Кириш Регистрация
21/12 00:45 Верона 0-1 Милан
21/12 01:00 Жирона 3-0 Вальядолид
21/12 17:30 Астон Вилла 2-1 Манчестер Сити
21/12 18:00 Хетафе 0-1 Мальорка
21/12 19:00 Торино 0-2 Болонья
21/12 20:00 Брентфорд 0-2 Ноттингем Форест
21/12 20:00 Ипсвич 0-4 Ньюкасл
21/12 20:00 Вест Хэм 1-1 Брайтон
21/12 20:15 Сельта - Реал Сосьедад
21/12 22:00 Женоа - Наполи
21/12 22:30 Кристал Пэлас - Арсенал
21/12 22:30 Осасуна - Атлетик Бильбао
22/12 00:45 Лечче - Лацио
22/12 01:00 Барселона - Атлетико
22/12 16:30 Рома - Парма
22/12 18:00 Валенсия - Алавес
22/12 19:00 Фулхэм - Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер - Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед - Борнмут
22/12 19:00 Эвертон - Челси
22/12 19:00 Венеция - Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид - Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм - Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта - Эмполи
22/12 22:30 Леганес - Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас - Эспаньол

Блог

Ҳасанали ота

Ўзингни англа

Аксириш (5-қисм)

Баҳо:
+0; -0

Сиз ким бўлманг, ё ЎФФ раҳбари, ё ПФЛ раиси, ё футболчи, ё йўлчи, ё қассоб, ё сарроф, ё спорт вазири, ё футбол мураббийи бўлманг, ким эканлигингиздан қатъи назар Сиз Ўзбек футболига бефарқ эмассиз. Унинг равнақ топиши, кучайиши тарафдорисиз. Шу нуқта, шу нуқтаи назар атрофида ҳаммамиз бирлашайлик. Ва футбол тизимини ислоҳ қилайлик. Бу борада қуйида айтмоқчи бўлган таклифларимни жиддий кўз билан ўқиб чиқинг ва, майли, уни инкор этинг. Ўрнига ўз таклифингизни беринг. Фақат бефарқ бўлманг. Четга чиқманг.

ЭШИК ОРТИ
ПФЛ нима дегани? Унинг бир талай ходимлари нима билан шуғулланади? Мактаб завучининг ишини қилишадими. Бу ишни, яъни чемпионат тақвимини тузишни бир пайтлари Никимбаевнинг бир ўзи бажарар эди. Бизда профессионал футбол йўқ. БФЛ деб ном бериш керак. Боқиманда Футбол Лигаси, деб номини ўзгартирсак тўғри бўлади. Профессионалнинг ўз маҳсулоти бўлиб ўз харидорига эга бўлиши керак. Хоҳ маҳсулот ишлаб чиқаришда бўлсин, хоҳ ҳизмат кўрсатишда бўлсин, харидори учун курашиши керак. Масалан, ФК “Пахтакор” юридик шахсми? Банкда ҳисоб рақами борми. Унинг балансида қандай мулк бор? Стадион ва унинг атрофидаги инфратузилма унинг мулкими? ФК “Пахтакор”нинг эгаси ким? Ҳиссадорлар жамиятими? Акцияларнинг асосий пакети кимга қарашли? Акциядорлар мажлисда ФК президенти ва вице-президентини сайлаб қўйишадими? Кўчмас мулкка ким эгалик қилади? Шаҳар ҳокимиятими? Ундай бўлса, Стадион ходимлари ҳокимиятдан ойлик олишадими? ФК “Пахтакор” шаҳар ҳокимиятига ижара ҳақи тўлайдими? Стадиондаги ҳожатхонани таъмирлаб беринг деб, шаҳар ҳокимиятига арз-дод қилайликми, ё Раҳимовгами? ФКнинг балансида футболчилар либоси ва тўплардан бошқа бирон бир мулк борми ўзи? Ёппасига хўжасизлик, эгасизлик. Клубнинг ички ҳаёти ёппасига, қопқасига ёпиғлиқ ҳолат.

СОМСАПАЗ ДАРС БЕРМОҚДА
ФК ўз маҳсулотини харидорга сотиш эвазига даромад кўрадими? Бу ҳаётнинг асосий қонуни бўлса-да, нега футбол бунга амал қилмайди? Масалан Киркоров бир кунлик томошадан мўмай даромад олайин деб уч ойдан бери Тошкент кўчаларини ўзининг ва “кундошининг” сурати билан бежаб ташлади. Масалан, қанчадан қанча савдо масканлари Дрогба, Месси, Торреснинг сурати билан харидорни ўзига тортишмоқда. Футболдан фойдаланишмоқда. Футболнинг бундай имконияти бизнинг ФКлар учун мутлоқ керак эмас. Бир сармоядор кичкина ресторан очса, бутун шаҳарга овоза қилади. Рекламани биринчи навбатда юқори даражага кўтаради. Ҳамма кўчаларга баннерларини осиб ташлайди. Рестораннинг чор атрофига тўртта қизиқчини кийинтириб қўяди. Ресторан ичини ҳаммага кўрсатиб, видеофильм чиқаради. Чунки маҳсулотни сотиш, харидор учун курашиш даромад топишнинг асосий қонуни. Фақат футболда эмас.

Тошкентда “Пахтакор” клубини реклама қилувчи биттагина баннер Навоий кўчасида, Институт биноси олдида осилиб турибди. Бу матода клубни аллақачон тарк этган Темур Жўраев, Илҳом Суюнов, Темирхўжа Абдухолиқов каби бир қатор собиқ “Пахтакор”чилар сурати ҳам қатордан қолмай, ёмғирда ивиб, офтобда сарғайиб, шамолда йиртилиб, уятдан сўррайиб туришибди. Шу ҳам реклама бўлибдими? Ўз маҳсулотига, яъни футбол тамошасига муносабат шу бўлса, ишқибозчилик ҳаракатининг ўлишига ўзлари сабабчи бўлишмаяптими? Футболимиз қотили ўзлари эмасми? Ишқибозсиз футбол футбол эмас-ку. “Локомотив” билан бўлган дерби ўйини қайси Киркоровнинг концертидан орқада қоларди. Бу ўйинни 10 кун бутун Тошкент кўчаларида реклама қилсак арзимасмиди? Сомсапазнинг мулки, маҳсулоти, харидори бор. Футболчида ҳеч нарса йўқ. На мулки, на дилга манзур маҳсулоти бор. Шунинг учун унинг харидори йўқ. Лекин унинг ҳомийси бор. Ҳо-мий-си. Футболдагилар берсанг ейман, бермасанг ўламан деб кун кечиришади. Ўзлари пул топишмайди. Шунга улар рози. Чунки оғзидаги луқмаси жуда катта. Солиштиринг. Оксана Чусовитина Осиё ўйинларида 42 ёшида яна совриндор бўлди. Бу ёшда натижа кўрсатиш учун гимнастка ёшларга нисбатан икки-уч баробар кўп машқ қилишини биламиз. Залдан чиқмайдиган Чусовитинанинг ойлиги 600 минг сўм. Келишувчан чемпионатимизнинг совриндор футболчиси, кунига икки марта икки соатдан машқ қилиб, 10 млн сўм ойлик олади. Бундай луқмани чайнаб турган одам тағин қандай харидорни, қандай рекламани, қандай маҳсулотни, қандай даромадни ўйласин. Даромад яшил майдондаги ўйин маҳоратига эмас, клубнинг, ўйиннинг тарғиботига эмас, ҳомийдан пул олиш (соғиш) маҳоратига боғлиқ. Бундай маҳорати бўлмаган “Гулистон” йўқ бўлди, қўйди.

ИНЖИҚ ҚИЗГА ҚАРАМАНГ
Футболимизнинг бу манзараси кўз олдимизда турсин. Шу осмонўпар картина олдида ислоҳатлар ҳақида бош қотирайлик. Шунча мутахассис, мутасаддилар бош қотирмасдан қария ишқибоз ҳолимга мен бош қотиришим, изланишим, таклифлар беришим бемаъни алжирашга ўхшаб қолмоқда. Бошқалар жим туришгач, “алжираш”га розиман.

Мантиқан тўғри йўл тутиб, ҳар бир ФКга ўз эгасини топиб берайликми? Ундай қилсак, ўша эгаси футболдан ҳали бери даромад тополмай, тезда касод бўлиши тайин бўлади-ку. Россия йўли бизга тўғри келмайди. Бизнинг ер ресурсларимиз ер куррасининг олтидан бирига тенг эмас. Биз кўрпага қараб оёқ узатишимиз керак. Бундан ташқари бундай йўл тутсак, ФКнинг тақдири фалончи мулкдорнинг хоҳиш- иродасига, молиявий имкониятига, ҳатто инжиқ қизининг кайфиятига боғлиқ бўлиб қолади-ку. Масалан, Сулаймон Керимовнинг офшордаги пуллари билан бирга Доғистон футболи ҳам йўқолиб кетди-ку. Футболимизни кимсанинг мулкига боғлаб қўймайлик. Биз тескари йўл тутсак нима бўларкин? Ҳомийларни эгадор, мулкдорга айлантирмасдан, уларнинг ҳуқуқини, масъулиятини ҳозиргидан кўра озгина пасайтириб, тартибга солиб кўрайлик.

ИШЛАБ ТОПИЛГАН ОЙЛИК
Ҳомийларнинг футболга ажратаётган пуллардан асосий қисмини координацион марказга бирлаштириб, Футбол Фондини ташкил қилсак, нима дейсиз. Ҳомийларнинг футболимизга ажратиб бераётган ҳозирги пулларини бир жойга йиғсак, катта пул бўлади. Олий лиганинг ФК учун бир миқдорда, биринчи лига клуби учун бошқа миқдордаги фаолиятига етадиган минимал молияни тенг тақсимлаб берайлик. Старт пайтида ҳамманинг имконияти бир хил бўлади. Қолган даромадни ҳар бир клуб ўзи ишлаб топсин. Ҳомийлардан тиланиб эмас. Қандай қилиб? Ўйинчиларнинг трансфер хуқуқини сотсин, трансляция хуқуқини сотсин (бу эртакнамо гап бўлди), билет сотсин, реклама сотсин. Тағин турли бонусларни Футбол Фондидан тақсимлаб берайлик. Чемпионат ғолибларига, 4- 5-ўринларгаям мукофотлар белгилансин. Кубок соҳибига, финалчисига, ярим финалчисига ҳам мукофотни Футбол Фондидан белгилайлик. Ундан ташқари мавсум давомида 3та турнир ўтказайлик. Воҳа Кубоги, Водий Кубоги, Шош Кубоги деб номланган совринли турнирларни жорий қилайлик. Ғолиб учун катта миқдордаги соврин белгилайлик. Бундай турнирларда келишувга ўрин бўлмайди. Ҳар бир жамоа қўшимча даромад учун жанг қилади. Масалан, 8та иштирокчига эга бўлган бундай плей-офф турнирлари бир шаҳарда қисқа вақт ичида бўлиб ўтади. Ўзбекистон кубоги ўйинларини сақлаб қолган ҳолда, 2 йилда бир ўтадиган янги кубок ўйинини жорий қилайлик. Англияда учта кубок ўйинлари мавжуд-ку. Бизники ҳам учта бўлсин.

Ҳомийлар ўз жамоаси учун қўшимча моддий маблағ ажратгиси келса, марҳамат ажратсин. Фақат клублар буни ишлаб топсин. Стадионни ишқибозга тўлдириш йўлидаги клубнинг ҳар қандай ҳаракатини молия билан қўлласин. Ўйинга ташриф буюрган ишқибозлар (сотилган билетлар) сонига қараб ўз ҳомийлари фондидан қўшимча мукофот пуллари олишсин. Млн. сўмга билет сотсанг, ҳомийдан 2 млн. сўм қўшимча мукофот оласан. Шунда ҳомийлар ўз клубини қўлламоқчи бўлса, еб кетарга пул ажратмайди. Клублар бу пулларни ишлаб топишади. Футболни, навбатдаги ўйинни, жамоани, клуб футболчиларини том маънода тарғиб қилишни бошлаб юборади. Ўйинчиларнинг портретлар аллеясини кўчада барпо этади, Клуб ҳақида видео фильмлар яратади, ўйин буклетларини босиб чиқаради, Клуб номида чойхоналар, ресторанлар очади ва ҳоказо. Навбатдаги ўйинда ғалаба қозонгани учун ҳомий мукофот белгиламасин. Ўйиндаги ҳисоб рақамлари ҳеч нарсани билдирмайди. Жанговар ўйин дуранг билан тугаши мумкин. Келишилган ўйинлар йўлини тўсайлик. Энг яхши ўйинчига мукофот белгилансин. Ҳар қандай чоралар билан футболчилар ўз ойлигини бугунги аҳвол сингари ебкетар йўли билан топмасин. Ишлаб топиши учун ҳомийлар турли хил шароитларни яратиб беришсин.

КОЛЛЕЖ ИБРАТИ
Мутасаддилар, функционерлар олий лигамизда ўртачароқ, хира, пачоқ ФКлар (боқимандалар) сонини кўпайишини хоҳлашади. Ҳар йили мавсум тугагач, олий лигадаги жамоалар сонини 16га етказайлик деб, гапни чувалаштиришади. 18та бўлса, йўқ дейишмайди. Юртимизда ҳомийларнинг моддий-молиявий имконияти чексиз эмас. Аксинча, Олий лигада жамоалар сонини 10 гача камайтирайлик. Шунда Футбол Фонди молиясини бир жойга йиққан бўламиз. Ҳарбийларда бир қонун бор, фронт чизиғини торайтириб ҳужум уюштирилса, ғалаба муқаррар бўлади. Бундай қилсак, қатор шаҳарлар, вилоятлар футболсиз қолади деб эътироз билдирасизми? Гапингизга аниқлик киритаман. Футболдан эмас, савияси паст олди-сотти антифутболдан қутулишади. Футболимиз оммавийлиги зарар кўрмасин деб, Олий Лига билан 1-лига орасида янги лига, Юқори Лига мусобақаларини ташкил қилайлик. У ҳам 10та жамоадан иборат бўлсин. 10та Олий Лига, 10та Юқори Лига жамоаларини етарли даражада молиялаштирайлик. Уларнинг Инфратузилмасини халқаро талабларга жавоб берадиган даражада бекаму-кўст қилайлик. Бу вазифани давлат зиммасига топширайлик. Янги тузилажак Юқори Лига мусобақаси, ўйинлар савияси, ташкилий ишлари билан ҳозирги 1-лига ўйинларидан бир неча баробар баланд бўлади. Уларга қизиқиш ҳам, клубларнинг молиявий аҳволи ҳам ҳозиргидан неча бор баланд бўлади. Тўғри, олий лигага нисбатан бир даража паст бўлади.

Нима учун янги лига мусобақасини таклиф қилмоқдаман? 1-, 2-, 3-лига деб атасам бўлмасмиди. Олий ва ўрта таълимда қилинган ислоҳатлардан ўхшатма келтираман. Илгари ПТУга документ топшириш жуда камайиб кетган эди. Номини ўзгартириб, савияни оширдик. Ҳозир бундай касб-ҳунар таълим даргоҳларида ҳамма ўқимоқда. Коллежларни назарда тутмоқдаман. Одамга ташқи қиёфа муҳим бўлганидек. Ном ҳам муҳим.

ТОННА-ТОННА ПИЁЗ КЕРАК
Ажабланманг, пофессионал футбол лигамизда бор йўғи 20та жамоа қолишини пайқадингизми? Янги Зелландия, Исландия каби давлатларида ПФКлар сони бундан ҳам кам. Натижа, яъни клубларда инфратузилма савияси, мусобақа ва клублар савияси бизникидан баланд. Тонналаб картошка, пиёз етиштириш керак. Қанча кўп етиштирсангиз шунча яхши. Тонналаб, кечирасиз, доналаб, тағин кечирасиз, керагидан ортиқча неча юз нафар футболчи “етиштириш” керак эмас. Ҳозирги 1-лига мусобақаларимизни ким профессионал дейди? Майдоннинг чанги осмонга чиқиб ўйналган ўйинлар ҳолини ҳароб дейилмаган, сафарга автобус ташкил қила олмай “баранка” олган жамолар шўрига шўрва тўкилмайдиган, пешонаси шўр 1-лигамиз мусобақасини ташкил қилган раҳбарлар пинаги бузилмайдиган, мансаб ўриндиғи қуламайдиган футболимизни ким профессионал дейди? Сизгаям бу аҳвол барибирми? 20та клуб қолдириб ҳақиқий маънода профессионал мусобақалар ташкил қилсак яхши бўлмайдими? Ярим профессионал 1-лига мусобақаларини вилоятлар бўйича иложи борича чиқимларни камайтириб баланд даражада ташкил қилсак яхши бўлмайдими? Бу оғриқли масала, биламан.

Футбол мактабларимиз, академияларимиз, спорт интернатларимиз кўп. Қанчадан қанча иқтидорли болалар футболчи бўла олмай қолади, уларга клублар етишмай қолади, дейсизми. Футбол мактаблари сонини камайтириш керак бўлади дейсизми? Асло, кўпайтириш керак. Аввало, у ерда ўқиган болалар соғлом бўлишади. Футболни яхши биладиган, яхши тушунадиган бўлишади. Футболсиз ҳаётини тасаввур қила олмайдиган болалар, футбол билан ўзини умрбод боғлаган болалар, албатта футбол ичидан бирор иш топади. Моуриньо, Слуцкий, Непомняший, Абрамовлар футболчи сифатида катта натижаларга эришмаган эдилар. Бу кимсалар Футболни яхши кўргани учун мураббийлик истеъдоди очилиб кетган. Қанча мураббийлар ишсиз юрибди, дейсизми? Клуб маъмуриятида ишловчи раҳбарлар лавозимида футболни тушунмайдиган одамлар қанча. Бу лавозимларда фуболдан чиққан одамлар ишласин. Собиқ футболчиларнинг ақл заковати, маълумоти, билими, маданияти етарли даражада эмас, дейсизми. Балким шундайдир. Лекин ўйин тафаккури 0 даражада бўлган, футбол тушунчасида алифни калтак деёлмайдиган раҳбарлардан футболга нима фойда тегади. “Бавария”да бошқарув раиси бўлиб ишлаётган Румменигее ўрнига ҳамда фахрий президент Бакенбауэр ўрнига масалан, футболдан бехабар темирйўл ходимларини тайинлаб қўйишганида борми, “Бавария” футболнинг юмшоқ майдонида “авария”га учраб қолмасмиди?

Тағин бир мисол келтираман. Жамоага психолог ёрдами керак деймиз. Гимнаст учун керак эмасдур. Мураббий керакли пайтда атлет қулоғига керакли сўзни топиб айта олади. Футбол жамоавий ўйин. ФК кичик бир социал жамланма. Психолог хизмати жуда муҳим. Ҳозирча мураббийнинг ўзи бир амалламоқда. Психологларга мурожаат қилсак, улар футболни мутлоқ тушунишмайди. Улардан фойда йўқ. Бизда кучли психологнинг ўзи йўқ. Профессионал клубда ўзини синаб кўрган футболчи ўқиб, ўрганиб психолог бўлса, қани эди.

КЕРАКСИЗ ТОШЛАР
Ўйини терма даражасига чиққан 10та 16 яшар йигитнинг фақат учтаси олий лига ўйинларида ўзини кўрсатади. Қолганлари четда қолади. Бу табиий ҳол. Қолганлари ҳам футбол билан ўз ҳаётини боғлаши мумкин. Футбол журналисти бўлсин, футбол доктори бўлсин, футбол агенти бўлсин, футбол тадбиркори бўлсин, ОФК ёки ФИФА ходими бўлсин, футбол ҳаками, футбол кинооператори бўлсин майли. Ким бўлмасин, барибир ҳаёти футбол билан боғлиқ бўлади. 16 ёшгача футбол билан бирга яшаган вақти унинг ҳаётида муҳим воқеа бўлиб қолади. Шунда Футбол жамоатчилиги бизда кучли бўлиб шаклланади. Ҳозир эса, ўзбек футболига ҳеч нарса бермайдиган балласт, боқиманда футболчилар сонини кўпайтириб ётибмиз. Кемада доим балласт юк вазифасида тошларни олиб юришади. Фойдали юклар етарли бўлса, тошларни сувга ташлаб юборишади. Футбол кемамиз сиғимини камайтириб, фойдали юкларни кўпайтириб, тезлигини оширмоқчи бўлсак, бекорчи тошларга хизмат қолмайди. Уларни сувга улоқтириб ташлаймиз. Биласиз, Воҳада тўйлар, байрамлар курашсиз ўтмайди. Ютқазиб юрган полвон ўртага чиқмай қўяди. Футболда абжағи чиққан “полвонларимиз” жамоа алмаштириб боқиманда бўлиб юра беришади.

ТЕСКАРИ ЙЎЛ
20та ПФКда 400та профессионал футболчиларимиз бўлади. Тағин 100 нафар футболчимиз легионер саналиб чет элларда ўйнашади. Бунга қандай қилиб эришамиз? Футболчиларимиз ойлигини ёппасига бир даража пасайтириб эришамиз. Ҳайрон бўлманг. Ҳозир уларнинг ойлиги баъзи Европа давлатларидаги футболчилар ойлигидан баландроқ. Россия футболчиларининг ойлиги эса, Европа гранд давлатлари ойлиги билан тенг. Шунинг учун улар Европада ўйнаб, маҳоратимни ошираман демаяпти. Олдинга интилмаяпти. Шунинг учун Россия терма жамоа ўйини орқада қолмоқда. Собиқ Югославия давлатларида футболчиларнинг ойлиги паст. Уларнинг ярмиси легионер саналади. Лекин термалари жаҳон даражасида бақват ўйин кўрсатмоқда. Бу гапларим билан барча футболчиларимиз кўзига бир курак бўлиб кўринмоқдаман. Биламан. Майли катта ойликка интилсин. Лекин бунинг учун ўзининг ўйин савиясини ошириб Россияда, Европада ўйнасин, дейман. Бунга қандоқ эришамиз? Биринчи навбатта чемпионатимиз савиясини ошириб эришамиз. Ҳар йили гранд жамоаларимиз Осиё мусобақаларида юқори натижаларни қўлга киритишсин. Қатар клубларига ўхшаб легионер юлдузлар ҳисобига эмас. Термамиз Осиёда совриндорлар сафида юрса, Европа скаутларининг нигоҳи бизда бўлади. Бунинг учун боқиманда, келишувчан футболни батамом йўқ қилиш керак. Бунинг учун криминоген (келишувген) чемпионатимизни ўзгартирайлик.

ИККИ БОСҚИЧ ПИЛЛАПОЯСИ
Мусобақа форматини янгилаб кўп нарсани ўзгартириш мумкин. Ҳозирги классик услубдаги форматимиз, 150 йил тарихга эга бўлган Европа ФКга муносиб. Бизга йўл бўлсин. Буни ҳамма билса-да, нима учун бизда ҳеч нарса ўзгармай, эски ҳаммом эскилигича қолиб кетмоқда. Чунки янгиланиш деганда, тиззалари титраб тутқаноғи тутадиган корчалонлар қўлида футболимиз тақдири қолиб кетган. Улар ёзганларимни ўқишмайди. Ўқишса-да, бетаъсир қола беришади. Ундан кўра битта эшшакни топиб қулоғига танбур чертган яхшироқ, дейсизми? Балким шундайдир. Лекин, нега кўз ёшимни артиб ёза бераман? Мен ёзсам, Сиз азизим, ўқисангиз кўнгил озгина тасалли топади-да. Демак, формат ва тақвим бўйича таклифларим қуйидагича.

Чемпионатимизда мусобақалар 3 даврали бўлсин. 2-3-давралар уй ва меҳмонда бўлиб ўтсин. 1-давра ўйинлари нейтрал 1та ё 2та майдонда бўлиб ўтсин. Масалан Олмалиқ ва Тошкентда жамоалар бештадан йиғилиб, ҳар бир шаҳарда ҳар бир жамоа учтадан ўйин ўтказади. Турли ёшдаги Осиё кубоклари ўйинига ўхшаб кетади биринчи давра ўйинлари. Ҳар бир жамоа 27та ўйин ўтказиб, чемпионатимизнинг биринчи босқич ўйинлари тугайди. Бу босқичда очколар деярли ҳеч нарсани ҳал қилмайди. Лекин 4-5-ўрин учун қаттиқ кураш кетади. Мураббийларимиз мавсум охиригача очко йўқотишдан титраб, қақшаб юришмайди. Ўйин олди-соттисидан деярли маъно қолмайди. 1-дан 5-гача ўринни олган жамоалар медаллар учун нейтрал майдонда бир давравий турнир ўтказиб, 1-4-ўринни эгаллаган жамоалар аниқланади. Кейин 4та жамоа уй-меҳмон тизимида плей-офф ўйинларида кураш олиб бориб, совриндорлар аниқланади. Иккинчи босқич олдидан 5та жамоа чемпион бўлиш учун тенг имкониятга эга бўлади.

Шунда биз гранд бўлмаган клублар ҳам чемпион бўлганини кўрамиз. Совриндор бўлган клублар ўзининг молиявий аҳволини баланд даражага кўтариб олишади. Ашурматовга ўхшаб, кейинги йил қайси бадавлат ҳомий менга катта маблағ ажратаркин деб юрмайди. Плей-оффни ютади қўяди. Мавсум давомида мураббийлар очко “теримчилигини” қилмай, ўйин савиясини оширайин деб изланади. Ёшларни кўпроқ синовдан ўтказади. Нафақат асосий таркибни, иккинчи таркибни ҳам созлаб олади. Шунда баъзи ўйинларда асосий таркибда биз ҳам 16 яшар болаларни кўрамиз. Мураббийлар турли хил ҳужум моделларини яратиб олади. Ҳужумкор футбол бошланиб кетади. Куни кеча бўлиб ўтган Кубок финалига тенг ўйинлар сони иккинчи босқичда кўпаяди.

6-дан 10-гача ўринни эгаллаган жамоалар ҳам 2-босқичда худди шундай нейтрал майдонда бир давравий турнир ўтказиб, сўнги тўртта жамоа номини аниқлаб оладилар. Улар 2 давравий ўйинларда олий лигада қолиш учун уй-меҳмон тизимида жанг қиладилар. Олий Лига жамоасида молиявий имкониятлар Юқори Лигага нисбатан бир даража баланд бўлганидан олий лигада қолиш учун жанг қаттиқ бўлади. Биринчи босқичда 10-ўринни олган жамоа учун ҳам очко йўқотиш фожеа бўлмасдан, таркибни созлаш, ёшларни тарбиялаш, ўйин савиясини ошириб, иккинчи босқичдаги катта жангларда ўзини кўрсатиш муҳим вазифа бўлиб қолади. Матонатли ўйинлар сони кўпаяди. Ўйин келишувлари шунда йўқолади. 18-20 яшар ўйинчилар устида кўпроқ ишлаш, уларга асосий таркибдан жой бериш, янги хужум моделларини яратиш, таркибни созлаш имконияти ошади. 2-босқичда охирги икки ўринни эгаллаган жамоа ҳам бугунги “Андижон” аҳволига тушиб қолмайди. Улар Юқори Лигада 1-лига мусобақаларидан савияси ва молиявий таъминоти анча баланд бўлган ўйинларда қатнашаман, масалан, кубок ўйинларида ғалаба қозониш имкониятим сақланиб қолганидан, охиригача жанг қиламан, дейишади. Жанг қилиб олий лигага қайтаман дейишади. Малакали футболчилар уларнинг таркибини тарк этишмайди. Албатта, Юқори Лигада фарм клублар бўлмайди. Улар 1-лигада ўйнашади. Юқори Лига иштирокчилари ҳам боя айтганим, бирорта турнирда қатнашиб, унда ғолиб чиқиб, молиявий аҳволини тузатиб олиш имкониятига эга бўлади. Чунки совринлар сезиларли даражада баланд бўлади. Футбол телевидениясида катта ислоҳатлар қилмасак, футболимиз косаси оқармайди... Давом эттирсам, гапим тугамайди. Мавриди келди яна бир гап бор.

Давоми бор.

Киритилган сана: 19.11.2014 11:52. Ўкилди: 11710 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

Билдирилган фикрлар:


KARIMZHONS
Сана: 23.11.2014 00:31. KARIMZHONSга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.