Кириш Регистрация
20/11 01:00 Боливия 2-2 Парагвай
20/11 04:00 Колумбия 0-1 Эквадор
20/11 05:00 Аргентина 1-0 Перу
20/11 05:00 Чили 4-2 Венесуэла
20/11 05:45 Бразилия 1-1 Уругвай
21/11 18:00 Пахтакор - ОКМК
22/11 16:00 Нефтчи - Насаф
22/11 18:15 Қизилқум - Навбаҳор

Блог

Ҳасанали ота

Ўзингни англа

Аксириш (6-қисм)

Баҳо:
+0; -0

ХАЁЛПАРАСТЛИК
Футбол халқ ўйини. Халқларни бирлаштирувчи халқаро ўйин. Футболни ўстиришда ички чемпионат савиясидан ташқари халқаро ўйинларнинг аҳамияти катта. Прибалтика футболи иттифоқ даврида футболнинг чекка, қолоқ юрти ҳисобланар эди. Улар мустақил бўлишгач, бирданига футболи ривожланган Европа давлатларининг ён қўшнисига айланиб қолишди ва тезда футболи ривожланиб кетди. Бизнинг футболимизга қўшни давлатларнинг футбол савияси зимдан таъсир қилишини тан олайлик. Сир эмас, бизнинг футболимиз Марказий Осиё давлатлари ичида етакчи ҳисобланади. Ёнимизда Япония ёки Коста-Рика бўлганида эди, футболимиз албатта, уларнинг савиясига қараб ўсган бўлар эди. Қўшниларимизнинг борига шукур. Улар билан футбол алоқаларини кучайтирайлик. Форс кўрфази, Узоқ Шарқ мусобақалари мавжуд. Марказий Осиё мусобақасини ташкил қилишни кун тартибига қўёлмасак-да, бу мақсадни олдимизга қўяйлик. Бундай мусобақани уюштиришни калажак олдидаги вазифамиз деб билайлик. Чунки, терма жамоалар миқёсида бир нимани амалга ошириш мушкул иш ҳисобланади. Ҳар йили 4та жамоаларимиз ОЧЛ ўйинларида қатнашади. Тағин 4та жамоамиз учун Марказий Осиё Лига ўйинларини ташкил қилайлик. Унда Тожикистон, Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон,Ўзбекистон клублари қатнашса, деган орзу-хаёлларим бор. Буни амалга ошириш унчалик катта тўсиқларга учрамайди....

Эй каллаварам, қария! Ўз уйимизда кичкина ислоҳатларни амалга ошириш даргумон бўлиб турганда хаёл суришга нима бор, дейман ўзимга ўзим. Дилдаги гапларни ҳаммага дастурхон қилишдан нима фойда бор. Кўп гап эшакка юк.

ОИЛА КЎРИНИШИ
Ахил, иноқ, ўзига тўқ бир оила ҳаётидан бир шингил ҳикоя қилмоқчиман. Ўғил битта. Истаганини муҳайё қилишмоқда. Ота-она унинг атрофида гиргиттон. Боланинг бировдан кам жойи йўқ. Ёшлигидан бери ҳамманинг диққат марказида. Ҳозир бола йигит ёшига кирган. Ушбу 23 яшар навқирон йигит (юртимиз футболи) ўпкаси ғижиллаб қолган. Бошқа ҳеч қандай касаллик аломатлари йўқ. Гоҳида бир-бир йўталиб қўяди. Ёзда ғижиллаш йўқолиб кетади. Куз-баҳорда кўпайиб қолади. Унинг ота-онаси (ЎФФ, ПФЛ), яқинлари бунга кўникиб кетишган. Йигитнинг бўй-бастини кўриб, савлат тўкиб туришини кўриб ғурурланиб юришибди. Сурункалик касаллик гавда ичида яширинлигини билганлар билмаганга, кўрмаганга олишмоқда. Кифтига, кенг елкаларига, ўзига ярашиб турган чиройли либосига бир қаранг (“Бунёдкор” стадионига, “Олмалиқ” стадионига бир қаранг) дейишмоқда. Тезроқ югурса, ҳарсиллаб қолишини билишади-ку. Нега бундан ташвиш тортишмайди? Чунки, яқинлари ташвиш тортишни, қайғуришни, даволашни (ислоҳатлар ўтказишни) билишмайди. Ёки хоҳлашмайди. Ёки ёши ўтган сари касаллик ўз-ўзидан қолиб кетади деб юпаниб юришади. Чунки яқинлари “тиббиёт”га ишонишмайди. Уколни, тахир дорини ёмон кўришади.

ГАП КИМДА
Сизу-биз юртим футболи деб дард чекиб, қайғуриб юрамиз. Қайғуришни, қувонганда бир бирини қучоқлашни ишқибозга чиқарган. Казо-казоларга эмас. Тўғрида, агар мени, раҳбар этиб тайинлаб қўйишганида нима бўлар эди? Ўйинга келиб, 35-буржда кир-чир елим курсига газет солиб ўтирмас эдим. ВИП ложада юмшоқ ўриндиқларда Фарҳод Магометовга ўхшаб савлат тўкиб ўтирардим. Рўза кунлари стадионга кириш пайтида оғиз очар сувимни миршаб қўлимдан тортиб олиб, тўкиб ташламас эди. Аксинча, танаффус пайтида алоҳида хонада стадион ходими тайёрлаб қўйган дастурхон атрофида ўзимга ўхшаган казо-казолар билан ифторлик қилар эдим. Ўйин тугагач, 2та темир дарвозалар четда ёпиқ ҳолича қолиб, турникет орасидан ўтаман деб, оламон орасида эзилмас эдим. Ташқарида бўй баробар елим қалқон ушлаб, бел баробар кўппак ит етаклаган миршаблар мени кузатиб қўймас эди. Ўрдагача оломон оралаб туртиниб-суртиниб бормас эдим. ВИП сектор ёнида мени жип мошина кутиб олар эди. Бундай комфорт билан вазифам чегарасида ишимни қойил қилиб бажариб, тинчимни бузмай яшар эдим. Совриндорлар мавсум сўнгида ресторанда банкет уюштиришса, зал тўрида савлат тўкиб, ифор таратиб ўтирар эдим. Айтингчи, бу аҳволим ўзгаришини истармидим? Йўқ. Менга ислоҳотларни нима кераги бор, дердим. Осойишталик бузилиб, қўшимча ишлар кўпайиб кетади-ку, дердим. Бу табиий ҳол. Амалдор бор вужуди билан ислоҳотларга қарши чиқади. Уларда вужуд нима қилсин. Кабинет қўрғони билан, лавозимнинг силжимас ўриндиғи билан қарши чиқишади. Бу аҳволда нима қилмоқ керак. Оилада Ота амри вожиб дейилади. Отанинг айтгани айтган, дегани деган. Фармони олий, дейилади . Демак, ҳамма гап Отада. Оилада умид Отадан. Алам ҳам, армон ҳам Ота туфайли.

СЎНГГИ СЎЗ ЎРНИДА
Залда Анжуман давом этмоқда. Кимдур бир аксириб қолса, ҳамманинг тинчини бузиб эътиборини ўзига тортади. Ёнидагилар “Соғ бўлинг, ҳаққусрост” дейишади. Аксириш давом эта берса, анжумандан чиқиб кетишини ундан сўрашади. Ҳамма сурункалик аксира берсачи, анжуман тўхтатилади. Елвизак зални тарк этишади.

Футбол анжумани йил — 12 ой давом этади. Футболчилар яқинда қишки таътилга чиқиб кетишади. Журналист Зафаржон Қосимов биров эшитмайдиган қилиб, дастрўмол тутиб бир “аксириб” қўйди. Шундан сўнг мен бор вужудим билан, андиша қилмай, ишқибозда андиша нима қилсин, кўзларимни юмиб, қаттиқ товуш чиқариб, юзимни ўгириб, энгашиб уч бор “акса урдим”. Кечирасиз.
“Анжуман” давом этмоқда.

20.11.2014. Сизга омонлик тилаб,
Ҳасанали отангиз

Киритилган сана: 20.11.2014 12:17. Ўкилди: 10879 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

Билдирилган фикрлар:


KARIMZHONS
Сана: 23.11.2014 00:30. KARIMZHONSга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.