Кириш Регистрация
21/12 00:45 Верона 0-1 Милан
21/12 01:00 Жирона 3-0 Вальядолид
21/12 17:30 Астон Вилла 2-1 Манчестер Сити
21/12 18:00 Хетафе 0-1 Мальорка
21/12 19:00 Торино 0-2 Болонья
21/12 20:00 Брентфорд 0-2 Ноттингем Форест
21/12 20:00 Ипсвич 0-4 Ньюкасл
21/12 20:00 Вест Хэм 1-1 Брайтон
21/12 20:15 Сельта - Реал Сосьедад
21/12 22:00 Женоа - Наполи
21/12 22:30 Кристал Пэлас - Арсенал
21/12 22:30 Осасуна - Атлетик Бильбао
22/12 00:45 Лечче - Лацио
22/12 01:00 Барселона - Атлетико
22/12 16:30 Рома - Парма
22/12 18:00 Валенсия - Алавес
22/12 19:00 Фулхэм - Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер - Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед - Борнмут
22/12 19:00 Эвертон - Челси
22/12 19:00 Венеция - Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид - Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм - Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта - Эмполи
22/12 22:30 Леганес - Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас - Эспаньол

Блог

Ҳасанали ота

Ўзингни англа

Муносабат билдириш

Баҳо:
+0; -0

VARDI. Otahon, futbol qanday rivojlanadi, deb oylaysiz. Nega olimpiadaga borolmadik. Evropadan termamizga bosh murabbiy olib kelaylikmi.

ЎҚУВЧИМ САНОҒИ
Азиз ўқувчим, Сиз учун, Сизни деб мана ўн йилдирки, бир нима ёзиб юрибман. Ўн йилдирки, дилимда борини оқ қоғозга тўкмоқдаман. Шу туфайли бир биримизни таниб, билиб қолдик. Сиз билан мени Ўзбек футболига бўлган сўнмас, туганмас меҳр боғлаб турибди. Баъзан футболимиз аҳволидан безиб, бошқа футбол кўрмайман деймизу, бир ҳафта ўтиб ўтмай футболни яна соғиниб “Пахтакор”ни, ё ТТЗни, ё “Жар”ни, ё “Бунёдкор”ни қайдасан деб, излаб қоламиз. Муҳим мажлисни, ё оиладаги бирор тадбирни ташлаб футбол кўргани кета берамиз. Стадионга атиги юзта одам келган бўлса ҳам, бири мен бошқаси Сиз бўласиз. Қорда кечган ўйинда тик турганча термамизни қўллаб 20та ишқибоз бақириб турган бўлишса, бири мен иккинчиси Сиз бўласиз. 2006 йил қишда Эстонияга қарши бўлиб ўтган ўртоқлик ўйинида йигитларимиз қор кечиб футбол ўйнашган эди. Стадионнинг қор босган 32-буржида совуқдан бир-бирига зичлашиб, сакрашиб, бақиришиб турган ишқибозлар ичида мен билан Сиз ҳам бор эдингиз. Ўша қордаги ўйиндан кейин йигитларимиз қандайдир, бизга нотаниш Инилеев бошчилигида Осиё ўйинларида қатнашиш учун Доҳага учиб кетишган эди, эсингиздами? Ўшанда Рауф-акани топилма бўлди деб ёзган эдим.

Қанча ёзмайин барибир мен журналист бўла олмайман, журналист бўлишни истамайман ҳам. Ишқибоз бўлиб қола бераман. Бу билан фахрланаман. Сизни, чойга марҳамат қилиб, “Дастурхон” атрофида футбол одамлари билан йиғилиб Сиз учун “суҳбат” қурган эдим. Ўша мақоламни ўқибсиз, дардимга шерик бўлибсиз, раҳмат. Футболимиз тақдирига бефарқ эмас экансиз, раҳмат. Менга матбуот ходимлари, енгил ёзинг, ўқувчи кўнглини ҳушлаб, вақтини чоғлаб ёзинг, дейишмоқда. Шингил, жажжи юморлар керак, қизиқ хабарлар, дунё футболидан қайноқ, кўнгилочар воқеаларнинг ҳазиломуз тасвири керак, дейишмоқда. Мен эса, дардимни тўкиб, аламу қувочимни дастурхон қилмоқдаман ҳар гал. Мен эса, кўнгил очар юмор эмас, дардли, аламли, заҳар-заққум сатира асарини ёзмоқчи бўламан ҳар гал. Менинг атиги 40та ўқувчим бор эмуш. Йўқ, ундан ҳам камдур. Бу саноқ меҳнатимни камситмаяпти. Уни шарафлаяпти.

Ўқувчиларим саноғи 4та бўлса ҳам, уларнинг кўнглини хушлаб ёзмайман. Қалбини дарду ҳасратим билан доғлаб ёзаман. Кўнглини умиду ишончим билан боғлаб ёзаман. Ахир тушунинг, ишқибоз томошабин эмас, стадионга томоша кўргани келмайди. Одам томоша кўриб, хордиқ чиқармоқчи бўлса, театрга борсин, Санъат саройига тушиб навбатдаги “келгиндини”, концертга кириб Озодбек эмас, фонограмма яратган дабдабани кўрсин. Операга бориб Нормўмин Султоновни эшитсин. Ишқибоз стадионда томошабин эмас, ўйин иштирокчисидир. У йигитларга қўшилиб жанг қилади. Рақибни енгади ё ундан мағлуб бўлади. Биргаликда қайғуради, биргаликда қувонади. У майдондаги 12-ўйинчига айланиб кетади. Ўйин драматургиясини яратишда ўз ҳиссасини қўшади. Театрда бундай қилишга, олдиндан ёзиб қўйилган сценарийни ўзгартиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

ДИЛ БОЙЛИГИ
Стадион ташқарисида ишқибознинг бири вазир, бошқаси фақир бўлса-да, стадион ичида ҳаммаси ўзаро тенг ва қардош-қариндош ишқибоздир. Шундай ишқибозлардан 40 нафари ёзганларимни ўқиб бормоқда экан, бундан бошим осмонга етмоқда. Бу ҳол қалбимга малҳам бўлмоқда. Сизлар бор экансизлар, инсон фойдахўрлар ичида ёлғизланиб ўз дарди билан бирга-бир вазиятда қолиб кетса-да, бу “тирсакзорда” ўзини ёлғиз эмаслигини тушунади. Сиз туфайли. Сиз бор экансизлар, мен ҳам ёлғиз эмасман. Ишқибозлар мен учун қардошим, маслакдошим, ватандошим, сафдошим, ҳамдардим, стадионларда ҳамдамимдирлар. Футбол бизни бирлаштирмоқда. Бу масъулият, бу хилқат, бу тальат, бу дилдаги сарватдир.

VARDI бўлсангиз-да, мен учун яқинимсиз. Яқинимдан яқинроқсиз. Кимгадир акаман, кимгадир укаман. Кимгадир қўшнилик бурчим керак бўлса, кимгадир меъморчилик касбиб керак бўлмоқда. Ўзим, Хасанали Қодиров ҳеч кимга керак эмасман. Менинг шаҳсий фикрим, тушунчам, қайғу ҳасратим, бир сўз билан айтганда менинг шаҳсиятим ҳеч кимга керак эмас. Ҳеч кимни ишқибозчилигим қизиқтирмайди. Фақат Сизга, азиз ўқувчимга керак бўлмоқда. Шунинг учун ҳам Сиз, менга нотаниш инсон бўлсангиз-да, менинг энг яқинимсиз. Шундай экан, Сиздан узр сўрайман. Сайтга киришни билмаганим учун менга атаб ёзганингизни жуда кечикиб ўқидим. Кеча Олимхўжага сим қоққан эдим. Ёзганларингизни, менга йўллаган саволларингизни ўқиб берди.

МАНИЛАДАН ТОВУШ КЕЛМОҚДА
Сиз футболимиз равнақига бефарқ эмас экансиз. Мен ҳам Сиз каби бир қизиққон ишқибозман. Мана шундайман. Сизни қийнаган саволлар мени ҳам қийнамоқда. Доим уларга жавоб излайман. Хозир Сиз учун фикрларимни тўкиб, тўлқинланиб ёзмоқчиман. Сиз билан омонлашиб, имонлашиб, ҳамдардлашиб маза қилмоқчиман.

Сиз жаҳон футболининг ривожланиш йўли ҳақида фикримни билмоқчи бўлибсиз. Саволингизни шундай тушундим. Тўғри савол. Жаҳон футболини тушунмай туриб футболимиз келажагини тушуниб бўлмайди. Диққатимиз марказида, қалбимиз қўрида ўз футболимиз, ўз йўлимиз турса-да, ҳар биримиз жаҳон футболи ҳақида маълум тушунчага эгамиз. Чунки жаҳон футболи ўз футболимиз ривожланиш йўлини белгилаб беради. Аввал шуни тан олайлик.

Жаҳон футболи ҳақида фикримни билмоқчи бўлсангиз, шуни айтишим керак. Футбол фақатгина оддий спорт тури эмас. Футбол ижтимоий ҳодисадир. Ортиғини айтаман. Футбол сиёсий ходисадир. ЖЧнинг 4та йўлланмасини берувчи сўнги босқич иштирокчиларини икки гурухга бўлиш учун ўтказилган қуръа ташлаш маросимини бутун Осиё кузатиб турди десам, гапимга қўшиласиз. Демак, биз яшаётган давр манзарасини футболсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Демак, Жаҳон футболига баҳо бермоқчи бўлсам, унинг келгусини билмоқчи бўлсам, яшаяпган давримизни таҳлил қилишга тўғри келади. Аввало икки нарсани ажратиб кўрсатаман.

Биринчиси глобаллашувдир. Глобаллашув деган “Жар”аён ҳаммани бир хил нафас оладиган қилиб қўйди. Рейкьявикда йўталсангиз, Маниладан жавоб келмоқда. Халқлар яқинлашиб, ривожланиш тезлашиб кетди. Бугунги айфонни эртанги ё майфон, ё сайфон янчиб ташламоқда. Футолда бугунги топилма эртага эскирмоқда. Исландия терма жамоаси Голландия терма жамоасини янчиб ўтмоқда. Тасаввур қилинг, 650минг аҳолисига эга совуқ ўлка футболи, биронта футболчисининг номи чиқмаган ўша ўлка футболи номдор Голландия футболини енгиб кетди. ЖЧ-2014да Жазоир термаси кўрсатган ўйинни эсланг. Ким истаса, мақсадни тўғри белгиласа, ўз футболини кутилмаган жойда ривожлантириб олиши мумкин бўлмоқда. Хоҳиш-ирода бўлса, бўлгани. Кечаги “шоҳ”ларнинг бугун қулаши, Лестерлардан ҳайиқиши Хайрулла ёзганидек даҳшат эмас. Бугунги кун нафаси. Қандайлир 40 йил ичида қандайдир Сингапур энг бой давлатга айланиб қолмоқда. Хохиш-ирода бўлиб, мақсад тўғри белгиланса бўлгани. Бу ҳам глобаллашув кўринишидир.

Глобаллашув жуда катта рақобатга олиб келди. Ҳаммага нотаниш қолоқ давлат ривожланиб кетиши мумкин. Ёки ривожланишдан четга чиққан давлат тезда жуда қолоқ давлатга айланиб қолиши мумкин. Футболда ҳам шундай бўлмоқда. Ўтмушда жаҳон футболи айвонидан муносиб жой олган Венгрия футболи хозир қайда қолди, қай аҳволда, ким билади? Поляклардан чиққан Левандовскийни, болгарлардан Бербатовни биламан. Венгрлардан ҳеч кимни танимай қолдим. Ақл ва ирода бўлмаса, қийин экан. Пул бўлмаса-чи, дейсизми? Ақл бўлса, пул топилади. Ҳамкор топилади. Ҳар ҳолда Жаҳон айвонида шундай бўлмоқда. Мақсад тўғри белгиланиб, ниятни яхши қилиб пишиқ стратегия ишлаб чиқилса, бўлгани. Ривожланиб кетасиз. Венгрия футболининг раҳбарлари бундай қилмаяпти. (Ўзимиздан гапирсак, Футболимиз раҳбарияти хозиргача ривожланиш стратегиясини ишлаб чиққани йўқ).

КИРСАН ИЛИМЖИНОВ ҚИЛГАН ИШ.
Иккинчиси ёппасига ҳамманинг фойда, даромад тимсолига сиғинишидир. Яъни борган сари барчанинг фойда кўриш нияти асосий мақсадга, асосий ғояга, ҳаёт мазмунига айланиб боришидир. Масалан, волейбол эмас, футбол бизнесга айланиб бўлди. Футбол 90 фоизга бизнес бўлса, 10 фоизга ўйиндир. Луғовий мазмунига кўра фойда келтирувчи ҳар қандай фаолият бизнес дейилади. Тоғ сўқмоғига чиқаётиб Сардор Раҳимхоннинг йўл-йўлакай ашула айтиб бориши санъат ҳисобланса, контсерт залида ашула айтиши бизнесдир. Футболда бу қарама-қаршиликнинг битимини, бичимини кўрмоқдаман. Мантиқан фойда келтирмайдиган машғулот ўйин деб аталади, шундайми. Ўйин ўз номи билан ўйиндир. Ҳайвон ҳам ов қилмаган маҳал ўйин ўйнайди. Футбол ўйини бугун ўзининг акси, душмани бўлган бизнесга бўйсунди. Шунинг учун футболда эмас, волейбол спорт турида чемпион бўлиш анча осон ишдир.

Футбол атрофидаги даромат манбаълари кун сайин кўпайгандан кўпайиб бормоқда. Бизнес майдон атрофини ўзига бўйсундириб бўлган. Энди майдондаги ўйинга ҳам ўз таъсирини ўтказмоқда. Муҳтарам ўқувчим, “Реал” билан М. Сити орасидаги биринчи ярим финал ўйинини кўргандурсиз. Мен майдонда бизнесни кўрдим. Ҳеч ким завқ билан ўйин ўйнамади. Гол ўтказиб юбормаслик мақсадида майдонда югуриб юришди. Жангни жавоб ўйинига қолдиришди. Илгари майдоннинг 15метр масофасида 20та ўйинчи йиғилишиб олиб бундайин зич ўйнашмас эди. Битта ҳужумчини бирданига учта рақиб ўйинчиси ўраб олмас эди. Хозир ҳамма очиқ ойдин натижа учун ўйнамоқда. Бу ҳам бизнеснинг майдондаги кўринишидир. Биргина ярим финал ўйини атрофида анча-мунча пуллар айланиб юради. “Ҳалол” букмекерлар уюштурувчи қимордан ташқари бошқа барча пулларни кўзда тутмоқдаман. Футболда шоҳлар пайдо бўлган. Фақирона ийманиб, адашиб бир марта 2004-йили Рекхагел (ота) Отто бошчилигида Греция термаси Европа шоҳсупасига чиққан эди. Бир марта чиққан. Эквадор, ё Эрон, ё Жазоир термаси ҳеч қачон жаҳон шоҳсупасига чиқа олмайди. Ҳеч қачон! Катта даромад “расталари”га элтувчи йўл улар учун доим ёпиқдир. ФИДЕ президенти Кирсан Илимжинов шаҳмат спортидан шаҳон-шоҳ номини, тахтиравонини қулатди. Энди ҳар бир таниқли гроссместер чемпион бўлиш имкониятига эга бўлди. Бизнинг Қосимжонов ҳам бир марта чемпион бўлган. Платини спорт кулбасига соя ташлаяпган фойдахўрлик қасрини футболда қулатмоқчи бўлиб, ЖЧ финал турнирида иштирокчилар сонини кўпайтириб, ривожланиш йўлини ҳамма учун, фақат бизнеси ривожланган 10та давлат учун эмас, балки ҳамма давлатлар учун тенг ва кенг очмоқчи бўлди. Иложи бўлмади. Ўзи қулади.

“ОМАДЛИ” ЙИГИТ ДОВРУҒИ
Ижтимоий ҳаётда ҳам фойдахўрлик кўриниши жирканч бўлмоқда. 20та ривожланган давлатлар шоҳлик қилишмоқда. Уларнинг орасидаги зиддият туфайли илгари Марказий Африканинг чангалзорларида қон тўкилар эди. Хозир Араб ерларида қон тўкилмоқда. Бошқа давлатларда бойишга интилиш натижасида ишлаб чиқариш шунчалар ривожланиб кетдики, унинг қадамини ер курраси кўтара олмаяпти. Хитойда тоза ҳаво етишмай қолиб, унинг савдоси йўлга қўйилди. Фойдахўрликнинг бундай қиёфасига ўзингиз баҳо беринг. Тоза ҳаво сотилмоқда. Абсурд эмасми? Компютерлар ишини бузиш учун вируслар ихтиро қилиниб, кейин уларга қарши курашувчи антивируслар сотувидан миллиардлаб даромад кўришмоқда. Абсурд.

Бизнинг футболимизда авж олган фойдахўрлик башарасидан ёпинчиқни очиб кўринг. Катта “подёмний” пулларини олиш илинжида футболчиларимиз ҳар йили эмас, ҳар ярим йилда клуб алмаштириб кўчманчи бўлиб юришибди. Зайниддин Тожиев ҳар ярим йилда бир марталаб, жами бешта клубни алмаштирди. Хозир қаердалигини билмайман. Бутун дунёда маҳоратли юлдуз футболчилар чемпионати паст давлатлар клубларига фойда келтириб, улар сафида бир икки мавсум ўйнаб ўз фаолиятини тугатишади. Буни ҳамма билади. Ўтмушдаги юлдузлар Қатар, Хитой клуб ўйинчиларига ўз маҳоратини майдонда кўрсатиб, уларга бир нимани ўргатиб юришибди. Одил Ахмедов Анжида Это-О ёнида ўйнаб маҳоратини ўстирган. Ривалдо Юнонда, бизда кейин Африка клубларида ўз тажрибасини ёшларга ўргатиб майдондаги ўз фаолиятини тугатди. Копадзе, Жепаров унинг ёнида ўйнаб бир нима ўрганишгани бор гап. Зайниддиннинг ҳар ярим йилда бир кўчиб юришида нима маъно бор. Футболчи ярим йилда клуб ўйинига зўрға қўшилиб кета олади-ку. Ман бундай кўчманчиликда “Подёмний”дан бошқа нарсани кўрмадим. Хозир клубга, майдонга садоқат аҳлат қутисига ташланган туйғулардан биридир. Ҳеч ким ўзини, футболни ўйламайди. Ҳамма катта пулларни деб майдонда юрибди. Бундай подёмний пулларда ўша клуб раҳбарларининг ҳам “доля”си бор, деб эшитганман. Натижада Шквиринлар ҳар ярим йилда янги ўйин иморатини қайтадан 0дан бошлаб қуриши керак бўлмоқда. Масалан, Луи ван Гаал ўйин яратиш учун уч йил сўраган эди. Катта маблағ футболимиз ривожи учун эмас, унинг барбоди учун, подёмнийларни тўлаш учун ишламоқда. Абсурд эмасми? Масалан, бултур Динамо клуби мавсумнинг иккинчи даври бошланишидан олдин “подёмний” пуллари учун 6 млдга сўм миқдорида пул ишлатди. Ўшанда Динамо сафида фақат учта ўйинда майдонга тушган Шарофиддинов хозир Малайзияда пул ишлаб юрибди. У йўқ жойда катта пул “ишлаб” олгани учун ҳамманинг наздида омади чопган олғир йигит ҳисобланар эмуш. Бу ҳол фикри-ҳаёлимиздаги абсурд, ақлимиздаги қусур, дилимиздаги хира унсур эмасми.

АРБОБЛАР МУҲТОЖ БЎЛГАН КИМСА
Азиз ўқувчим VARDI, хатингиз давомида Олимпиада йўлидаги иштирокимиз ҳақида менинг фикримни сўрабсиз. Сиз биласиз, майдондаги ўйин натижасига доим бош мураббий айбдор саналганидек, терма жамоаларимизнинг мусобақалардаги иштирокига Футболимизда биринчи шаҳс деб ҳисобланган ЎФФ президенти айбдордир. Бу аксиома. Буни ҳамма билади. Буни мен қандай тушунаман. Мираброр-ака ўтмушда Тошкент ресторанининг моҳир пазандаси бўлган. Кейин Зарафшон ресторанига директор бўлган. Эндигина Мустақилликка эришган давримизда, либерал савдони жорий қилишдек мушкул ва мураккаб даврда, савдо вазирлигида иккинчи шаҳс бўлган. Хозир у киши катта шакарфуруш бой ҳисобланади. Шакар ишлаб чиқарувчи саноатимизни яратувчиларидан бири ҳисобланади. У киши раҳбарлигида футбол инфра-тузилмаси, бошқарув тизимлари қайта яратилди. Қатор ташкилий ишлар бажарилди. Лекин у ҳеч қачон футболга яқин киши бўлмаган. Шунинг учун у чемпионатимиз савиясини, термаларимиз ўйин даражасини кейинги босқичга кўтара олмаяпти. Бу ишни қандай бажаришни ё билмайди ёки билишни истамайди ҳам.

Унинг ишончини қозониб ўзимиздан чиққан қандайдир билағон Рустам ё қандайдир устакор Самвел, ё қандайдир итоаткор Фарход ўйин борасида унинг қулоғига лағмон илиб юриши мумкин. Тарихда давлат арбоби бўлган Сталин ҳарбий фанлардан маълумотга эга бўлмаган. Лекин унинг бир эмас, бир неча ҳарбий маслаҳатчиси бўлиб, муттусил ўз билимини ошириб борган. 1944 йилга келиб унинг ҳарбий соҳадаги билими ҳеч кимдан кам эмас эди. Мираброр Усмоновнинг эркин, ҳеч ким танимайдиган футбол маслаҳатчиси борми, йўқми бу менга номаълум. Президентимизга мустақил фикрловчи, ўзидай мард, тўғрисўз ва жонкуяр, шу билан бирга футбол билимдони бўлган ўзига тўқ бир шаҳс муовин бўлиши керак эди. Бундай бўлмади. Олимпиячиларимиз мисолида ҳар ярим йилда бош мураббийни алмаштирган раҳбарият ўз ожизлигини кўрсатиб қўйди. Ўйин борасида ҳеч қандай иродага, шаҳсий фикрга эга бўлмаган одам терма жамоалар бўйича вице-президент бўлиб юрибдими, демак, шунга кўра Раҳбар ишига ўзингиз баҳо бериб қўя қолинг.

АЛАМ КЎЗЁШЛАРИ
Энди Сиз сўраган саволингизга жавобан терма жамоамизга хориждан кучли бош мураббий олиб келиш борасида бир нима дейман. “Хўрозқанд чет элдан келтирилган бўлса, ётиб ялайди”, деган ибора бор. Эшитгансиз. Мен бундайлардан эмасман. Сиз ҳам. Юртидан қатъий назар юқори малакали мураббий миллий термамизга керак. Ўзбекистон даражасида олтита олди мураббий бор бўлса, уларнинг бири Бабаян бўлади. Келишувчан чемпионатимиз савияси Сизга маълум. Мураббийларимиз савияси қандайлигини шунга кўра белгилаб ола беринг. Ундан ортиғи бўлмайди. Бултур “Пахтакор”га Россиядан маслаҳатчи мураббий бўлиб келган Григорян матбуот анжуманида футбол инфра-тузилмамиз яхши бўлгани билан мураббийларимиз савияси пастлигини айтган эди. Тўғри сўз бўлгани учун дарров кетказиб юборилган бўлиб чиқса, бунга ажабланмайман. Абрамов бир ярим йил кўп машаққат чекиб ўйин борасида бир нима яратмоқчи бўлган эди. Бир нимага эришдиям. Унинг қўл остида ишлаб юрган физика бўйича жавобгар Еличич бош мураббий бўлгач, ўйинга озгина янги бир жиҳат қўшдию, ўйинни ўзгартириб юборди. Бу ҳам ўз мураббийларимиз савияси қандайлигини билдиради. Бир йил ичида Демяненко қандайдир янги Насафни бизга кўрсатиб қўйган эди. Сербиялик Радулович (эндиликда у Ливаннинг бош мураббийи бўлгач, жамоа билан ўз маҳоратини кўрсатмоқда) худди ўша мутахассис “Пахтакор”га келиб, бир ой ичида мураббийлик санъати қандай бўлишини бизга намоиш қилиб кетган эди. Бошқа мисол келтираман. Инглиз мураббийи Хоугтон уч кун ичида термамиз ўйинига янги мазмун баҳш эта олган эди. Унинг бошчилигида матонатли ўйнаб Кувайт термасини 3:2 ҳисоби билан ютган ўйинимизни эслайсизми? Келтирган бу мисолларим ўз мураббийларимиз савияси қандайлигини кўрсатмаяптими? Яхши мураббийлар нима учун бизда ишлаб қола олишмаяпти, тушунмайман. Ким менга буни тушунтириб бера оларкин? Ким қалбим “Жар”оҳатига малҳам боғлай олади? Ким ё нима футболимиз равнақини тўсмоқда, саодатини бўғмоқда? Ким, ким? Кечиринг, кўнглим бўшаб кетти... Кўз ёшимни тўса олмаяпман. Қаричилик...

Бабаян олдида турган вазифани уддалай олмайди. Бу аниқ. ЖЧга бориш учун Осиё қитъасига берилган 4та йўлланманинг 3тасининг эгаси маълум. Бу биз билган Жанубий Корея, Япония ва Австралиядир. 4- йўлланма учун Эрон, Қатар, БАА, Хитой ва бизнинг миллий термамиз кураш олиб боришади. Бундай қақшатқич жангда Бабаян бир нима қила олмайди. Кўз олдимда Тошкентда ўтган охирги иккита ўйинимиз турибди. Бабаян “қудратига” бундан ортиқ тавсиф керак эмас. Ҳаммаси кундай равшан. Қурбон Бердиев ёки Гус Хиддинк йигитларимизга бош бўлса, йигитларимиз ЖЧнинг финал босқичига чиқиш учун улар билан тенгма-тенг кураш олиб бориши мумкин. Йўқса,...Бу гал Бааян боримиз шу демасин. Борим шу деса, тўғри бўлади.

БАБАЯН КИМНИНГ ҚАНОТИ ОСТИГА БОРАРКИН
Лекин азизим, менга айтингчи, ЖЧ-2010да Шимолий Корея, ЖЧ-2002да Хитой финал ўйинларига чиқишгани билан уларнинг футболи ривожланиб қолганмиди? Йўқ. Футболимизни ривожлантириб Осиёда энг кучли футбол давлати савиясига чиқиш мақсадида стратегик режа ишлаб чиқсак, кейин чет элдан яхши мураббий олиб келиб, термамизга бош қилсак, кейин ислоҳатлар қилиб унинг раҳбарлигида Москваю, сўнг Доҳага борсагу, бу ҳолни ривожланиш босқичлари деб билсак, бундай ишнинг тарафдори бўлмасмидим. Албатта бўлардим. Фараз қилинг. Бабаян Луи ван Гаал ёнида “МЮ”да иккинчи мураббий бўлиб ўз малакасини ошириши мумкинми? Йўқ. Ван Гаални термамизга келтириб ёнига Бабаянни ёрдамчи қилиб қўйишимиз-чи? Бу мумкин. Эрон мураббийи Карлос Кейруш “МЮ”да Фергюсонга ёрдам бериб юрди. Кейин уни “Реал”га Шустер ўрнига олиб келишди. Ишни у ҳам эплолмади. Шундан сўнг шарманда бўлиб, Шустерга ўхшаб йўқолиб кетмади. Устози Фергюсон қаноти остига таҳсилни давом эттириш учун қайтиб борди. Хозир У Эронда бинойидек ишлаб юрибди. Нима демоқчиман? Катта устоз қўл остида катта тажриба орттириш мумкин. Мураббийлик борасидаям, футболчилик борасидаям. Биз эса, ҳар гал ҳаммасига бош мураббийни айбдор санашга одатланиб қолдик. Термага бош бўлган барча мураббийларимиз ишсиз қолишмоқда. Инилеев ҳам, Абрамов ҳам, Қосимов ҳам. Гал Бабаянга келдими? Замонавий корхонани яратмоқчи бўлиб, замонавий технологияни юртимизга олиб кирмоқдамиз. Футболда бугунги технология дегани бугуннинг зўр мураббийи деганидир. Футболда Мерседес эмас, запорожец миниб юрибмиз. Бу ҳақиқатни ҳамма тан олса-да, ҳеч қандай зўр мураббийни ҳеч ким чет элдан олиб келмаяпти. Бу бор гап. Бу ҳақиқат.

Чет эллик катта мураббийни олиб келсак, тил муаммоси пайдо бўлади дегувчилар бор экан. Баҳона зўр. Бир мақсад йўлида қалбан бирлашган ҳамфикр одамлар орасида тил муаммоси пайдо бўлмайди. Еличич билан бир соат гаплашиб биронта гапига тушуна олмаган эдим. У рус тилини билмас экан. Шундай бўлса-да, Локомотив йигитлари билан Мирко бир бирларини яхши тушуниб яхши ишлашмоқда. Шквириннинг ўйиндан кейинги анжуманда айтган таржимонга муҳтожлигини ҳазилга, ўзига қаратилган танқидга йўйдим.

ҚАЛБ ТУЙҒУСИ
Футболимиз равнақини жиддий ўйлаяпган биронта раҳбарни кўрмаяпман. Ҳамма ўз жойида, ўз лавозимига яраша кундалик вазифасини яхши бажармоқда. Ундан ортиғини ўла қолса, қилишмайди. Уларнинг иши оппоқ, гапи оппоқ, ўзи оппоқ. Танқидим улар наздида қоп-қора. Ҳаммани қоралаш билан овораман гўё. Ёзяпганларим танқидий сўзлар эмас, қалб нидоси эканлигини улар тушунишмайди. Қалб улар учун йўқ сўз. Қалб ноласи улар учун йўқ туйғу. Сизу бизнинг фиғонимиз уларга етиб бормайди. Шундай бўлса-да, азизларим, умидвор бўлайлик. Футболчиларимиз майдонга тушишар экан, улар ғалаба қозониш учун чорак асрлик орзуга етайлик деб жанг қилишар экан, улар ўз орзусига етишсин дейман. Баъзилари учун бу охирги имкониятдир. Улар ЖЧда ўйнашга муносиб даражага чиққанлар. Раҳбарлар уларга қўшиб бизларга ҳам қўл силтаб қўйишган. Беш кунлик йиғинларда югургилатиб, кейин уларга қўшиб бизларни ҳам руҳан майдон марказига рақиблардан тепкиланиш учун ташлаб қўймоқчилар. Қисматимиз бир. Лекин биз карисиниям, япониниям ўзимиз тепкилайлик. Шундай кунга интилайлик. Бабаян ҳам чин дилдан шуни истаяпти. Доим ўғлонларимиз билан бирга бўлайлик. Бирга қайғуриб, ғалабалардан бирга қувонайлик. Ахир Сизу биз ишқибозлармиз.

Сизга чексиз ҳурмат билан Хасанали-отангиз ёздим.
04.05.2016й.

Киритилган сана: 04.05.2016 14:05. Ўкилди: 10931 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

Билдирилган фикрлар:


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 08:57. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 08:57. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 08:55. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 08:55. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


KIAKIA
Сана: 06.05.2016 21:23. KIAKIAга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.