Кириш Регистрация
24/04 00:00 Арсенал 5-0 Челси
24/04 12:00 Тожикистон 2-1 Афғонистон
24/04 14:00 Эрон 6-1 Қирғизистон
24/04 16:00 Таиланд 3-2 Ироқ
24/04 19:00 Ўзбекистон 2-1 Вьетнам
24/04 22:00 Лорьян 1-4 ПСЖ
24/04 23:45 Вулверхэмптон 0-1 Борнмут
25/04 00:00 Кристал Пэлас 2-0 Ньюкасл
25/04 00:00 Ман. Юнайтед 4-2 Шеффилд Юнайтед
25/04 00:00 Эвертон 2-0 Ливерпуль
25/04 00:00 Монако 1-0 Лилль
25/04 00:00 Марсель 2-2 Ницца
25/04 19:00 Қатар - Япония
25/04 22:30 Жанубий Корея - Индонезия
26/04 00:00 Брайтон - Манчестер Сити
26/04 19:00 Ўзбекистон - Саудия Арабистони
26/04 22:30 Ироқ - Вьетнам
26/04 23:45 Фрозиноне - Салернитана
27/04 00:00 Монпелье - Нант
27/04 00:00 Реал Сосьедад - Реал Мадрид

Блог

Ҳасанали ота

Ўзингни англа

7-қисм. Замонлар чоғишмаси ёки (Ислом Аҳмедовга ўтинчим бор)

Баҳо:
+0; -0

ЭНГ ДАҲШАТЛИСИ НИМАДА?
Ҳуррият кунига етиб келсак-да, катта раҳбарнинг камчилиги билан (агар шундай тахмин тўғри бўлса) кураш олиб бормасак, ўз кўйлагим (ўз иш жойим) ўз этим десак (русчасига “моя хата с краю” дейилади), ОЧ-2014 (U-22)га катта тайёргарлик кўриб, унда олтита ўйинда жанг қилиш тажрибасини орттириб қайтмасак, яъни финалгача бормасак, энг даҳшатлиси – бунга олдиндан интилмасак, қандай қилиб бунга бепарво қараш мумкин. Қандай қилиб кўзга ёш олмай бунга чидаш мумкин? Ўз терма жамоасига эга бўла олмаётган халқлар анча топилади. Ўтмиш кунимизда ўзимизнинг Абдураимов, ё Ан, ё Фёдоров, ё Азизхўжаевларимиз бўлган. Терма жамоамиз бўлмаган эди. Бу қандай бахт, бу қандай саодатки, биз буни бутунлай унутиб юборсак, бундай кунда оддийгина яшаб, оддийгина нафас олиб, оддий баҳоналар изласак? Маҳбус озодликка чиққач, “зиндон”да ўтган кунларини ҳеч қачон унутиб қўймаса-ю, биз ўтмишимизни унутиб, бугунги ҳуррият кунимизга оддийгина қарашга кўникиб кетсак. “Норозилик хатини ёзамиз” деб кимнидир алдаб, ношуд қалбимизни оқлаб юрсак, йиғлаб юбормайсизми? Бунинг устига кўз ёшларим қаҳрамони юртимизда футболнинг катта билимдони бўлса, бунинг устига мен Рустам Акрамов билан шахсан таниш бўлсам, у кишидан фақат яхшилик кўрган бўлсам, кўзга ёш келмайдими?

ҚУВАСОЙЛИК ҚУВОНЧИМ
Ёзганларимни Рустам Акрамов ўқимайди. Шунчаки ўқимай қўя қолади. Ислом Аҳмедов ўқийди. Исломжон, Сиз ўқимоқдасиз. Сиз футбол ичидаги касбикомил (профессионал) инсонсиз. Футбол атрофидаги ўз ишида чаласовод бўлган одамларга, яъни футбол журналистларига атаб ёзмоқчи бўлган эдим бу хатимни. Сўз маҳорати, тил камолати уларга биринчи навбатда керак. Улар ичида мен ҳам борман. Тўп билан ишлашни техника деймиз. Журналистиканинг асоси, техникаси - СЎЗ. Техника бўлмаса, тактик вазифаларни бажариб бўлмайди. Тил масаласи журналистлар учун ўта муҳим биринчи касб талабидир. Сиз - футболчилар ТЎП билан қилар маҳоратингизни биз СЎЗ билан ярмини ҳам кўрсата олмай туриб, сизларни танқид қилишга шошиламиз. Ўзимиздан бехабармиз. Ўзимизга аталган мақолам Сизга аталган суҳбатга айланиб кетди. Чунки мен футбол ишқибозиман, журналистиканинг эмас. Футбол армоним, дармоним. Футбол - роҳатим, ҳасратим. Футбол - оқ хатим, оқ сўзим. Футбол - хотирам. Ширин хотирам. Ўша воқеаларни эсласам, дилим яшнаб кетади.

ОК-2011да бир ой термамиз ўйинларига гувоҳ бўлиб, ишқибозлар, журналистлар билан бирга бўлган эдим. Бу ҳақда мен илгари ҳам ёзганман. Мен Доҳада ишқибозлар сафидан чиқиб, журналистлар сафига мажбурият юзасидан ўтиб кетган эдим. Алексей Глазуновга ёрдамчи керак эди. Унинг бўйи ўртачадан пастроқ бўлиб, қўл, билак, елкалари бақувват, яғрини кенг эди. Юзи оқ мағиз, кулранг кўзлари кўкимтир товланар эди. Кўзлари меҳр ва ўзига ишонч билан тик боқар эди. Кўзларида ҳеч қачон алам-андуҳни кўрмадим. Ҳатто кенгуруларга 0:6га ютқаиб қўйганимизда ҳам. Закий кўзлари сизга доим мулойим боқар эди. Оёқлари-чи... У иккита билак ҳасса ушлаб иккала оёғини судраб юрар эди. Туғма церебрал паралич эди.

Шуҳрат Шокиржонов ОК-2011 ўйинларидан уч ой олдин қилинадиган ишни ҳар ерга югуриб бир кунда эплаб келган эди. Менга ҳам рухсатнома тегиб, бир ой Глазунов ёнида унга ёрдам бериб юрдим. Ал-Халифа стадиони ёнидаги аёлларга тегишли спорткомплекс залини Пресс Сентега айлантиришган эди. Ҳар куни эрта билан махсус автобусларда шу ерга келиб кечқурун шу ердан ўз меҳмонхонамизга қайтар эдик. Шу ердан ҳамма стадионларга автобус ташкил қилинган эди. Ўйинларга шу ердан кетиб, шу ерга қайтар эдик. Тушликни ҳам шу ерда қилар эдик. Кечликни ҳам. Баландлиги ўттиз метр, узунлиги юз метр келадиган спортзалда бутун дунё журналистлари биргаликда бир жойда ишлар эди. Энг кўпи Хитойдан келган эди. Ўйин пайтлари ҳувуллаб қолар эди, бошқа пайт гавжум. Ўйиндан олдинги матбуот анжуманлари шу ерда ўтказилар эди. Гуруҳ ўйинлари ўтказилган кунларда вақтимиз машғулотларни кўришга етмади. Иордания билан бўладиган ўйинимиздан олдин Глазуновнинг ишлари камайгани учун бизникиларнинг машғулотига бордик. Ал-Халифа стадиони “Бунёдкор”дан икки баравар катта. Ҳудуди ҳам шундай. Бу ҳудуд ичида таксилар юра олмагани учун машғулот майдони томон пиёда икки чақирим юриб бордик. Судралиб бордик. Майдон атрофида ҳамма ўз иши билан банд бўлди. Қайтар пайтимизда Рустам Акрамов иккимизни ўзига ажратилган машинада уйимизгача, меҳмонхонамизгача олиб бориб қўйган эди. Машинаси меҳмонхонамиз ҳовлисидан юриб эшиккача келган эди. Акромов, кузатувчан, сезгир одам экан. Глазунов ногирон эмасми, истаган пайтимизда машинаси иҳтиёримизда бўлишини айтди. Қадди баланд махсус автобусларга чиқишда Глазунов қийналяпганини сезибди-да. Биз бу таклифдан фойдаланмадик.

Доҳадан қайтиб келгач, ҳамма ўз ҳаёти билан ҳамма ёққа тарқаб кетди. Орадан уч йил ўтиб кетди. Алексейни бошқа кўрмадим. Мусофирчиликда ўтган ширин онларимни ортга қайтариб бўлмайди. “Пахтакор”да гоҳида кимнидир кўриб қоламан. Олдига бориб, суҳбатга солишдан ўзимни тияман. Мен журналист ҳам эмасман, оддий ишқибозман. Мендақалар сонмингта. Нима учун ўша дамларни эсладим? Билмадим. Рустам Акрамов деганимда, кўз олдимга аниқ бир инсон келишини тушунтирмоқчи бўлдим, шекилли. ТВ орқали у кишини кўриб, ўзбек тилидаги кўрсатувда русча гапираётганини кўриб, дилимда қандайдир бир ўкинч пайдо бўлишини тасаввур қила оласизми? Кўз ёшланар даражада зорланиш ўкинчи. Глазуновни эслаганимда дилимда ёрқин бир туйғу пайдо бўлади. Бахтиёр дамларимни эслайман. Қалбим меҳр ва нурга тўлиб кетади.

У билан ФУТБОЛ ичида ўтган бир ой умрим келгуси ҳаётимга ўзгача бир маъно берди. Унинг ота, онаси, акаси бор. Москвада туғилган. Анчадан бери Қувасойга кўчиб келиб, бувиси билан яшар эди. Москвада олти ой давомида ёғингарчилик туфайли сирпаниб йиқилиш хавфи остида қолишини айтган эди. Қувасойдан туриб “Нефтчи” ўйинларини “Чемпион”да ёритиб борар эди. Ўзбек тилини иштиёқ билан ўрганган эди. Тил хусусида касби журналист бўлган ўзбек фарзандлари қизиқмаган нарсалар билан қизиқар эди. Масалан қачон мозор, қачон қабристон сўзларини ишлатиш маъқул бўлади деб суҳбат қурганмиз. Мактабни ҳам, олий илмгоҳниям уйда битирган эди. Ўзбек футболини жуда яхши билар экан. Бир куни ҳакам касбидаги сулоларимизни санаб берган эди. Уйда ўтириб, футбол сайтларини тўлдириш билан тирикчилик қилар экан. “Бунёдкор”, “Динамо” Киев, Эстония сайтларига рус тилида хабарлар ёзиб турса, Англиядаги сайтларга инглиз тилида ёзиб юборар экан. Шулардан келган қалам хақи билан яшар экан. Ўзбек тилини қандай қизиқиш билан ўрганса, инглиз тилини ҳам шундай ўрганар экан. Эсимда, бир куни ишқ, муҳаббат, севги, яхши кўриш сўзлардаги маъно фарқларини мендан сўраб қолди. Билганимни айтдим. У мени тўлдирди. Москвадан, ота-онадан узоқда, Қувасойда, кўпинча бир хона ичида тирик мулоқотдан чекланиб бахтли яшаш учун Ўзбекистонни яхши кўриш керак, бунинг учун ўзбек тилини яхши билиш керак деган эди. Билиш учун уни яхши кўриш керак, иборалар, мақоллар, маталларда яширин рангларни кўра олиш керак деган эди. Инглиз тилида ҳам шундай гап, деган эди. “Ўзимни бахтиёр ҳис қилишимда, тўлақонли ҳаёт кечиришимда менга футбол ёрдам беряпти”,- деган эди.

Исломжон, наҳотки Сиз ўзбек тилини севиб ўрганишингиз учун, тилнинг қадрига етишингиз учун тирик мулоқот иложиси камайиб, бир хонада ҳамма нарсадан чекланиб қолишингиз шарт бўлса? Сиз ахир Ўзбекистонда таниқли одамсиз. ТВ орқали Ўзбекистон олдига чиқиб, ўзбекча кўрсатувда рус тилида гапиришингиз ҳаммамиз учун қанчалик абгор ҳолат бўлмоқда, билсангиз эди.

Баёним тўмтоқ бўлиб қолди. Бошқа ёзолмай қолдим, азизларим. Кечиринг. Кўзларим...

Ҳасанали Қодиров. 4.02.2014йил. Тошкент.

Киритилган сана: 10.02.2014 04:42. Ўкилди: 10088 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

Билдирилган фикрлар:


LOCHINLAR
Сана: 12.02.2014 12:01. LOCHINLARга ёзиш
+0; -0
Alexey Glazunov haqidagi gaplar ajoyib! haqiqattan yaxshi inson

Ушбу фикрга жавобан


LOCHINLAR
Сана: 12.02.2014 12:01. LOCHINLARга ёзиш
+0; -0
Alexey Glazunov haqidagi gaplar ajoyib! haqiqattan yaxshi inson

Ушбу фикрга жавобан


ABDUVOHID
Сана: 10.02.2014 09:51. ABDUVOHIDга ёзиш
+0; -0
Нима фойдаси бор бунака маколаларни, барибир хеч нарса узгармайди

Ушбу фикрга жавобан


GULNURXAN
Сана: 10.02.2014 06:58. GULNURXANга ёзиш
+0; -0
Тил билмасликни ёзиш мақсадида ўзингизни дардингизни ёзибсиз. Р.Акрамов билан учрашганда қайси тилда мулоқот қилдингиз?

Ушбу фикрга жавобан

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.