Кириш Регистрация
21/12 00:45 Верона 0-1 Милан
21/12 01:00 Жирона 3-0 Вальядолид
21/12 17:30 Астон Вилла 2-1 Манчестер Сити
21/12 18:00 Хетафе 0-1 Мальорка
21/12 19:00 Торино 0-2 Болонья
21/12 20:00 Брентфорд 0-2 Ноттингем Форест
21/12 20:00 Ипсвич 0-4 Ньюкасл
21/12 20:00 Вест Хэм 1-1 Брайтон
21/12 20:15 Сельта 2-0 Реал Сосьедад
21/12 22:00 Женоа - Наполи
21/12 22:30 Кристал Пэлас - Арсенал
21/12 22:30 Осасуна - Атлетик Бильбао
22/12 00:45 Лечче - Лацио
22/12 01:00 Барселона - Атлетико
22/12 16:30 Рома - Парма
22/12 18:00 Валенсия - Алавес
22/12 19:00 Фулхэм - Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер - Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед - Борнмут
22/12 19:00 Эвертон - Челси
22/12 19:00 Венеция - Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид - Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм - Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта - Эмполи
22/12 22:30 Леганес - Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас - Эспаньол

Блог

Ҳасанали ота

Ўзингни англа

Яна ўша дастурхонми?

Баҳо:
+1; -0

Олимхўжа Бўронов. Отахон, меҳмонлар ҳаяллаб қолишди. Суҳбатни бошлаб турайлик. Бошқаларни “чайнашдан” олдин бир-биримизни “чайнаб” турайлик. Сиз ҳар гал журналистикамизни танқид қилиб келасиз. Майли, ишда нуқсонлар бўлади. Лекин олдинги сафар шахсиятга тегиб кетмадингизми? Хайрулла Холиқовнинг оиласи, фарзандлари, яқинлари бор демайсиз?

Ҳасанали Қодиров. Футболимизда Одил Аҳмедов, Вадим Абрамов каби шахслар кам. Шахснинг аҳамияти футболда катта. Футболда шахс бўлиш ўта муҳим.

О.Б. Кечирасиз, гапингизни бўлдим. Қизиқ гаплар айтмоқдасиз. Фикрингиз бўйича шахс бўлмаган одамлар ҳам бўладими?

Ҳ.Қ. Бўлади. Шахслар ўйинда вазият, ҳаётда воқелик яратишади. Қолганлар жараёнда қатнашувчи, иштирокчи бўлишади. Яхши ё ёмон қатнашиш бошқа масала. Оддий футболчи ва атоқли одамлардан мисол келтириб кўраман. Масалан, Қувондиқ Рўзиев шахс бўлиб шаклланиб қолди. Бошқа мисол, Равшан Ҳайдаров ва Иван Нагаев футболда шахс бўла олишмаган. Улар ҳаётда ҳам, ишда ҳам воқелик ярата олишмайди, балки бажарувчи, унда иштирок этувчи бўлиб юришибди.

Атоқли одамлар ҳақида гапирсак, майдалашиб ўтирмайлик. Масалан, Рейган кино санъатида ҳам, сиёсий ҳаётда ҳам шахс бўлган эди. Катта ё кичик бўлганлиги бошқа масала. Трамп шахс эмас. У фойдахўр, прагматик ишбилармонлигича қолиб кетган. У маълум вазият ярата олгани йўқ. Ҳар гал ҳар мақомга йўрғалаб юрибди. Аппаратдагилар айтган сўзини, қилган ишларини тузатиб улгурмай қолишмоқда. У давлатни илмий мушоҳада билан эмас, унда илмий идрок қайдан пайдо бўлсин, маиший мушоҳада билан бошқармоқда. Руслар бу иборани “кухонное, обыденное сознание” деб айтишади. Бошқа мисол. Мираброр Усмонов ўзбек футболида шахс бўлиб тарихда қолди. У ўз даврида, ўз муҳитида воқеликни ярата олди. Ижрочи бўлмади. Умид Аҳмаджонов ҳозирча шахс эмас. Давлат арбоби даражасидаги бошқа бир одам ислоҳотларни йўлга қўйиб, футбол воқелигида давр яратмоқда. Умид ижрочи бўлмоқда. У ўз “ролини” гоҳида яхши, гоҳида ёмон ижро этяпти. Уни тузатиб келишмоқда. У тизимда якка ҳокимликни ўрнатган. Истаса, форматни ўзгартираман дейди, иштирокчилар сонини оширмоқчи бўлади, истамаса йўқ. Ижроқўм аъзолари қўғирчоқ. Улар ҳеч нарсани ҳал қилишмайди. Нима учун шундай бўлмоқда? Чунки унинг ўзи маълум бир шахснинг, қайсидир якка ҳокимнинг измида иш бажарувчи бўлиб юрибди, манимча.

Бугун футболимиз ўз бошидан кечиряпган ислоҳотлар даврида ҳар бир жабҳада, майдон ичидаям, майдон ташидаям шахслар керак. Мустақил фикрловчи шахслар керак. Сиз айтган Шахсият сўзи бошқа нарса. Шахс сўзига қанча қасидалар ўқисам, шунча оз. Сиз Шахсият деганингизда Орият, Ҳамият сўзига яқин маънода гапиргандирсиз. Мен жамиятда, аввало футболимизда, журналистикамизда мавжуд бўлган нуқсонли муаммоларни ёритаман. Баъзида бўрттираман. Аммо, ёруғлантирмайман. Нуқсонлар ёруғлик эмас. Жамиятдаги нуқсонлар қай бир инсоннинг сўзи, иши орқали намоён бўлади, дерсиз. Барибир, гапларим жамиятга қаратилган, инсонга эмас.. Бошқа гап бор. Сизу биз ўтиб кетамиз. Илоҳим ёшимизни яшаб ўтайлик. Раҳматуллаев, Тазетдинов, Раҳимов каби мураббийлар фожеали ўлим топишди. Футболда айтаётган қўшиқлари оғзида қолиб дунёдан ўтиб кетишди. Ўтганларни Ўзи раҳматига олган бўлсин. Ҳаммамиз ўтамиз, Футбол қолади. Ҳар биримиз футболимиз шаънини, юрт шаънини ўйламасдан, аввало ўз шаънимизни ўйласак, нима бўлади? Дард бўлади.

О.Б. Сиз ҳақингизда “Аввал бошини силайди, сўнгра кетига тепади”, деб айтишганини биласизми?

Ҳ.Қ. Эшитганим бор. Жонлантириб, кўпиртириб айтилган ҳазиломуз ўхшатма деб қабул қиламан. Холиқовнинг “бошини силаганим” йўқ. Бор гапни эътироф этдим. “Ф.Э.”да ҳақиқатан икки кишидан бошқа муаллифнинг ўз сўзи, ўз юзи, ўз йўналиши йўқ эди. Энди уч киши бўлишди. Яқинда Холиқов ёзган мақоласи туфайли, бир футболчининг ҳаёти билан, футболимиздаги оддий бир тақдир билан, Темур Ҳакимов билан яқиндан танишиб чиқдим. Бизнинг “Чемпион”да ҳеч унутиб бўлмас даврни бошимдан ўтказганман. Қария бўлсам-да, Роже Миллага ўхшаб беш дақиқага матбуот майдонига тушардим. Ҳар бир журналистнинг ҳар бир мақоласи алоҳида ўқилар эди. Ўз мақоласи билан қатнашган ҳар бир муаллиф ўз сўзига, ўз қаламига эга эди. Бобур Акмалов, ё Муҳрим дейсизми, Қаҳрамонни айтмайман, Икром дейсизми, ҳар бирининг ёзган мақоласи алоҳида воқеа бўлар эди. Шириновнинг статистикаларини айтмайсизми? Бир давр бўлди. Ўтди даврон, ўтди карвон.

О.Б. Эсингизда қолгани қайси мақола бўлган эди?

Ҳ.Қ. Ҳар бир мақола эсимда. Бугунги кунда эслашга арзийдиган бир мақолани келтираман. Европада бўлиб ўтган бир шов-шувли воқеага, Босман ишига товушдош қилиб, “Рўзман иши” деб сарлавҳа қўйган эдик ўша мақолага. Ҳозир бундай масалани ҳеч ким кўтариб чиқмайди. Бугунги кунда ҳеч ким журналистик текширув олиб бормайди. “Чемпион” йўқ дейсизми. Бор бўлганида уни ёптириб ташлашарди. Ўша одамлар, ўша журналистлар тирик дейсизми? Улар замона зайли билан ўзгариб кетишган. Текширувлар олиб борган муаллиф қинғир ишларни фош қилган эди. Бугунги кунда бундан беш баттари бўлаётган бўлсада ҳамма жим. Ўшанда нима бўлган эди? “Пахтакор” раҳбари Рўзимбой Аҳмедов трансфери нархининг ярмисини тўлаб, уни бир йил ўйнатади. Қолган ярмисини умуман бермаслик учун найранг ишлатади. ЎФФ устави бўйича тўлов ўтказа олмаган “Пахтакор” Аҳмедовни “Хоразм”га қайтариб юборади. Бабаян сценарийси бўйича иш тутган Рўзимбой Аҳмедов, ўйинини ўстирган ўзини бутун Ўзбекистонга танитган “Хоразм” клубига нисбатан сотқинлик қилади. Клубдан маъмурият тўлай олмайдиган астрономик катта суммани янги шартномага ёзиб қўйишни талаб қилади. Бундай шартнома имзоланмагач, Рўзимбой Аҳмедов эркин агентга айланиб “Пахтакор”га қайтиб келади. Ўз клубига нисбатан қилинган бундай сотқинлик туфайли Рўзимбой Аҳмедовнинг футболдаги тақдири ўхшамай қолгандир, балким. Балким устоз шогирдини дуоибад қилгандир. Лекин гап унинг тақдири ҳақида эмас. Бўлган иш бўлиб ўтди-кетди.

“Рўзман иши”ни ёзиш учун текширувлар олиб борган, кейин қабоҳатни фош қилувчи мақола ёзган ўша журналист қани? Бу йил “Пахтакор” “Насаф”ни бутунлай ечинтириб ташлади. “Насаф”дан олиб келган ўйинчилари учун бир чақа ҳам пул бермади. “Насаф”ни синдирди. Нега ҳамма жим? Нега “Насаф”нинг спорт директори ишдан олинди? Нега “Пахтакор” кирдикорларини фош этиб ҳеч ким журналистик текширув олиб бора олмайди? Ошкоралик фақат Аҳмаджоновга ярашадими? Футболдаги коррупция ҳақида гапириш фақат унга руҳсат этилганми? Ўша “Рўзман” муаллифи ким эди? Бобомурод Абдулла эди. У ҳозир бор. Ўша тўғри сўз футбол журналисти йўқ. Соҳани алмаштирган, шекилли.

Жалолов “Қурувчи”нинг раҳбари бўлганида “Пахтакор”нинг барча асосий ўйинчиларини олиб келган эди. Лекин у катта пул тўлаган эди. Натижада асосий ўйинчиларидан ажралган “Пахтакор” тезда тикланиб “Қурувчи”га асосий рақиб бўла оладиган ягона клубга айлана олган эди. Нега “Насаф”га трансфер учун ака-укалар бир чақа ҳам бермадилар?

О.Б. Ҳамма ўйинчилар эркин агент бўлиб “Пахтакор”га ўтишгандир.

Ҳ.Қ. Балли, худди мана шу ерда жавобнинг лўндасини айтдингиз. Биргина “дир” деган гумон қўшимчаси барча саволларимга жавоб бўлмоқда. Эътибор беринг, балким, ундайдир, бундайдир”, деб журналист айтмоқда. Нега бўлган воқеани бирор бир журналист текширув ўтказиб, атрофлича ўрганиб чиқмади. Бу икки клубнинг молиявий ишларини ёритмади. Бунга “ака-ука”ларнинг баҳиллиги сабаб бўлганмиди, ёки катта жиноий ишлар содир бўлганмиди, билмаймиз. Бир мисол келтираман. Бултур Кумиков ОТМКдан асосий таркибидан иккита ўйинчисини, Шавкат Муллажонов ва Ислом Имомовни трансфер вақти келишини кутиб ўтирмасдан ҳайдаб юборди? Нега ушбу футболчиларнинг поймол этилган хуқуқларини ҳимоя қилайин деб бирор бир журналист текширув олиб бормади, воқеани атрофлича ёритмади? Муаммони очмади? Нега?

Менга узунқулоқ гаплар етиб келди. Эмишки, иккаласи ўйинни рақибга сотишгану, шунинг учун ҳайдалишган эмиш. Шунинг учун шикоят қилиб ўтирмасдан жимгина клубдан кетишган эмиш. Миш-мишлар вишиллаб кимсани аҳлатга қориб ташласа-да, журналистлар жим юришди. Бу билан ҳеч кимнинг иши бўлмади. Эрталабдан кечгача теле, радио, сайтларнинг электрон тўлқинларида тўлқинланиб “Арсенал” ё “Реал” муаммоларини титкилаб чиқишимиз мумкин. Масалан бугун Футбол-ТVда Даврон Файзиев билан Отабек Жўраев бир бирига ва бизга Еврофутбол ҳақидаги билимларини кўз-кўз қилишди. Ўз футболимиз билан ишимиз йўқ. Ишқибозларни шунга ўргатиб қўйганмиз. Тағин стадионларимизга ишқибозлар келмаяпти деб тил учида шикоят ҳам қилиб қўямиз.

Ўхшатиб гапирсам, футболимиз уйи билан, сопол товоғу, ювғон шўрвамиз билан, ён қўшнимиз ер остидаги йўлакда тиламчилик қилиши билан ишимиз йўғу, узоқдаги маҳаллада яшайдиган бойдан-бой, ҳирсдан тўқ фалончининг минган мошиналарини санаб чиқамиз, тўй дастурхонига таъриф берамиз. Биз шундаймиз. Бизни журналистларимиз шунга ўргатиб қўйишган.

О.Б. Бутун дунё одамлари Еврофутбол билан қизиқади.

Ҳ.Қ. Ўз футболининг тарғиботини, обрў-эътиборини ерга уриш эвазига, ўз футболига орқа ўгириш эвазига эмас. Йилда бир марта бўлиб ўтадиган кубок финал жангини Фарғонага суриб ташлаб, ўзимиз ўша дамда “Миллий” стадионга йиғилиб олиб Европадан экспорт қилинган футбол қоқисига, туршагига тикилиб, шоуда шовуллашимиз, сафоланишимиз керак эмиш. Бу раҳбарият томонидан футболимизнинг хўрланиши бўлмадими? Ўзимизни, ўз ҳалол нонимизни, ўз ҳаётимизни ўзимиз билмасак, қадрламасак, софламасак, сафламасак бизни ишқибоз қадрлайдими?

О.Б. Ҳасанали-ота, бадиятни, сўзни ҳурмат қиласиз, яхши гап. Спорт журналистикасида бадиий сўздан кўра, сўз ўйинидан кўра қисқа, лўнда маълумотга бой сўз яхши эмасми?

Ҳ.Қ. Бадиий сўзнинг таъсир кучи ортади. Ман профессиоал журналистлардан янги маълумот таратишда ортда қоламан. Сайтга киришни ўргана олмаётибман. Бор маълумотим билан кўпроқ мушоҳада юритишга ҳаракат қиламан. Софланиш, сафланиш сўзларни ёнма-ён келтириб, гапга товуш ритми билан маъно таъсирини оширмоқчи бўлдим. Фақат олтинда эмас, ҳаётнинг барча соҳаларида софлик жуда муҳим нарса. Сафланиш, чоғланиш спортда энг бирламчи нарса эмасми? Софлик ҳақида қанча гапирсак шунча оз. Иш софлиги, сўз софлиги, ният софлиги ҳақида бир воқеа мисолида гаплашайлик. Майдон ичида тез-тез ностандарт вазиятлар содир бўлиб туради. Шунда қоришмаларсиз соф маҳорат ўзини кўрсатади. Майдон ташида ҳам гоҳида ностандарт вазиятлар содир бўлади. Шунда ишнинг, сўзнинг, ниятнинг софлиги синовдан ўтади.

Ностандарт вазият тағин Рўзимбой Аҳмедов номи билан боғлиқ бўлди. Командадан ҳайдалган Рўзимбой телефонда бир кимса билан гаплашар экан, “Навбаҳор” бош мураббийи Илҳом Мўминжонов ҳақида жуда кўп аччиқ гапларни гапириб ташлаган. Ўша кимса Рўзимбой айтган гапларини эшитиб туриб, суҳбатни ёзиб олган эканки, кейин ушбу гапларини ижтимоий тармоқ орқали барчага етказган. Уни мандан бошқа ҳамма ўқиб чиққан бўлса керак. Аслида у ёзув эмас, овоз экан. Бу ностандарт вазият ҳамма учун синов бўлди.

Бир воқеани эсимда сақлаб келмоқдаман. “Чемпион”гуркираган пайти эди. Холиқов тахририятга келган экан. Уни биринчи марта кўрган эдим. У ойна олдида тургани ҳолда менга нима учундир ўз фикрини билдирган эди. “Сиз ҳеч нарсани билмайсиз. Ҳамма нарсани қизил рангда кўрасиз. Билганингизда ёш болага ўхшаб кўтаринки рухда қизишиб, куюниб мақола ёзиб юрмаган бўлардингиз”, деган маънода манга, ёзишларимга ўз баҳосини берган эди. Тўғри, ҳеч қайси клуб ҳаёти билан таниш эмасман. Масалан, кеча “Ф.Э.”да ўқиб чиққаним Темур Ҳакимовнинг футболдаги ҳаёти мен учун янгилик бўлди. Журналист ҳақпарвар, ҳақиқатпараст бўлиши керак эмасми? Журналист билиб туриб, ҳақиқий аҳволни ёритмасдан жим юриши мумкинми?

Майли, кимдир жим турсин. Бошқалар-чи? Энди Рўзимбой Аҳмедовнинг клуб ҳаёти ҳақидаги шахсий фикри омманинг қулоғига тасодифан етиб борганидан кейин кечикиб бўлса-да, журналистлар воқеликни таҳлил қилиб ҳақиқатни ёритишармикан? Бундай бўлмади. Улар нима қилишди? Улар бир овоздан Аҳмедовни қоралаб чиқишди. “Аҳмедов айтганлари учун жавоб бериши керак. Мураббий шаънига тегадиган гаплари кўп. Шунинг ўзига уни судга бериш мумкин” деб ПФЛ амалдори ёзди. Аҳмедовнинг гаплари арзон гаплардан бошқасига ярамайди деб, айтилган гапга исбот талаб қилинса, қонун олдида изза бўлиб қолиши мумкин, деб Абдулҳафиз ёзди. Чунки “ҳужжатлар гапиришини инобатга оладиган бўлсак, клубларда бу томондан ҳаммаси тоза чиқади”, деб ушбу муаллиф қўшиб қўйди.

Бу воқеалардан кейин “ЎФА хавфсизлик бошқармаси Рўзимбой Аҳмедов билан, албатта кўришади... Мўминжоновнинг аслида қандай фаолият олиб бораётгани юзасидан текширув бўлади”, деган сўзлари билан ЎФА амалдори мазкур ташкилот ноилож қолганини, энди текширув ўтказишга мажбурлигини тан олди. Амалдор бекорга ташвиш тортган экан. Ностандарт вазият оддий ечим топди. Аҳмаджонов ўз “ҳақоратлари” учун судга тортилмади. Мўминжонов фаолиятини ҳеч ким текширмади. Шилдир шўрва жонига тегиб, “гўшт”ни истеъмол қилган омма бу воқеани унутиб юборди. Чунки томонлар келишиб кетишган эди. Футболимизда илдиз отиб кетган коррупцияга қарши курашга “бел боғлаган” Раҳбар бу воқеага ўз муносабатини билдирмади. Касби бўйича ҳақиқатни ошкор қилиш муқаддас бурчи бўлган журналистларимиз соф ниятли, соф виждонли одамларми?

Олимхўжа, Сизга софланайлик, сафланайлик деган иборам аслида сўз ўйини эмаслигини тушунтириш учун шунчалар эзмаланиб қолдим. Узр сўрайман.

27.10. 2019й. (давоми бор).

Киритилган сана: 29.10.2018 14:33. Ўкилди: 5845 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

Билдирилган фикрлар:


BAXASH

Сана: 07.11.2018 20:01. BAXASHга ёзиш
+1; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


BAXASH

Сана: 07.11.2018 20:00. BAXASHга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


BAXASH

Сана: 07.11.2018 20:00. BAXASHга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.