Кириш Регистрация
02/12 00:45 Лечче - Ювентус
02/12 01:00 Реал Сосьедад 2-0 Бетис
03/12 00:45 Рома - Аталанта
03/12 01:00 Севилья 1-1 Осасуна
03/12 23:00 Мальорка - Барселона
04/12 00:30 Ипсвич - Кристал Пэлас
04/12 01:15 Лестер - Вест Хэм

Блог

Ҳасанали ота

Ўзингни англа

Қурама гаплар (4-қисм)

Баҳо:
+0; -0

ФРАНС ФУТБОЛ ВА ИНТЕРФУТБОЛ

“Бунёдкор” ўз майдонида “Локомотив”ни қабул қилди. Бу ўйинни Бобур Акмалов шарҳлаб борди. Кўпинча шарҳловчилар расман қабул қилинган фикрни, ё таниқли одам фикрини, ё рухсат берилган фикрни гапирадилар, ё кўпчилик фикрини ўзлаштирадилар. Сўзлаштирадилар. Улар шахсий фикрга эга бўлмаганлари учун, ё одоб сақлаш учун шундай қиладиларми, билмадим. Бобур шахсий фикрини айтишдан қочмайди. Шуниси билан унинг шарҳи ажралиб туради. Кечаги шарҳида яшил майдон учта футбол раҳбарини кўрганини-ю, ҳалигача майдон чимига сон кирмаётганини айтиб ўтди. Охирги уринишларни бирма-бир санаб чиқди. Сунъий қуёш беришгани-ю, сунъий шабада ҳайдашганини истеҳзо билан бизга маълум қилди. Барибир майдон чими қўпорилиб кетяпгани ҳақида қўшиб қўйди. Оператор уни тасдиқлагандай бўлиб майдон аҳволини катта планда кўрсатиб қўйди. Диққатимни тортган нарса бу гаплар эмас эди. Майдон чими ҳамманинг оғзида гап-сўз бўлиб турибди. Ҳамма бу чимни эрмак қилиб юрибди. Бобур бундайлардан эмас-ку, нега бу мавзуни тилга олди, нега чимни пайров қилди?

ХИТОЙ БОЙЛАРИ ВА БИЗНИКИЛАР
Муддаоси бор экан. Кейин тушуниб қолдим. Чимни баҳона қилиб, бир чора-тадбирни ҳимоя қилмоқчи бўлган экан. Бу тадбир нима экан денг? Бобур фикрича майдонниям, клубниям хусусийлаштирмас эканмиз, “Бунёдкор” чими шундай бўла берар экан. Ҳамма клубларни хусусийлаштириш керак эмиш. “Бунёдкор”ни ким ва нима учун сотиб олади? Фойда кўриш учун. Ким футболдан фойда кўрибди? Хитойдаги бойлар сингари зарар кўрсаям ўз клубига млрд.лаб долларларни тўкиб ташласинми биздаги бойлар. Хитойдагиларга чивин чаққандай бўлмайди. Хитойликлар пулнинг зўри билан келгусида ўз юртини Осиёда кейин бутун дунёда футбол бозорининг марказига айлантиришмоқчи. Бунга ярим аср вақт кетар, балким. Майли, кетсин. Майли, қилишсин.

Бизда зарар кўрса-да, футбол учун пул тўкадиган бешта бой топилармикан? Топилди дейлик. Бешта боқиманда клубни боқиб қўйди дейлик, ундан кейин нима бўлади? Бошқа клублар ўша-ўша аҳволда қола беришадими? Про-лига ҳароблигича қола берадими? Оммавий футбол-чи? “Пахтакор” жамоаси “Ас-Садд” сингари ОЧЛни бир бора ўн йилдан кейин ютди дейлик, бу бизга нима беради? “Пахтакор”гачи? Қолган клубларни ким сотиб олади? Чет эл бойларими? Бутун дунё бойлари футбол бизнеси шаклланган Европа клубларига фойда кўриш учун пул тикишмоқда. Зарар кўриш учун эмас. Ҳеч қайси мулкдор бир сўм зарарига юрмайди. Бу бозор қонуни. Шодиевлар қандайдир иқтисодий имтиёзга эга бўлгани учун “Пахтакор”ни боқяпти. Демак, бу бозор қонунига хилоф ҳолат, ё бу ерда зўрма-зўракилик бор. Қандайдир сохталик бор. Шодиевлар зўр бўлишса, “Пахтакор”ни футбол бизнеси шаклланган Туркия чемпионатига олиб чиқиб кетишсин. Тиккан пулларини бозорда синашсин. Уэльснинг “Кардифф” клуби Англия чемпионатида қатнашади-ку. “Пахтакор”даги бугунги бошқарув, бугунги пул берув узоққа бормайди. Борсаям, яхши натижа бермайди. Шунинг учун қандайдир ўзгаришлар бўлиши шарт.

ОЧИҚ ТАНЛОВ ТИЛАГАНИМ
Асосий вазифамиз юртимизда футбол бозорини шакллантиришдир. Ундан кейин хусусийлаштириш ҳақида ўйлашимиз мумкин бўлади. Бунинг учун нима қилмоқ керак? Кечаги куни таклиф қилганимдек, футболни ривожлантириш жамғармаси барча ишни бажариши керак. Барча кундалик ишлар шу вазифага қаратилиши керак. Равшан Эрматов журналистлар олдида айтган барча 10та йўналишдаги ишларнинг бари шунга хизмат қилиши керак. Ветеранлар иши ҳам, ишқибозлар ҳаракати ҳам, футбол мактаблари ҳам. ЎФА ҳам, барча-барчаси шу йўналишда ишлаши керак.

Талаб бор жойда таклиф бўлади. Маҳсулот етиштириш керак. Футбол маҳсулотини тарғиб қила олиш керак. Уни сотиш керак. Ҳозирги кунда ҳар қандай маҳсулот тарғиботи маҳсулот таннархининг 50 фоизи ва ундан кўпини ташкил қилади. Бу табиий хол. ЎФА бу билан шуғуллана олмайди. Бу билан ким шуғулланиши керак? Ҳамма. Илҳомчиси жамғарма бўлиши керак. Қандай қилиб. Шу ҳақда дўппини ерга қўйиб бир ўйлаб кўрайлик-чи. Тарғибот орқали Футболни жамият ҳаётининг бир қисмига, муҳим бир қисмига айлантиришимиз керак. Бундан юртимиз ютади. Футболимиз ютади. Барчамиз ютамиз. Мураббийлар-у, футболчиларимиз ҳар томонлама юртимизнинг энг таниқли, энг атоқли, энг ибратли инсонлари бўлишлари керак. Энг яхши бадиий-хроникал, ҳужжатли фильмлар футболга бағишланиши керак. Йил мураббийи, йил футболчиси, йилнинг футбол жонкуяри, йилнинг футбол журналисти, йил ишқибози деган нишонларни бутун халқ танлови асосида фаолларга тақдим этсак бўлмайдими?

Ҳар бир маҳаллада ўз футбол инструктори, ишқибозлар кенгаши бўлиши керак. Ҳар бир клуб атроф маҳалласида ўз вакилларига эга бўлиши керак. Ҳар бир клуб ўз фахрийлар кенгашига эга бўлиши керак. Бу кенгаш собиқ футболчилар, фахрий фаол ишқибозлар, фахрий собиқ клуб ходимларини ўз ичига олиши керак. Бу кенгаш доимо суюкли клуб раҳбарияти ва футболчилари билан ҳамкорликда ишлаши керак. Клубда ойнинг энг яхши футболчисини фахрийлар кенгаши танлаб бериши керак. Фахрийлар кенгаши барча шаҳарларда ўз гуруҳларига эга бўлиши керак. Уларнинг йиғилиб турадиган ўз қароргоҳлари бўлиши керак. Бадавлат ишқибозлар фахрийлар учун футбол чойхонасини очишсин, майлига. Бунинг нимаси ёмон. У ерларда суюкли клуб вакиллари билан жонли учрашувлар уюштириб туришсин. Кенгаш ишқибозларининг ўз сайти бўлсин. Куни кеча ёзганимдек, жамғармани молиялашда туб ислоҳотлар ўтказиб, ҳамманинг бирламчи ойлигини бир хил қилиб қўйса, ҳар бир клуб ўз футболчилари ва ўз ўйинлари тарғиботи билан жиддий шуғуллана бошлайди. Трибуналар тўлиши учун барча ишларни қилади. Клублар футбол фахрийлари фаолияти билан ишқибозлар ҳаракатини қовуштириб тарғиботда яхши натижага эришиши мумкин бўлади. Фан клублар ўз йўлига. У бошқа нарса. Боя ёзганимдек, футбол бозорида ишқибозчилик ҳаракати муҳим ўрин эгаллайди. Юрт ҳаётида шундай йўл билан ишқибозчилик ҳаракати оммавийлашади. Футбол тарғиботи чуқурлашади.

ЯНГИ ТЎННИ ЭСКИРТИШ
Лобановский орзу қилган ишни биз амалга оширишимиз керак. Ҳар бир ўрта мактабда жисмоний тарбия дарси, футбол асосида ўтказилиши керак. Ҳар бир мактаб жисмоний тарбия ўқитувчиси маҳалла фаоллари билан биргаликда 9-12 ёшлилар ўртасида минифутбол бўйича маҳалла чемпионини аниқлаб бориши керак. Ҳар бир маросимда (наврўз байрами, ҳосил байрами, тўй-томоша дейсизми) маҳаллада минифутбол ёки шароит кўтарса, катта футбол бўйича барча ёшдагилар учун совринли турнирлар ўтказилиши шарт бўлсин. Шу маҳаллада яшовчи футбол академистлари ҳам маҳалла шаъни учун кураша олсин. Ҳар бир маҳалла футбол бўйича ўз ғолибини аниқласин, уларни танисин. Ватан маҳалладан бошланади. Ватанпарварлик шу ерда шаклланади.

Бўлғуси футбол даҳоси маҳаллада биринчи ғалабасини нишонласин. Биринчи устозим деб маҳалладаги футбол инструктори номини айтсин. Равшан Эрматов футболни ҳар бир маҳаллага олиб кирайлик деган гапининг янги тўнини эскиртиб “чарм тўпга” кийдириб қўйишди. Футболни маҳалладан марказга олиб чиқиб кетишди. Маҳаллада ҳеч нарса қилингани йўқ. Катта ёшдаги болалалар ўрасида шаҳар, республика чемпионатининг кимга кераги бор. Ҳаваскорлар лигаси бутунлай бошқа масала, бошқа гап. Маҳаллага, маҳалла шаънига даҳли йўқ нарса. Гапнинг моҳияти билан бизда ҳеч кимнинг иши бўлмайди. Нега шундай? Гапимизда, ишимизда мазмун қидирамиз-у, маъноси билан ишимиз йўқ. Натижада ҳаётимиздан маъно йўқолиб кетмоқда. Равшан оғзидан чиққан гапнинг мазмунини олдиг-у, маъноси билан ишимиз бўлмади. Моҳиятини керакмас матоҳ каби улоқтириб ташладик.

ГОЛЛАНД ПИШЛОҒИ ВА ФУТБОЛ
Юртимизда футбол бозорини яратишимизда, футбол маҳсулотига бўлган талабни оширишимизда тағин муҳим икки жиҳат бор. Бу футбол журналистикаси ва чемпионатимиз шакли-шамойили, савияси, бугуни, эртаси. Яъни бу журналистика ва футболимиз стратегиясидир. Булар қандай бўлиши керак?

Футбол маҳсулотини истеъмолчига тақдим қилиш катта санъатдир. Бундай муҳим ишни ким бажариши керак? Журналист. Бизда журналистнинг обрўсиям, баҳосиям, савиясиям, қадриям паст, ўзиям паст. Журналистлар кам, хабарчилар кўп. Рўзим Аҳмедов овози ижтимоий тармоқда овоза бўлиб кетганидан кейин биронта журналистимиз текширув олиб бориб, воқеани таҳлил қилиб, муаммони жамиятга ошкор қилиб бермади. Ижтимоий тармоққа кирган номаълум кимса, барча журналистларимизнинг касбга бўлган “садоқатини” ҳаммага кўрсатиб қўйди. Бутун дунёда журналист жамиятнинг энг олди вакили, ҳақиқат ҳимоячиси ҳисобланади. Фақат бизда эмас. Футбол маҳсулоти голланд пишлоғи эмас. Футбол бу нафақат ижтимоий воқелик маҳсулоти, балки сиёсий воқелик маҳсулотидир. У халқнинг ватанпарварлик туйғусини ўстирадиган ғурур манбаъидир. Унинг тарғиботи пишлоқ тарғиботидан тубдан фарқ қилиши керак. Футболимиз ҳаёти журналист меҳнати туфайли халқ учун шаффоф ва ошкора бўлиши керак. Шуниси билан футболимиз ўз атрофига ҳаммани ҳамдардликка чорлаши мумкин бўлади. Шунда халқимиз ўз футболи устида дилдан қайғуради, қувонади. Стадионларимиз одам зўридан тўлиб хапириб туришади.

Даврон Файзиев бошчилигида барча журналистларимиз футбол ҳақида карам шўрвани бири мазалироқ, бошқаси бемазароқ қилиб пишириб тақдим этмоқда. “Менью” неча йилдан бери ўзгармайди. Фикрлашдаям, ижоддаям хилма-хиллик йўқ. Озгина бошқачароқ фикрлаганим учун масъуллар ёзганларимни ўқиб оқ қарғани кўргандай бўлишади. Ёзганларимни чиқаришмайди. Улар учун қарға доим қора бўлиши керак. Бугун Купер термамиз билан ўз даражасини кўрсатади. Ҳеч бир журналист ўйинни таҳлил қилиб бермайди. Ҳеч ким ўйинни шарҳламайдиям. Ҳамма бир хилда ўйин ҳақида протокол маълумотлари-ю ўйиндан кейинги Эктор жавобларини келтиради. Масалан, Даврон Файзиев ўз маҳорати билан ҳаммани Еврофутболга қаратиб қўймоқчи. Ўзбек футболига аталган алоҳида канал қачон пайдо бўлади? Диёрлару Орифжонлар янги сайтда ўзбек футболини шарҳлаб беришда Давроннинг Еврошарҳидан ўтказиб туришса бўлмайдими? Нега шаҳримдаги барча кўшклар ўз маҳсулотини Месси сурати билан тарғиб қилади-ю, Элдор Шомуродов ё Одил Аҳмедов сурати ҳеч қаерда йўқ. Нега Франсфутбол нашридан кўчирма келтиришади-ю, Интерфутбол мақоласини ҳеч ким эсламайди. Нега кўчалардаги газета кўшкларида АиФ газетаси қолмайди-ю, Интерфутбол газетаси сотилмай нашриётга қайтиб кетади? Бу гапларим билан нима демоқчиман? Биз футбол бизнесини яратмоқчи эканмиз, футбол рекламасини, яъни футбол журналистикасини баланд нуқтага кўтаришимиз керак. Бу аксиома. Қандай қилиб бунга эришамиз?

Пишлоқ тан нархининг эллик фоизидан кўпини унинг рекламаси ташкил қилар экан. Футболнинг рекламасига неча фоиз пул ажратилмоқда? 0 фоиз. Футбол журналистикасига давлат инвестициясидан ҳеч вақо тегмайди. Ўз кунини ўзи кўради. Мухлиснинг суюкли газети бўлган “Чемпион” аравасини тортолмай ёпилиб кетганига анча бўлди. Бу билан ҳеч кимнинг иши бўлмади. Футбол тарғиботига ҳамма қўл силтаб қўйган. Масалан, “Пахтакор” ўз ўйинчисини актер каби реклама қиладими, йўқ. Ҳар қадамда унинг сурати осилганми? Йўқ. Актёрники осилган. Футболчи билан учрашувлар уюштирадими? Йўқ. Театрга ўхшаб ўйиндан олдин ким қаерда ўйнаши ёзилган программа сотиладими, йўқ. Актёрлар уйи бор. Футболчилар уйи борми, йўқ. Футболчининг актёрдан ё қўшиқчидан қати кам? Кино ё эстрада ўз кунини амаллаб ўзи кўради. Футбол эса боқиманда. Шунинг учун футбол ўз тарғиботига, яъни ишқибозга тупуриб қўйганми? Боқимандаликни йўқотиш учун, яъни футбол бозорини жорий қилиш учун футбол тарғиботини кучайтириш керак. Футбол тарғиботининг кучайиши учун аввало боқимандаликдан воз кечиш керак. Масалани ечолмай қафасга тушган олмахондай бир жойда чир айланиб қолдим.

Барибир иккинчи мавзу, энг муҳим мавзу, ҳаммамизнинг диққатимизни ўзига тортган мавзу бор. Футбол бозорини яратишда энг муҳим жиҳат бор. Бу футболимизнинг бугуни ва эртасидир. Бу ҳақда кейинги сафар гаплашамиз.

Ўзбек футболига жон куйдириб, терма жамоамизга омад тилаб, Сизларга ҳамдардлик билан Ҳасанали-отангиз ёздим.

Киритилган сана: 25.09.2019 00:24. Ўкилди: 5893 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

Билдирилган фикрлар:


BAXASH

Сана: 02.10.2019 21:49. BAXASHга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.