Ўзбекистонда ким бор? Ҳеч ким. Унинг даражасидаги тағин бешта шундай мураббий топилиши мумкин. Ундан аълоси Ўзбекистонда йўқ. Нима қилиш керак? Нима учун футболимиз раҳбарияти бу хавотирли ҳолатга хотиржам қараб турибди? Мундиалга чиқа олмаслигимизга бепарво бўляпти? Айбдор доим топилади. Шундайми? У доим бечора бош мураббий бўлади. Кечаги ўйиндан кейин оғзига кучи етмас футбол ишқибозлари Бабаянни сўка бошлагандур. Раҳбарият доим четда қолади. Улар омма олдида савол-жавобга тортилмайди. Бирин- кетин бош мураббий бўшатилади. Раҳбарият ўша-ўша четда туриб ё қарсак чалади, ё дашном беради. Чартер рейсларга ўтказиб, меҳмонхоналар ташкил қилиб, Доҳадаги Ал-Халифа майдонига футболчиларимизни ташлаб келадилар. Ўзинг учун ўл етим. Ҳамма шароитларни яратиб бердик деб керилишади. Ўйинга бегона одамдай майдондаги асл, ҳал қилувчи муаммолар билан уларнинг иши йўқ. Футболчиларимиз Бабаян қўл остида ўйнаб, ё эл бошига тушган бугунги мотамсаро кунларда Қатар термасини ютиб келиб бизга юпанчиқ бўлишади, ё мағлуб бўлиб қайғуга қайғу қўшишади.

ФУТБОЛШУНОСЛИК
Бугунги кунга келиб тарихимизда кетма-кет энг кўп ғалаба қозонган бош мураббий Бабаянни танқид қилиб ёзмоқдаман. Аввало шуни айтишим керакки, танқид ёмонлаш эмас, танқидчи қораловчи эмас. Русларда “театральный критик”, “кино критик”, “литературный критик” каби турли атамалар бор. Бу билан нима демоқчиман? Танқидчини футболшунос деб, танқидни таҳлил деб тушунинг.

Спортнинг якка кураш соҳаларида натижага спортдан ташқари омиллар катта таъсир ўтказа олмайди. Мураббий билан спортчи муносабати ғалабани белгилайди. Футболда майдон ичида ва ташқарисида жуда мураккаб вазиятлар ҳар дамда содир бўлади. Евро-2016 финалида португаллар мураббийи аниқ бир топшириқ билан Эдерни керакли пайтда майдонга туширди. У атайин ҳимоячи Косьельнига қарши тажовузкор ва асабга тегар ҳаракатлар билан ўйнаб, ҳимоячининг жиғига тегиб юрди. Бунга чидолмаган француз ҳимоячиси қўпол ўйнаб сариқ олди. Ҳужумчи шундай ўйинни давом эттириб, рақибни нейтраллаб гол уриб олди. Бизнинг футболда “Металлург”нинг ёш ҳужумчиси Эсонқулов шундай ўйнаб бера олади. Бекободда кечган ўйинда Нестеровнинг жиғига роса теккан эди. Бу мисоллар билан нима демоқчиман? Футболда натижага спортдан узоқ, унга даҳли бўлмаган жуда кўп омиллар таъсир қилади. Бабаян бундай омилларга катта эътибор қаратади. Натижага зиён етказадиган холатларни ўз вақтида бартараф этиб боради. Бабаян ўйин руҳиятини, футболчи руҳиятини яхши тушунади ва буни ҳам натижага йўналтиради.

У ЯККАХОН СОЛИСТ ЭМАС
Масалан, Гейнрих табиатан ҳазилкаш ва қитмир одам. Ҳеч кимнинг ориятига тегмасдан одам устидан кула олади ва ҳеч ким кутмаган пайтда ҳаммани кулдира олади. Ҳамманинг эътиборини ўзига торта олади. Майдонда яқин масофада мўжиза ярата олади. Майдонда ҳам ҳаммани бирлаштира олади. Унда тезлик ва дриблинг йўқ. Қосимов уни ўзига мос бўлмаган пайтда, японларга қарши ўйинда, 1:0га юта туриб, бутун жамоа бўлиб ҳимояланиб турганимизда Шацких ўрнига тушириб хато иш қилган эди. Бўш масофада Гейнрих ўзини яхши ҳис қилмайди. У йиртма ҳужум қила олмайди. У Рашидовга ўхшаб яккахон солист эмас. Орқага қайтиб Руни каби ҳимояланишни ҳам билмайди. Кеча араблар иккинчи бўлимда қаршиликсиз марказни бизга бериб ўз жарима майдонига чекиниб ўйнашди. Шундай пайтда Бабаян уни ўз вақтида майдонга туширди. Бир пасда Гейнрих кутилмаган ностандарт вазиятларни бирин-кетин ярата бошлади. Ҳаракатлари билан ишқибозлар далдасини кучайтириб юборди. Трибуналар шердай тинимсиз ўкира бошлади. Ва ўзи гол урди. Шу билан Гейнрих бутун юрт ишқибозларига ғалабани туҳфа этди.

Бабаян ғалабага халал берувчи ўйиндан таши факторларга катта эътибор қаратади дедим. Лекин шу билан бирга кучли ўйин яратишда нўноқлик қилади дедим. Масалан, Арсен Венгер кучли ўйин ярата олсаям, тенг кураш кечган маҳал, Анлияда ҳамма тенгма-тенг курашади, ташқи факторларни ҳисобга олмагани учун муҳим ўйинларни ютқазиб қўяди. Футболда ғалабага элтувчи 1001та фактор бор. Бабаян ўзидан кучсиз ёки ўзига тенг жамоаларга қарши ўйинларда, кучли ўйин эвазига эмас, ташқи факторларни жиловлаб, руҳиятни бошқариб жанг қилиб ғалаба қозонмоқда. Араблар билан ўйинимиз тенгдур. Улар билан тенгма-тенг жанг қилиб, Бабаян қобилияти иш бериб, унинг хизматлари эвазига арабларни Худо хоҳласа, ютамиз. Форслар, хитойлару карисларга қарши ўйнаб қандай ҳолатга тушамиз? Уларга тенг ё улардан кучлилоқ ўйинимиз йўқ-ку. Уларни бугунги ўйинимиз билан юта олмаймиз-ку. Гейнрих ҳам қутқара олмайди. Бабаян бунга нима дейди? Бу ҳақдаги фикримни қандай қилиб биргина саволга жамлашим мумкин?

НАТИЖАНИ СУҒУРИБ ОЛИШ
Ҳар ўйиндан кейин бутун жамоа бўлиб ҳайқириб турган трибуналар олдига келиб, қўл ушлашиб ишқибозларни қутлаб, жамоа ўзаро якдилликка эришмоқда. Бу билан ўйинчилар ўз руҳиятини баланд нуқтага кўтармоқда. Шундай қилишни Бабаян ўйинчилардан талаб қилмоқда. Ўзидан эса нимани талаб қилмоқда? Ўзидан? Бу ҳақда матбуот анжуманида ундан қандай сўрашим мумкин, унга қандай савол беришим мумкин экан, билмадим. Шундай хаёллар билан анжуманлар залига кириб бордим.

Бабаян ўзидан кучсиз жамоага қарши бетайин ўйин кўрсатиб, сўнгги дақиқаларда катта зўриқиш билан гол уриб олиб, ғалабани ўйиндан суғуриб олди. Мана энди журналистлар олдида саволларга тутилган пайти. Унинг кўз қарашлари самимий, юмшоқ ва қандайдир дилгир эди. Масалан, Қосимовнинг кўз қарашлари қаттиқ ва тепа қовоқлари остига яширинган бўларди. Абрамовнинг кўзлари ҳимояланувчан бўлганидан дўстона кўринарди. Бабаян қўлимдан келганини қилмоқдаман дегандай бўларди. Ҳар гал терма ўйинчилари билан бир жону-бир тан бўлишимизни сўраб анжуманни тугатади. Бу гал ҳам шундай бўлди. Шундай сўзларни топиб айтди. Мен нимадир деб қандайдир савол берган эдим. Ҳозир эсимда йўқ.

Бир неча кундан кейин ўз тенгимиз Қатар термаси билан Доҳада жанг қиламиз. Уни ютишимиз ҳам, ундан мағлуб бўлишимиз ҳам мумкин. 50га 50. Бабаяннинг кайфияти кўтаринки, руҳияти тетик бўлишини истаб анжуманда унга оддий савол бердим, шекилли. Мен ҳам Бабаян сингари терма жамоа руҳияти юқори даражада бўлишини истадим-да. Бабаянга далда бўлувчи савол бердим-да. Термамиз ўйинини кучайтириш учун сафар олдидан муайян ҳеч нарса қилолмаганимдан, Бабаян олдида мураббийга далда берайин деб озгина бабаянлик қилдим-да. Эплолмадим, шекилли. Ўхшамай қолдими, дейман. Сохтароқ кўриндими?

Бу мақолани ёзиб Хайрулла олдида ўзимни ҳимоялаб, мажлисдаги ожиз саволимни оқлагандай бўлдимми? Ундай эмас, мен ҳақиқатда Бабаянга, футболчиларимизга далда бўлишни истайман. Доҳадан, албатта, ғалаба билан қайтинглар, ўғлонларим!

ИШҚИБОЗНИНГ ИЛТИЖОСИ
Оғир жудолик бирон бир ватандошимни бефарқ қолдирмаган кунда ёзмоқдаман. Ғалаба билан ўксик дилларни бироз юпатинглар, азиз футболчиларим. Дунёдан ўтган ушбу буюк зот Мустақиллигимиз рамзи бўлиб қолади. Жумладан, халқаро ҳаётда ўз ўрнига эга бўлган миллий терма жамоамизнинг ҳам рамзидур бу зот. Марҳумнинг хотираси барҳаёт бўлсин, охирати обод бўлсин, ЎЗИ раҳматига олган бўлсин.

Ҳаммамиз термамиз атрофида бирлашайлик. Азизларим, ота ўз ўғлини ҳеч қачон мақтамайди. Сизларни суйганимдан қаттиқ уришаман, баъзида. 57-йилдан бери футбол кўргани “Пахтакор”га қатнаб келаётган Ҳасанали-отангизман. Гапларим оғир ботмасин. Доҳада қандай натижа бўлмасин, барибир сиз азизларим билан фахрланаман. Куни кеча Сурия мураббийи Айман Ҳаким ҳам таъкидлаб ўтди, стадионда сизларни қўллаб ҳайқириб ўтирганимиз туфайли улар ютқазган эмиш. Шуни билинг, биз ҳаммамиз Ал-Халифа стадионида ҳам сиз билан бирга бўламиз.

Термамизга ғалаба тилаб, Ҳасанали-отангиз ёздим.
03. 09. 2016й.

Киритилган сана: 03.09.2016 19:27. Ўкилди: 18557 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

Билдирилган фикрлар:


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 09:06. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 09:06. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 09:03. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 09:03. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 23.07.2024 16:21. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 23.07.2024 16:21. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


FUTBEK
Сана: 14.09.2016 23:50. FUTBEKга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


KIAKIA
Сана: 03.09.2016 22:11. KIAKIAга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


UZRESPECT
Сана: 03.09.2016 21:47. UZRESPECTга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.