Кириш Регистрация
21/12 00:45 Верона 0-1 Милан
21/12 01:00 Жирона 3-0 Вальядолид
21/12 17:30 Астон Вилла 2-1 Манчестер Сити
21/12 18:00 Хетафе 0-1 Мальорка
21/12 19:00 Торино 0-2 Болонья
21/12 20:00 Брентфорд 0-2 Ноттингем Форест
21/12 20:00 Ипсвич 0-4 Ньюкасл
21/12 20:00 Вест Хэм 1-1 Брайтон
21/12 20:15 Сельта 2-0 Реал Сосьедад
21/12 22:00 Женоа - Наполи
21/12 22:30 Кристал Пэлас - Арсенал
21/12 22:30 Осасуна - Атлетик Бильбао
22/12 00:45 Лечче - Лацио
22/12 01:00 Барселона - Атлетико
22/12 16:30 Рома - Парма
22/12 18:00 Валенсия - Алавес
22/12 19:00 Фулхэм - Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер - Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед - Борнмут
22/12 19:00 Эвертон - Челси
22/12 19:00 Венеция - Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид - Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм - Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта - Эмполи
22/12 22:30 Леганес - Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас - Эспаньол

Блог

Ҳасанали ота

Ўзингни англа

Айтган ва айтолмаган гапларим («Локомотив» футболчилари билан учрашув ҳақида)

Баҳо:
+0; -0

СЎЗ БОШИ
Яман термаси билан учрашувдан кейин Бобуржон мени уйимгача элтиб қўйди. У доим менга шундай ғамхўрлик қилади. Узоғимни яқин қилади. Матбуот анжумани кеч тугаган эди. Ўйиндан ва савол-жавоблардан олган таассуротларимга ғарқ бўлиб келмоқда эдим. Бабаян айтиб ўтган ўша ўйин моделига ўзи танлаган ўйинчилари мос тушмаганини, модель четда қолиб, ҳамма ўз билганича ўйнаганини, Игорнинг ўйин тафаккури, масалан, Исломникидан жуда баланд эканлигини, бу нарса унинг гап-сўзидан, қизиқиш доирасидан ҳам билиниб туришини, жамоа ўйинида ҳамжиҳатлик бўлмаганлигига сабаб деб, легионер ўйинчилар рақибга, майдонга нисбатан калондимоғлик билан муносабатда бўлганини айтиб ўтдик. Кейин мавзуни кескин ўзгартириб Бобур мендан, худди бир жиноий иш қилиб қўйганимдай, “Локомотив” ўйинчилари билан нима учун учрашдингиз”, деб сўраб қолди. Бу саволни бир неча бор такрорлади. Бўлимлар орасидаги танаффус пайтида Бахтиёр Ширинов мен билан кўришгандан кейин, нозик истеҳзо билан, “Эшитдик-да, Абрамов болалари билан учрашибсиз”, деб қолди. Кечаги ўйин пайтида жуда кўп журналистларни кўрдим. Матбуот секторини тўлдириб ўтирдик. Ҳатто, кубокнинг ярим финалида бор-йўғи уч-тўртта журналист стадионга келиб ўйинни кузатишган эди. Келса бўлар экан-ку. Ҳамма мен билан кўришар экан, кўзлари ўша учрашув ҳақида мендан бир нимани сўраб туришгандай бўлди. Ё менга шундай туюлдими? Хайрулла Холиқов учрашув ҳақида фото суратлари билан сайтга қизғин хабар бериб юборибдими, дейман.

Ҳаётда ҳамма маълум бир чизиқда тушунарли ҳаракат қилади. Маълум бир қолипга кириб олиб, ўшанга мос гапириб, мос фикрлаб, ўшанга мос муҳит яратиб ҳаёт кечиради. Қолипга тушмайдиган ҳаракатни, ҳаётни қабул қилишмайди, қабул қила олишмайди. Қора қарғанинг ҳамма ёғи, ҳатто қағиллаши қора бўлиши керак. Уни оқ рангда чизиб қўйсангиз, оқ қарға ҳаётда бўлмайди деб, ҳамма сизни “чўқиб” ташлаши мумкин. Айтмоқчиманки, қабул қилинган одатга кўра журналистлар футболчилар олдига чиқиб нутқ сўзламайди, дил ёрмайди. Суҳбат бермайди. Футболчилардан ин-тер-вь-ю олади.

Футболда ҳам шундай. Футболчининг ҳаракатлари шерикларига тушунарсиз бўлса, уни таркибдан чиқариб ташлашади. Гап шундаки, мен журналистлар жамоасида “ўйнамайман”. Ман журналист эмасман. Футбол ишқибозиман. Шу билан бирга футбол ҳақида “ғийбат” қилишни ёқтирувчи ишқибозман. Бу ишни бироз эплаётган оддий ишқибозман. Кўпгина журналистлар ноодатий ҳаракатларим ортида қандай яширин ниятим бор, қандай манфаатим бор экан деб, синчков назар билан менга баҳо бердилар. Буни кутган эдим.

Мактаб ўқитувчиси ўз ўқувчисига дашном билан савол беришига ўхшаб қолган Бобуржоннинг сўроқларига қандай жавоб беришни билмай қолдим. Гап келганда чўнтак кавлайдиган одам эмасман. Лекин саволи қизиқ эди. Ўғлингиз ё неварангиздан ўқитувчиси “мактабга нега келдинг, ё нега бу синфда ўтирибсан” деб сўраса, у қандай жавоб берар экан? Мен футболчилар билан нега учрашдим экан? Бобуржоннинг “нега” деб айтган саволига жавоб излаб, бир нималар ғудурлаб, қўйган қадамимни тушунтиргандай бўлдим. Оқлангандай бўлдим. Бундан ўзимни ёмон кўриб кетмоқдаман.

Олимхўжа ҳақ бўлиб чиқмоқда. Учрашув тўғрисида ўзим бир нима ёзиб беришим керак эканми, дейман. Бултур ҳам Абрамов ёрдамида бундай учрашувни ташкил қилган эдик. Лекин бултур уйдаги гап кўчага чиқмаган эди. Бу йилги учрашув ҳақида хабарни клуб матбуот котибининг ўзи самога узатиб юборди. Бу учрашувимиз фақат клуб ҳаётидаги воқеа бўлмай, бутун футболимизга тегишли воқеа бўлгани учун шундай қилгандур-да. Ахир “Локомотив” ҳаёти бутун Ўзбекистонга тегишлидир. Ҳаётим тилмочлари қадамимни шарҳлайман деб қийналмасинлар. Ўзим учрашув ҳақида бир нималар ёзиб бераман. Улар ўйлагандек мен Абрамов ёки унинг машҳур футболчиларига пахта қўйиб, ёки “Локомотив” раҳбарлари олдида бир нимамни ликиллатиб бирор мақсадга эришмоқчи эмасман. Бундай қилиш ёшидан ўтиб кетганман. Ёки футболнинг ҳашаматли иморатига киролмасдан унинг ҳовлисида мақсадсиз футболга суйкалиб умримни ўтказмоқчи эмасман. Менинг ҳам ўз манфаатим бор. Бу ҳақда охирида айтаман.

ПУЛ САНАШМИ Ё МАЪНИ ИЗЛАШ?
Муҳим учрашув олдидан доим ҳаяжонланасиз. Унга тайёргарлик кўрасиз. Айтмоқчи бўлган гапларингизни ўйлаб қўясиз. Тўғри иш қилмоқдаман деб, ўзимга далда бериб, фикрларимни бир жойга жамладим. Тўғрида, масалан, ширмой нонни еб бўлгач, нонвой билан учрашиб, қўлингиз дард кўрмасин, деб раҳмат дейишингиз, ё у-бу камчилигини айтишингиз мумкин-ку. Бунга эътироз йўқ. Ҳар ўйиндан сўнг футболчилар раҳбарларнинг гапларини, гоҳ дўқларини, гоҳ мақтовларини эшитадилар. Лекин футбол раҳбарлар учун эмас, ишқибозлар учун ўйналади-ку. Баъзида оддий ишқибоз фикрини билишса, ёмон бўлмайди-ку. Шунинг учун қилган ишимдан афсус чекмайман. “Улар сизнинг куюниб айтган гапларингизни эшитармиди, масхара бўлганингизни сезмадингизми? Уларнинг ҳар бири олдингизда Мирзакаримбойдан бойроқ бойлар-ку. Сиз бўлсангиз Ғофурдан ҳам камбағал одам бўлсангиз, айтган гапларингиз улар учун бир пақирчалик қадри йўқ,” дегувчи “ақлли” маслаҳатчилар бўлди. Ҳамма ўзича ҳақ. Кимдир пул санаса, кимдир маъни теради.

БРОНЗАМАТНИ БУЗГАНЛАР
Абрамов билан орамизда илиқ муносабатларимиз мусофирчиликда, Доҳада бўлганимизда пайдо бўлган эди. “100 доллар ҳикояти”да бу ҳақда ёзганман. Унинг фаолиятини кескин танқид қилсам-да яқин, самимий муносабатимизга путур етмаётибди. Демак, учрашув яхши ўтади, деган умид билан Абрамовга сим қоқиб гаплашдим. “Бунёдкор” билан бўлажак ўйин омадли бўлишига ишонч билдириб, ўйиндан кейин учрашув ўтказишга рухсат олдим.

Айтмоқчи бўлган гапларимни ўйлаб юрдим. Гапни нимадан бошлашим керак? Футболимиз, терма жамоамиз савиясини клубларимиз ўйинлари, чемпионатимиз савияси белгилаб беради. Терма жамоа ўйини Ўзбек Футболининг кўзгусидир. Футболимиз динамикасини кўриб чиқайлик. Патологияси ўзи билан. Кўп йиллар давомида бир клуб асосида термани шакллантирайлик дедик. Натижада чемпионатларимиз “Пахтакор” гегемонлигида ўтди. Кейин “Бунёдкор”га асос солишди. Яккаҳокимлик барҳам топди. Лекин чемпионатимиз, бронзаматга айланиб қолди. Олтин билан кумуш медал эгалари ҳаммага олдиндан маълум бўлар эди. Кейин бу икки жамоага бас келадиган учунчи клубни яратиш учун биринчи лигага тушиб кетган “Локомотив” клубини кучайтиришди. Бу учта клуб ҳозирги кунда рақобатни кучайтириб чемпионатимиз савиясини кўтаришмоқда.

Аввало шуни айтиб, “Локомотив” ҳомийларини олқишлаб, шаънига раҳмат айтиб, дил сўзимни бошламоқчи бўлдим. Улар “Локомотив”ни кучайтириб ўзбек футболини кучайтиришга ўз ҳиссаларини қўшишмоқда, деб айтмоқчи эдим. Учрашув “Локомотив” қароргоҳининг дарсхонасида бошланди. Ўйлаб қўйган гапларим қанча бўлса, ҳаммаси мени тарк этиб осмонга учиб кетишди. Менга тикилиб турган 40та тиниқ кўз олдида ёлғиз қолиб, нима дейишни билмасдан жим турардим. Ҳамма ҳайрон ва бир нима содир бўладигандек, ҳамма жимиб қолди.

АРАВАНИ ҚУРУҚ ОБҚОЧИШ
Кейин ўзимни ўнглаб олиб, “Локомотив” ҳомийларига тайёрлаб қўйган олқиш-шукроналарим ўрнига уларни уришиб кетибман. Гап бундай. “Пахтакор” клубини бошқараётган бош менежер футболни яхши тушунадиган, ўйинни, мураббий ишини таҳлил қила оладиган инсон бўлиб, бош жамоани, ёшлар жамоасини, “Пахтакор-2”ни, “Пахтакор” академиясини бир бутун ҳолга келтириб, улардан яхлит тизим яратган. У ерда ҳамма нарса бир марказга, бир инсонга, футболни яхши тушунадиган футболга содиқ бир инсонга бўйсунади. Европада ҳам шундай ҳолатни кўрамиз. Гапимни бошлаб, “Локомотив”нинг бош менежери ким ўзи, унда футбол тушунчаси борми?”- деб, кескин гапирибман. “Локомотив”да бирор бир тизимнинг ўзи йўқ. Ёшлар мураббийи қандайдир ўйин яратмоқчи бўлади-ю, қандайлигини ўзи ҳам билмаса керак. “Дублёр” асосий жамоа ўйини учун лаборатория вазифасини бажариши керак. Ёшлар жамоаси янги, прогрессив ўйин услубларини, гол моделларини синовдан ўтказиб оладиган синов полигони бўлиши керак. Сизларда БФКям, ёшлар жамоасиям, қизлар жамоаси ёки футзалга ўхшаб алоҳида республика саналишади. Улар хоҳлаган тарафга аравани қуруқ обқочмокда. Ўз ҳолига қолиб, ўзича ўйнайди. Ҳамма ўзича алоҳида республика бўлиб, алоҳида юришибди. Гапимни ўша менежерга етказинглар”, деб айтибман қизишиб.

БОШ ҚЎМОНДОН “ҚЎРИҚЧИСИ”
Абрамовга ҳам айтар гапимни тайёрлаб қўйган эдим. Гап бундай. Жангарилик, рақобатлашиш, ғалабага интилиш инсон табиатига хос нарса. Шунданми, одамзод 40 минг йилдан бери бир бири билан жанг қилади. 20-асрга келиб инсон ўзи учун футбол ўйинини ихтиро қилди. Энди жангнинг, ғалабанинг энг гўзал ҳолатини футбол майдонларида кўрмоқдамиз. Ватанпарварликнинг энг гўзал изҳорини кечаги ўйинга ўхшаб трибуна буржларида кўрмоқдамиз. Буни ҳозир айтишимдан мақсад бош мураббийни бош қўмондонга ўхшатсак бўлади, деб уруш жанги билан футболни таққосламоқчиман. Суҳбатимга фойдаси тегиб қолар. Иккинчи жаҳон урушидан бир лавҳа келтирай.

Сталинград остонаси. 42-йил охири. Совет давлатининг ҳарбий бош қўмондони Паулюс бошчилигидаги фашистларнинг 4та армиясини ўраб олиб қамал қилиш операциясини ишлаб чиққан маршал Жуковни фронт қўмондонлигидан олиб ташлаб, унга армия қўмондонлигини топширди. Бу воқеага тарихчилар Совет давлатининг олий бош қўмондони маршал Жуковнинг кун сайин ортиб боряпган шон-шуҳрати пайини қирққан дейишмоқда. Асло бундай бўлмаган. Гоҳ фронтни бошқариб, гоҳ олий бош қўмондон штабига бош бўлиб, бутун уруш стратегиясини яратиб, Ватан урушининг умумий тасвирини чиза олган маршал эндиги галда армияни бошқарар экан, жанг ичидан туриб воқеаларга баҳо бера олиши унинг учун ҳам, ватан учун ҳам жуда фойдали бўлишини Давлатнинг олий бош қўмондони олдиндан билган эди. Унинг бундай ёндашуви Берлин қамалида ўз исботини топган.

Жуковга ўхшаб майдонда ўз жойини ўзгартириш, ҳар чизиқда яхши ўйнай олиш, яъни универсаллик замонавий футболда ғалаба учун жуда муҳум омилдир. Буни “Локомотивнинг” бош қўмондони-бош менежер билармикан. Аввало, ўзи универсал бўлиши керак. Мураббийлар курсини битириб, ёшлар жамоасини ўзи бошқарсин. Футболни ичидан туриб кўрсин. Тизимни ичидан туриб қурсин. Бу ҳақиқатни майдоннинг бош қўмондони Абрамов билармикан? Учрашувга тайёрланиб буюк маршални мисол тариқасида келтириб, шу гапларни хотиржам айтмоқчи бўлган эдим.

Бунинг ўрнига “Марат Бикмаевдай футболчиси бўла туриб уни Абрамов 15 дақиқага майдонга тушуриб, ҳужумнинг олдинги чизиғига полиз қўриқчисига ўхшатиб қўққайтириб қўймоқда. Бош мураббий Маратни орқага қайтариб плеймекер вазифасини Кападзе ва Шораҳмедов билан биргаликда бажариб жанг ичидан олдинга, зарбдор вазиятга орқадан ёриб чиқишни ўргатсин. Ҳужумчининг ўйин тасвирини бойитсин. Бикмаев хужумни ичидан қуриб, ҳужумга бошланишидан қатнаша олсин” деб важоҳат билан Абрамовга ташланибман. Ҳаяжоним шундай даражада эдики, маст одамдай айтар гапларимни ўйлаб-нетмай гапирар эдим. Кейин Нагаевга ташланибман. “Пулинг кўпайиб, унитазинг тилладан бўлдими? Бикмаев жароҳати туфайли бир ярим йил футболдан ташқарида қолиб кетди. Сен ақлингдан жароҳат олибсан. Ўзингни ўзинг катта футболдан четлатиб юбординг. Футболга, клубга садоқат шуми?” деб дашном берибман.

ГЕСС ЧЕТЛАТИЛДИ, НАВБАТ КИМНИКИ?
 Ҳамма жамоаларимизда ҳужум чизиғи кучсиз. Истеъдодли ҳужумчи етишиб чиқса-да, унинг ўйини ўсишдан тўхтаб қолмоқда. Аввало, бунга сабаб мураббийларимиз ва чемпионатимизнинг савияси пастлиги бўлса, иккинчидан ўйинчиларимизнинг футболга садоқати пастлигидан деб биламан. Биринчи факторни кўриб чиқайлик. Иккинчисини Нагаев мисолида айтиб ўтдим. Яманга қарши ўйинда Сергеев ҳам олдинда қўриқчи мисол ўйнади. Ҳеч қайси ҳужум тўқимасида қатнашмади. Ҳеч ким билан боғлам ҳосил қилмади. Бунга интилмади. Жиддий қаршиликка учраб, ҳимоячилар сиқувига тушиб қолиши билан, қандай ўйнаш кераклигини билмай қолди. “Сўғдиёна” каби ўз ўйин тизимини ярата олмаган Филлиппин термасига қарши ўйинда Сергеев ўз оҳангини топиб ўйнади. “Замонамизнинг буюк ёш ҳужумчиси” бўлган Игорь Сергеев терма таркибида 2 ўйинда мана шундай 2 хил ўйнади. Абрамовнинг савиясидан нолийман доим. Бабаяннинг савияси уникидан фарқ қилмайди. Яманга қарши таркибга кирган ҳар бир футболчининг ўйин чизиғидан бир бутун тасвир ярата олмади. Раҳбарият 5:1дан кейин термага нисбатан эйфорияга берилиб, кўнгли мақтовлани тусаб қолади.

Чемпионатимиз борасида раҳбарият нима қилмоқда? Тўғри, мавзу ЎФФ раҳбарияти ҳақида эмас. Клуб раҳбарияти Гессни ҳайдаб Пессни ишга олади. Бошқа нарсани билмайди. Алихўжа — Хўжаали. Футболимизда ҳеч нарса ўзгармайди. Боқиманда футболимизнинг аҳволи шундай. “Футбол ўйнашни ҳамма ўрганиб олган”, дейишади. Нима учун бу гап бизга тегишли эмас, деган савол бор. Яманга, Исландияга тегишли. Чунки биз Филиппинни 5:1га ютдик. Демак, “Локомотив” ё “Андижон”нинг ўйинчиларию мураббийлари ҳақида ЎФФнинг боши оғримайди. Бизларнинг ҳам.

ТЎРТИНЧИСИНИНГ ҚУЛОҒИ ҚИЗАРДИ
Мен учрашув давомида “Олтинга даъво қиляпган жамоада ўйинчиларимиз бир хил тарзда ўйнашади. Масалан, иккала Ҳасановлар ён чизиққа ипсиз боғлаб қўйилгандай бир хилда қашшоқ ўйин кўрсатишади. Ён чизиқ бўйлаб олдинга-орқага, олдинга-орқага. Олдинга югур. Кейин “навес, прострел бер”. Рақиблар ўйинчиларимизнинг ўйини бир хиллигидан ким қандай ўйнашини олдиндан билишади. Йигитлар ўйинида турли-туманлик йўқ”, деб куйиниб гапирибман. Жасурқул Ҳасанов Яманга қарши ўйинда ҳеч ким кутмаганда марказга интилиб, зарбдор вазиятда тўп олди. Кейин дарвозага зарба бериш ўрнига тўпни рақиблар қуршовида қолган Сардор Рашидовга яқин масофада ўйнаб, вазиятни ўлдириб узатди. Ҳамма қанот ярим ҳимоячиларда турли вазиятлардан дарвоза томон кучли зарбалари созланган. Бизда эмас. Бу бир эпизод, холос. Жасурқулнинг савияси бизнинг савиямиздир. Шу каби қатор тайёрлаб қўйган мисолларимни айтмоқчи бўлган эдим. Бунинг ўрнига “Маратга бир қаранг, куйиб қорайиб кетибдими? Русчалаб “перегорел” дейишади. Ҳар ўйинда, қачон майдонга тушарканман деб, 15 дақиқани кута бериб куйиб қолмоқда. Абрамов кўрнамаклик қилмоқда. Ўзбек футболига маҳоратли ҳужумчилар етишмаётган бир пайтда, у футболимиз масштабида кучли саналган учта футболчини йиғиб олиб, уларнинг ўсишини бўғиб қўймоқда”, дебман. “Тўртинчисини қулоғидан тортиб юрибди”, дебман.

Ҳасановлардан узр эмас, рухсат сўрабман. Футбол орқали биз дунёга кирдик. Бутун дунёда, масалан, катта Жозе Моуриньо, кичик Жозе Моуриньо деб ота-болани айтишади. Рухсатингиз билан каттаси, кичиги деб эмас, бирингизни Жасурқул, кичигингизни насл-насабига боғлаб Жасурмурод деб чақирсам, майлими” дебман. “Жасурмурод, Сиз неча йилдан бери бир хил ўйин кўрсатиб келасиз. Ёшлар термасида ҳам худди шундай ўйнар эдингиз. Роббен, Игуаин сизнинг жойингизда ўйнашади. Қандай ўйнашади. Ўйинда янги қирраларингизни очинг. Маратнинг ўйини ўлиб ётибди. Нега? Шквирин қўл остига ўтиб, ўйин савиясини ўстириб қайтсинми? Порлаб чиққан эди бир пайтлар. Жасурмурод, агар Сизлар ўсмасангиз ўзбек футболи ҳам ўсмайди”, деб айтмоқчи бўлган эдим. Балким, айтгандурман.

ВАЖОҲАТ ҚАЙДАН БЎЛСИН?
“Локомотив” рақибларини савия ҳисобига ютиб келмоқда. Қаршиликни енгиб олгунча важоҳат кўрсатишади. Гол уриб бўлгандан кейин ўйинда шиддат йўқолади. “Динамо”га қарши қаттиқ жанг қилишга тўғри келди. Рақиб метин ўйин кўрсатди. Шу паллада ўз ўйинчиларининг маҳорати эвазига рақиб қаршилигини синдириб гол уриб олишди. 2-голни уриб олгандан сўнг рақиб ўйини бутунлай парчаланиб кетди. Бундай аҳвол пайдо бўлса, 3, 4, 5-голларни ур, чунки қаршилик йўқолган. Бунинг ўрнига “Локомотив” ўйинчиларида важоҳат йўқолиб, жамоа ўйини бузилиб кетди. Ўйин сўнгигача ҳуштак чалинишини кутиб шижоатсиз ўйин кўрсатишди. Шундай аҳволни қоралаб бир нима демоқчи эдим. Бунинг ўрнига “Локомотив”нинг потенциали баланд. Назарий жиҳатдан зўриқмай ҳаммани ютиб кетиши мумкин. Бундай ўйнаш учун унинг ўйинчиларига хоҳиш, ҳамжиҳатлик ва шижоат етишмайди”, дебман. “Ўзбек футболининг бугунги савияси паст. Бу таркиб билан чемпион бўлиш оғир иш эмас. Фақат сал бошқачароқ ўйнаш керак”, дебман. “Ҳамма ўйинчилар, “скамейка”да ўтирганлар ҳам, бир бутун жамоа бўлиб ғалаба учун жон фидо қилсалар бўлгани”, дебман. “Локомотив”да алмаштирилган ўйинчилар майдонга, ўйинга, ўйинни кўриб турган ишқибозларга беҳурматлик қилиб, уни алмаштирган ўйинчига омад тиламасдан, мураббийга раҳмат демасдан, ҳаммага орқа ўгириб майдондан чиқиб кетишади. Бу аҳволда важоҳат бўладими, ҳамжиҳатлик бўладими?”, дебман. Тағин кўп нарсалар дегим келди. Ниманидир айта олдим. Ўзим билмайман. Абрамовнинг кўзидан ажратилган вақт тугаганини билиб турсамда, тағин бир муҳим соҳада гапирибман. Футболда ўйинчиларнинг асаби кетади. Волейболда ёки баскетболда бунчалик эмас. Ҳатто боксчида ҳам бунчалар эмас. Боксчида куч кетади, концентрация, координация кетади кўпинча. Асаб эмас. Футбол бошқа ўйин. Уда асаб кетади. Рақиб ўйинчилар кўкрак уриштириб, пешоналар тиралиши билан, бақириш ё майдонни муштлаб “парни” чиқариб ташлашади. Темурхўжа одам. Асаби темир эмас. Шуни тан олиб, ”илтимос, сўкинманглар, Ҳошим деб, ё Матмуса деб, ёки ёпрст деб бақириб, жаҳлни чиқариб юборинглар”, деб айтибман, шекилли. Шундан кейин гапиришдан тўхтадим. Футболчилар билан хайрлашиб кетдим. Марат Мифтахуддинов мени эшиккача кузатиб қўйди. Бор гап шу.

ҲАҚИҚАТИМ СИЗГА ҲАВОЛА
Суҳбатимиз 12 дақиқа давом этибди. Бу суҳбатга бир ҳафта тайёрланиб юрдим. Мана 10 кундан бери унинг таъсирида юрибман. Бутун юрт таниган футболчилар билан юзма-юз учраша олдим. Бундай учрашув ҳар куни бўлмайди.

Пул санайдиганлар учрашувдан нима манфаатинг амалга ошди деб сўраши мумкин. Бирам фақир ҳаёт кечирсанг, бошқа ташвишинг йўқмиди, дегувчилар бор. Улар мени ўз қаричи билан ўлчаб менга баҳо беришмоқда. Уларнинг наздида на оқман, на қора. На кўкман, на қизил. Шундай бўлса-да айтаман. Ман ўзбек футболининг равнақидан манфаатдорман. Бу йўлда мен ҳам озгина ҳисса қўша олишимдан манфаатдорман. Қаҳрамон манфаатни эътиқод билан боғламоқчи бўлиб “Чемпион”нинг бутун бир саҳифасида роса қийналибди. “Эътиқод” муқаддас тушунча. Руҳониятга тегишли тушунча. “Манфаат” “эҳтиёж” тушунчаси билан боғланади. Моддий эҳтиёжни қондириб ўз моддий манфатига етишишни ёш бола-ю бўш болалар ҳам билади. Эркак кишини юрт билан боғлиқ эҳтиёжлари ҳам бор бўлади. Кўп бўлади. Уларни қондиришдан манфаатдор бўлади. Ман юрт ишқибозларининг бир вакили бўлиб, ўз ҳақиқатимни бўямай-аямай ўшаларнинг олдига қўйдим. Энди сизларга, азизларим, ҳавола қилмоқдаман. Бу катта гап.

Кеча бош жамоамиз Манилада кўрикдан ўтди. Футболга алоқадор ҳар бир одамнинг шаънини ҳимоя қилди. Президентимиз Мираброр Усмоновдан тортиб то мендек ишқибозгача, ҳар биримиз шу ўйин кўриниши билан ўз фаолиятимизга баҳо олдик. Мен билиб билмай бир нималар қилмоқдаман. Қила бераман. Бошқалар ҳам.

Ҳурмат билан Ҳасанали отангиз.

09.08.2015й.

Киритилган сана: 10.09.2015 11:41. Ўкилди: 12340 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

Билдирилган фикрлар:


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 08:25. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 08:25. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 08:23. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 08:23. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


ASNASAF
Сана: 05.10.2015 17:13. ASNASAFга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


UZBARS
Сана: 19.09.2015 11:37. UZBARSга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


TAJRIBA
Сана: 16.09.2015 11:56. TAJRIBAга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.