Кириш Регистрация
18/04 00:00 Бавария 1-0 Арсенал
18/04 00:00 Манчестер Сити 1-1 Реал Мадрид
18/04 00:00 Бавария 1-0 Арсенал
18/04 00:00 Манчестер Сити 1-1 Реал Мадрид
18/04 12:00 Тожикистон 2-0 Жанубий Корея
18/04 14:00 Эрон 3-1 Афғонистон
18/04 16:00 Япония 2-3 Қирғизистон
18/04 18:00 Индонезия 1-0 Австралия
18/04 19:00 Кувайт 2-1 Баҳрайн
18/04 20:30 Иордания 1-2 Қатар
19/04 12:00 Хитой - Вьетнам
19/04 14:00 Австралия - Саудия Арабистони
19/04 16:00 Мьянма - Таиланд
19/04 18:00 БАА - Япония
19/04 19:00 Ироқ - Ўзбекистон
19/04 20:30 Хитой - Жанубий Корея
19/04 20:30 Таиланд - Саудия Арабистони
19/04 21:30 Женоа - Лацио
19/04 23:00 Тожикистон - Ироқ
19/04 23:45 Кальяри - Ювентус
20/04 00:00 Ницца - Лорьян
20/04 00:00 Атлетик Бильбао - Гранада
20/04 05:00 Ман. Юнайтед - Ньюкасл
20/04 12:00 Қирғизистон - Тожикистон
20/04 14:00 Афғонистон - Кувайт
20/04 16:00 Жанубий Корея - Япония
20/04 17:00 Сельта - Лас-Пальмас
20/04 18:00 Малайзия - Вьетнам
20/04 19:00 Лутон - Брентфорд
20/04 19:00 Шеффилд Юнайтед - Бёрнли
20/04 19:00 Баҳрайн - Эрон
20/04 19:15 Райо Вальекано - Осасуна
20/04 20:00 Нант - Ренн
20/04 20:30 Кувайт - Ўзбекистон
20/04 21:00 Эмполи - Наполи
20/04 21:30 Валенсия - Бетис
20/04 23:30 Вулверхэмптон - Арсенал
20/04 23:45 Верона - Удинезе
21/04 00:00 Ланс - Клермон
21/04 00:00 Жирона - Кадис

Блог

Ҳасанали ота

Ўзингни англа

Узр ўрнида айтганим (1-қисм)

Баҳо:
+1; -0

Ҳурматли мухлис, кечагина Мираброр Усмонов акамиз футбол мавзусида кенг маънони қамраб хос суҳбат ўтказдилар. Ушбу хос суҳбат юртимизнинг ҳар бурчагида акс садо беради деб ўйлайман. Кўтарилган мавзулардан бирида ўзбек футболини матбуотда ёритиш ҳақида фикр юритилган. Шунинг учун блогимга икки йил олдин эълон қилинган ушбу бадиҳани қайта босиб чиқаришга жазм қилдим.

Нима учун бадиҳани дерсиз. Яқинда Баҳодир Иброҳимовнинг футболдаги ҳаётига бағишлаб ёзилган китобнинг тақдимотини федерациямиз раҳбарияти баланд савияда ташкил қилди. Футбол мавзусига бағишланган бадиий асарларнинг футболни тарғиб қилишдаги аҳамияти беқиёсдир. Мен адибларимиздан ушбу мавзуда ҳикоялар, қиссалар, романлар, бадиий публицистик асарлар ёзишларини сўраб қоламан. Шунинг учун эътиборингизга ушбу бадиҳани икки йилдан сўнг таҳрир қилиб сизларга қайта ҳавола қиляпман. Балким Сизга манзур бўлар.

Ҳурмат билан, Ҳасанали Қодиров. 02.12.2013 йил.

ҒАШЛИК (бадиҳа)

Қишда сунъий майса билан қопланган майдонда футбол ўйнаш жоннинг роҳати бўлар экан. Атрофда увада пахтадай бўлиб эрий бошлаган қор у ер-бу ерда тўдаланиб ётса-да, бундай майса усти қуруқ бўлар экан. Қишнинг қисқа куни қизариб ботмоқда, майдонда 14 ёшли ўспиринлар футбол ўйнамоқда. Терма ўйинчиларимиздан майдон ортгач, болалар майдонни қий-чувга тўлдиришган. Катталардан бўшаган ушбу майдонда машғулот охирлаб бормоқда эди. �Спартак� ўйингоҳи ўрнида метро бекати қурилгач, неча йиллар ўтиб, Тошкент тарихида энг биринчи бўлган машҳур физкультура ва спорт жамиятининг номи қайта тикланди. Чиғатойдаги футбол жамоасига бултур �Спартак� номи берилди.

Мен кеча кечқурун шу ерда эдим. Мураббий билан танишиб олдим. Машғулотни кузата туриб, сезиб қолганим дилимни қувонтирар эди. Мураббий ўспирин болаларга замонавий ўйин услубини ўргатмоқда эди. Қисқа ва ўрта оширмалар билан майдон марказида ўйинни созлаб олишмоқда эди. Бунга эришиш қийин иш. Бу ёшдагилар тўпни эгаллаб олишдими, ҳужум тизимини созламай туриб, тасир-тусир олдинга ташланишади. Ким қанотда, ким марказда ҳужум завқига ғарқ бўлишади. Тўпни марказда ушлаш учун ҳамма тўпсиз бетиним фойдали ҳаракат қилиши керак. Техника баланд бўлиши керак. Акси бўлса-ю, бу ёшдаги болалар яқин масофада футбол ўйнашса борми, ўйин ола-тасир тўполон бўлиб қолади. Мен эса гўдаклар ижросида тартибли футбол кўраётган эдим, тўполонни эмас. Бундай ўйин қиш куни яшил либосини кўз-кўз қилган футбол майдони каби кўзни қувонтиради. Бу ўйиндаги бир жиҳат майдон атрофидаги увадаси чиқиб эриб қолган, лойга қоришиб ётган қор уюмларидай дилни хира қилади.

Айтмоқчиманки, бошқа бир муҳим нарсани назарга олишмапти. Бир муддат марказда бир-бирингга яқин ва зич ўйнасанг, рақибни яқин масофага йиғиб оласан. Натижада рақибнинг жарима майдонида пайдо бўлган бўшлиқда тезкор ўткир ҳужум уюштиришинг учун шароит пайдо бўлади. Бундан фойдалан! Улар эса қандай ўйнашяпти?.. Голурар вазиятга чиқиб олгач, рақиб майдонида тезланиш олиб ўткир ҳужум қилиш ўрнига секин ва майда оширмалар қилишяпти. Натижада бундай ҳужум майда гапга ўхшаб қоляпти-ку. Зарбдор вазиятга чиқдингми, ўткир ва тезкор ҳужум қилишинг шарт. Салом алик билан эгизак-ку. Майдон марказида олдинга силжимай, майда оширмалар билан ҳужумга салом берилса-ю, олдинги чизиқда пайдо бўлган бўшлиқда тезкор ҳужум қилинса, саломга алик олган бўламиз. Салом алик билан гўзал. Янги усулнинг ярмини ўзлаштириб, қолган ярмини чиқариб ташлашибди. Чала услуб чаламуллаликка олиб келади, ахир. Ундан кўра, бу болалар ўз ёшига, ўз табиатига яраша ўйнаса, маъқул бўлмасмиди? Шундай гаплар билан бесабрлик қилдим. Жараён давом этмоқда. Бердисини айтмагунча ҳукм чиқармайин. Балки, бир-икки ой тинимсиз меҳнат қилишиб, менга услубнинг қолган ярмини ҳам кўрсатишар. Мен ҳам ёшларнинг ўйин қувончига ғарқ бўлиб, ўзим футбол ўйнагандай бўлиб, бир муддатга ўзимни, оламни унутиб бақир-чақир қиларман.

Енгил машғулот сўнгида уюштирилган ушбу ўйинни кўра туриб, хаёлим ўз ҳаётимга чўкиб, бўлиб ўтган бир воқеага ўтиб кетди. Мен ўз ўрнимда, ўз ишимда, яъни журналистикада худди шундай хатога йўл қўйган эдим. Саломга алик олмаган эдим. Оллони этиб, бердисини ичимга ютиб кетган эканман. Бу билан бир кимсанинг ҳаётига фожеа олиб киргандекман. Бир кимсанинг ижодига чек қўйгандекман. Тағин билмадим.

* * *

Бу воқеа �Футбол плюс�нинг таҳриририятида ишлаб юрганимда содир бўлган эди. Баёнимдан аввал касбимга озгина изоҳ бериб ўтай. Биласиз, хусусий футбол газеталарида ҳамма ўз мақолалари билан иштирок этиши мумкин. Уч-тўрт кишидан бўлак ҳамма четдан туриб саҳифаларда чиқиб туришади. Уларнинг ўз касби бор. Ўз тирикчилиги йўлида юришади. Қаламга ошнолик, бадиятга яқинлик ҳаммада бор дея олмайман-у, футболга меҳр-муҳаббат уларнинг ҳаммасида бор. Бу хислат бизни бирлаштириб туради. Масалан, Қаҳрамон Аслановни ҳисобчи деб эшитганман. Зафар Қосимов мактабда тарихдан дарс берармиш. Мухбирларнинг кўпчилигини талабалар ташкил этади.

Хуллас, турли хил одамлар футбол атрофида бирлашган. Табиийки, футбол газеталарида асосий мавзу футбол бўлиб қолмоқда. Бошқа нарса эмас. Саҳифаларда адабиётчиликка, жим-жима сўзларга ўрин йўқ деб биламан. Масалан, Ҳасанали-отанинг мақолаларини унчалик хуш кўрмайман. Тўғри, баъзи мақолалари �Қўзиқорин� каби яхши чиққан. Ҳаммаси эмас. Хуллас, мақсадга кўчсам. Бир куни электрон манзилимизга яхши мақола тушибди. Тезда босиб чиқардик. Водийдан, “Олтиариқ”дан бир деҳқон “Нефтчи” ҳақида алланима ёзиб юборган экан. Муаммоларни йўқ жойдан топиб, ечимини газетхонларга ҳавола қилибди. Таблонинг аҳволини ҳам ёзиб, бу камчиликнинг томиридаги муаммони ёритиб бергани эсимда. Хуллас, мақолани саҳифада мазза қилиб ўқиб чиқдиг-у, унутиб юбордик. Футбол шундай мавзу-ки, кейинги турда ўтган тур ўйинлари долзарблигини йўқотади. Олдинги мақолалар ҳам эсдан чиқади. Янги кунда янги ўйин дарди билан яшаймиз. Бу табиий ҳол. Мазкур мақола босилиб чиққач, бир ойдан зиёдроқ вақт ўтиб кетди. Мен ўзимдан, газетамиздан мамнун бўлиб юрдим-у, ўтган кунлар, ўтган ишлар орқада қолиб унут бўлиб кетишди.

Кейинчалик бўлиб ўтган бир воқеадан сўнг мен мақолани чиқара туриб, қандайдир, ўзимга ҳали ноаниқ хатога йўл қўйганимни сезиб қолдим. Шунинг учун матбуотда узр маъносида мақола ёзарман дедим-у, ёзмай чўзиб юрдим... Бу орада “Футбол плюс” ёпилиб кетди.

Юқорида баён қилганим, Чиғатойдаги ўспиринларнинг машғулотини кузата туриб, ўйиндаги чалаликни кўриб қолиб ранжидим. Ўйиндан сўнг кўчага чиқиб жаркўча томон пиёда юриб кетдим. �Аввал ўзингга боқ...� деган ҳикматнинг ўткир тиғи айбимни очиб, юзимни янчиб юрагимга санчилгандай бўлди. Товонга кирган чақир тиканакдек вужудимга ботиб кетди бир нарса...
Ғашлик. Бедаво ғашлик.....�

* * *

Қандай жўн ҳаёт, турмуш енгил, эл қатори
Эл билан бирга юр. Манзил бўлмас хатоли
Ўз сўзинг, ўз йўлинг бўлса хайрли, ҳатто оқли
Тезда яшир, этма ошкор. Сўзинг – душманинг
Омма эмас, шоҳни эмас, Шахсни хушладинг
Эл ризосин малҳам билма. Чўғни ушладинг
Энди омма туфлаб ташлар, бўлсанг-да сал атоқли.

* * *

Сиз ўқиб чиққан ушбу етти мисра шеър қилган хатоимнинг сабабчиси бўлган эди. Ҳа-я, мен ҳалигача сизга мақола муаллифининг исми-шарифини айтмабман. Эшбўтаев Эшмуҳаммад эдилар. 1979 йили ҳалок бўлган “Пахтакор”даги энг ёш ҳужумчининг фамилиядоши эдилар. Яқинлари Мамат-ака, дўстлари Эшмат деб чақиришар эди. Биласиз, ишқибозларга маҳалла-кўй “ашаддий” ёки “футбол жинниси” деган баҳони бериб, уларни бошқалардан ажратиб қўйишади. Шунинг учун, аксарият муаллифлар саҳифаларда тахаллус билан чиқишмоқда. Мақолани Муҳаммад Сўғдий деган ном билан босиб чиқарган эдик.

Баёнимга қайтсам. Шундай қилиб, бирор ойдан сўнг Мамат-ака таҳририятга кириб келди. Салом-аликдан сўнг, мендан жуда қаттиқ ранжиганини айтди. Мен ўзимни оқлагандай бўлдим. Хусусий матбуот қандайин оғир аҳволда ишлаётганидан шикоятланиб, аллақандай мавзуга дахли бўлмаган гапларни айтиб ҳимояланибман. Гапларимни охиригача тингламай туриб, “Шеър билан мақола бир бутун нарса эди, бир-бирисиз яшамас эди. Бир бутуннинг икки бўлаги. Нега бутун олмани яримта қилдингиз? Нега шеърни босиб чиқармадингиз? Бу шеърсиз мақола муаллифи бўлганим учун ақл ўргатувчи “донишманд”га айланиб қолибман-ку”, - дея бўғила бошладилар. Ўша пайтда айтган талай эътирозларини тингламадим ҳам. Бу киши эҳтиросга тўла сўзларни бежилов ҳаяжон билан устимга сочар эди гўё. “Менинг вақтим йўқ, кетишим керак”, - деб қолдим. Ҳақиқатдан ҳам Жаъфар Ирисметов билан интервью тайинланган эди. Биз хайрлашдик. Бўйдор, оғир гавдали Мамат-ака хонамиздан чиқиб кетди, қадам товуши ўчди. Лекин мунозара товушлари анча маҳал қулоғимдан кетмади. Тағин бир муддат қирқ бешларга кирган бу киши эҳтирос билан бир нима деб, бир нималарни исботлаётгандек бўлди. Кичик хонамизни тўлдириб тургандек бўлди. Ёлғиз қолиб, бўм-бўш хонамизда ҳовуримни босиб олдим. Тўсатдан бир муҳим нарса эсимга тушиб қолди. Мамат-ака орқасидан югурдим. Гап бундай. Бизга ёзган ҳар бир одамга ҳақ тўлар эдик. Бераримиз 20 минг сўмни гонарар дейиш қийин. Лекин бир нимага яратса бўлади-ку. Келишини олдиндан билиб тайёрлаб қўйган эдим. Ортидан югуриб қолдим. Ўшанда мен ўзимни ҳақ деб билар эдим. Шеър-пер бўлса, “Интер футбол”га ўхшаб мухлислардан келган хатлар қаторига қўйиб бир бет ажратиб, эълон қилиб турамиз. Футбол газетасида шеърхонлик қилиб бўлмайди-ку. Махмуд Асрорнинг шеърлари “Чемпион”да босилиб турибди. Лекин у халқ таниган катта шоир бўлса. Мамат ака ким, бир ишқибоз, тракторист, холос. Кейин Маҳмуд Асрор ҳечам мақолага шеър қўшмайди. Яна айтсам, унинг шеърлари фақат футбол ҳақида бўлар эди. КХДР ҳақида ёзган шеъри менга жуда ёқди. “Чемпион”да босилиб чиққан эди. Шундай фикрларим туфайли ўзимни ноҳақ санамаганман. Ўшанда мен қанақасига ноҳақ бўламан деб кибирга минган эдим. Газетхонлар нимага қизиқишини мен яхши биламан. Футболдан уларни чалғитиб бўлмайди деган фикрим тўғри эди.

Шундай қилиб бировнинг ҳақи менда қолиб кетмасин дея, Навоий кўчасига югуриб чиқсам, Мамат-ака “Понарама” ёнига етиб қолибди. Ортидан югурдим. Етиб олганимдан сўнг, нафасимни ростлаб, бақирмасдан секингина Мамат- ака деб чақирдим.

* * *

Эркак кишининг йиғлаганини кам кўрамиз. Тўғри, қартайиб қолган кишининг кўз ёшлари тез-тез кўриниб қолади. Лекин қирчиллама эркакнинг кўз-ёшини кўрганмисиз? Мамат-ака орқага ўгирилиб менга қараганида кўзлари жиққа ёш эди. Бу аҳволни кўриб ҳанг-манг бўлиб қолдим. Дона-дона қилиб, бу инсон - “қалбимга ифлос ковушингизни артиб ташладингиз”, - деди. Салмоқдор айтилган сўзларни эшитдим-у, нима учун Мамат-ака ортидан югуриб келганимни унутиб юбордим. Айтилган аламли сўзлар эмас ёшга тўлиб кетган кўзлар ичимни қўпориб юборди. Унинг кўз соққалари катта-катта эди. Сизга тик қараганида ҳар бир кўзнинг устки қовоқлари икки чизиқ тортиб таҳланар эди. Қорачиғи қўнғир ранг эди. Менга қараб турган мана шу кўзлар ёшга тўлиб, қорачиғи йилтиллаб ҳар бири ичидан бир томчи қайноқ ёш сизиб чиққан эди. Йиғлаётган бу кўзлар алам билан эмас, ўқрайиб эмас, қандайдир мунгга тўлиб, шавқат тилаб, менга илтижоли қараб туришар эди. Қақшаган сўзларни айтган лаблари эса нафрат билан қисилиб жипслашган эдилар. Ўша жойда тик турганимча, йигирма минг сўмни қисмлаб ушлаганимча катта йўл чеккасида йўлак ўртасида қолиб қетдим. Одамлар ҳосил қилган оқим ўртасида қотиб қолган тўнкадекман. Баҳайбат инсоннинг қораси Навоий ҳайкалига етиб олгач, кўздан йўқолди. Метро бекатига бурилиб кетди. Чўлда ёлғиз қолган одам қалбига сокин табиат вобаста бўлади. Пойтахтнинг шовқин кўчалари-чи? Бундай гавжум Тошкент кўчаларида, ичи тош усти асфальт кўчасида Мамат-акага ҳам, менга ҳам ҳеч ким эътибор бермасди, омма ҳеч кимни назарга илмасди. Омма одамни одам деб билмасди. Бунда ҳамма одам эмас - йўловчи. Мамат-ака менга терс бурилиб кетганида қалби ёлғиз қолиб, кўз ёшлари тўхташ билмай сел бўлиб оққандир. Бўлган воқеадан ларзага келдим.�Ўзимни оқлашниям, айблашниям билмай юрдим. Кунларимдан таскин қидирдим. Кўнглимдан хотиржамликни. Лекин уларни ҳеч қаердан тополмасдим.

* * *

Сўнгра кундалик ташвишларим сувига шўнғиб кетдим. Ирисметов билан учрашиб, дурустгина интервью олиб келдим. Бир неча ҳафтанинг тиқилинч кунлари иш билан оқиб кетишди. Мен муаллиф ҳуқуқини бехосдан туртиб юборганимдан эмас, бу билан кимсани хафа қилиб қўйганимдан эмас, буни ўшанда тушуниб етмаган эдим, балки бировнинг ҳақи менда қолиб кетганидан ўзимни айбдор санаб юрардим.�

Ёлғиз қолганимда ўша воқеа эсимга тушиб қолар эди. “Ҳар кимнинг кўз ёшини артсам, ишни ким қилади? Ўрнимга кимдир ишлаб кўрсин” деб турли бўлмағур гаплар билан ўзимни оқлаб, ичимдан бир нимани ҳайдамоқчи бўламан-у, ўша бир нима аслида нима эканлигини ўзим билмай юраман. Бу виждонми ё ўкинч ё ўтинчми, менга қоронғу эди. Кўнглимни тўқ қилайин деб ишга шўнғиб кетар эдим. Барибир Мамат аканинг охирги сўзлари, ўзлари, жиққа ёшга тўла кўзлари хотирамдан кетмас эди.

Ҳамма қатори мен ҳам ўз ҳаётимда ўз мафкурамга таяниб яшайман. Ўшанда ўзим учун ўз мафкурам дуруст эди. Ўша воқеадан кейин мафкурам пойдевори дарс кетгандек бўлди. Ўшанда мақола мағзини данагига қўшиб юлиб ташлаганимни тушунмас эдим, буни тан олмас эдим. Қаердадир хато қилганимни охистагина ҳис қилар эдим холос. Бир куни Фарғонага йўлим тушганида Олтиариққа кириб Мамат-аканинг ҳаққини бериб қўяман деб кўнглимга тугиб юрдим. Баъзи-баъзида мониторда ўша шеърни эринибгина қидирар эдим-у, топа олмас эдим. Яна бир бор ўқиб чиқиш илинжида юрдим. Ахир ўша етти мисра шеър ҳаммасига сабабчи бўлган эди. Наҳотки етти мисра шеърни деб инсон шунчалик изтироб чекса деб хайрон қолар эдим. Шеър сўзлари Мамат-ака учун шунчалар муҳим бўлмаса деб ҳам ажабланиб, ҳам азобланиб юрар эдим.�

Тағин бир ойдан зиёдроқ вақт ўтиб кетди. Тожикистон билан бўлган ўйиндан сўнг Азамат чиройли репортаж олиб келди. Сиз дарров Гейнрихнинг боши билан урган учинчи голини эслагандирсиз. Олиб келган флешкасини процессорга туширсам, Мамат-аканинг мақоласи билан шеъри мана-ман деб чиқиб турса бўладими...�

Эй Оллоҳ! Ўзингга шукур. Ўзинг буюксан. Ўзинг меҳрибон. Яратган эгам бу тасодиф билан менга бир нимани ишора қилгандек бўлдими? Тасодиф дедимми? Тасодифан ҳеч нарса бўлмайди. Ҳамма нарса ЎЗИнинг измида.

* * *

Мен мактабда ўқитилган шоирлардан бошқа ҳеч бир шоирниям, унинг ижодиниям танимас эдим. Танисамда уларни билмас эдим. Таниганларимни ҳам қизиқмасдан ўқир эдим. Шеър деганни унчалик яхши кўрмас эдим. Энди Шеър ўқий бошладим. Шеър ўқишни ўргатадиган устоз қидирдим. Менга Иброҳим Ҳаққул ёки Қозоқбой Йўлдошевни тавсия этишди. Уларнинг олдига биронта шеърни ўқиб бормоқчи эдим. Халқ танимаган, омма оғзига тушмаган шоирни мен илгари тан олмай юрардим. Машҳурларини ҳам ўқишга ҳафсала қилмас эдим. Ҳаваскор шоирларга йўл бўлсин. Бир нима ёзиб, уни шеър деб, ўртага чиқиб ҳаммани ўз оғзига қаратиб юргувчилар энсамни қотиришади. �Кўнглимда бир ёр, қўйнимда бир ёр� деб ёзилган шеърлар ғашимга тегар эди. Қўлтиғингда ҳам борми, дегим келарди. Юзта шеърдан Қаҳрамон Аслановнинг футболбоп, ҳаммабоп битта мақоласини устун қўяр эдим. Шу сабабли шеър ҳақида ўз фикримга қандай қилиб таянаман? Шунинг учун билимдон одамнинг фикрини билмоқчи бўлдим.�

Қозоқбой Йўлдошевни излаб миллий университетга бордим. Етти мисра шеър ҳақида унинг фикрини сўрадим. Жуда кўп одам ўз фикри билан яшамайди. Умуман фикрламайди ҳам. Кимнингдир фикрига суянади. Масалан, бирор одам футбол ҳақида янги фикр билдирса-ю, уни бирор бир обрўли инсон қўлласа борми, ҳамма журналистлар уни такрорлаб кетишади. “Позицион ҳужум” деган иборани кимдир биринчи бўлиб айтган. Ҳозир ҳамма айтаяпти. Кўпчилик оқ деса, бизга ўша нарса оқ бўлиб кўринади. Қора деса – қора. Доим эл ортидан эргашамиз. Мен ҳам ўз ўрнимда Қозоқбой Йўлдошев фикрига таянмоқчи бўлдим. У киши шеърни таҳлил қилиб берди.�

“Умуман услуб янги, мазмунга мос. Рубоий деб бўлмайди. Лекин унинг услубига яқин. Шаклан яқин. Фикри, Сўзи ўзгача, ўзига мос. Яъни шеър ғоясига мос”, – дея ҳар бир мисрани тушунтириб берди. Шахснинг қалбини қўлимда ушлабман. Шу дамда “Чўғни ушлаганимни” билмабман. Сизга илғаганимни тушунтириб берай. Эшитинг. Мамат-ака мақоласида алоҳида, ҳаммадан фарқли фикрлашини ошкор қилибди. Ҳамманинг овози қўшилиб омма, оқим хосил қилиб турган бир пайтда, “Нефтчи” мураббийини ҳамма мухлислар бир овоздан ҳар бир ўйин олдидан “Ара-Ара” деб беш дақиқа бақириб олқишлаши оммавий, одатий бўлиб қолган бир пайтда у киши шахсий фикрини, мазкур воқеага бўлган шахсий муносабатини очиқ-ойдин ёза олибди-я. Мамат-ака мазкур мақоласида ўз фикрларини ўзгача услубда ёзиб юборган экан. Мақоланинг ажралмас қисми бўлган шеърга тикилиб қолдим. Қозоқбой айтганганига кўра, “шеър сўзларининг шакли шеър мағзига мувофиқ бўлиб”, у мақола “ҳужумини” бошлаб берувчи ва якунлаб берувчи бўлган экан. Мақола мағзи экан. Рубоий, агар бу шеърни рубоий деб айта олсак, унинг асосий юкини учинчи қатордаги сўзлар кўтариб турган экан. Учинчи қаторда бир мисра эмас, бир байт эмас, япон шеъриятига ўхшаб уч мисра сўзлар келяпти.

Қандай жўн ҳаёт, манзил енгил эл қатори.�
Юрт билан бирга юр. Манзил бўлмас хатоли.
Ўз сўзинг, ўз йўлинг бўлса хайрли, ҳатто оқли�

Тезда яшир, этма ошкор. Сўзинг душманинг.
Омма эмас, шоҳни эмас, Шахсни ҳушладинг.�
Эл ризосин малҳам билма. Чўғни ушладинг.

Энди омма туфлаб ташлар, бўлсангда сал атоқли.

Мамат-акам, шеъри билан Футбол оммавий, оммабоп ўйин бўлгани билан, у ҳар биримизнинг шахсий талқинимизга муҳтож демоқдами, билмадим. Ёки ўз қисматини ёзганмиди, билмадим.

Ушбу суҳбатдан сўнг мақолани шеър билан бирга такроран босиб чиқарсакмикан деб юрдим. Йўқ, бемаъни нарса бўлади, кўнглини кўтариб хат ёзайинми? Йўқ, аввало, Олтиариққа бориб, юзма-юз, дилдан суҳбатлашиб, газетамиз истиқболи ҳақида маслаҳатлашиб келаман. Шеър тақдирини биргаликда тўғрилаймиз, - деб турли тадбирларни санаб чиқдим. Биронтаси ўзимга ёқмади.

Футбол талантлари бутун ўлкамизга сочилиб ётгани каби Шеър ижодкорлари ҳам ҳар ерда сочилиб ётибди экан. Кимдир бизга уларни халқ ичидан топиб келиб унга ишлов бериб, ярқиратиб кўрсатса, талантни тан оламиз, йўқса, улар тупроқ қатори қолиб кетишади. Аҳмад Убайдуллаев Кенжа Тўраевни Чироқчининг Қўшали қишлоғидан топиб келган экан. Ҳозир Абрамов унга ишлов беряпти. Заргарнинг қўллари дард кўрмасин. Мен эса Шоирни, Шеърни менсимай қўйдим, назарга илмадим. Тупроқда кўрдим. Ундан ҳам пастроқда кўрдим. Баъзи мураббийлар кўзга тушмас истеъдодларни тупроқ баравар кўрганидек, биз атрофдаги назардан четда турган одамларга бефарқ ҳолда йўлда ўтиб кетамиз. Ҳаётдан ҳам. Шеърни эмас Мамат-ака қалбини қайчилаб ташлаган эканман. Нима хаққим бор эди?

Чиғатойнинг яшил майдонида бир бутун нарсани, Гвардиола услубини кемтик ҳолда кузатдим-у, ўзимга боқдим. Ич-этимни едим. Мамат-ака билан бўлган воқеа эсимга тушиб кетди. Мен Олтиариқлик Рассом чизган бир кишининг портретини газетамизда босиб чиқаришдан олдин унинг икки кўзини ўйиб олган эканман.

* * *

Мана, кўряпсизми, мен айбимни олдингизда дастурхон қиляпман. Нима учун? Билмадим. Айбимни очдим. Ҳасратимни тўкиб сочдим. Барибир енгил тортмадим. Ичим тўла ғашлик. Бедаво ғашлик...

Жаббор ЎЗИ, бандаси эмас. Билгувчи, аълам ЎЗИ, бандаси эмас. Кичкина амалдор ҳолимга ўзимни Билгувчи санаб, бир кимсага Жабр етказибман. Чиғатой мени ўз ўрнимга қўйиб қўйди. Сиз бундай хатога йўл қўйманг, азизларим.

Ёзганларимни ўқиб чиқдим-у, футбол ҳақида ўйланиб қолдим. Жозибадор, кўримли футболга ҳаммамиз маҳлиёмиз. Ҳисобдан қайғурамизми ё қувонамизми, бундан қатъий назар, ҳаммамиз футболдан баҳра оламиз, ундан таскин топамиз. Ибрат оламиз. Чунки бу ўйин холос. Ўйин. Руҳимиздаги енгиллик шундан. Эртага Чиғатойга албатта бораман. Ўспиринларнинг машғулотини томоша қиламан. Яна Азизнинг “Чика, тўпни кутма, ўйин саники, ўзингга ишониб ўйна!”, деб бақиришларини эшитаман. Яна асрдан шомгача яшил майдонда Азизнинг буйруқлари ҳамма ёқни босиб, ҳавога сингиб, кўчада ҳам эшитилиб туради, майдонда янграб туради. “Иба, олдинга югур, тўп сани қувиб етади. Жўка, зич ўйна, қарши ол. Дима, ўзингни бос, ҳовлиқма. Диёр, Пиға...

Тошкент. 28.02.2012
Аҳад Юсуф

P.S. Мамат-аканинг электрон манзили менда бор бўлса-да, ҳозиргача у кишига хат ёзмадим. Нима дейман? Кўнглини ҳушлаб кечирим сўрайманми? У киши ҳар қандай кўнгил ҳушлаш, кўнгил овлашдан юқори. Олдига ҳам бормадим. Юзим бетламади. Бир фарғоналик мухбир аниқлик киритди. Мақола чиқиши билан водий газеталари Мамат-акани раддия билан кўмиб ташлашибди. Ҳатто “Чемпион”да кимдир ўша кезлари мураббийни Фергюссонга қиёслаб, мақтаб мақола чиқарган эмиш. Ўқимай қолибман. Ҳаммаси тўғри. Сўз эркинлиги бу. Ҳуррият нафаси. Янги кун нафаси.

Хунук ҳабарни ҳам эшитдим: “Нефтчи” фанатлари Мамат-ака уйининг дераза шишаларини битта қўймай синдириб ташлашган эмиш. Бу нимаси? Буниси ортиқча. Бу бизни тўппа-тўғри оломон фожеасига элтиши мумкин. Шеър Сўзлари бундай хунук воқеани башорат қилишган экан. Агар ўз вақтида Шеърни босиб чиқарганимда дераза ойналари омон қолар эдими, дейман. Оломон сафидаги ишқибоз ўзини, аввало Инсон билиб, ўзини алоҳида Шахс санармиди, дейман. Ўз сўзига эга бўлишни истаб, зўравонлик қилмасмиди? Қайдам. ЎЗИга аён.

Киритилган сана: 03.12.2013 07:33. Ўкилди: 9513 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

Билдирилган фикрлар:


XPORTLANDX
Сана: 03.12.2013 20:37. XPORTLANDXга ёзиш
+1; -0
qoyil. maqolaga RESPECT

Ушбу фикрга жавобан

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.