Кириш Регистрация
27/05 21:30 Лейпциг 2-2 Герта
27/05 23:30 Аугсбург 0-0 Падерборн
27/05 23:30 Унион Берлин 1-1 Майнц-05
27/05 23:30 Фортуна 2-1 Шальке-04
27/05 23:30 Ҳоффенҳайм 3-1 Кёльн
29/05 20:00 Торпедо-БелАЗ - Смолевичи
29/05 22:00 Городея - Неман
29/05 23:30 Фрайбург - Байер

Блог

Ҳасанали ота

Ўзингни англа

Футбол сурати ва сийрати

Баҳо:
+1; -0

Футбол («ФутГол») газетаси 40-сонининг сўнгги саҳифасида Асланов олдинги сонларда ёзганларимга атаб ўзининг раддия мақоласини босиб чиқарибди. Кўтарилган мавзунинг бошқа бир янги томонини ёритибди. Ушбу мақола “Чемпион»да бўлиб ўтган бир воқеани эсимга солди.

Ҳамидов стадионда, ўйин кунлари ишқибозларнинг бир-бирини, ҳакамни, футболчиларни, борингки бор оламни ҳақорат қилиб сўкинишларини танқид қилган эди. Акмалов унга жавобан, стадионларда аҳлоқ мезони ўзгача бўлади деб ўзининг раддия мақоласинисини газетанинг кейинги сонида босиб чиқарди. Бу икки мақолани умумлаштириб Асланов кўтарилган мавзуни учинчи томондан шундай мукаммал ёритиб бердики, тўртинчи мақолага ҳожат қолмади. Бундай муҳокама олишувлари туфайли ишқибозчилик маданиятига тегишли мавзу ҳамманинг диққатини ўзига тортган эди. Газетанинг сўнги саҳифаси баҳснинг зўридан қизигандан қизиб, қизариб, бўзариб кетган эди. Ҳозир Акмалов, Ҳамидовлар ўйиндан ташқари ҳолатда юрибдилар. Бугун бошқа гап. Энди Аслановнинг ушбу чиқишидан сўнг мавзуни иккинчи тарафдан ким ёритади? Аслоновга ўзим жавоб қайтара қолайинми?

РУХСАТ ОЛМАСДАН ЎЙНА
Мақоламда мен ҳар бир терма ўйинчисига қарата, майдонга тушганингда қандай қилиб мундиалга боришни ўйлаб тушма, майдонда футбол ўйнаш учун, қандай қилиб бўлса-да, қаршингдаги рақибни енгиш учун туш, деб ёзган эдим. Мундиалга бориш ё бормаслик оллоҳнинг иродасига боғлиқ бўлса, ҳар бир ўйинда ғалаба қозонишга интилиш, ўйин сифатини ўстириш, сўнгги сониягача жанг қилиш сенинг қўлингдадир, деб ёзган эдим. Мундиалга чиқа олмаслигимиз мумкин, лекин Осиёда кучли тўрт жамоанинг бири бўлиш ўз қўлимиздадир, деб ёзган эдим. Асланов эса, ўйин сифатини ўстириш, ундириш-пундириш эмас, энг аввалги мақсадимиз Мундиалга бориш деб, мени танқид қилди. Савиямизни кейин ўйлаймиз деди. Танқидчим, агар Мундиалга чиқа олсак, шундагина “ўз савиямизга, футболимиз даражасига аниқ баҳо бера оламиз”, шундагина “олдимизда камчиликларни бартараф қилиш имконияти очилади”, дейди. Ана ҳалос... Бразилия йўлланмасини қўлга кирита олмасак, ҳозирги ўйинимиз савиясидан мамнун бўлиб, камчиликларга кўз юмиб юра берар эканмиз-да. Унгача камчикларни йўқотмас эканмиз-да. Унгача равнақ йўли биз учун ёпиқ экан-да. Биз ва қўшни давлатлар футболи, масалан Грузия, Венгрия, Польша, Болгария ва яна аллақанча Мундиалдан четда қолган халқлар футболи қолоқликка маҳкум бўлиб, тараққиёт завқидан маҳрум ҳолда орқада, “пана-пасқам” курашларда юра беришар экан-да. Қў-шил-май-ман!

Менимча, футболчи бўлиб майдонга тушдингми бас, бу ўйин Мундиал жанги бўладими, ё Осиё кубоги ўйини бўладими, ё Форс кўрфази кубоги бўладими (бизни ушбу мусобақага таклиф этишяпти деб эшитдим.), ё Буюк Турон кубоги бўладими (мен бундай мусобақани неча йилдан бери орзу қилиб келяпман), фақат ғалабага эриш, фақат жанг қил. Кураш. Футболда “пана-пасқам” мусобақа бўл-май-ди. Қачон, қаерда ўйнамайлик, дунёда энг буюк жамоаларнинг ўйин даражасига интилиб ўйнайлик. Масалан, Корея термасини Сеулда 5:0 ҳисоби билан ютиб, янчиб ташлаш учун кимдан рухсат олишинг керак экан? Сенинг ҳеч кимдан ҳеч қанча кам жойинг йўқ. Ривож йўлинг ўз қўлингда. 14 ноябрда сен Эрон термасидан қўрқма. Сен ўша куни рақибдан кўра кучлироқ ўйин кўрсатиш учун “Озодий” майдонига тушасан ва рақибни ютасан. Қандай қилиб бунга эришасан? Йиғилажак очколар устида бош қотирма. Биласан, на элементар арифметика, на олий математика ҳисоб-китоблари ўйинимиз ривожига ёрдам бера олади. Фақат ўйиндан чалғитади. Биз ҳеч нарсани санамасдан, ҳеч нарсага чалғимасдан, на 2014 йилдаги Риосини, на 2018 йилдаги Московини хаёл-малол қилмасдан ўйинимизни кучайтириб майдонга туша берайлик, туша берайлик.

БИРИНЧИ ПОЯ
“МЮ” ўйинчилари “Челси” ўйинчиларидан кучлироқдир. Лекин бу йил аслзодалар ҳаммани ютишяпти. “Реал” юлдузлари “Боруссия” ўйинчиларидан анча-мунча кучли бўлишса-да бу йилги ЕЧЛда, меҳмонда уларга ютқазиб қўйишди. 1:2. Чунки олмонлар ўша куни қирол жамоасидан кучлироқ ўйнашди. Олтмиш олтинчи йил Мундиалнинг гуруҳ босқичида КНДР термаси ўзидан анча кучли Италия термасини ютиб қўйган эди. Ҳозир Жанубий Корея футболчилари Осиёда энг кучли иккита жамоанинг бири, тўрттанинг олди бўлишса-да, эронийларга ўтган турда ютқазиб қўйишди. Чунки Эрон терма ўйинчилари ўша куни тактика борасида улардан кучлироқ ўйин кўрсатишди. Карислар эски қолипдан чиққан ўйинни олиб келишибди. Улар тобора ўз ўйинларини йўқотиб бормоқдалар. Мундиалга биз бориб Корея термаси четда қолса, мен бундан фақат хурсанд бўламан. Чунки, бир кунмас бир кун албатта бўлажак бундай воқеа Осиё футболи равнақ йўлидан кетяпганлигини кўрсатади. Бу ҳақда кейинроқ батафсил гаплашамиз. Биз ўн тўртинчи ноябрда Эрон термасини ер билан яксон қилишимиз мумкинми? Мумкин. Бунинг учун очко санамасдан спортчасига қаҳрланиб, ғолибланиб, роҳатланиб ўйнашимиз керак, ЎЙНАШ.

Доҳадаги ўйинимиз энг юқори нуқтамиз эмас. Ривожланишнинг биринчи зина пояси, холос. Олдинда бизни юксалишнинг жуда кўп поялари кутиб турибди. Осиёнинг “топ” жамоаси бўлишимиз учун, Осиёнинг футбол томига чиқишимиз учун савия пояларидан бирма-бир узлуксиз тепага кўтарилишимиз керак. Манзилга чиқиб олганимиздан сўнг, бугунги ҳолимизни, 14-сана олдидан бугунгидай хавотирга тушганимизни, бизни бугун қамраган ҳаяжонни ўшанда кулимсираб эслаймиз-да, қўямиз.

Тан оламан, шу кунлари хавотирда қийналиб, мени ваҳима босганидан атайин мардонавор гаплар излаб, аввало ўз кўнглимни кўтармоқчи бўляпман. Сездингизми? Ушбу кўтаринки кайфиятимга асосларим бор.Ўйлаб кўринг, Корея, Эрон, Ўзбекистон терма ўйинларининг савия борасидаги фарқи жуда кам. Ламм қўл остида ярақлаган Олмон терма ўйинларини бир эсланг. Ҳаммамиз Олмондан узоқда бир хил масофадамиз, азизлар. Эрон ё карис футболидан ҳайиқадиган жойимиз йўқ. 14-сана куни ким кучли бўлса, ким тактик жиҳатдан етук ўйин кўрсатса, ким ўзига тўлиқ ишониб ўйнаса, қайси бир 11та йигит бир бутун, яхлит жамоа бўлиб сўнги сониягача ақлли жанг қилса, ўша ютади. Майдон мардники. Ўзингга, жамоага, мураббийга, ғалабага ишонмас экансан, четга чиқ, нари тур, эй дўст! Захирада ҳам ўтирма. Телевизор олдига ҳам яқинлашма, эй дўст!

МИРЖАЛОЛНИНГ ЖАРИМА ЗАРБАЛАРИ
Лекин, беандиша ишонч, худа-бехудага кўр-кўрона, асоссиз ишонч, девона ишонч ўйинчиларни ҳам, ишқибозларни ҳам шарманда қилади. Сиз ҳам мен каби 0:6ни ҳеч унута олмасангиз керак. Тўғри, ғалабани жуда ҳохлаган эдик. Лекин рақиб кучига тўғри баҳо бериб, ғалабага эришиш йўлини тўғри топиб ўйнаш мумкин эди-ку. Отто-ота йўлидаан юришимиз керак эди. Ё бошқа бир йўл топиш мумкин эди. Кейруш ҳозир Отто Рекхагелдан дарс олиб, ўша йўлдан кетмоқда. Тағин ўтмишни чайнадим, узр сўрайман. Ҳозир ғалабамизга кўр-кўрона ишоняпганим йўқ. Шунинг учун ўтмишдан мисол келтирдим. Ғалабамизга бўлган ишончимни сизларга асослаб берай, азизларим. У асоссиз эмас. Дарвозабонни жамоанинг ярми дейишади. У ҳолда мураббий жамоанинг ҳаммасидир (сатр орасида айтиб ўтай, “Андижон”нинг чархпалаги шундай муҳим зотнинг қанчасини “ғажиб” ташламоқда.) Ғалабага бўлган ишончимни биринчи навбатда мураббий фаолиятини ёритиш билан асослаб берай. Қосимов имкониятини таҳлил қилиб кўрай.  Қўлимдан келармикан, билмадим.

Аввало билсангиз, Қосимов мураббийлар ичида энг кучли комбинатордир. У кимни, қачон, қаердан келтириб, қаерга қўйишни жуда яхши билади. Бу гапим ҳам майдон ичидаги, ҳам майдон ташқарисидаги одамларга тегишли. У ҳар доим бир иш қилса, пишиқ-пуҳта тайёргарлик кўриб қилади. Унинг ижросидаги жарималарни эслайсизми? У атайин вақтни чўзиб сариқ варақа олиб бўлса-да, рақибни чалғитиб етти ўлчаб кейин қўққисдан аниқ зарба берарди-ю, гол урарди. Қосимов нима иш қилмасин, етти эмас етмиш етти ўлчаб бир кесади, менимча. Бундан бошқа яна бир маҳорати бор экан-ки, мен уни яқинда сезиб қолдим. Эшитинг, узоқдан бошлайман.

МАЙДОН — КЛАСС, “БИР КУРАК” КИМ  Ё  НИМА.
Куни кеча “Фрайбург” билан “Боруссия” ўйинини кўрдим. “Боруссия” 2:0 ҳисобида ютди. Биласиз, уларнинг таркибида Левандовский бор. Ўйин қор остида, қорли чим устида ўтди. Қор тинмади. Майдон остида иситгичлар йўқми дейман, майдон тезда оқариб кетди. Танаффусда қор кураб туришди. Қор тўпниям, оёқниям сирпантириб турди. Анча вақтгача ҳисоб ҳам сирпанчиқ 0:0 бўлиб турди. Шундай бўлса-да, шиддат билан ўйнаган жамоа қор жангида ғалаба қозонганини кўрдим. Икки кўзим телевизордаю, хаёлим “Пахтакорга” кетди. “Динамо”ни қабул қилган эдик. Мазза қилиб футбол ўйнайдиган об-ҳаво майдонга ҳаммани чорлар эди. Набирам тили билан айтганда майдон- “класс”. Мавсумнинг сўнги ўйинларидан бири. Ҳамма чемпионатларда сўнги турлар жанговар руҳда ўтади. Об-ҳавони айтмайсизми. Ўйнаб қол, роҳат ол, жанг қил, дейди майдон. Йўқ, жангни кўрмадим. Ялқов футболни кўрдим. Қор ёғиб турганида нимани кўрардим? “Динамо” энди пастга тушиб кетмайдими, унга очко керак эмасми? Шунинг учун Майдонда масхара футболни, ҳисоб-китоб футболини кўрсатиш мумкин экан-да.

Бир пайтлар Ғузорнинг чанг босган майдонида жаҳон юлдузи футбол ўйнар эди. Бутун ўйинни ўзи ушлаб турар эди. “Бунёдкор”да ҳозир бундай ўйинчи йўқ. Ҳатто аутни ҳам ўзи отиб, ўйинни мазмунли тарафга йўналтирар эди. Майдонда тинмай югурар эди. “У Ривалдо ахир. Шунга яраша пул олган” дегувчилар бор. Пулга қул бўлганлар шундай гапиради. Ўйин шайдолари эмас. Майдонга футбол учун эмас, пулни қувлаш учун тушадиганларнинг гапи бу.

Мен 90 кг. юким билан ҳарсиллаб, лорсиллаб соатига 2 км. юриб бера оламан. Бизнинг футболчилар жуда “зўр”. Майдонга тушиб 90 дақиқа ичида 4, баъзан 5км “юриб беришади”. Офарин. Ўлчагич асбобларимиз бўлганида эди, “энг зўр” юриб берувчиларни “тақдирлармидик”?. Чет элда футболчилар ҳаракатини ўлчаб туришади. Бизнинг бундай ўйинларда Нагаев иқтидорини “чанг” қоплаб олмайдими? "Пахтакор”чилар ҳам “зўр” ўйнашди. Уч очко тайин бўлгач, майдонда жон олиб, жон бериб нима қилишади. Бундай ўйинларда аҳмоқ шиддат кўрсатади. Ўйинга келган ишқибозлар озгина эди, лекин созгина. Футболсиз яшай олмайдиганлар эди. 38-буржда ўтирибмиз. Қарама-қарши тарафда, 12-буржда ёлланиб, шодланиб ўтирганлар онда-сонда бақириб қўйишади. Биз томондагилар жим. Бирдан биттамиз “Шерзод, бир курааааак.....” деб бақириб қолса бўладими. Ҳамма эшитди. Ўша куни Шерзод Каримов ҳам ўн юриб, бир югуриб берувчилардан эди. Мана шундай ўйинларда бу йил Осиё чемпиони бўлган ўсмирларимиз беш йилдан сўнг олий лигамизнинг асосий таркибида майдонга тушиб ўз футбол тақдирларини чирк бостириб қўймайдиларми? Бундай аҳволни ўзгартиришга кўзи етмаган раҳбарият ёш иқтидорларни тезроқ Россия-пассиясига Турсунов ортидан жўнатиб юбориш пайидамилар? Футболимиз пирамидасининг юқори чўққисида турган пешволар стадионга келиб бундай “футбол”ни ўз кўзлари билан кўрмайдиларми дейман, йўқса “юриб берувчилар” сонини тағин икки жамоага оширмоқчи бўлганларга орқа ўгирармидилар. Мен узундан узоқ мавзудан “лирик чекиниш” қилганимга ҳайрон бўляпсизми, сабр қилинг.

ЯНА ҚАЙТАМАН
Бир гап бор. Қосимов мана шундай шароитда термани бошқаряпти. Мана шундай ўйинларда “тобланган” ўйинчилар билан ишлаяпти. Ва ҳайратланарлиси “Бунёдкор” билан ОЧЛда жанговор, шиддатли, матонатли ўйин кўрсата оляпти. Қандай қилиб бунга эришяпти, ҳайронман. Бу яхшими? Билмадим. Ўз чемпионатимизда унинг ўйини бошқалардан фарқ қилмайди. Четга чиқса, таниб бўлмаяпти. Тағин солиштирсам, ”Пахтакор” бу йил ОЧЛ гуруҳ ўйинларига ўзимизнинг нуқсонли футболимизни олиб чиқиб, гуруҳдан орқага қайтган эди. “Бунёдкор” эса рақибга қараб шиддат кўрсата оляпти. Жуда ҳам ажабланарли. Агамуродов ҳам “Паҳтакор”ни ОЧЛда ярим финалга олиб чиққан эди бир замонлар. Лекин эътиборга лойиқ ўйин кўрсата олмагани эсимда. Қосимов раҳбарлигида “Бунёдкор” фақат ОЧЛда ҳамжиҳат, шиддаткор ўйин кўрсатмоқда. Улар майдонда жон-жаҳди билан ўйнашмоқда. Лекин, шунга қарамасдан юқорида “мадҳ“ этиб санаб чиққаним, кўзга кўринмас ўзбек футболига хос нуқсонлар ОЧЛда ҳам бўй кўрсатмоқда. Ўйиннинг оёғидан чалиб турган, бизнинг нуқсонлар келтириб чиқарган эпизодларни ҳали бирма-бир айтиб ўтишим бор. Улар ОЧЛ ярим финалидаям ошкор бўлишди. Бу ҳақда ҳалироқ айтаман, бу мавзуга яна ва яна қайтаман, ҳозир эмас. Ҳозир гап мураббий фаолияти ҳақида бормоқда.

“АС-САДД” ВА БИЗ
Холиқов ўз мақоласида Қосимовни “кучли тактик” деб айтди. Ўйин атрофида содир бўладиган турли муносабатларни тактик маҳорат билан бошқара олишини эътироф этган бўлса, мен журналист гапига қўшиламан. Мисол учун айтсам, Абрамов пайтида термада яхши ижодий, инсоний муҳит яратилган эди. Буни қадрлаган Қосимов термадаги мутахассислар таркибини ўшандайлигича сақлаб, Абрамов яратган инсоний муҳитни асраб қолди. Бу ҳам тактика. Холиқов гапига тағин бир илова бор. Қосимов фаолияти ўн етти ёшидан бери кўз олдимизда ўтмоқда. Босқичма-босқич, биртекис ўтиб бормоқда. У ҳозиргача қоқилмади. Илоҳим, ҳеч қоқилмасин.

Абрамов ўзининг ёрқин, лекин қисқа терма мураббийлиги фаолиятида неча марта қоқилди? 0:6 бу қоқилиш эмасми? Гап ҳисоб рақамларида эмас. “Рома” ЕЧЛда 1:7 ҳисобида “МЮ”га ютқазгани эсимда. Бу футбол. Гап Осиё кубоги-2011нинг ярим финалига чиқиб, гуруҳ босқичига ҳам арзимайдиган ўйин кўрсатганимизда. “Муғомбирлик маҳорати” воқеаси, ё қорда ўйин вақтини белгилаш “юмори” қоқилиш эмасми? Аксинча, Қосимов қадамлари доим салобатли бўляпти.

Агар Холиқов ёзган ўз мақоласида таъкидлаб, мураббий бир ўйин давомида турли хил ўйин тасвирини яратиш, чизиқлар орасидаги боғламларни бир тайм давомида ўзгартириб, ўйин сифатини ошириш маҳоратини кўзда тутган бўлса, мен унга қўшилмайман. Қосимов “Бунёдкор”ни ОЧЛнинг ярим финалигача олиб келди. Ниманинг эвазига бу кунга етиб келганимизни боя санаб ўтдим. Бу йил бултурги натижага нисбатан катта ўсишга эришдик. Шундай суръат билан ўсишда давом этсак, кейинги йил ОЧЛнинг чемпиони бўламизми, ё камида финалчиси? Билмадим. Бундай бўлишига шубҳам бор. Бултур “Бунёдкор”дан унчалик кучли бўлмаган “Ас-Садд” жамоаси ОЧЛнинг чемпиони бўлгани эсимда. Бу ғалабада бошқа омиллар қаторида биринчи ўринда мураббий Хорхе Фоссатининг хизмати ҳам туради. Бу икки кишини ва улар кўрсатган қатор ўйинларни бир-бирига солиштириб кўринг. Маҳоратдаги фарқни сезяпсизми? Қосимов ўз фаолиятида бир нуқтага етиб келди. Бўлди. Яъни мураббийликда маълум бир босқични босиб ўтди. Биз ҳам у билан бирга бир жойга етиб келдик.

ЎЗ БИЛГАНИНИ ҚИЛИШ
Бу босқичга етиб келиб, ҳар хил сабабларга кўра ўсишдан тўхтаган мураббийлар анча топилади. Т.Агамуродов, Б.Ҳакимов, Р.Инилеев, Р.Ҳайдаров ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. Ю.Саркисян анча йиллардан бери ўзини ўзи такрорлаб келмоқда. Қосимов янги босқич олдида, яъни навбатдаги довон олдида турибди. Бундан буён у янги довон устига интиладими, йўқми? Бундан буён ўз мураббийлик маҳоратини ўстирадими йўқми, бу ўзига боғлиқ. Билвосита сизу бизга ҳам. Биз мураббий маҳоратига кўзгу бўламизми ёки ҳозирги ютуқларини мадҳ этиб, уст-бошидан олқишлар ёғдириб турамизми, бу ҳар бир кимсанинг ўзбек футболига нисбатан шаклланган муносабатига боғлиқ. Кимда ким “мен миллиондан бир зарраман, менинг куюнишларим, оҳ-воҳларим ҳеч нарсани ўзгартирмайди” деб, Еврофутболга тикилиб, ундан роҳатланиб юрадими? Ёки “четда турмайин, мен ҳам термамиз учун керакман” деб, интернет саҳифаларида, “Арена” тўлқинларида фаол қатнашиб, ҳар бир ўйинда стадионга келиб ишқибозчилик қиладими, бу ўзига боғлиқ. Фақат, шу нарса кундай аёнки, футболимиз равнақи Сизу бизга ҳам боғлиқ. Шунданми, ҳамма ўз билганини қиляпти, билганича қиляпти. Мен ҳам шулар жумласиданман. Энди сўзимда давом этаман.

КОМБИНАЦИЯ НИМА?
Ўша “етиб келган нуқтамизга” бир тикилиб қарайлик, нимани кўрамиз? ЖЧ-2010нинг финал жанглари томон, ЖАР томон интилган ўйинларимизни, ўшанда терманинг голсиз ўтган кунларини бир эслаб қўйинг. “Бунёдкор”нинг бу йил ТТЗдаги ўхшамай қолган ўйинини кўз олдингизга келтириб, “Жар”даги “Ульсан”га қарши “Бунёдкор”нинг худди ўзига ўхшаб қолган ўйинини унинг ёнига қўшиб қўйинг. Буларнинг фонида 11 октябрда Доҳада ўтган терманинг ғалабали ўйини турсин. Қосимов, ”Биз жуда кўп зарбдор, голвар вазиятларни яратиб гол ура олмаётибмиз”,- деб матбуот анжуманларида кўп бор такрорлаяпти. Баъзиларнинг гапига кўра омад биздан юз ўгиряпти экан. Омад. Бўлмаган гап. 90 дақиқа бир жамоа боши-кетини билмай ақлсиз, яъни бир хил тарзда, бесамар ҳужум уюштириши мумкин. Ва бундай ўйинда бирор марта гол уролмай мағлуб бўлиши ҳам мумкин. Биз ҳақиқий голвар вазиятга умуман чиқа олмаяпмиз. Биринчидан, силсиланинг бошида, яъни ҳужум туғилишида боши берк кўчага кириб кетяпмиз. Иккинчидан, гоҳ чап, гоҳ ўнг қанотга кераксиз тўп оширишлар қилиб, яъни мижғовланиб вазиятни ўлдиряпмиз. Натижада рақиб бизга қарши қатлам-қатлам зич ҳимояни яратиб оляпти. Учинчидан, бизнинг ожиз икки, нари борса уч боғламли силсиламизни олдиндан уқиб олиб тўпни биздан олиб қўймоқдалар. Қандай қилиб?

Оширмани эркин қабул қилишга йўл беришмаяпти. Зарбагаям, оширмагаям тўсма қўйиш форсларда, карисларда баланд (бу сўзни блокировка дейсизлар, чоғи.) Тўртинчидан, биз тез ва кучли зарб билан оширишни, руслар “проникаюший пас” дейишади, яъни ҳанжар ҳамласидай ерлатиб қисқа ва ўрта масофаларга тўпни кучли зарб билан оширишни билмаймиз (ички чемпионатимиз ўйинларига “раҳмат”). Бир дақиқа ичида аниқ бажарилган оширмалар сони кам, яъни оширувлар тезлиги бизда жуда паст. Доим имиллашади (ўз ички ўйинларимиз касри билиняпти). Буни енгиш учун доимо кам деганда беш, олти ўйинчимиз тез фикрлаб, тез ва ҳамжиҳат ҳаракат қилиши керак. Бизда эса ҳар бир силсилада икки, онда-сонда уч киши қатнашади. Фақат ўнинчидан, ўнинчи навбатда, ўнинчи ўринда Қосимов айтганидай, ҳужум силсиласининг сўнгида, дарвоза томон кучли, аниқ зарба бериш борасида оқсаяпмиз. “Омад биздан юз ўгирди”, деб ҳар куни доим эшитяпган гапга келсам, ман бу тўғрисида бир нима дея олмайман. Чунки бу нарсани мен умуман тушунмайман. Зарба кучи эса алоҳида мавзу бўла олади. Бу ҳақда кейин гаплашамиз. Айтганларим етиб келган жойимизнинг бир сурати, холос.

ҲИМОЯМДА ДРОГБА БОР
92-дақиқада Нестеровни йиғлатган Абдулраҳмоннинг жаримадан йўллаган аниқ зарбасини эсланг. Баҳрайн термасининг, ўшанда арабларга тегишли Чехиядан келган бош мураббийининг уюм қовоқларини ёмон кўриб қолганман. Мочало эди шекилли... Айтмоқчиманки, гўёки биз 90 дақиқа ҳужум қилгандекмиз. Аслида-чи, Баҳрайн термаси ўз дарвоза майдонига қадар чекиниб, унинг ҳимоя силсиласида барча ўйинчи қатнашиб, бизни умуман голвар ҳолатга чиқазмасдан, саросимага тушмасдан ўйнашди. Бу йил эронийлар бизга қарши “Жар”да шундай ўйнашди-ю, ютиб кетишди. Эронийлар карисларга қарши кечган ўйинда аввалига баравар ташашиб туришди, карислар ҳужуми рақиб жаримасига етиб бормасидан эронийлар ҳимоясида ботиб қола берди. Бу орада форслар ҳам ҳужум уюштириб, карислар ҳужумига сув сепиб туришди. Форсларда ўйинчилар сони битта кам қолгач, улар ҳужум ҳовуридан тушиб, қайсарликни ташлаб, орқага чекинишди. Ҳимоялана туриб кариснинг бўш қолган майдонида ўткир ҳужум уюштириб 87-дақиқада гол уриб олишди-ю, рақибни ютиб кетишди. 1:0. Бизга қарши ўйинда форслар аввалига 15 дақиқа ҳавфли ҳужум уюштириб туришди. Улар ҳужумда ҳам яхши ўйнай олишини шунда ўз кўзим билан кўрдим. Абрамов буни кўролмай қопти, шекилли. Кейин бутун ўйин давомида Кейруш кўрсатмасига биноан, атайин орқада ўйнашди. Кўп вақт биз ҳужум қилдик. Гўё тўп назорати бизда эди. Аммо ўйин назорати уларда бўлди. Ва форслар бизни ютиб кетишди. Ундан кейин нима бўлганини биласиз. Бу етиб келган жойимизнинг иккинчи сурати.

Яна бир мисол келтирай. Масалан, “Челси”нинг ўткир ҳужум қилиш қобилияти жуда баланд бўлса-да, бултур ЕЧЛ ярим финалида “Барса”ни ўз майдонига чақириб олиб, вазиятни қўлда сақлаб туриб, бўш қолган рақиб майдонида ўткир ҳужум уюштириб турди. Замонавий футболда Дрогба, Торрес каби моҳир ҳужумчилар ҳимояда ҳам жуда фойдали ҳаракат қила олишади. “Жар”даги “Бунёдкор”нинг ярим финал ўйинида 1:0га карисларни ютиб турибмиз. Карислар гол ўтказиб юборгач, 15 дақиқача саросимага тушмадилар-у, майдон ва ўйин назоратини бизга бериб қўйдилар. Бизда ўткир ҳужум қилиш қобилиятимиз баланд бўлганида эди, бундай қулай имкониятдан фойдаланиб иккинчи голни уриб олар эдик. Бундай бўлмади. Сабаб илдизини, аввало боя санаб ўтганим ўйин нуқсонларидан қидиринг. Кўрдингизми, мана шунинг учун ўйинимиз сифати карисларникидан паст эди. Худди икки хил вазндаги боксчи рингга чиққандай бўлди. Улар ўзига келиб олгач, ўйин назоратини қўлга олишди-ю, бизни ютиб кетишди — 1:3. Чунки улар ўткир ҳужум қилишниям, жиддий ҳимояланишниям биздан ортиқ билишар эди. Сиз бунинг гувоҳи бўлдингиз. Кореядаги жавоб ўйинимиз натижаси олдиндан аён эди. Лекин бизнинг йигитлар жанг қилишди. Ички чемпионатимизда бундай жанговар ўйинларни умуман кўрмаймиз. Ҳисобдан қатъий назар, бу йилги ярим финал ўйинлари футболимиз тарихини безаб туради. Шундай экан, ютуқларимиздан хурсанд бўлиш ўрнига нега футболимиз “тирноғидан” кир-чир қидиришни давом эттиряпман. Б.Абдуллаев ёзганидек, мен ҳам кир тирноқларга лок суртишдан кўра, уларни тозалаб қўйишни маъқул кўраман.

БАРЧАСИНИ БОЗОРГА ТЎНКАШ
Агар журналистларни тўғри тушунган бўлсам, Қосимов ҳар бир ўйиндан сўнг матбуот анжуманида, йигитларимиздан розиман, ўйинимиздан мамнунман деган фикрда гапиряпти экан. Биринчи жумласи майдонда жон олиб, жон бериб ўйинга бор кучини ташлаган йигитларга айтган далдаси бўлса, мен уни олқишлайман. Офарин. Иккинчи жумласи нима дегани? Жамоа ўйинини мураббий шакллантиради, демак у ўз меҳнатидан мамнун экан-да. Йўқ, бу дегани ўйин ҳақидаги ўз фикрини оммадан яширяпти дегани. Тушинарли ҳол. Мен сиздан ҳеч нарсани яширмайман. Ўз фикримни ошкор-ойдин билдиришим менинг вазифам, бурчим, бурдим.

Гапни узоқдан бошлайман. Ўша, “Пахтакор” – “Динамо” ўйинидан сўнг ўғлим Умарали мени стадион ёнида кутиб турган экан. Яхши бўлди. Унинг мошинасида уйга етиб келдим. Йўлда бўлиб ўтган суҳбат ҳозир эсимга тушяпти. Ўғлим фикрига кўпам қўшилмасам-да, унга эътироз билдирмай келдим. Тўғри, бизнинг футбол ҳам аста-секин бозорга кириб келяпти. Бозорда ҳамма нарсани маблағ белгилайди. Чиқимсиз яхши натижага етиб бўлмайди. Аммо футбол бу аввало ўйин, шунинг учун кўп нарса футболда товарга айланмайди. Яхши натижа кўп омилларга боғлиқдир. Биринчиси — Шараф тушинчасидир. Капелло бу тушунчани “жамоа либоси” деб таърифлади. Бугун уни тилга олмаймиз. Майдон ташидаги ташкилолотчилик маблағга боғлиқ бўлса, яшил майдонда ўйинни яхши ташкил қилиш ақлга, меҳрга, садоқатга, маҳоратга боғлиқдир. Булар пулга топилмайдиган “матоҳ”лардир. Ўйинни ташкил қилишда ҳамма клубларимиз ўйинига хос бир хил нуқсонлар борки, уларни йўқотсак, масалан, “Динамо” ҳам катта натижага эриша олади. Бунинг ўрнига ҳамма бир-биридан андоза олиб ўйнаяпти, ҳамма ожиз ўйнаяпти. Бизнинг ҳужум уюштириш қобилиятимиз паст. Ҳужум ўз жарима майдонимиздан бошланиши керак, аслида. Одам йиғмасдан катта масофада ўткир, тезкор ҳужум уюштиришимиз керак. Икки, уч оширмалар билан катта масофани босиб гол уриб, ҳимояга қайтишимиз мумкин-ку. “Динамо”, эшит, майдонда шунга ўхшаш замонавий ўйин тасвирини яратиб олсанг, Олам — гулистон. Итнинг кейинги оёғи бўлиб юрмайсан. Бу гапларни тадбиркор ўғлимга эътирозим ўрнида ёздим.

КАСБИКОМИЛЛИК
Қосимовга қайтсак, “Бунёдкор”нинг менга ёққан ярим финал ўйинларида карислар ҳимояни бизнинг жарима майдонимизда бошлашди. Икки ё учта карис ҳужумчиси прессинг қўллаяпти. Биласиз, улар биздан чаққонроқ ўйнашади. Бизнинг ўртакашлар очилишмаяпти. Учта ҳимоячимиз бир-бирига ва Нестеровга тўп оширишяпти. Шу нарса карислар учун етарли бўлди, улар атайин ўз майдонига чекиниб ҳимояни боплаб қўйишди. Ҳатто ҳужумчилари ҳам марказга чекинишди.Ўйинни уларнинг майдонига ўтказиб олдик. Лекин ичкарига кира олмаяпмиз. Рухсат йўқ. Тўпни тўхтаб қолган ўйинчига узата бошладик. Бу аҳволда тўпни ўзимизда сақлаб туриш учун барча ўйинчиларни карис майдонига йиғиб олганмиз. Карисларга худди мана шу нарса керак эди. Энди улар тўпни биздан олиб қўйишяпти-ю, марказдан катта масофада ўткир, тезкор ҳужум уюштиришяпти. Айтганларим икки ярим дақиқа ичида содир бўляпти. Улар бизга гол уришяпти, бизни ютиб кетишяпти. 3:1, кейингиси керакми, марҳамат — 2:0. Ўйинимиз тасвирини ўзгартирадиган мард борми ўзи? Бор. Қосимов сизу биздан ўз соҳасида анча ақллироқ касбикомил (профессионал) мураббийдир. У матбуот анжуманларида ўйин ҳақида ўзининг бундан ҳам муҳимроқ фикрларини ошкор қилмай, сукут сақлайди.

Мен сизларга қаршимиздаги довон манзарасини ҳар тарафдан чизиб бердим. Қосимовга пояма-поя бу довонга кўтарилиш имкониятини Тангрим яратиб беряпти. Навбатдагиси 14-санада бўлажак Эронга қарши жанг. Тангрим масалан, Инилеевни эмас, Қосимовни танлади. Унга ижод имкониятини яратиб берди. Ҳикмати бор. Бу ЎЗИга аён.

Азизларим, узундан-узоқ мақоламни ўқиб чиқдингиз. Раҳмат. Аслановга жавоб қани, дерсиз. Менинг бу мақолам унга жавобдир. Аслида, мен ишқибозман. Аслимдан келиб чиқиб, мен ҳам Қосимовга, ўйинчиларга Эронга қарши жанг олдидан маслаҳатларимни берсам дейман. Ўша куни ғалабамизни кўрсам дейман. Қани эди.

Бунинг ўрнига Аслановга жавоб ёздим. Мен учун футболимиз фароғатидан кўра, унинг балоғати муҳимроқдир. Суратидан кўра сийрати муҳим. Худо хоҳласа, биз Эрон термасини ютамиз. Сиз ғалаба нашидасини туйиб, фароғатда чўмиласиз. Мен эса янада ривожланиш йўлини ўйлайман, излайман, навбатдаги равнақ поясини сизлайман.

Ҳурмат билан сизларга елкадош,
Ҳасанали ҚОДИРОВ

Киритилган сана: 10.11.2012 12:36. Ўкилди: 7625 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

Билдирилган фикрлар:


FILOSOF
Сана: 10.11.2012 19:56. FILOSOFга ёзиш
+-1; -0
"Словесный понос" хамда баландпарвоз гаплар.Якинда Абрамовни /Барселонани/ киска пасли уйинини еклаб турувдингиз, энди негадир карши хужум тактикасини реклама киляпсиз.

Ушбу фикрга жавобан


FILOSOF
Сана: 10.11.2012 19:55. FILOSOFга ёзиш
+-1; -0
"Словесный понос" хамда баландпарвоз гаплар.Якинда Абрамовни /Барселонани/ киска пасли уйинини еклаб турувдингиз, энди негадир карши хужум тактикасини реклама киляпсиз.

Ушбу фикрга жавобан


SPAYSBOYS
Сана: 10.11.2012 18:29. SPAYSBOYSга ёзиш
+0; -0
mazza qilib o'qidim maqolani

Ушбу фикрга жавобан


INYAZ
Сана: 10.11.2012 17:58. INYAZга ёзиш
+0; -0
Бизнинг бундай ўйинларда Нагаев иқтидорини “чанг” қоплаб олмайдими?-----To`ppa to`g`ri . yashang Xasanali ota. Salomat bo`ling .

Ушбу фикрга жавобан


INYAZ
Сана: 10.11.2012 17:55. INYAZга ёзиш
+0; -0
“Динамо”, эшит, майдонда шунга ўхшаш замонавий ўйин тасвирини яратиб олсанг, Олам — гулистон. Итнинг кейинги оёғи бўлиб юрмайсан.----To`ppa to`g`ri Xasanali ota. Yashang . Salomat bo`ling.

Ушбу фикрга жавобан


MOBITEL
Сана: 10.11.2012 15:58. MOBITELга ёзиш
+0; -0

Ушбу фикрга жавобан


MOBITEL
Сана: 10.11.2012 15:45. MOBITELга ёзиш
+0; -0
рахмат яхши макола бубди! Миржалол укиса яхши буларди. Ха Косимовни тактикасини хамма укиб булди. . .

Ушбу фикрга жавобан


MOBITEL
Сана: 10.11.2012 15:44. MOBITELга ёзиш
+0; -0
рахмат яхши макола бубди! Миржалол укиса яхши буларди. Ха Косимовни тактикасини хамма укиб булди. . .

Ушбу фикрга жавобан


KHUSHNUD
Сана: 10.11.2012 15:17. KHUSHNUDга ёзиш
+0; -0
Термамиз айни пайтда осма куприкдан бир коп юк кутарган тулпор мисоли, югандан ушлаган одамга барча машаккатлар ва у уловини олиб утиш салохияти узига боглик. Чапга торт унга торт, олдига юкни утказсанг оркага тисарилади деб коп онтарилиб кетмасин охири. Мухими узимизни услубимизни шакллантириб борайлик

Ушбу фикрга жавобан


RAZVEDCHIK
Сана: 10.11.2012 14:41. RAZVEDCHIKга ёзиш
+0; -0
Hudo hohlasa yutamiz....

Ушбу фикрга жавобан


GOLBOLSIN
Сана: 10.11.2012 14:02. GOLBOLSINга ёзиш
+0; -0
Aslanov FAROG'ATNI, Qodirov BALOG'ATNI istaydi. Ikkisi ham haq. Hatto tasodifan, loyiq bo'lmagan holda JCh ga borib qolsak ham, bu futbolimizning balog'atiga turtki bo'ladi. Futbolimiz balog'atga erishsa, farog'atning kattasi o'shanda bo'ladi. Braziliyaga borishga 1-2 qadam qolganida hisob-kitoblarni ham, futbol peshvolarini ham, balog'atu, farog'atni ham unutib raqiblardan kuchliroq, chidamliroq o'ynash, ulardan ko'proq gollar urish kerak. Olg'a O'ZBEKISTON!!!

Ушбу фикрга жавобан


GOLBOLSIN
Сана: 10.11.2012 14:01. GOLBOLSINга ёзиш
+0; -0
Aslanov FAROG'ATNI, Qodirov BALOG'ATNI istaydi. Ikkisi ham haq. Hatto tasodifan, loyiq bo'lmagan holda JCh ga borib qolsak ham, bu futbolimizning balog'atiga turtki bo'ladi. Futbolimiz balog'atga erishsa, farog'atning kattasi o'shanda bo'ladi. Braziliyaga borishga 1-2 qadam qolganida hisob-kitoblarni ham, futbol peshvolarini ham, balog'atu, farog'atni ham unutib raqiblardan kuchliroq, chidamliroq o'ynash, ulardan ko'proq gollar urish kerak. Olg'a O'ZBEKISTON!!!

Ушбу фикрга жавобан


GOLBOLSIN
Сана: 10.11.2012 14:00. GOLBOLSINга ёзиш
+1; -0
Aslanov FAROG'ATNI, Qodirov BALOG'ATNI istaydi. Ikkisi ham haq. Hatto tasodifan, loyiq bo'lmagan holda JCh ga borib qolsak ham, bu futbolimizning balog'atiga turtki bo'ladi. Futbolimiz balog'atga erishsa, farog'atning kattasi o'shanda bo'ladi. Braziliyaga borishga 1-2 qadam qolganida hisob-kitoblarni ham, futbol peshvolarini ham, balog'atu, farog'atni ham unutib raqiblardan kuchliroq, chidamliroq o'ynash, ulardan ko'proq gollar urish kerak. Olg'a O'ZBEKISTON!!!

Ушбу фикрга жавобан


GARRYPOTTER
Сана: 10.11.2012 13:24. GARRYPOTTERга ёзиш
+0; -0
MANIYAM ERONGA QARWI Kengaytirilgan tarkibdan konglim tolmayapti!!!

Ушбу фикрга жавобан

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.