Кириш Регистрация
21/12 00:45 Верона 0-1 Милан
21/12 01:00 Жирона 3-0 Вальядолид
21/12 17:30 Астон Вилла 2-1 Манчестер Сити
21/12 18:00 Хетафе 0-1 Мальорка
21/12 19:00 Торино 0-2 Болонья
21/12 20:00 Брентфорд 0-2 Ноттингем Форест
21/12 20:00 Ипсвич 0-4 Ньюкасл
21/12 20:00 Вест Хэм 1-1 Брайтон
21/12 20:15 Сельта - Реал Сосьедад
21/12 22:00 Женоа - Наполи
21/12 22:30 Кристал Пэлас - Арсенал
21/12 22:30 Осасуна - Атлетик Бильбао
22/12 00:45 Лечче - Лацио
22/12 01:00 Барселона - Атлетико
22/12 16:30 Рома - Парма
22/12 18:00 Валенсия - Алавес
22/12 19:00 Фулхэм - Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер - Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед - Борнмут
22/12 19:00 Эвертон - Челси
22/12 19:00 Венеция - Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид - Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм - Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта - Эмполи
22/12 22:30 Леганес - Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас - Эспаньол

Блог

Ҳасанали ота

Ўзингни англа

Биз (футбол ҳаётида) Ўзбекистон бўла олайлик-5

Баҳо:
+0; -0

Зафаржоннинг билдирган фикрини деб, Доҳа-2011 ҳақидаги ҳотираларимни ёзмай қўйган эдим. Шунда ўзимнинг ношудлигимга аччиқ қилиб, кундалигимни ёқиб юборган эканман. Ҳақиқий ва маҳоратли адиб бўлганимда эди, ҳеч ким менга “Ёзганларингизни ҳеч ким ўқимайди, улар ҳеч кимга керак эмас”, деб айтмас эди. “Газета касбикомил адибнинг ишини юртга  олиб чиқиши керак. Менга ўхшаган ҳаваскорнинг эмас”,- дедим ўзимга ўзим ўшанда. Барибир ёзишда давом этдим. Ўша кунлардан буён беш йил ўтиб кетди. Сиз билан “Стадион Уз”да учрашиб турдик. Айни кунда тағин шундай гаплар бошланди. “Ўзбекистон”ни ҳеч ким ўқимаётибди экан, зерикарли, узундан узоқ ёзар эканман ва ҳоказо. Сабаб бошқа ёқда бўлса-чи? “Қарға бўлсанг қора бўл. Оққуш бўлсанг оқ бўл. Асло акси эмас. Муҳлисларда ўқиш ва қабул қилиш кўникмалари шаклланиб бўлган. Ҳамма интернет ишқибози бўлиб қолган. Юрт қатори ёз. Юртдан ўзгача бўлма!” деб тургандай бўлишади бугунги газетачилар. Бундай гапларга бўй синиб юрт қатори ёзайми ё ёзмай қўя қолайми? Ўзгача бўлиш, ўзгача ёзиш осон иш эмас. Тайёр йўл турганда, ўзим учун сўқмоқ йўл тортишимда, ўз йўлимда олдинга қадам ташлашимда нечоғлик кўп заҳмат чекишимни, баъзида манзилдан четга чиқиб қолишимни билмасмидим. Футболимизни ўйлаганимда ўзгача фикрласам, ўзгача қувнаб, ўзгача қайғуриб ўзгача изтироб чексам, қандоқ қилай? Барчамизни ўзбек футболига бўлган меҳр бирлаштириб турмайдими? Йўқ. Бундай эмас экан. Бобур ҳам қалам аҳлидан бирдамликни кутиб адашибди. Ҳамма ўз сўзига, ўз юзига (агар у бор бўлса), ўз талқинига, ўз йўлига эга бўлсин. Ўзгача бўлсин. Футбол ҳам ҳар бир ўйинчининг ўзгачароқ бўлишидан, бетакрор бўлишидан жозибалидир.

Бутун мақоламни жанговар ўтадиган чемпионатга бағишлаб, жанговар ўйинни орзу қилиб ёзмоқдаман-у, ўзим жанг қилишдан қочайми? Ўз йўлимни, ўз тилимни, айтар сўзимни  ҳимоя қилишим керак эмасми? Ёзмай қўйсам, иллат деб билган воқеаларга қарши курашдан ўзимни четга олган бўламан-ку. Фақат қайсидир кимсага қарши эмас, иллатга қарши жанг қилайлик. Иллат ҳо ўз ичимизда бўлсин, ҳо футболимиз ичида бўлсин, у барибир иллатдир. Демак, мен ёзишда давом этаман. Сиз ўқишда давом этинг, азизларим.

НИМА ЯХШИ, НИМА ...
Футболимиз, яъни клубларимиз давлат томонидан бириктириб қўйилган Ҳомийлар қарамоғида кун кўришга, қарамликка топширилган деган эдим. Бири кошона ҳаётга, бошқаси ғарибона кун кечиришга маҳкум бўлишган деган эдим. Бир клубнинг майдонини тикон аралаш ажириқ ўтлари қоплаган бўлса, бошқа клуб, масалан, “Локомотив” ўзининг учта ўйин майдони тугул ҳовли йўлакларини ҳам энг сифатли майса билан қоплатган. Тўғри, гап келганда клуб боғбони Машраб-аканинг хизматларини алоҳида айтиб ўтиш керак. Мазкур майдонлар орасидаги фарқ кошона қасрлар билан ғариб кулбалар орасидаги фарқни эслатади. Мана шу ҳолатни клуб учун тўла ҳусусий бўлганидан кўра ёмонроқ ҳолат деган эдим. Ўзбекистон Темир Йўллари Концерни ё Олмалиқ Тоғ Металлургия Компанияси, ёки Намангану, Жиззах вилоят хокимияти ўзига бириктирилган клуб учун ўзи топган маблағни қай маҳал, қай миқдорда, қай йўналишда сарф қилишини  ўзи ҳал қилади дерсиз. Пул уники дерсиз. Ундай бўлса, кенг қамровли стратегик лойиҳаларни қандай қилиб амалга оширамиз? Масалан, Венгрия  футболи  қадимги обрўсини қайта тиклайман деса, унинг футбол хўжалигига, араб  бойваччасининг  ажратажак катта пуллари эмас, мен айтган кенг қамровли стратегик лойиҳалар керак. Венгрия футбол хўжалиги шундай аҳволдаки, бугун бирор бир бойвачча бирорта клубга пул ажратмайди. Ажратса бойвачча касот бўлади. Венгрия ўз футболини ривожлантириш ниятида бўлса, амалий ўзгаришларни қилиши керак. Бу ҳаммамизга равшан гап. Биз Венгрия эмасмиз. Қадимда Венгрия термаси каби жаҳонда учунчи ўринга чиқмаганмиз. Эндигина мустақил бўлдик. Футбол хўжалигимизни энди яратмоқдамиз. Қандайдир Венгрия-менгрия учун эмас, ўз юртимиз футболи учун таклиф қилган Стратегик режаларни амалга оширмасак, боя айтганларим эртак бўлиб қолади-ку.

Шуни айтиш керакки, ўтмушда юртимиз корхоналари  халқ меҳнати билан яралган. Ушбу кунда ҳам уларнинг ярмидан кўп акциясига давлат эгалик қилмоқда. Шундай экан, нега футболимиз тараққиётига, ислоҳатларига, клублар ҳаётига давлат раҳбарлик қилмас экан? Агар, давлат раҳбарлик қилаётган бўлса, бундай адолатсизликка ўзи йўл қўйиб берган экан-да. 24 йилдан бери кенг қамровли, юқори сифатли ўзбек футболини ярата олмаётганимиз яхшими, ислоҳатларни истамаётганимиз яхшими? Футболимиз раҳбари бўлган ўша давлат арбоби борми? У ким экан, билмаймиз. Балким, бундай одам ёки ташкилот умуман йўқдур. Футболимиздаги биринчи шаҳсни биламиз, холос. У ЎФФ президентидир. Футболимиз тақдири унинг қўлига топшириб қўйилганми? Ундай бўлса, нега у киши клубларимиз хўжалик ҳаётига раҳбарлик қилмайди, ўйин тараққиётига раҳнамолик қилмайди? Клубларимиз ҳаётидан ўзини четга олади?

Масалан, “Сўғдиёна” бош мураббийи Даврон Файзиев “Пахтакор”дан олган мағлубиятдан (1:3) сўнг жамоа ўйинидаги нуқсонларни кўриб, кейинги йилга тикилиб бу нуқсонларни бартараф қилиш устида бугундан бошлаб иш олиб бора олмайди. Биринчидан, кейинги йил бу клубда ишлаши номаълум, чунки жамоа раҳбарияти билан бирор бир юридик кучга эга бўлган, уч йилга мўлжал олинган унинг шартномаси йўқ. Иккинчидан, ҳар ярим йилда ўйинчилар алмашгани туфайли, жамоа муқим таркибга, муқим ўйин тасвирига эга бўла олмаётибди. Ночор клубларимиз “карвонсаройга” айланиб қолган. Мухтор Қурбонов “Локомотив”га қарши кечган ўйиндан кейинги(1:4) анжуманда билдирган фикрига кўра, мавсум тугагач клубларимиз мол бозогга айланиб қолади. Ҳар бир ўйинчига ҳаридор бўлмаса-да, ўз нархини ошира бошлайди. Мол кўпу молчи йўқ. Биринчи шаҳс шунга рози экан-да. Шунга сабабчи экан-да.

ОШХОНАГА ОШПАЗ РАҲБАР. Ф.К. ГА КИМ РАҲБАР?
Бошқа бир мисол келтираман. “Андижон” жамоасига вақтинча бош мураббий бўлган Маматказинни лавозимга тайинлаш  олдидан мураббий танлашда анча-мунча  можаролар рўй берди. Уни ишдан олганимиздан кейин  “Шўртан” жамоасини бошқараётган пайтида, “Металлург” билан кўрсатган натижасига кўра тотализатор ўйнаб юришда гумон қилинаётган Гесс,  ҳалол ишлаши шубҳа остида қолган Гесс бош мураббий этиб тайинланди. Кейин у ҳам ишдан олинди. Бу воқеалар муаммонинг илдизи клуб раҳбариятида ғовлаб кетганини кўрсатмайдими? Азамат Абдураимов жамоада бош мураббий бўлиб юрган пайтда пулларни ўзлаштириш ҳақида Фарҳод Норбўтаев куюниб ёзганидан сўнг ҳам ЎФФ раҳбарияти бунга эътибор қаратмаган эди.  “Андижон”даги бугунги  ҳолатга ҳеч ким эътибор бермайди, уни таҳлил қилмайди. Клублар тақдири вилоятлар хокими, яъни вилоят федерация президенти қўлига буткул топшириб қўйилган.

Бошқа гап айтаман. Тез кунда Жиззах вилоятининг Ф.Ф. президенти “Сўғдиёна”га бадавлат ҳомий топиши мумкин экан. Шундай дейишмоқда. Шундай бўлса, пул кучи билан “коттароқ” мураббийни олиб келишади. Пул кучи билан кучлироқ ўйинчиларни келтириб, “Сўғдиёна”ни кучли клубга айлантиришмоқчи. “Локомотив” бўла олмайди-ю, лекин у юрган йўлдан юришмоқчи, шекилли. Афсус.

Ночор клубларнинг аҳволидан гапирдим. Ҳаммаси бойроқ ҳомийни орзу қилади. Бой клубнинг аҳволи, масалан, “Локомотив”нинг аҳволи қандай? Бу ерда ҳам бош мураббий билан маълум муддатга атаб юридик кучга эга бўлган шартнома тузилмаган. Раҳбарият энг катта кўтарма пулларини бериб, юртимиздан энг кучли ўйинчиларни олиб келтира беради. Зўр масаллиғ ўз ўзидан зўр таом бўлиб қолмайди. Бир йўналишда асосий таркиб ҳам, ёшлар жамоаси ҳам, БФК жамоаси ҳам ўйин тасвирини яратишда бир манзил томон ҳаракат қилиши керак. Бунинг учун бу ишга муҳлат ажратиб, бир йўналишда ҳамма ишлаши керак. “Локомотив”да ўйинни асосий таркиб боққа тортса, ёшлари тоққа тортади. Бош мураббий  Жамоа билан 2??? йил ишлаган бўлса-да, ҳар бир ўйиндан кейин ҳайдалиш ҳавфи остида яшади, ишлади. Ўйин борасида  бирор йилга мўлжалланган стратегик мақсадни ўз олдига қўя олмаган эди. Бенитес, Луи ван Гал, Гвардиола каби мураббийларда клуб раҳбари билан шундай шартномалари бор. Уларда ҳам ғалаба мағлубият билан ёнма-ён келмоқда. Гвардиола бир мақсад сари икки йилдан бери ишламоқда. Ҳали кўзлаган мақсадига эришгани йўқ. Бу йил яратмоқчи бўлган янги ўйин тасвири энди-энди кўрина бошлади. Немисча ҳужум қилиш эмас, ёппасига немисча ёпирилиш билан гвардиолача тўпга эгалик қилиш  пайваста бўлиб бормоқда.

Бизда жамоанинг тақдири, ўйин тақдири  футбол билимига эга бўлмаган, умрида бирор марта яшил майдонга тушиб юқори даражали ўйинда қатнашмаган клуб президенти қўлига уч қўллаб топшириб қўйилган. Ўзбекдан чиққан Руммениге, Бакенбауэр каби инсонларни раҳбарларик лавозимига  яқин йўлатмаймиз. “Сўғдиёна”да ҳам, “Локомотив”да ҳам раҳбарликда бир хил услубни кўрмоқдамиз. Қанчадан-қанча “ошпаз” ишсиз юрган бир пайтда Ошни ямоқчи пиширмоқда. Мана ҳозирда Абрамов ҳайдалгач, клубнинг бош раҳбари машғулотдан олдин мажлис ўтказади-ю, машғулот бошланиши билан жуфтагини рослаб қолади. Ўйин арафасидаги машғулотни қандай ўтказиш кераклигини тушунмаса, нима қилсин. Ҳар қандай корхона раҳбари ўз соҳасида мутаҳассис бўлиши шарт. Футболда ошни ямоқчи дамлай беради. Ямоқчи Ҳомийга тегишли одам бўлса бўлгани, ошпазликни “қойил” қилади.

БАҚИРОҚ ИШҚИБОЗЛАР САВИЯСИ.
Нима учун ЎФФ раҳбарияти бу ҳолатга парво қилмайди?  Клублар ҳаётидан ўзини четга олади. Айтиб ўтганимдай, клубларимиз давлат пулларини ишлатар экан, нима учун давлат олдида футболимиз учун жавобгар ва масъул шаҳс бўлган ЎФФ раҳбари иродасига улар бўй синмайди, унинг олдида жавобгар бўлмайди. Масалан, Биринчи шаҳс клуб маъмурлари чиқараётган беақл қарорларига вето қўйиш  хуқуқига эга эмас. Жаҳл отига тескари миниб олган “Локомотив” президенти қайси ақл билан мавсум тугашига 5та ўйин қолганида жамоани бош мураббийсиз қолдирди? Мазкур “ямоқчи” нафақат хуқуқсиз бўлган бош мураббийни тахқирлади, балки чемпионатимиз сўнгида асосий иштирокчини бошсиз қолдириб, юртнинг футбол мусобақасини финиш пайти тахқирлаб ташлади. Ўзбекистон футбол мусобакасига тупуриш эмасми бу? Анчелотти мавсум тугугандан кейин “Реал”дан кетиши олдиндан аниқ эди. Абрамовнинг имконияти бултур куздаёқ маълум бўлган эди. Кубокни ютгани учун ўз ишини давом эттирди. Бу йил кубокни юта олмагани учун “ямоқчига” ошпаз ёқмай қолди. “Ямоқчилар” бақироқ ишқибозларга ўхшаб мураббий маҳоратини, унинг салоҳиятини таблодаги рақамлар билан баҳолашади. Уларнинг футбол ўйини ҳақидаги тушунчалари ишқибозникидан фарқ қилмайди. Масалан, темир йўлчилар “Қўқонни-1912”ни ютганида эди, Абрамов ўз ишида ҳозиргача ишлаб юрармиди. Ўйинчилар майдонга тушиб тутантириқдай тутаб юришарди, ҳеч ким ёниб ўйнамас эди. “Локомотив” финиш олдига етганида тўхтаб қолган атлетга ўхшаб қолди. Кимдир унинг оёғидан олиб, ўзбек футболини масхаралаб ташлади. Кеча Шўртан футболчилари 27минут темир йўлчиларга қарши футбол ўйнаш қандай  бўлишини ҳаммага кўрсатиб қўйиб кейин яшил майдонга, футболга тупуриб, ўйинни рақибга топшириб, шарманда ўйин кўрсатишди. Чемпионатимизда сўнги ўйинлар шундай ўтмоқда.

Энди чемпионат охиридан бошлаб “Локомотив”да кейинги йилни кўзлаб ҳеч қандай иш қилмайди. Ёрқин ўйинни Абрамов ярата олмади. Лекин тан олиш керакки, Абрамов жамоага нафақат тўпни назорат қилишни, балки майдонни ҳам назорат қилиш уқувини  берди. Йўқотган тўпни рақибдан олиб қўйишни баланд даражага кўтарди. Бу борада уларга тенг келадигани йўк. Бугун темир йўлчилар шижоат билан жонини бериб  ўйнашса, ҳар қандай жамоани юта олишади. Абрамов жанговар жамоани ярата олмади. Гап шунда. Кеча матбуот анжуманида Андрей Микляев бугунги ўйин даражасини Абрамов яратиб қўйганини таъкидлаб ўтди. Энди Абрамов ўрнига Мабрамовни келтиришади. Чунки футболимизда мураббийлар савияси бир-биридан унчалик катта фарқ қилмайди. Алихўжа -Хўжаали.

ОТНИ ТЕСКАРИ МИНИШ.
“Локомотив” раҳбари жаҳл отига тескари миниб олиб ушбу қарорни чиқарган, дедим ҳозиргина, “Бунёдкор” раҳбари  финалга олиб чиққан Лушчанни ишдан ҳайдаган чоғида нимани тескари миниб олганини ҳалигача билолмай турибман. Жахл отиними, ё қабоҳат эшшагиними? Мираброр Усмонов билармикан, ёки буни билишга қизиқармикан? Жамоада энг муҳум шаҳс бўлган Бош мураббий шунчалар хуқуқсиз бўладими? Хор бўладими? Ўзбек футболида энг муҳум шаҳс, биринчи шаҳс бўлган Инсон шунчалар овозсиз бўладими? Клублар ҳаётига шунчалар бегона бўладими?  Нега ғижимлаб ташланган финишни кўриб кўрмаганга олади, нега?

Ҳомий томонидан клубга бош қилиб қўйилган бир кас (балким нокасдир) ёқтирмай қўйган одамидан бир сабаб топиб аламини олса, ишдан бўшатса, бошқа бир кас тахтсиз қолган “шоҳга” жой топаман деб, иқтидорли янги чиққан футбол ханандасининг овозини бўғса, айтаётган қўшиғини тугатишга йўл бермай оғзини ёпиб қўйса, бу билан кубок финалини ғижимлаб ташласа, бу ҳолни ҳомийлар диктатураси десак, тўғри бўлмайдими? Халқ пулига эгалик қилиб, уни футболга ажратиб юрган ҳомий футболимиз устидан хукмронлик қилмаяптими? Бутун дунёда ҳомий деганда, клуб билан ўзаро манфаатли шартнома тузиб, клубга катта пуллар ўтказиб турган бадавлат ташкилотни тушунамиз. “Қатар Ҳаво Йўллари” компанияси Ф??? клубининг ички ҳаётига, кадрлар ишига,  президент сайловига аралашмайди. Футболимиз тақдирини ҳомийлар қўлига топшириб қўйиш ҳусусийлаштиришдан кўра ёмонроқ ҳолат деб айтган эдим.   

Ҳар соҳада камчиликларга тўла бугунги  тизимни кўриб турса-да, бирор чора кўрмайдиган ўша Инсон янги мусобақа тизимини, янги молиялаштириш тизимини жорий этармикан деб, бунга умидвор бўлиб мақола ёзмоқдаман. Ёзганларимни танқид учун танқид қилиш, ишқибоз эътиборини чемпионатнинг сўнги турларидан чалғитиш, бефойда гаплар айтиш, ёки мантиқсиз уриниш деманг. Асло ундай эмас.

Ҳар бир соҳада давлат миқёсида биринчи шаҳс бўлган кишининг ҳеч ким танимайдиган ўзининг давлат маслаҳатчиси бўлади. Баъзан бир эмас, бир нечта бўлади. Нима учун? Чунки доимо биринчи Шаҳс ўз атрофини ўраб олган кишиларнинг информацион филтри ортида қолиб кетади. Мирсодиқов можаросидан кейин Мираброр Усмоновнинг футбол маслаҳатчиси йўқ эканлиги аён бўлди. Ўша воқеани эсласангиз, келишилган ўйин ҳақидаги маълумот туфайли, бу воқеадан нафратланиб, дилдан ранжиганини кўрдим. Ваҳоланки, бу маълумот унинг қулоғига филтрдан ўтиб етиб келган эди. Филтр ишламади ёки атайин... Натижада Мираброр Усмонов воқеа оқибати билан жанг қилди. Воқеа сабаби билан эмас. Бунинг устига олган маълумоти тўлиқ ва тўғри эмас эди. Бу каби жиноий иш билан тегишли ташкилотнинг одамлари шуғулланиши керак эди. ЎФФ қўл остида ишлайдиган ходимлар эмас. Улар юридик масъулиятга эга эмаслар. Натижада Биринчи шаҳс келишув ҳусусида чиқарган ўзининг мубҳам қарори билан чемпионат финишининг мужмал ўтишида ўз ҳиссасини қўшди. Ҳалигача Биринчи шаҳс бердисини айтгани йўқ.

Нима учун филтр ҳақида ҳозир ёзмоқдаман? Футбол хўжалигимиз нуқсонларидан ранжиб, куюниб ушбу ёзганларим ўша филтрни айланиб ўтиб, Биринчи шаҳснинг қўлига етиб борсайди, дейман. Филтр олди-қочди гапларни ўтказади-ю, менинг куюниб ёзган ҳаққоний гапларимни ўтказмайдими? Балким ўқир. Унинг самимийлигига ишончим комил. Ўқиб чиққач, таклифларим ҳақида бир оз ўйланиб қолармикан деб умидвор бўлмоқдаман. Шундай экан, яна  таклиф киритмоқчиман? Ўзбек футболининг аденауэри жим тургач, ман гапирмоқчиман-да.    

ЕМАЙ ЕДИРИШ, КИЙМАЙ КИЙДИРИШ.
Таклифимни ҳукмингизга ҳавола қилишдан олдин ноқулай, номаъқул иш қилишим керак. Эшикни очиб бировнинг ховлисига мўралаш, ёки қайнаб турган бировнинг қозон қопқоғини очиб ичига қараб қўйиш каби ноқулай ишни қилишим керак. Айни замонда ховли бегона эмас. Қозон ҳам ўзиминики. Қозон тагига пул ёқиб ичида футболнинг карам шўрвасини қайнатмоқдамиз. Нега энди Футболнинг ичини билишимиз керак эмас экан. Шундай дейман-у, барибир бу ҳақда ёзиш ноқулай бўлмоқда.   

Куни кеча “Локомотив” футболчиларининг ўйин арафаси машғулотини кўриб келганимни айтдим. Дарвоза олди қимматбаҳо енгил машиналар билан тўлиб кетибди. Бири биридан кўркам. Бири биридан ҳашамдор. Машғулотда ҳеч қандай изланишни,  янгиликни, ҳужумдаги нуқсонларни бартараф этувчи машқларни кўрмадим. Икки йилдан бери улар билан ишлаган  мураббий йўқ  энди. Унинг ўрнига Серб тилига қоришган рус тилида сўзловчи бўйдор Мирко Йеличичнинг овози эшитиларди. Бир ярим соатдан кейин ер ости йўлидан ҳамма базага кириб кетди. Ҳеч ким қолмади. Ҳеч ким ўзи устида алоҳида ишламади. Устоз отангдан улуғ дейишади. “Ота”нинг, яъни ўша бош мураббийнинг овози энди бу майдонда жарангламайди. Чунки Абрамов бу бойваччаларга чин маънода ота бўлолмади. Бунга интилмади ҳам. Энди бошқаси келади. Бу оддий ҳол. Кўпчилик футболчиларнинг агенти ишга тушиб кетган. Чунки эртага келар янги мураббий ким бўлмасин, у янги футболчилар билан ишлайди. Бу ҳаммага аён оддий ҳол. Майли, Абрамов ишдан ҳайдалгани туфайли ҳеч ким қайғуга ботмасин. Лекин футболчининг бу йилги ўйинида ҳеч қандай ўсиш бўлмаганидан, таркиб жиҳатидан ҳаммадан устун бўлишгани билан бошқалардан кучли ўйин кўрсата олишмаганидан, унинг ўйин маҳорати  бу йил ўсмаганидан қайғуга  нега ботмайди, унинг авзойи нега бузилмайди? Футболчининг стадион эшиги ёнида турган дабдабали, арзанда машинасини қандайдир бомж дабдаласини чиқарса борми, унинг жаҳли чиқади, қайғуга ботади. Ёки дарвоза олдидаги машиналар ичида Тошкентда ҳеч кимда йўқ, бир кимсанинг Бугатти машинаси пайдо бўлса борми, бундай машина нега менда йўқ деб, ҳасад оловида ёнади. Бундай ўйинчи ҳеч қачон майдонда ёниб ўйнамайди. У майдонда икки тайм югуриб беради, пул топади.

Бу йилги бир қадами кам чемпионимиз (Пахтакор) ўйинида ҳам ҳеч қандай шижоатни, ўйинда фидойиликни кўрмайсиз. Веронага кўчиб ўтган 38 ёшли Лука Тони ўйинини ҳар ярим йилда клубдан клубга подёмний топиш илинжида кўчиб юрган унинг тенгқури бўлган Зайниддин Тожиев ўйинига эмас, навқирон Сергеев ўйинига таққосланг. Игорьда шиддат, шижоат Лука олдида йўқ даражада. Бунга жамоа ўйини сабабчи дейсизми? “Пахтакор” футболчилари “Сўғдиёна”ни ютар даражасида “шиддат” кўрсатиб ўйнайдилар. Бундан ортиғини  улардан ҳеч ким талаб қилмайди, дейсизми? Сергеев бир ўзи нима қилсин, дерсиз. Бизнинг ўйинчилардан эҳтиросни, шиддат ва шижоатни, фидойи ўйиндан завқ олишни ким ёки нима ютиб юбормоқда, биласизми?  Катта пуллар кўп нарсани ютиб юбормоқда. Ўрнига нима бермоқда? Латта-путта, мол-дунё берар, балким. Бошқа нарса бермайди.

Олдинги мавзуга қайтаман. Футболимиз давлатнинг қарамоғида яшамоқда, дотацияда туради, деган эдим. Ота қарамоғидаги ўз боласини улғайгунча ўзи емай едиради, ўзи киймай кийдиради деган эдим. Бундай бола боқиманда бўлганидан эзилмас экан, у ҳеч қачон улғаймайди. Бизнинг футболчи эса, “ота” берганига қаноат қилмай кўпроқ пул топайин деб, ҳеч қаерда шижоат кўрсатмай ҳар ярим йилда клубдан клубга кўчиб юради. Ушбу аҳволда Футболга, клубга садоқатни улар Ойша холасидан олсинми? Нега бундай бўлди. Бунинг сабабчиси футболчи олаётган катта пуллардир. Лука Тони бизникиларга нисбатан жуда катта пул олади-ку, дерсиз. Унинг ойига олаётган  180минг долларга тенг пулларини   ўз юртига қараб нисбат бериш керак. Масалан, Олмонияда биргина пломба қўйдириш минг доллар туради. Бизнинг футболчимиз ойига олаётган тахминан 30 млн сўм пулларига нечта пломба қўйдириши мумкин? Бошқа жиҳат ҳам бор. Катта ойлик тўлайдиган “Акфа” фирмасининг бош муҳандиси ойига таҳминан 6 млн сўм  олади. Орадаги фарқни сездингизми? Бош муҳандис ўз пулларини ишлаб топади. Унинг масъуллиги ойига таҳминан 12 млрд сўм билан ўлчанади. Акфа ойига шунча маҳсулот ишлаб чиқаради. Футболчи эса, пулни яшил майдонда “ўйин кўрсатиб”, ё гол уриб олгач майдонда пиёда юриб топади. “Ота”(яъни халк) боқиманда “ўғлидан”(яъни футболчидан), емай едириб, ичмай ичириб сўқимга ўстириб қўйган “ўғлидан” нимани кутиши мумкин? Унинг ўғли Сергеев, ёки Сардор Рашидов бўлганидан овуниб хурсанд бўлиб юрсинми?   

Биз майдондаги 22та футболчини кўрамиз. Катта пуллар атрофида бўлаётган 22мингта ҳангомани ҳеч ким кўрмайди. Фаровон ҳаётга ҳамма интилмоқда. Бизда йилига 8минг ва ундан ортиқ доллар миқдорида пул топаётган тадбиркорлар бор. Лекин улар топган пулининг тўқсон фоизини соҳани кенгайтиришга сарф қилишлари шарт. Футболчи ҳам ўз пулларини ўзи ишлаб топиши керак. Қандай қилиб? Биргаликда ечимини топайлик. Ўшанда “ота”(яъни хомий) ўғлига едириб-ичириб қўйибман деб, бераётган пулини пеш қила олмайди. Футболчиларни камситмайди.  

НОЧОР КЛУБЛАР ҚОЛМАСИН.
Нега ЎФФ клубларнинг хўжалик тизимини назорат қилмаяпти, деб зорланган эдим. Куюниб жуда кўп ёздим. Ўзбек футболи қаровсиз қолмоқда деб, жамоани футболга бегона одамлар бошқармоқда деб эзилиб ёздим. Лекин гап шундаки, Клуб хўжалигига ЎФФ аралашса, (ҳомий аралашса майли экан) халқаро низомга тўғри келмайдиган бундай хатти-ҳаракати учун ЎФФ ОФКдан четлатилиши мумкин. Шундай экан, нима қилмоқ керак?

Илгари Вазирлар Кенгашида Спорт комитаси, Давлат қурилиш комитаси ва хоказолар бўлар эди. Ҳозир Маданият Вазирлиги таркибида спорт бўлими бор. ЎФФ мустақил иш олиб боради. Аммо ЎФФ давлат қўмитаси ё вазирлик даражасида иш олиб бора олмайди. Бундай қилса, халқаро низомга тўғри келмайди. Вазирлар кенгаши қошида футбол қўмитасини тузайлик.  Биргина футболга атаб давлат қўмитасини тузиш беманилик бўлади дерсиз. Унда бир гап айтаман. Бир йилда барча спорт турларига давлат буджети ва бошқа манбалардан 800млрд сўм ажратилса, ундан 780млд сўми футбол ривожига сарф бўлмоқда. Бошқа барча спорт турларига қолган 20млд сўм ажратилади. Фарқни сездингизми? Шундай экан, Вазирлар Кенгаши қошида Футбол қўмитасини  ташкил қилсак, бўлмайдими? ФИФА низомига мос тушиши учун бу қўмита Футболнинг Тараққиёт Фонди деб аталсин, майли. У муассаса ё маҳкама бутун футбол ҳаётимизни бошқарсин. Босқичма-босқич Тараққиёт йўлини белгилаб турсин. Ва унинг ижросини назорат қилсин. Ҳар бир клуб учун  раҳбарлик лавозимига ФТФ учта номзодни таклиф этсин. Клуб сайлов ўтказиб улардан бирини  президент этиб сайласин. Клубда якдиллик шунда пай    до бўлади.       

Хаёлан бундай қўмита тузилди-ю, бу қўмитага Мираброр Усмонов раислик қилмоқда, дейлик. Боя айтганим, барча ислоҳатлар амалга оширилди, дейлик. Энди ислоҳатлар янада яхши натижалар бериши учун клубларни молиялаштиришда ҳам ислоҳатлар қилишимиз кераклиги кундек равшан бўлди. Бу ислоҳатлар Зафаржон Қосимов таклиф қилганидек икки босқичдан иборат бўлсин. Биринчи босқичда марказлашган тартибда олий лиганинг ҳар бир клуби бюджетига бир миқдорда пул ажратайлик. Токи ночор клублар қолмасин, “Гулистон”нинг куни ҳеч кимнинг бошига тушмасин. Бу вақтинчалик чора бўлиб, Юртимизда бир текис таралган юқори малакали клубларни яратиб олганимиздан кейин ФРФ уни ўзгартирар. Барча ҳомийлар ўз клубларига эмас, Футбол Тараққиёти Фондига пулларини ўтказсин. Шунда барча 12 жамоа бир миқдорда масалан, 7млд сўм пул миқдорида буджетга эга бўлади. Чемпионат совриндорларига, кубок эгаларига катта соврин белгилайлик. Масалан, турнир ғолиби буджетига қўшимча яна 7 млд сўм қўшилсин. Токи ғолиб клуб ўзига ажратилган буджет миқдорини икки баробар ошира олсин. Чемпионат форматини ўзгартирганимиздан кейин, масалан, “Олмалиқ” ё “Металлург” жамоаларининг чемпион бўлиш имкониятини бошқа даъвогарлар билан тенгма-тенг қилганимиздан кейин, ҳар бир клуб учун бу соврин катта буджет сабабчиси бўлиб қолади. Бизда Англияга ўхшаб учта кубок мусобақаси ташкил этилган дейлик, улар совринли бўлиб улар ҳам клуб буджетини ошириш манбайи бўлсин.

Иккинчи босқич молиялашни клуб ҳомийлари томонидан белгилансин. Марҳамат, совриндор бўлса, ўз ҳомийларининг қўшимча бўнусини олсин. Ҳар бир клуб қўшимча пул топиш манбаини ўзи учун ўзи қидирсин ва футболчилар уни ишлаб топсин. Фақат такси ҳайдаб топмасинлар. Футбол ўйнаб топишсин. Жангни ўшанда кўрасиз. Клубнинг  ҳар бир ўйин тарғиботини ўшанда кўрасиз.  Яна ҳар бир клуб турли хил қўшимча даромад топиш манбайига эгадир. Ҳомийнинг ойболтаси тагида ҳеч ким футбол ўйнамасин. Имкон қадар ўзи пул ишлаб топишга ҳаракат қилсин.

НОШУД ХЎЖАЛИКНИНГ АБСУРД ҲОЛАТИ
Даромад топиш  аввало, футболчиларнинг трансфер хуқуқини сотиш бўлсин. Нафақат чет элга, балки ўз юртимизда клублар-аро футболчининг трансфер хуқуқини сотиш жорий этилсин. Ҳозир бундай пул топиш манбаи бизда ПФЛ низомига кўра тақиқланган.  Масалан, “Локомотив” клуби Санжар Шоаҳмедов учун “Олмалиқ”қа бир тийин ҳам тўламаган. Маҳоратли футболчини тайёрлаш клубга ҳеч қандай даромад келтирмаяпти. Абсурд ҳолат.  

Иккинчидан. Чипта  ва трансляция хуқуқини сотиш пул топишнинг асосий қисми бўлсин. Бу ҳақда тўхталиб ўтмасак бўлмайди. ТВ роликларида янги қуриб битказилган футбол стадионларимизни қайта-қайта кўрмоқдамиз. Бу роликлар бизда фаҳр уйғотади. Бу стадионлар футболимизнинг ривожи учун хизмат қилади. Футбол эса, ишқибоз учун ўйналади. Бизда эса, стадионга ишқибоз келишини ҳар хил йўл билан тўсиб қўйишмоқда. Олдин айтиб ўтганим, ўша қудратли куч эгаси ишқибозни безори деб билиб, уларнинг стадионларда тўпланишини ҳар хил усулда йўқ қилмоқда. У кишининг буйруғи билан ўйинлар атайин ишқибозлар учун ноқулай вақтда ўтказилмоқда. Масалан “Локомотив” стадионига 9 мингта одам сиғади. Ўша қудрат эгаси 2мингтадан ортиқ чипта сотмайсан деб, маъмуриятга буйруқ берган.  Ишқибозларни милиционерлар безорини кутгандай қарши оладилар. Қандай қилиб бу аҳволда маданиятли ишқибозлар оила бўлиб, коллектив бўлиб стадионга футбол кўргани келишсин? Абсурд ҳолат. Нима учун янгидан янги стадионларни қурмоқдамиз? Хўжа кўрсингами? Хўкиз (безори) кўрсингами? Ахир халқаро амалиётда клубни ишқибозсиз қолдириш клубнинг  бирор айби учун жазо қўллашни билдиради. Стадионларни нима учун қурмоқдамиз? Ишқибозларни киргазмасдан, чиройли клипларни ТВ орқали чиройли стадионларни кўрсатиш учунми?

Ҳар бир ўйинда “Пахтакор”га 30мингта ишқибоз йиғилади дейлик. Улардан 30таси, борингки 300таси безори бўлиши мумкин. Электрон назорат ускуналарини кўпайтириб қўяйлик. Ўйин пайтидаёқ безорини стадиондан четлатайлик. Кўп давлатларда меҳнат кодекси, оила кодекси қаторида, масалан, йўл кўдекси ҳам бор. Биз футбол  кодексини қабул қилайлик, марҳамат. Ишқибозларга қарши эмас, безориларга қарши курашни, жазони кучайтирайлик. Марҳамат. Ҳозир унда-бунда миршаблар бир безорини стадион ташқарисига олиб чиқиб қўйиб юборишмоқда. Йўқ. Стадионда безорилик қилгани учун фалон йилга қамалсин. Безорининг стадионга йўли тўсилсин, сўкинган овози бўғилсин.  Ишқибозлар ташрифини бўғмайлик. Стадионларда маданий хизмат кўрсатишни олий даражага олиб чиқайлик. Стадионларни тўлдириб, футбол кўриб, тўлқин бўлиб, қўшиқ айтиб, ҳайқириб ўтирайлик. Бунинг нимаси ёмон? Фонограмма концертини кўргани 100минг сўм тўлаб киришмоқда. Жонли ижрода жанговар ўйинни, ҳақиқий драматургияни кўриш учун ундан ҳам кўп пул тўлашга тайёрмиз. Фақат юқори даражада маиший, маданий хизмат кўрсатишни, кучли реклама қилишни амалга оширайлик. Сўнги икки тур ўйинлари ишқибозга ноқулай пайтда соат 14да ўтказилар экан. Ишқибозсиз ўтказилар экан-да. Абсурд ҳолат.  

ХИРАКАШЛИК ПАТОЛОГИЯСИ
Таклифларимни давом эттираман. Кўчманчиликни  тарғиб қилувчи “Подёмний” пул тўлашни йўқ қилайлик. Геворкян ҳар ярим йилда “подёмний” ишлайман деб, клуб алмаштириб юрганида бугунги кунда қандай футболист бўларди?  

Футболчилар ойлигини барча клубларда бирданига сезиларли даражада камайтирайлик. Ҳамма Қозоғистонга, Россиянинг иккинчи лигасига кетиб қолади, дейсизми? Марҳамат, ўз истеъдодига, порлоқ келгусига, юқори савиялик чемпионатимизга (ислоҳатларлан кейин шунга эришамизда)  тупурганлар Малайзиянинг 3лигасига, Қозоғистоннинг иккинчи лигасига кета беришсин. Яхши легионерлар кетиб қолади, дейсизми? Геворкянга ўхшаган футболчига қўшимча ойликни Футбол Тараққиёти Фонди бериши мумкин. Бошқалари кета берсин. Ёшларнинг йўли очилади. Шундай қилсак, асосий таркибда 17-20 яшар иқтидорли ўйинчиларни ўйнатамиз. Токи улар 22-23 ёшида жаҳон даражасига чиқиб Европа клубларида ўйнайман дейишсин. Юртимизда яшовчи халқнинг маошига нисбатан жуда катта пулларни олаётган футболчилар Европа клубларига интилмай, жойини ёшларга бўшатмай майдонда соясини судраб, футболдаги  хира ўйинини анча йилга чўзиб, майдонда пиёда юриб футбол ўйнаб юришибди. Шундайлар ойлик камайтирилгач, хира ўйиним билан ҳеч кимга ёқмасдан, клубдан клубга кўчиб умримни майдонда бекор ўтказмай, эртароқ бир ишнинг бошини ушлай деб футболни тарк этади. Хирадан ҳамма безор. Ёрқин футболчиларимиздан гапирайлик. Жасурқул ё Жасурмурод Хасановларнинг қай бири Европа клубларида ўйнашни орзу қилиб ўйинимни ўстирайин дейди? Ҳеч қайсиси бунга интилмайди. “Локомотив”да олаётган катта маоши уларга етади. Клубда ўз ўрнини сақлаб юрса бўлгани. Улардан кучлироқ ёш иқтидорли футболчи уларнинг ўрнига майдонга чиқиши амри маҳол.

Ўзи тарбиялаб етиштирмайди. Шундай қилса, мураббий натижа кўрсата олмай ишдан ҳайдалади. Бошқа клублар терма аъзоси бўлган ёшларни  таваккал қилиб асосий таркибга тушуриб ўйинини ўстирмайди. Шундай қилса, Локомотивлар уни текинга тортиб оладилар. Демак, Хасановлар яна анча йил беҳавотир ҳолда “Локомотив” таркибида  ушбу ўйинини ўстирмай юра беришади. Улар Ўзбек футболининг ёрқин юлдулари ҳисобланишгани билан, турли ўйин вазиятларида дарвоза томон турли хилда кучли зарба беришни ҳалигача созлаб олишмаган. Бошқалардан нимани кутамиз? Айтганларим футболда  патология эмасми? Бошқа спорт турларида 23 ёшида Осиёга, Жаҳон ареналарига чиқмаса, умрини зое ўтказмай деб, спорт аренасини тарк этишади. Мендан ҳафа бўлмасин, лекин ФФ??? айтсин, ўзига ё ўзбек футболига нима бера олади? Ҳеч нарса. Нима учун? Бу ҳақда ўйлаб кўрганмисиз?

Шаҳбоз Эркинов, Алишер Азизов, Темур Хакимовларнинг келгуси порлоқ эди. Нега улар ўсишдан тўхтаб қолишди?  Темур- ҳали нисбатан ёш, жуда кўп ҳаракат қилса, омади келса, Сергеевдай футболчи бўлиб, терма таркибида майдонга туша олади. Ўзбекистонга танилади. Осиёга эмас. Европага эмас. Бундан ортиғи бўлмайди. Ортиғини исташмайди ҳам. Нима учун? Бу дегани бизнинг футбол хўжалигимиз нотўғри ташкил қилинган дегани эмасми? Мана шунинг учун бизнинг футболимиз бундан ортиғига муносиб бўлмаяпти. Ҳамжиҳатликда ҳаммамиз стратегик режа асосида олдинга интилмасак, ҳамма айтганларим эртак бўлиб қола беради-ку. Мен эса ушбу кун, ҳамма мендан кўра яхши билган эски ҳақиқатни ҳижжалаб, қариганимдан “ақлдан озиб”, узундан узоқ ёзиб,  ҳаммага эрмак бўлиб қолмоқдаман.

НОМАРДЛИКМИ, Ё НОДОНЛИК, ЁКИ...
Айтган гапларим янгилик эмас экан, ҳаммага аён  экан, бу нарсани ҳамма билар экан, нега мен ёш боладай бунчалар куюнаман? Билсангиз, бир нарсани айтинг. Наҳотки, Хасановлар ўз ўйинидан рози бўлса? Наҳотки мураббийларимиз ўз жамоа савиясидан рози бўлса, наҳотки Мираброр Усмонов ислоҳатлар қилмай ўзбек футболи бугунги аҳволида қолиб кетишини истаса? Йўқ бундай эмас. Демак, гап нимада?

Ҳақиқатни ҳамма билса-ю, ҳақиқатни ҳеч ким ҳимоя қилмаса, номардлик бўлмайдими? Журналистларимиз ҳақиқатга бири ўнгдан бошқаси чапдан яқинлашса-ю, узоқроқдан туриб бир- икки сўз айтиб, кейин ҳақиқатни ёлғиз ташлаб нари кетса, Еврофутбол билан ҳаммани овутиб юрса, нотавонлик бўлмайдими? Муҳаррир қайчи ушлаб ҳақиқат сўзимни ҳар сатр ичидан қидириб юрса, нодонлик бўлмайдими? Раҳбарлар ҳақиқатни хибсга олиб, уни халқдан яшириб юрса, нокаслик бўлмайдими?  

Ҳақиқатни билар экансиз, Сиз уни ҳимоя қилинг. Мен четга ўтиб сизларнинг шижоатингиздан мамнун бўлиб, мириқиб соф футболга ишқибозчилик қилай. Шу ёшимда ўртага чиқиб сўз олишимга менга нима бор.         

Бизнинг ёшларимиз келгусида Европада танилиб футбол ўйнашига ишонаман. Бизнинг давлатимиз Гана давлатидан кўра  футболга кам пул ажратаётгани йўқ. Балким кўпроқдир. Бизнинг ўғлонларимиз Европада ўйнаётган Ганалик ФФ??лардан ҳеч қаери кам эмас. Ҳар соҳада кенг қамровли ислоҳатларни амалга оширайлик. Ожиз бандаман. Таклифларим нотўғри бўлиши мумкин. Азизларим, футболимизга бефарқ бўлмасангиз, айтганларимга эътироз билдириб, унинг ўрнига ўз таклифларингизни беринг. Давлат томонидан режалаштирилган кенг қамровли ислоҳатлар тарафдориман. Сизчи?

Аденауэр раҳбарлик қилган Урушдан кейинги тикланишга эътиборингизни тортган эдим. Дэн Сяопин ишлаб чиққан режага Хитой ўз иқтисодиётини ривожлантириб олди. Хитой давлати раҳбарлик қилган ислоҳатлар бутун дунёга мана-ман деб турибди-ку. Гапларимга,  давлат бошқарган ислоҳатлар кучига бундан бошқа далил керакми? Майли, бугун ёзганларимни ҳеч ким ўқимасин, ҳамма Еврофутболдан завқланиб юрсин. Ҳеч ким сўзларимга эътибор бермасин. Ҳамма нарса ўз ҳолича қола берсин. Сизу биз омон бўлайлик. Футбол шунчаки ўйин. Бугун футболимиз муаммолари бир гап бўлар. Эртага бу гапларим кимгадир керак бўлиб қолар.   
Стадионда учрашгунса омон бўлайлик. Бирга бўлайлик.
 
30.10.2015й,

Ҳасанали Қодиров.

Киритилган сана: 01.11.2015 15:42. Ўкилди: 12049 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

Билдирилган фикрлар:


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 08:35. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 08:35. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 08:32. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 08:32. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


BULUT
Сана: 02.11.2015 09:18. BULUTга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.