Кириш Регистрация
27/05 21:30 Лейпциг 2-2 Герта
27/05 23:30 Аугсбург 0-0 Падерборн
27/05 23:30 Унион Берлин 1-1 Майнц-05
27/05 23:30 Фортуна 2-1 Шальке-04
27/05 23:30 Ҳоффенҳайм 3-1 Кёльн
29/05 20:00 Торпедо-БелАЗ - Смолевичи
29/05 22:00 Городея - Неман
29/05 23:30 Фрайбург - Байер

Блог

Ҳасанали ота

Ўзингни англа

Қурама гаплар (2-қисм)

Баҳо:
+0; -0

2. САМВЕЛ БАБАЯН ВА ДАВРОН ФАЙЗИЕВ
Равшан Эрматов берган бир хос суҳбатида футболда энг муҳим ва асосий ҳал қилувчи персонажлар бу мураббийлар ва футболчилардир, деган эди. Бош мураббийлар ҳақида фикр юритайлик. Чунки, футболчилик даври қисқа бўлгани учун, мураббийлар асосий персонаж бўлишиб, бош ролни улар бажаришади. Демак, мураббийларимиз даражаси қай аҳволда, шу ҳақда гаплашайлик. Нима учун туркман, тожик мураббийлари Россияда ўзини кўрсата олишди-ю, бизникилар қўшни юртда ҳеч ким эмас? Нега бизникиларни Осиё клублари ишга таклиф қилишмайди? Бу ҳол мураббийларимизнинг савияси паст деганими?

ФУТБОЛ ҲАММАНИКИ. ПАРДАЕВ-ЧИ?
Худди шундай. Улар Осиё даражасига чиқа олишмаяпти. Нима учун? Чемпионатимиз савияси паст, буни ҳамма билади. Шунинг учунми? Лекин ҳеч ким нимадир қилиш кераклигини тан олмайди. Ҳамма ўзини четга олади. Ҳамма нарса қандай бўлса, шундайлигича қолаберсин экан. Аҳмаджонов ноқобул кескин ҳаракатлари билан ўзигамас, ўзи бошлаган ислоҳотларга путур етказиб кетди. Сизу-биз футболимизга бефарқ бўлмайлик, кимнидир орқасига ўтмайлик. Футбол ҳамманики. Ислоҳотларда ҳамма иштирок этиши керак. Сиз-у биз ҳам. Сиз ҳам ўз фикрингизни ёзинг, биз ўқиб чиқайлик. ҳозир бош мураббий масаласи ҳақида гаплашайлик, диллашайлик, тиллашайлик.

Номини сарлавҳага қўйганим Даврон Файзиев ҳақида нима дея оламан? Унинг ёнига кимни қўя оламан? Ҳар бир бош мураббий ўз соҳасида бетакрор. Ҳар бир ўйин бетакрор. Бошқача бўлиши мумкин эмас. Лекин мураббийларни гуруҳларга ажратиб кўрайлик. Файзиев олдига бугунги Абрамовни, Бердиевни, Ашурматовни, Боқоевни, Ҳасановни маълум жиҳат бўйича қўйишим мумкин. Улар шубҳасиз иқтидорли мураббийлардир. Даврон Файзиев “Сўғдиёна”ни анча йил бошқарди. “Очарчилик”, йўқчилик даврида бошқарди. Биласиз, ночор, аранг кун кўраётган клубларга маълум даражага эришган гастролёр футболчилар умуман келишмайди. Мободо келишса, ўз савиясини ушлаб туриб, бойроқ жамоадан таклиф тушиши билан ночор клубни ташлаб кетишади. Насимов, Эркинов, Шихов, Пардаев, Саломов, Нагаевлар шулар тоифасидан. Улар катта чўққиларга интилмай қўйишган. Футболда ишлаб беришмоқда.

ИККИ САБАБ, БИР ОҚИБАТ
Катта орзулар билан юқорига интилаётган ёш йигитлар учун санаб ўтган мураббийларнинг жамоаси таркибидан жой олиш ҳақиқий орзу ҳисобланади. Клубга қўшилгач, улар бор куч билан берилиб, бир нимага интилиб меҳнат қилишади. Истеъдодли мураббий қўл остида, камбағалроқ клубда ўсиб унишади. Бой клубларда уларга ҳеч ким қиё боқмайди. Жавоҳир Сиддиқов “Пахтакор”да, Қувондиқ Рўзимов “Локомотив”да донгдор футболчилар олдида эътиборсиз қолишган эди. Яхшибоев шундай бўлди. Жавоҳир билан Рўзимов Қўқонга келиб Нўъмон Ҳасанов қўл остида ўсиб-унишди. Яхшибоев ҳам Олмалиқда ўсади деб умид қиламан. Футболчи экан, барқарор ўсиш ниятида футболга умрини бахш этар экан, бундай футболчилар ўз маҳоратини ошириб олгач, Қўқондан кетишга мажбур бўлишади. Чунки “Қўқон-1912” ўз олдига чемпион бўлиш вазифасини қўя олмайди. Футболга содиқ, истеъдодли футболчилар ҳақида гапирдим. Бошқалар кўпчиликни ташкил қилишади. Уларни боқсанг ҳам одам бўлишмайди. Балласт футболчилар. Уларнинг сони кўп, сифати кам. Уларнинг бори йўғи билинмайди. Таркибни тўлдириб туришади.

Пичоққа илинадиганлари ҳам футболчи бўлиб шакллангач, инсон бўлиб шакллана олмагани учун, беш сўм пул дардида ўз устозини ташлаб кетишади. Нагаев Чиғатойда олган ўйини билан юрган эди. “Локомотив”да Абрамов унинг ўйинига ўйин қўшаётган эди. Бунга жавобан Нагаев олаётган “чақаси” кўзига кам кўриниб, яъни энг бой жамоада олаётган пули камлик қилиб, кўпини излаб Қувайтга кетиб қолди. У ерда захира ўриндиғини ярим йил иситиб келгач, ҳозиргача тинмай клубдан клубга кўчиб юрибди. Нега шундай бўлмоқда? Нега мураббийнинг меҳнати зое кетмоқда? Нега мураббийнинг гапи гап эмас? Қатор сабаблар ичида бир муҳим сабаб бор: Бу бош мураббий обрўси ҳамма нарсадан пастлигидир. Нима сабабдан шундай бўлмоқда? Биринчидан, бизда бош мураббийни клуб президенти бўлиб олган кечаги “машинист” ҳамманинг олдида ҳақорат қилиб ташлаши мумкин. Наинки клуб президенти, ҳар бир икки чақалик амалдор ҳам мураббийга тепадан туриб паст назар қилади. Бу оддий ҳол. Иккинчи сабаб, бизда мураббийнинг майдонда ўйин яратиш маҳорати эмас, майдон ташидаги турли “ўйин”ларда ютиб чиқиш маҳорати арбоблар томонидан ҳам, мухлислар томонидан ҳам қадрланада. Асл мураббийлик маҳорати эмас, у кўзга кўринмайди. Исқирт “ўйин”ларни ютиш маҳорати ҳал қилувчи ўринга чиққан бизда. Бундай “ўйинларда” иштирок этишни истамаган Абрамовнинг неча йил ишсиз юрганидан ҳабардорсиз. Яқинда шундай “ўйин”ларни деб Ашурматовни хўрлаб ташлашмадими? Бундай аҳволда мураббий истеъдоди, унинг сўзи, ўзи нагаевларнинг олар ойлиги олдида бир чақага ҳам арзимас матоҳ бўлиб қолмайдими?

БУНДАН БАДТАРИ БЎЛМАЙДИ
“Локомотив”даги аҳволни айтдим. Энди Даврон Файзиевнинг “Сўғдиёна”сидаги аҳволи қандай бўлганини тасаввур қилинг. Неча йил давомида Даврон “Сўғдиёна”да стабиль ўйин кўрсатиб келди. Ўйин интизомини ҳеч қачон қўлдан чиқармади. Бултурги “Нефтчи”га, биринчи даврадаги “Андижон”га ўхшаб бирор марта пароканда ўйин кўрсатмади. Молия таъминотида ночор бўлса-да, “Сўғдиёна” тўқ ўйин кўрсатиб келди. Биздаги “иқлим”ни ҳисобга олганда бу жуда қийин иш. Бизда ҳар ярим йилда бир марта таркибни кўчманчилик сели ювиб кетади. Ночор клублар “сел”дан кейин қолқинди футболчиларни йиғиб-териб улардан қайта бор жамоа тузиши керак бўлади. “Сел”дан талафот кўрган “иморат”ни тиклаш керак бўлади. Бунинг устига мураббийларнинг чархпалак бўлишини ҳисобга олсангиз, бу суратга кўтарма-қайтарманинг чиркин рангларини қўшсангиз, аксар клубларнинг тўлиқ тасвири пайдо бўлади. Файзиев чарх парракларидан омон қолиб неча йиллар “Сўғдиёна”да барчасига чидаб ишлади. “Сўғдиёна”да “Пахтакор”, “Бунёдкор”, “Насаф” клублари каби асосий таркиб билан бир тизимга боғланган академия бўлмаса, ёш иқтидорларни етказиб бериш йўлга қўйилмаган бўлса, Даврон Файзиевнинг истеъдоди увол эмасми, деб ўйлар эдим. Бой клублар кам бўлса, борлари ҳам майдон ташқарисидаги “ўйин”ларда ўзини кўрсатган мураббийларни ишга таклиф қилса (“Нефтчи”да ҳамма ишнинг пачавасини чиқарган Фёдоров қандай қилиб “Локомотив”га келиб қолганини тушунмай қолган эдим ўз вақтида) Даврон Файзиев “Сўғдиёна”да бир неча ўн йиллаб шу бугунги даражасида ўсмай қолиб кетар экан-да, деб юрган эдим. Бундай бўлмади. Бундан баттари бўлди.

Замон ўзгариб “Сўғдиёна” корчалонлар эътиборига тушиб қолди. Бу яхшими, ёмонми? Казо-казолар катта пул тикишса-ю, “Локомотив”га ўхшаб кучли ўйинчиларни олиб келишса-ю, пулнинг кучи билан чемпион бўлмаса-да, совриндор бўлишса, олам гулистон бўладими? Клубнинг инфратузилмасини яратишмаса, босқичма-босқич ривожланишмаса, дарров пуллар натижа кўрсатса, қани эди. Академия, мактаб-пактабига йиллаб вақт керак. Эски ўйинчиларгаям, Даврон Файзиевгаям жавоб бериб юборишди. Катта пуллар катта “ўйинчилар” билан “ўзлаштирилади”. Даврон Файзиев билан эмас. “Сўғдиёна”да ҳам катта пулларнинг ҳиди кеб қолди. Катта ўқ ариқдан шахсий томорқага киши билмас қилиб “сув”ни жилдиратиб қўйиш мумкин. Бунинг учун клубда “ишончли” одамлар бўлиши керак. Бу таниш ва оддий механиками?

Файзиев бир муддат ишсиз юрди. Даврон Файзиев “Динамо”га кераклигини исботлаб келмоқда эди. Биринчи даврада катта ишлар қилди. Яхши ўйин кўрсатди. Оралиқда “сел келиб” у 4та асосий ўйинчисини ушлаб қола олмади. Яхши ўйин кўрсатдингми, кимдир кўзга кўринган футболчингни олиб кетади. Мавсум ўртасида Файзиев таркибни созлашга тушди. Куни кеча “Динамо” “Локомотив”га 0:2 ҳисобида ютқазган бўлса-да, жуда мазмунли ўйин кўрсатди. Баланд иштиёқ билан тенгма-тенг кураш олиб борди. Пенальти бўлмаганда ҳисоб бутунлай бошқача бўлар эди. Ҳимоячининг тажрибаси етишмади. Темурхўжа йиқилаётганини кўрган заҳоти чўзган оёғини олиб қочмайдими, пенальти бўлмас эди. Даврон Ҳошимов жарима майдонида орқада қолиб кетган бўлса-да, тоза узала ташлаб тўпни майдондан чиқариб юборган вазиятни эсланг. Унга тажриба иш берди. Давронга қарши яккама-якка курашда “Динамо” ҳужумчисига маҳорат етишмади. Бабаян билан Файзиевнинг, икки хил мураббийнинг, икки хил истеъдоднинг юзма-юз келган тўқнашуви бўлди. Бу ўйинда тажриба иштиёқни ютиб кетди.

КЛАССИК КЎРИНИШДА БУЛЬДОЗЕР МАНЗАРАСИ
Энди Бабаян ўзига муносиб клубни топибди. Мол эгасига ўхшабди. “Пахтакор” халқ жамоаси. “Рўзман воқеасидан” кейин кўпчилик Бабаяндан эмас, “Пахтакор”дан безиб кетган эди. Қадимда Гавриил Качалин, Михаил Якушин бошқарган клубнинг обрўси шундай бўлди. Халқ жамоаси Бабаянга хайф эди. “Локомотив”ни нима учун унга мос дедим? “Локомотив” раҳбарлари ҳам, Бабаян ҳам мураббийлик маҳоратини назарга илишмайди. Бабаян ўзида бундай истеъдод йўқлигини билса-да, ушбу иш билан ўзи шуғулланмоқда. Недвед бу касбнинг хаққи-ҳурмати, мураббийликни ўзи қилмаяпти. Бош мураббийликка мутахассис одам ёллаяпти. Бабаян майдондаги ўйинни эмас, клубни яхши бошқара олишини ҳаммага кўрсатиб қўйган эди. Маъмурий бошқарувда асосий вазифа кадрларни жой-жойига қўйиш эканини биламиз. Самвел ҳам буни жуда яхши билади. Бабаян раҳбар сифатида биринчи галда мураббий Бабаянни ишдан олиб ташлаган бўлмасмиди? Кўзгуга бир қарабоқ, қандай тасқара мураббий эканлигини кўрмайдими? Кўзгу бизда йўқ-да.

Бизнинг пахтакаш (пасткаш) журналистларимиз гапига ишониб юрибдими, дейман. Х.Холиқов бир мақоласида статискани титкилаб, Бабаянни мураббий сифатида юқори жойга чиқариб Куперни тепкилаб ташлади. Бабаян шу гаплардан талтайиб кетдими? “Самвелжан, Ливанга қарши ўйинда қандай мужмал ўйин кўрсатиб 1:0га қандай қилиб зўрға ютган бўлсанг, сўнгги ҳаёт-мамот жангида ҳам карисларга қарши ўйинда худди шундай хатоларга йўл қўйиб мундиални бой бердинг. Икки йил ичида ўйинга ўйин қўшолмадинг. Йигитлар тўпни олиб қўйгач, қандай ҳужум қилишни билишмайди. Карислар учинчи узатмадан кейин тўпни олиб қўя беришди. Бирон марта зарбдор вазиятга чиқа олмаган эдик. Жамоа бор. Ўйин йўқ” деб “буюк мураббий”нинг кўзини очиб қўйгим келади.

Бош мураббийнинг ўйинга қўшадиган улуши йўқ. Холиқов эса статистикани санаб ётибди. Бабаян танкам йўқ деган эди. Унинг танкаси эмас, юз тонналик бульдозери бор. Рауф-ака Инилеев танка-панкасиз термага бош мураббий этиб тайинланган эди. Бабаян бульдозерини ишга солиб термада эгарга минган эди. Унинг бульдозери, тахминимча, Аҳмаджоновни туфлаган тупугини қайтиб олишга мажбур қилди, кейин уни қулатди. Лекин бошланган ислоҳотлар орқага қайтмайди. Бульдозерлар металлоломга айланиб қолади. “Локомотив”да Бабаян эраси узоққа чўзилмайди. “Локомотив”нинг ҳозирги раҳбарияти ҳам узоққа бормайди. Замон ўзгарди.

“Локомотив” раҳбарияти энди ўзига мос мураббийни топди дедим. Ушбу клуб раҳбари ҳам бош мураббий касбини уч пулга тенг кўрмайди. Йўқса, тўрт йилдан бери жамоани бош мураббийсиз қолдирармиди? Энг кучли футболчиларни йиғиб берди. Уларга энг катта маош тўламоқда. Бош мураббийнинг кимга кераги бор, деб фикр қилишди. Физкультурачи ўйинни бошқариб турсин. Шундоғам Абрамов яратган ўйинга таяниб, энг кучли жисмоний ҳолат эвазига кетма-кет чемпион бўлишмоқда, дейишди. Абрамов оддий ва камтарин одам. У ўзига эмас, касбига нисбатан ҳурмат ва эътиборни талаб қиларди. Раҳбариятга бу ёқмас эди. Бабаян бундай эмас. Ҳаммани қўл остида ушлаб, ташкилий ишларни тўғри бажариб, футболчиларнинг юқори даражаси эвазига натижа кўрсатиб беради. Темирйўлчиларга бундан бошқа тағин нима керак? Ҳеч нарса. Орқага кетмайди (олдинга ҳам ўтмайди). Ўзбек футболининг ривожига ҳисса қўшиш каби сўзлар улар учун баланд парвоз ҳавойи гаплардир. Прагматизм эмас турғунликнинг классик кўриниши бу.

ИСТЕЪДОД БОШҚА-Ю, САЛОБАТ БОШҚА
“Пахтакор”нинг кўриниши ҳам худди шунинг ўзи. Бундан ортиқ эмас. Фақат довруқпарастроқ клуб. Ўзбекистон чемпиони бўлишмоқчи. Ундан кейин-чи? Ундан кейин юқори даражали футболчиларни йиғиб олиб Осиёда ҳам биринчи бўлишмоқ-чи. Камига совриндор бўлишмоқ-чи. Бунинг учун қанча керак бўлса, шунча пул сочишга тайёр улар. Ундан кейинчи? Ундан кейин... Буни шумбола билади. “Пахтакор” раҳбарларининг фантазияси Қоравойникига етмайди. Ундан кейин жавоб топиб бера олишмайди. Уларда мазмун-моҳият ОЧЛдан ортиғига етмайди.

Шундай қилиб айтмоқчиманки, бизнинг пачоқ чемпионатимизда истеъдодли мураббий грант клубларга ҳам керак эмас. Бош мураббий салобатли, тажрибали бўлса бўлгани. Бабаян олдида Арвеладзени ҳам, Қосимовни ҳам кўраман. Шота билан Миржалол хафа бўлишмасин деб улар ёнига Карлос Кейруш ва Эрнесто Вальвердени ҳам қўшиб қўяй. Истеъдод ноёб нарса. Гвардиола, Клопп, Зидан, ҳатто Куман ҳам истеъдодли мураббийлардир. Кейрушга, Вальвердега худо юқтирмаган. Кейруш “Реал”да ишнинг пачавасини чиқариб яна устози Фергюсон қанотлари паноҳига боргани эсимда. Қаттиқ меҳнат қилиб Карлос тажрибасини оширди. Лекин истеъдодли бўла олмади. Бўла олмайди ҳам. “Барса” “Атлетик”ка ютқазиб қўйганини эмас (0:1), футболчиларнинг жамоавий ҳаракати ўхшамай қолса, ожизланиб “Барса” ўйинини ўзгартира олмагани Эрнесто даражасини кўрсатиб қўйди. У тайёр ошга бакавул бўлган эди. Ўзи бир нима пишира олмас экан.

Юзма-юз беллашувда Еличич бултур Арвеладзени янчиб ташлаганини эсланг. Тўпсиз ҳаракат қилишда Арвеладзега дарс бериб қўйган эди. Бутун майдон бўйлаб якка тўқнашувларда Еличич йигитлари ютиб кетишар эди, ўша ўйинда. Шотада истеъдод нима қилсин. Тўпсиз қолса, 0га айланиб қолувчи Сергеевни ҳалоскор сифатида майдонга захирадан туширди-я ўшанда. Бугунги “Пахтакор” ҳужуми оёғи ерга тегиб сузаётган рекордчининг қулоч отишига ўхшайди.

Касбимдан мисол келтираман. Барча ноёб масжидлар лойиҳасини биргина архитекторга топширмоқдамиз. Шубҳасиз, унинг тажрибаси ортиб бормоқда. Тажрибада унинг тенги йўқ. Лекин унинг истеъдоди ҳам йўқ. Биронта қурган иморати санъат асари даражасига кўтарила олмади. Масалан, Ҳастимом комплексида иккиланган минора ансамбль майдонини бузиб турганини ҳар қандай мухлис сезиб турибди. Масалан, Бухорода Калон минорасини иккита қилиб қўйсангиз борми, майдоннинг тасқараси чиқиб кетади. Ҳастимом майдони шундай бўлди. Буни муаллиф сезмайди, холос. Ижодий имконият фақат биргина архитекторга берилмоқда. Рақобатчиси йўқ. Қиёслай олмаймиз. Натижада “беқиёс” иморатларни яратмоқдамиз. “Пахтакор” ҳам шундай “беқиёс”, тенги йўқ, “тенгсиз”.

ШАМПАН КЎПИГИ ВА ИСЛОҲОТ
Нима учун шундай бўлмоқда? Чунки, Футболимиз ҳам шундай йўлда. Биз доим бирон бир жамоани кучайтирамиз. Аввал “Пахтакор”ни, кейин “Бунёдкор”ни, кейин “Локомотив”ни кучайтирдик. Энди яна “Пахтакор”ни кучайтириб қўйдик. Кечаги ўйинга ўхшатма қилсак, Супер оғир вазнлик “Пахтакор” енгил вазнлик ОКМК билан рингда учрашгандай бўлди. Боксда бундай бўлса, тўқнашув ҳаммани кулдиради. Футболимизда шундай бўлмоқда. Ҳеч ким кулмайдиям, йиғламайдиям, уялмайдиям. Бунинг ўрнига футболдаги корчалонлар салобат билан юришади, димоғланиб туришади. “Пахтакор” зўриқмай чала иштиёқ билан тўла ташаббусга эга бўлиб ўйнади. Унинг эпизодларда йўл қўйган қанчадан-қанча тактик хатолари кўзга кўринмади. Бундай ўйин “Пахтакор”га нима беради? “Пахтакор”нинг бундай ўйинлар билан чемпион бўлиб, шампан кўпигида чўмилиши бизга нима беради? Ҳеч нарса. Мавсум сўнгида биринчи тўртлик учун плей-офф ўйинларини уюштирайлик. Этакка очко йиғиб-териб чемпион бўлишни йўқотайлик. Шунда “Пахтакор”га юзма-юз жангда кучингни кўрсат десак, Арвеладзе шумшайиб қолади. Ой чиқсаям, кун чиқсаям “Пахтакор”га чиқсин дегувчи раҳбарлар тумшайиб қолади. Лекин шундай қилсак, турнирга кураш қайтарди. Бундай қилиш тугул, бундай ўйлашга ЎФАдагиларнинг жасорати етмайдими, ё хоҳламайдими, билмадим.

Шунчалар кўп вақтингизни олиб нима демоқчиман? Топ-клубларимиз кучли таркиб эвазига натижа кўрсатиб, мураббий маҳоратига эҳтиёж сезмаяпти. Ночор клубларимиз мураббийга ўз маҳоратини кўрсатиши учун шароит яратиб бера олмаяпти. Натижада ўйинларимиз савияси жуда паст. Футболимиз бир жойда депсиниб турибди. Тура берсинми? Йўқ. Ундай эмас. Нимадир қилиш керак. Иккинчи қурама гапларимни футбол хўжалигимизда туб ўзгаришлар қилайлик деб тугатган эдим. Учинчи қурамани шу масалага бағишламоқчи эдим. Бу масала шундай муҳимки, унинг ёнига бир оз яқинлашдим-у, аммо сўз очолмадим. Натижада учунчи қурамани ҳам шундай гаплар билан тугатяпман. Бутун футболимиз хўжалик структурасини янгитдан қуриб чиқишимиз керак. Бу қандай бўлишини кейинги суҳбатта гаплашамиз, деб умид қиламан..

Кейинги қурамада учрашгунча омон бўлайлик деб, Ҳасанали-отангиз ёздим.

Киритилган сана: 12.09.2019 11:49. Ўкилди: 543 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.