Кириш Регистрация
20/11 01:00 Боливия 2-2 Парагвай
20/11 04:00 Колумбия 0-1 Эквадор
20/11 05:00 Аргентина 1-0 Перу
20/11 05:00 Чили 4-2 Венесуэла
20/11 05:45 Бразилия 1-1 Уругвай
21/11 18:00 Пахтакор - ОКМК
22/11 16:00 Нефтчи - Насаф
22/11 18:15 Қизилқум - Навбаҳор

Блог

Ҳасанали ота

Ўзингни англа

Юз доллар ҳикояти (давоми)

Баҳо:
+1; -0

БАДИҲА.

7. АРАФА.

ЧАҚИР ТИКАНАКНИНГ АКСИЛ ТИМСОЛИ.

Эшикдан ўтиб, ичкарига кирдик. Эшикбон, уни вахтёр дейсизми, бизга ҳеч нима демади. Бир йигит билан ҳовли тўридаги иморат томон борар эканмиз, ҳовли қандай эди, уй неча қаватли, ҳеч нарсага эътибор бермабман. Ўша иморат кўриниши қандай эди, ҳовлида иккита ё учта иморат бормиди ўзи, буни хозир ҳам билмайман. Ўша учрашувнинг биргина эпизоди ўша кунги ҳаётимни ўзгартириб юборди, деб ёзган эдим. Нотўғри таъриф берибман. Бошқача воқеа содир бўлди. Тушунтириб беришим керак. Айтайлик, агар суҳбат олдидан тавонимга чақир тиканак кириб қолса-ю, уни олиб ташлолмасам, шу билан бирга суҳбатдошимга ҳеч нарсани билдирмасам-да, бутун суҳбат тиканак азоби билан эмас, ичимни қамраб олган қандайдир ғашлик билан ўтардими? Энди шундай ҳолатнинг тескарисини тасаввур қилинг. Ўша учрашувда суҳбат бошидаги бир кичик арзимас ҳолат эътиборимни тортди. Ундан пайдо бўлган қувончли кечинмалар таъсирида Суҳбат сурур билан ўтди, демоқчиман. Суҳбатдошимга ҳеч нарсани билдирмасам-да, вужудимни бахтли бир онга чулғаб ўтди демоқчиман. Бир бошидан гапириб берай, дейман. Қулоқ солинг.

КЕЗДИМ -КЕЗЛАНДИМ Ё ХЕЗЛАНДИМ.

2011-йил 20-январ. Доха шаҳри. Гуруҳ ўйинлари тугаган. Биз гуруҳда биринчи ўринни олдик. Шунинг учун чорак финалда АЛ- Ҳалифа майдонида Иордания термасини қабул қиладиган бўлдик. Қатар гуруҳимизда иккинчи ўринни олгани учун АЛ-Гарафада Япония “меҳмони” бўлади. Ўтган даврда маза қилиб ҳар куни иккитадан ўйин кўрдик. Чорак финал жанглари олдидан мен Алексей билан бирга икки кун дам оламан, матбуот анжуманлари бўлмай туради. Ёмғир шивалаб ўтганига баъзи араблар тиззадан пастга тушиб турадиган оқ ёпинчиқ кўйлаклари устидан узун камзил кийиб олишган. 18 даража улар учун совуқ экан. Журналистлар учун ташкил қилинган автобусда экскурсия билан бутун шаҳарни кезиб чиқдик. Юртдош журналистлар ҳар куни бутун шаҳар бўйлаб кезиб юришар эди. Мен бир ой Алексей ортидан изма-из юрдим. Жуда баҳтиёр эдим. Шуҳрат, Боҳодирлардан ажралиб кетдик. Ахатхон, Беҳзод, Камолиддинлар билан шу ерда танишдим. Улар биздек ишқибозлардан икки кун олдин келишиб бошқа меҳмонхонага жойлашишган эди. Улар билан анжуманларда, ўйин пайти стадион буржларида кўришиб қолар эдик, холос. Салом-алик қилиб тағин тарқалиб кетар эдик. Ҳамма журналистлар термамиз машғулотларини, меҳмонхонадаги ётоқларини, шаҳарнинг ҳамма савдо масканларини “изғиб” чиқишар эди. Ҳаммасига улгуришар эди. Асал арига ўхшаб (балким, хира пашшага ўхшаб) қаёқдандир учиб келиб, бир пас қўниб, тағин қайгадир учиб кетишар эди. Фақат биз эмас.

БИР ҲОВУЧ ЖУРНАЛИСТ.

Иордания билан бўлган ўйиндан олдин биз биринчи марта термамизнинг ўйин олди машғулотларини кўриб келдик. Мана шунда мен бир нарсани тушуниб олдим. Нима учун бизнинг асосий вақтимиз Пресс Сенте золида ўтарди? Нима учун машғулотларни кўришга, термамиз яшаяпган меҳмонхонага бориш учун вақт топа олмас эдик. Нима учун вақт топишга интилмас эдик. Бу саволларга жўнгина изоҳ топиб, сабабини йўқчилик деб билар эдим. Чет элда пул бошқа ўлчамда, пириллаб сарф бўлиб кетар экан. Масалан Стамбулда қўшимча бир пиёла чой сўраганимда мендан 17 доллар пул сўрашган эди. Авиа чипта нарҳига кирувчи бир пиёла чойга тўймаган эдим-да. Дохада таксидан бошқа ҳеч қандай шаҳар траспорти бўлмас экан. Такси эса биздан Ҳалифа стадионигача 21 доллар пул олар экан. Бировнинг киссасидаги пулни санаш бекор қолган аҳмоқнинг иши дейилади. Тошкентда шундай ҳисобланади. Мусофирчиликда эмас. Чет элда ҳаражат миқдорини бир биримиздан сўраб суриштиришимиз одатий ҳол бўлган эди. Ҳаражатларимизнинг асосий қисмини ЎФФ ўз зиммасига олган эди. Парвоз ва турар жой, эрталабки нонушта ва термамиз ўйинига бориб келиш ҳаражатларини қўшиб ҳисоблаганда катта миқдордаги пулни федерация тўлаган эди. 100га яқин ишқибозлар ЎФФ ҳисобидан бориб келишди. Уларнинг орасида ҳар бир вилоятнинг футбол вице-президентлари ҳам бор эди. Федерациямиз улар учун учта ўйин ҳаражатларини кўтарган эди. Сафимизга қўшилган ўнтача тадбиркор ишқибозлар ҳамма ҳаражатларни ўзлари кўтаришган эди. “Интер Футбол” Аҳадхон ҳамда Камолиддинларни, “Пахтакор” Беҳзодларни, “Бунёдкор” Боҳодирларни ўз ҳисобидан Дохага юборган эди. Радио телевидениядан ҳеч ким йўқ эди. “Чемпион”дан мен, Шуҳрат ва Алексей бор эдик. Пресс Сентеда Ўзбекистондан борган вакиллар мана шулар эди.

МЕКСЕР ЗОНА ЖУМБОҒИ.

Илгари ёзганимдек, мени Дохага шаҳсан Мираброр Усмонов юборган бўлса, Шуҳрат Самарқанд вилоятидан вакил бўлиб борган эди. Биласизми, Алексей, ўзи юролмайдиган Алексей ўз ҳисобидан борган экан. Бу кичкина пул эмас. Бунёдкор Алексей ҳаражатларининг ярмини кўтарган экан. Барака топишсин. Алексей каби ногиронлар Тошкент кўчаларида тиламчилик қилиб туришганини кўрганман. У эса, Қувасойда бувиси билан бирга яшаб, “Нефтчи” ўйинларини шарҳлаб, қандай қилиб шунча пулни тўплаган экан, билмадим. “Чемпион” унинг ҳар бир ёзганига 15 минг сўм қалам ҳақи тўлашини эшитганман. Бундан ташқари Бунёдкор сайтини, Киевдаги, Таллиндаги футбол сайтларини рус тилидаги ҳабарлар билан тўлдирар эди. Тағин Европадаги қандайдир сайтларни инглиз тилида Ўзбекистон футбол янгиликлари билан тўлдириб борар экан. Футболни суйгани учун, ҳамда пул топиш учун тиним билмай ўзига ёққан иш билан овора бўлар экан. Дохада ҳам шундай ҳаёт кечирди. Ундай бўлса, нима учун ўйиндан сўнг текин бўлган мексер зонага бормас эдик, деб ажабланар эдим. Вақтни қизғанади деб хулоса чиқариб ўзимни доно санаб юрдим. Йўқчилик ҳақидаги ҳулосаларим тўғри бўлса-да, масаланинг муҳум сабаби бошқа ёқда экан. Чорак финал ўйинидан олдин терма жамоамиз машғулотига борганимизда масаланинг асл сабабини билиб олдим.

Машғулот майдони стадион ҳудудида бўлса-да, биздан бир чақирим узоқликда эди. Ҳудуд ичида такси юрмас экан. Алексейнинг қўллари, елкалари бақват бўлганидан ҳассаларга таяниб яхши юрар эди. Чаққон судралар эди. Бу ҳам майлига, юришдан тўхтаса борми, ҳеч нарсага ярамай қолар экан. Иккала қўллари билан билак ҳассаларига таяниб, гавдани кўтариб турар экан. Шунинг учун тикка турган ҳолда қўллари билан ҳеч нарса қила олмас экан. Алексей ҳаракатдан тўхтагач, оёқларига таяна олмагач, қўлтиғи билан ҳассаларига осилиб туролмагач, билакларига кўп вақт таяна олмай қаергадир ўтириши керак бўлар экан. Каллаварам, нега бу аҳволга илгари фаҳмим етмаган экан, билмадим. Алексей ҳеч нарса ёзмади. Курсилар жуда пастлигидан ўтириб туриши қийин эди. Чет эл журналистлари операторларни ишга солиб, Шуҳрат Мақсудовдан ҳос суҳбат олар эди. Ҳамкасб ватондошларимизни шу ерда кўриб, дийдорлашиб олдик. Майдонда машғулот авж паллада эди. Абрамов майдон ўртасида футболчилар билан бирга эди. Алексей чарчаб қолмасин деб, уйга қайтишни таклиф қилдим. Ортга, Пресс Сентега қайта бошладик. У ерлан махсус автобуслар шаҳарга қатнаб туради. Орқадан бир мошина келиб ёнимизда тўхтади. Ким экан?... Ўша куни бизни меҳмонхонамизгача Рустам Акрамов ЎФФга ажратилган енгил мошинада элтиб қўйди. Эртага Иордания термаси билан чорак финалда ўйнаймиз. Ҳуфтонда хонамизга кириб келдик.

                                                      8. КОМИЛ ИНСОН ТАЪРИФИ.

УНИНГ ЖОЗИБАДОР ЖАМОЛИ БОР.

Ҳаётда ҳар бир киши фаровон ҳаёт кечиришга интилади. Шундайми? Бундан ташқари ҳар биримиз комил инсон бўлишга интиламиз. Буни биз тан олмасак-да, бу ҳол айни ҳақиқатдир. Кўзга яққол кўриниб турган бир аксиомани, яъни ҳар бир кимсанинг бой бўлишга интилишини ҳамма билади. Бу оддий нарса оддий тарзда намоён бўлади. Бойликнинг ўлчами ҳамма ерда ҳар хилдир. Бойлик ҳам бошқа интилишларимиз каби чегара билмайди. Саноғи йўқ. Адоғи йўқ. Даромади ойига 1млн сўм бўлса, “Оқ тепа” футболчиси ўзини бой- бадавлат санаши мумкин. Даромади ойига 3млн доллар бўлган Олмония футбол амалдори ўзини йўқсил санаб, янада кўпроқ бойиш учун жиноят йўлига кириши мумкин. Моддий бойликни кўз билан кўра оламиз. Баъзида фақат ўшанинг жамолига тикилиб яшаймиз. Руҳий, маънавий, ақлий бойликни на кўз билан кўра оламиз, на қўл билан ушлай оламиз. Бундай бойликнинг турқига тупурамиз. Шундай бўлса-да, боймизми ё камбағалмизми, ҳар бир кимса одил, оқил, ҳақиқатпарвар, оилапарвар, мард, касбикомил, ишида маҳорати баланд устазод, ҳар бир соҳада чиройли, аввало ҳулқи чиройли одамни ҳурмат қилади. Ўзи ҳам шундай фазилатга интилади. Мутлоқ комил инсон бўлишга ҳеч ким эриша олмаса-да, ҳаётимиз мазмуни олий даражага интилиш бўлиб қола беради. Кўзи тўйиб, кўнгли тўйиб “Мен бойиб бойликка эришдим, соғлиғим ҳам яхши” деган одам ўзини бахтиёр санаса, “мен ҳалигача комил инсон бўла олмадим” деган одам ҳам ўзини бахтиёр санаши мумкин.

Интилишнинг ўзи одамни бахтиёр қилади. ”Барселона”нинг собиқ президенти Россель, ёки “Бавария” амалдорининг йиққан неча ўн млн доллар миқдорини “Нефтчи”нинг собиқ раҳбари Мирзабоев ҳис қила олармикан? “Нефтчи”нинг ривожи учун ажратилган, Фарход айтиб ўтган ўша пулларни, ҳомийлар ишлаб чиқаришини ривожлантиришга сарфлайдиган молиядан, юрт ободлиги учун сарфлайдиган молиядан ажратиб олиб, “Нефтчи” буджетига юборишини билмас эди, шекилли. Билса-да, ўша пул ҳирмонининг бир четини ўпириб ҳаром-ҳалолни фарқламай ўзлаштирган (киссалаштирган) “Нефтчи”нинг амалдори бу рақамни ўз ақлига сиғдира олармикан? 10000000 евро қайда-ю, ўзлаштирган, ўзиникилаштирган 300млн сўми қайда. Ёки кўнгли қашшоқ одамнинг катта-кичиги бўлмайдими? Ҳаммаси бирдай пасткашми, фойдакашми?

БОЙЛИККА ҚУЛЛУҚ ҚИЛИШМИ, ЁКИ ҚУЛЛИК.

Ёки истеъдодли Галиулин маҳоратини ўстириш ўрнига 1млн сўм кўпроқ пул топиш дардида Россиянинг қайси бир дивизионида заҳирада ўтириб вақтни, умрни бой беришни маъқул кўрган истеъдодли футболчимиз Хёнесснинг пулларини ақлига сиғдира олармикан? Улар қанчалар бой бўлишмасин, қандайдир жиноий йўл билан бўлса-да солиқ тўлашдан қочаман деб юришибди. Пулни устун қўйиб Футболимизга илакишиб юрган Клишинларимиз, сизлар нима деб юрибсизлар? 100млн евро топаман деб, пулга қуллик қилибми, ё 1млн сўмни қўлга киритайин деб, ҳар мавсум жамоадан жаммоага хезланиб, пулга қуллуқ қилиб юрибсизми?

Ҳаммаммиз суйиб юрган актёр Жерард Депардье солиқ тўлашдан қонуний йўл билан қочаман деб ватанидан воз кечиб, Россия гражданлигини олди-я. Ўз Ватанида юрт ободлигини, халқнинг ижтимоий ҳимоясини баланд даражада ушлаб туриш бошқа бойларнинг солиқлари эвазига бўлсин экан-да. Биласиз, Европа давлатларида бойларнинг солиғи анча баланд қилиб белгиланган. Чекка ўлкалари ҳароб, аксарият халқи қашшоқ бўлган давлатнинг; бир тўда куртизанкаларни олиб, фоҳишаларни деб қўя қолайлик, ўзининг шаҳсий самолётида Швецария тоғларига обориб маишат қилувчи Дерипаскаси каби ҳамма бойларнинг ватани бўлган давлатнинг, бойлари озгина солиқ тўлайдиган бойпарвар давлатнинг; 21- асримизда ҳам ўз ҳудудини Чингизхондай бошқа давлатлар ҳисобидан кенгайтирмоқчи бўляпган давлатнинг; чексиз ҳудудида ишлаб чиқариши ва оддий одами рекет остида эзилиб қолган давлатнинг граждани бўлди қолди-я. Бир сўм пул деб, ватанидан воз кечди-я. Бойлик ўлсин, бойлик.

ҚИТМИР ПЕЛЕ ЎЗ БИЛГАНИЧА...

Бутун бойлигини Африка йўқсилларига ёрдам берувчи ҳайрия жамғармасини тузишга сарф қилган белгиялик машҳур Актриса Одри Хепберн ҳақида “бойлик ўлсин, бойлик” дея олмаймиз. Гарчи, “Рим каникуллари”дан кейин қатор роллари учун фантастик миқдорда гонорар олиб ишлаган бўлса-да. Йиғган бойлигини кам санаб, Қатарнинг қатор яшил майдонларида на ўзи учун, на футбол ривожи учун, на футболдаги ўз ўрни учун бирор наф бермайдиган ўйинларда қатнашиб юрган Раулга нима дейсиз? Эҳ, бойлик ўлсин, бойлик. Фигу, Зиданлар футбол билан бундай йўлдан юриб ҳайрлашмаган эдилар. Имон, эътиқодли Ривальдо сўнги йиллари катта пул тўлай оладиган Қатар клубларида ўйнайин деб эмас, Ўзбекистоннинг, кейин Африканинг футболини ривожлантирайин деб юрганига нима дейсиз? “Бунёдкор”да хатто аутни ўзи отиб ўткир ҳужумни бошлаб ўйинчиларимизга сабоқ беришлари эсингиздами? У ҳақда бойлик ўлсин бойлик, дея олмайман. Буюк футболчилик фаолиятини ниҳоялаб, на ўзи учун, на футбол учун бирон нарса қилмай юрган, “Энди мендек даҳо футболчи туғилмайди, чунки онам дунёдан ўтиб кетган” деб мақтаниб юрган, шу каби қитмир гаплари билан ўзини доим эслатиб турувчи футбол қироли Пеле ҳақида нима дейсиз? Бойлик ўлсин-а, бойлик. Умрини Европа футболига бағишлаб келаётган, жонкуяр Платини ҳаёлингизга келмайдими шу пайт?

Бу гапларим билан нима демоқчиман? Бой бўлиш бошқа нарса, комил инсон бўлиш бошқа нарса, буюк нарса демоқчиман. Келтирган мисолларимдан қатъий назар Депардьеларни ҳеч нарсада айбламайман. Ҳамма ўз билганича комилликка интилади. Тўғри, қайси бир қолоқ давлат фуқаросининг тирик қолиш ёки овқат топиш, ёки иш топиш ташвиши билан ночор кунлари хор-зорликда ўтса, у бечоранинг комил ҳаёт ҳақида ўйлашга жон-ҳоли қолармикан. Шундай бўлса-да моддий жиҳатдан тараққий этган давлатнинг ҳам, тараққий этолмаган давлатнинг ҳам фуқароси комилликка бирдай интилади. Ўз билганича интилади.

Дарҳақиқат, комилликка интилишнинг ўзи бир бахтдир. Гарчи, бунга ҳеч ким эриша олмаса-да. Ўсиш жараёнинг ўзи бир мўжиза нарса, ўзи бахт. Инсон ўз касбий маҳоратида, оилавий ҳаётида, жамиятдаги фаолиятида ушбу жараёнга ошно бўлади. Кун сайин камолотга интилади. Бир натижага эришади-ю, эртасигаёқ ўзидан мамнунлиги йўқолиб, яна изланишни бошлайди. Боя айтиб ўтганим фаррошнинг касб маҳоратида доимо юқори даражага интилиш жараёни бўлмайди. Ўқитувчининг маҳорати маълум даражага етиб келгач, маҳоратда ўсиш бўлмайди. Чунки ушбу касб минг йиллардан бери аниқ қилиб белгиланган шакл-шамоилга, сифоятга эга бўлган касбдир. Сартарош ҳам интилиб бир чўққига эришгач, Тошкентдаги сартарошларнинг ўнтадан биттаси бўлгач, олдинга интилишдан тўхтайди. Кўпгина касбларда эришилган юқори маҳорат даражаси бир умрга етади. Фақат футболда эмас.

                                                                   9. ЧИЛАНГАР МАЙДОНИ.

ПЛАСТМАССА НИМА ДЕЙДИ?

Барибир ҳар бир инсон эришган нарсага қониқмай доим янгиликка интилади. Инсон руҳиятига ҳос нарса бу. Касбикоридан, жамиятдаги мавқеидан қатъий назар, ҳар бир киши изланишга ташна бўлади. Ўз касбимда доим ўссам, ўргансам дейди. Ушбу жараёндан ўхшаши йўқ завқ топади. Ўз ҳаётимдан оддий бир мисол келтираман, мисолки, уни ҳеч ким эътибор бермайдиган кундалик воқеадан олдим.

Пластмасса маиший ҳаётда, саноатда, қурилишда метални-ю ёғочни, сополни-ю шишани сиқиб чиқармоқда. Бу маҳсулот турли туман талабларга жавоб бериши мумкин. Пишиқликда пўлатга тенг бўлиши, керак бўлса, иссиққа бардоши баланд бўлиши мумкин. Истасангиз резинадан эгилувчанроқ бўлади. Темирдай қаттиқ, пахтадай юмшоқ бўла олади. Муҳуми ҳар доим эстетик кўринишда тенгсиз бўлмоқда. Ожизгина елкасида шунча юк кўтара олади. Шу маҳсулотни ишлаб чиқарувчи митти фирмалар эса, таклиф бозорида эгилувчан бўлгани учун, ўзгариб турувчи талабларга мослашувчан бўлгани учун гигант заводларни рақобат майдонидан сиқиб чиқаришмоқда. Мана шундай фирмалардан бири ҳақида озгина маълумотга эгаман. Унинг қурилишига доир ҳизматини бажариб келмоқдаман.

СИНОВДАН ЎТКАЗИШ.

Фирма “Элит Торо Пласт”деб номланади, шекилли. Олдинги сафар борганимда Хитойдан янги станок келган экан. Унинг атрофида бир тўп одам йиғилган эди. Янги станокни ишга тушириш пайида эдилар. Бош муҳандис Александр Георгиевич, 50-йиллардан бери шу соҳада ишлаб келади. Йиғувчи Марат, созловчи Сергей каби чилангарлар, электрчи Андрей, электрончилар шу ерда эдилар. Замоннинг муҳум одами бўлиб қолган компюторчи программистлар, отларини билмайман, ҳам шу ерда санаб ўтганларим билан биргаликда, бир бутун аҳил жамоа ҳосил қилишган эди. Футбол жамоаси бундай аҳил, ҳамжиҳат бўла олмайди. Икки кун изландилар. Ҳар бири ўзининг ақл-идрокини, тажрибасини бир мисқолини ҳам ўзида қолдирмай, ўртага ташлаган эди, “ўйинга”-бир мақсадга бағишлаган эди. Станокнинг иситиш тизими, совутиш тизими, пневматика, гидравлика тизимлари улар учун янгилик бўлмаса-да, ҳар бир мутаҳассис ўз тизимининг устаси бўлса-да, жуда кўп изланишга тўғри келди. Улар станокни синовдан ўтказишар эди. Аслида станок уларнинг бор маҳоратини, билимини синовдан ўтказар эди. Улар мана шу ўз майдонида-цехида “ўйиндан” завқ олар эдилар. Уларнинг ҳаётида ҳар куни бундай ижодий изланиш, янгиликка интилиш, маҳоратни ўстириш, тажрибани ошириш имконияти бўла бермайди. Йилда бир бўлади. Чунки замонамизнинг энг олди, замонамизда саноатнинг сўнги гапи бўлган станок Хитойнинг шимолий шарқий саноат марказидан келтирилган эди. Унинг нархи цех иморатидан қиммат эди. Гап нархда эмас. Хитой шароитида туғилган станокни бошқа бир юрт шароитида ишлаб кетиши, яшаб кетиши осон иш эмас. Электростатика бошқа, сув бошқа, сувнинг оқувчанлиги бошқа. Қаттиқлиги бошқа. Хуллас, станокни ишга тушириш пайида халқаро ўйинда майдонга тушган футболчилардек кўтаринки руҳда “ўйнашар” эди.

БИР НУСҲАЛИК “СТАНОК”.

Мавзудан чекланиб ҳаётий бир лавҳани чизиб бердим. Шу пайт станокнинг елкасини қандайдир бир бошқача меҳр билан ушлаб турган Маратнинг мойли қўллари кўз олдимга келмоқда. Станокдан келяпган ҳар бир ним товушни синчиклаб эшитиб турар эди. Айтиб берганларим уларнинг касбида йилда бир марта бўладиган ноёб ҳодиса, ноёб кун эди. Қолган ҳамма кунлар бир бирини такрорлавчи оддий кунлар бўлади. Футбол мураббийи деган касбда изланиш азоби, янгиланиш роҳати ҳар куни бўлиши керак. Бир мавсумдаёқ мураббийнинг эришган маҳорати эскиради. Кечаги натижа билан бугун фаҳрланиш, роҳатланиш футболга зид нарса. Саркисян неча йиллардан бери эришган ютуқларини миниб юрмаганида эди, “Нефтчи”нинг бугунги янгиланиш жараёни бундай оғир кечмасмиди, дейман. Футболдан бошқа спорт турларида маҳорат чўққисига чиқиш йўллари турлича бўлгани билан, чўққи ўша-ўшадир. Цех манзарасида кўринган воқеа нотипик ҳолат эди. Ҳамманинг меҳнатида ҳар куни изланиш, интилиш бўла бермайди. Бир кимса бир умр ўзининг баланд маҳоратини эгарлаб миниши мумкин, ўрнини ҳеч кимга бермай эгаллаб ўтириши мумкин. Айтиб ўтганимдек, уларнинг ҳам ҳаётида йилда бир, ё ўн йилда бир марта байрам бўлиб, жаҳон “футболига” тенг “ўйинларда” қатнашиши мумкин. Футболда ҳамма ҳар куни янгилик излаши керак. Ҳар ўйинда янги ҳолатга, янги “бир нусҳалик янги станокка” дуч келади. Янги ўйин муаммоларини, янгича ўйин билан енгиши керак бўлади. Футболда фақат дарвоза қотиб туради. Даҳо бўлса-да, футболчининг қотиб қолиши ўйиннинг ўлиши деганидир.

 

                                                      10. ЎЗБЕКЧАСИГА ЧЕМПИОН БЎЛИШ.

ҲАММАНИНГ ЎЗИ ТЎҚ.

Бизда бундай эмас. Бизда таниқли ўйинчилар ҳам йиллаб бир хил ўйин кўрсатиб юришади. Баъзилари Дилшод Нуралиевдан олган ўйин тушунчаси билан футболдан ўтиб кетишади. Мураббийлар, футбол амалдорлари, функционерлар, ҳомийлар, футболчилар битта мақсад учун курашадилар. Чемпионатимизда тегишли, олдиндан белгилаб қўйилган ўринни эгаллаш мақсадида ҳамма юрибди. Бири совриндор бўлишни, бошқа бири кучли бешликка киришни, ё “кучли ўнликка” қандай қилиб бўлса-да, киришни мақсад қилишган. Биринчи бўлмоқчи бўлганлар ҳар чизиқда биринчи футболчиларни таркибга йиғиб мақсадга эришмоқда. Масалан, Акмал Холматов ўйинини янги поғонага кўтариб эмас, ўрнига бугунги кунда биринчи бўлган Жасур Ҳасановни олиб келиб натижага эришамиз. У ҳам ўйинда изланмасдан, янги ўйинга интилмасдан бу йил чемпион бўлмоқчи. Бўлади ҳам. Ўзбекчасига чемпион бўлиш шунақа. Кузда, албатта, ҳар бир жамоа бирон бир ўринни эгаллайди. Бири учинчи, бошқа бири еттинчи бўлади. Олам гулистон бўлади. Ҳамма ҳурсанд. “Андижон” биринчи футболчиларни таркибга йиға олмагани учун паст ўйин кўрсатмоқда, деймиз. Ўзбекча таъриф. Бир йиллик меҳнатнинг, интилишнинг, сармоянинг натижаси маълум бир ўрин билан баҳоланади, оқланади. Ҳамманинг кўнгли тўқ, ўзи тўқ. Масалан, Мирсодиқов ҳам, Гэсс ҳам, Абрамов ҳам ўйин савиясини янги поғонага кўтармасдан тегишли ўринни олиб беришади. Ўзбек футбол савиясини ўстириш ҳеч кимнинг мақсадига кирмайди. Биз Раҳбариятни мақтаймиз. Раҳбарият эса, футбол савиямизни мақтаб, ютуқларимизни санашдан чарчамайди. Ютуқларни қидирсак, албатта топилади. Лекин бу ҳолат олдинга эмас, ортга қараш эмасми? Эквадорнинг ўйинини кўринг. Ҳавасингиз келмайдими? Уларнинг ҳукумати ўз футбол ривожига биздан кўра кўп пул сарф қилаётгани йўқ. Ишқибознинг ҳўрлиги келмайдими?

“ДУХОВНОСТЬ” НИМА ДЕГАНИ?

Масалан, Венгрия, Чехия футболига олдинги катта мавқеини қайтариш учун буюк футболчилар-у, мураббийлардан олдин янги муҳит яратувчилари керак. Бизда ҳам шундай. Бизнинг Толибжоновларимиз янги муҳит яративчилар эмас, ҳар қандай муҳитда ҳам жон сақловчилардир. Улар билан танишишни истамайман. Алексей Глазуновдек футболга фидойи одамлар билан суҳбат қургим келади. Алексей билан яна дийдор кўришиб, ўзбекчалаб бағримга босгим келади. У билан мени кичикроқ тўй, ОК-2011 ўйинлари боғлаб туради. Эртага очиладиган ЖЧ ўйинлари олдидан, футбол байрами олдидан аҳволимизга қараб олмоқдаман. Биз қаердамиз? Нега шундай?

Абрамов ҳам шу муҳитда ишлайди. Шу муҳитда, ўзбек футболининг хадди роҳида бир нимага интилади, шу чегарада ўйиннинг маълум даражада ўстиришга эришади. Шунга мажбур. Шу муҳит билан чекланишга мажбур. Шу муҳитни раҳбарият яратиб қўйган. Бу муҳитни ҳеч ким ўзгартира олмайди. Раҳбарият Муҳитни янгилаш йўлида ҳеч қандай изланиш қилмаяпти. Чемпионат тақвимини янгилаш дейсизми? Биринчи лига футболини ўзгартириш дейсизми, қиламан десанг иш кўп. “Ислоҳот” десангиз “жон сақловчиларнинг” лабига учуқ тошади. Мен Россия, ё Ҳинд, ё Олмон, ё Араб футболида эмас, ЎЗБЕК футбол муҳитида яшаб ижод қиляпган футбол Мураббийининг ҳаётини ўрганмоқдаманми, демак шуни эсдан чиқармаслигим керак.

Футбол бош мураббийдан серқирра маҳоратни талаб қилади. “Пластмасса” мисолида унинг битта қиррасига бир назар ташламоқчи бўлдим. Гапни давом эттирай. Бунинг иложиси бўлмаяпти... Эртага ҳаммамизга байрам бўлса-да, мен ўз кунимга тикилиб, футболимизнинг бугунги ташвиши билан яшамоқдаман. Эртадан бошлаб Футбол тўйидан жаранглаган базим товушлари бутун дунёга таралиб турса-да, мен ўзимни бировнинг тўйига эшикдан мўралаб қараб турган одамга ўхшатаман. Олдин ўзингга боқ, кейин ноғора қоқ дейишади. Чироқчидаги Оқтўнли қишлоғида қумғон остига тезак ёқиб чой ичсам-да, кечалари ТВ орқали футболни кўраман. Ёзи билан иш қидириб, юрт кезиб юрган фарзандларимиз, тунда сим қоқиб мендан “Насаф” ўйинини сўрашади. Тўкин шароитда яшаб, меъёрида ухлаб, меъёрида машғулотланиб юрган футболчи оқ билак фарзандларимиз эса, яшил майдонда қора иш қилишни хоҳлашмайди. Азизларим, аҳволим мана шундай. Эртанги байрамни ўйласам, ёки уч йил олдинги ОК-2011 чорак финалини эсласам ҳам кўнглим тубида ўз футболим, ишқибоз ватандошларим, ўз куним, ўз уним жимгина ётади. Шундай экан, мавзуни давом эттирай. Мураббийнинг чала тасвирига қайтайин... Мураббий жамоани, ўйинни яратади. У бир нима қилиб ўйинчиларнинг рухиятини бошқаради, деймиз. Мени бугун бошқа нарса -уларнинг руҳонияти қизиқтиради. Бу билан Мураббий қандай шуғулланмоқда? Рухият “психология” бўлса, “духовность” рухоният дейилади. Қийин, ноодатий изхор бўлса-да, бу сўзларнинг фарқига борайлик.

ИЧИМДАГИ ҲАКАМ.

Азизларим, мен журналистлар каби долзарб мавзуда тезкор мақола ёза олмайман. Мавсум бошида “Насаф”га қарши ўйиндан бир кун олдин Абрамов билан учрашув бўлиб ўтган эди. 15 дақиқалик учрашув. Ўшандан бери биргина учрашув тасвирини чизиб бера олмаётибман. 3 ой ўтди. Жаҳон чемпионати ҳам бошланай деб қолди. Кечаги ўтроқлик ўйинида Алексис Санчес Шимолий Ирландия жамоасини титиб ташлади. Чили термаси ЖЧга тайёр бўлибди. Мен эса ҳалигача бошлаган ишимни тугата олмаётибман. 36га чиқиб футболда “қария” бўлиб қолган ўйинчи ярим соат яхши ўйин кўрсата олганидек, мен кунига бир соатгина ёзув майдонига тушмоқдаман-у, ўз “ўйинимни” кўрсата олмаётибман. “Тўп” оёғимга тегмай қоляпти. Анча вақт соғлиқ муаммолари туфайли “майдонга” туша олмай юрган кунларим ҳам бўлди. Бунинг устига-устак ичимдаги ҳакам анчагина саҳифаларни ўчириб, ёзганларимни “ўйиндан ташқари ҳолатга” чиқариб туради. Узр сўрайман.

ВАҚТИ ЧОҒЛИК ЎЙИНИ.

Чили билан тўқнашган Шимолий Ирландия ўйинининг ўзига яраша руҳияти бор эди. Ундан ташқари, ҳар бир ўйинчининг, мураббийнинг руҳонияти ўйинга ўз таъсирини кўрсатиб туради. Бу сизларни қизиқтирмаса-да, бу омил кўзга кўринмас пойдевор сингари ўйин иморатини кўтариб туради. Ушбу ўртоқлик ўйинини Ўзбекистон билан Уммон орасида бўлиб ўтган ўртоқлик ўйинига солиштириб, руҳоният томонига бир назар ташлайман. Нима учун бизнинг бу ўйинларимиз араблардан ташқари ҳеч кимга ҳеч нарса бермайдиган тасқара ўйинга ўхшаб қолди? Бундай ўйин ўтказишдан кўзланган мақсад нима эди? Биринчи ўйинимизда қатор ёш ўйинчиларимизни майдонга пала-партиш тушириб, бўтқа ўйинда уларни қаёқдаги арабларнинг оёқлари остида кўришмиди? Ҳар бири юқори даражада созланган терма ўйинида майдонга тушиб, тажриба орттириб, ўз клубига ўзи учун қўшимча вазифа олиб кетса бўлмасмиди? 6 ойда бир марта йиғилиб, топгани шу ўйин “тажрибаси”бўлдими? Энди 3 ойдан кейин йиғилишади. Кейинги ўртоқлик ўйини августда бўлади. Ёшларни майдонда 10-15 дақиқа югургилатиш учун Уммон термасини чақириш шартмиди? Ёшларни ҳар ўн кунда бир марта бир жойга йиғиб, оқ иштон-қора иштон қилиб ўйнатиб, улар устидан тажриба ўтказиш мумкин эди-ку. Керак эди-ку. Бу икки ўйин бош мураббийлик борасида янги кишининг биринчи қадамлари бўлса экан, уқувсизлик деб баҳо берар эдим. Сабр қилайлик дер эдим. Қосимовнинг биринчи ишини эслайман. Япония билан меҳмонда 1:1 ўйнаб келган эди. Чили мураббийи учун кечаги ўйин ўртоқлик бўлса-да, ЖЧ олдидан муҳум синов бўлиб ҳизмат қилди, дейлик. Қосимов учун сўнги икита ўртоқлик учрашувидан мақсад кўнгил хушлик қилишмиди, ё вақти чоғликми? Ёки бир эрмак учун майдонга тушдикми?

                                                       11. ТЎҚЛИК МАЛОМАТЛАРИ.

“ПРАВАДНИЙ ҒАЙБИЛЛА” АСАРИ.

Шатскихни термадан кузатиб қўйиш маросими масҳара тўйга айланиб кетди. Қўшнимиз Ғайбилла иккала ўғлининг никоҳ тўйини бирданига ўтказиб, 2та келин куёвни ҳам, 2 томон қудаларни ҳам битта золнинг2 ёғига ўтказиб, тўйни келди-кетди подахонага айлантириб юборган эди. Шатских тантанали кузатув маросимини сўраган эди, тўғри. Карпенко билан Бақоев ўртоқлик ўйинида бўлса-да ёшларга майдонда тажриба улашиб, ҳали термага фойдам тегиб қолади, деб юришган экан. Майдоннинг Карпенко ўйнаган қисмида бизникилар доим мазмунлироқ ўйнашини сезиб қолганман. Улар ҳам Максимга ўхшаб, терма таркибида бошқа ўйнамайман, деб айтишгани рост бўлган тақдирда ҳам, тадбирни подахонага айлантириш керакмиди? Ҳали олдинда ўртоқлик ўйинларимиз кўп-ку. Ҳар бир ўйинчи билан алоҳида ҳайирлашув тадбирини ўтказсак бўлар эди-ку. Футбол ўйинида алоҳидалик талаби биринчи ўринда туради-ку. Футбол консерва конвеери эмас-ку.

Айтмоқчиман-ки, қаёқдаги Моуриньо руҳониятига баҳо берганим   билан, олдимдаги Қосимов руҳониятини баҳолай олмаётибман. Ўзбекистонда атоқли инсон саналган Қосимовнинг руҳонияти “правадний” Ғайбилланинг ақл-идроки билан тенгми? Ёки ўзини бошқа инсондан, футболдан, юртдан, тарихдан устун қўядими, дейман. Ахир бу учта футболчи юрт учун, юрт футболи учун озми- кўпми хизмат қилиб қўйишмаганми? Кечаги подахона кузатув маросими хоҳлаймизми йўқми, тарихда қолди. Ўз ватандошимни, миллатдошимни тушунгим келади. Бир пайтлар Унинг ўйинига мен ҳам маҳлиё бўлганман. Агамуродов уни заҳирага ўтқазиб қўйганида мен ҳам “МИР-ЖА-ЛОЛ, МИР-ЖА-ЛОЛ” деб ҳайқирганман. Терманинг бугунги ички ҳаётидан беҳабарман. “Сувоқчи” журналистларга, ички ҳаётни ишқибоздан яширувчи раҳбарларга “минг раҳмат”. Ҳамма калтакни Миржалол бошида синдирдим. Подахона Мираброр Усмонов ёки Асқар Толибжоновнинг “санъат асари” бўлиши мумкин-ку. Миржалол Қосимовни яқиндан билганлар У ҳақида бирон бир қисса ёзиб беришар. Ўшанда Уни яхши билиб оларман. У ҳам Депардье, ёки Платини каби ўз билганича комил инсон бўлишга интилмоқда. Ҳаммани Оллоҳ қўлласин.

КЎНГИЛ КЎЧАЛАРИ.                      

Мен Абрамов образини асталик билан қоғозда яратмоқдаман. Рембрант Инсон муҳитини қоронғида қолдириб, қаҳрамоннинг ўзини, юзини ёритар эди. Мен соц.реалистларга ўхшаб Абрамовнинг ўзигамас, унинг муҳитига кўп эътибор қаратмоқдаман, шекилли. Абрамов учун Миржалол Қосимов ҳам, Зафаржон Қосимов ҳам, Сиз ҳам, мен ҳам бир муҳит ҳисобланамиз. Ҳаммамиз замондошлармиз, ватандошлармиз. Унинг руҳонияти “Локомотив” ўйинчиларига, ўйинига таъсир қилиши шубҳасиз ҳақиқатдир. Мени хозир ўйинчининг руҳонияти қизиқтиради. Мураббийнинг бу муҳум факторга таъсири қандай бўлмоқда?

“Локомотив”да, умуман ўзбек футболида кучли зарбага эга ўйинчилар йўқ. Жаҳон футболида ҳам шу аҳвол. Рональду кучли зарбага эга. Роберто Карлоснинг, Андрианонинг кучли зарбалари бор эди. Андриано ҳақида ёзар бўлсам, гапим шуки, Моуриньо “Интер”га келгач, унинг ҳаётидаги охирги мураббий бўлиб бу ноёб истеъдод учун роса курашди. Лекин ҳеч нарса қила олмади. Футболчи ҳам, албатта, комил инсон бўлиши керак. Бўла олмаса, футболнинг жин кўчалари бўғма илонларга лиқ тўла эмасми, даҳо футболчи бўлса-да, истеъдодиниям, ўзиниям бўғиб ташлашади. Биридан қочсанг, иккинчисига тутиласан. Бу илонларни танисизми? Энг аввало бу катта пул, кейин довруғ, шуҳрат кейин кайфу-сафо, кейин ....илонларнинг саноғи йўқ. Бирининг киссаси 9млн сўм кўрса, ўзини осмондан топасиз. Бирининг касса ҳисобида 90 млн доллар пули бўлса-да, у кишини оддий либосда, давранинг пойида кўрасиз. Кўчага чиқса, фақат эзгу ишларни қидиради, маишатни эмас. Катта пулдан бирининг кўнгил кўчаси торайиб, қисқариб кетганидан, бу қалб кўчасида ўзидан бошқа ҳеч кимни тополмайсиз. Бошқанинг бағрига олам сиғиб кетади. Юртимизда аҳолининг аксарияти бир меъёр чизиғида бири кўпроқ, бири камроқ даромад топиб яшайди. Футболчиларнинг аксарият қисмининг ойлиги омма даромадидан ўнлаб даража баланд. Бу пул миқдори улар учун синов бўлмоқда. Боя айтганим, пластмасса цехидаги юқори малакали созловчи нари борса, 1.5млн сўм ойлик олади. Агар унинг ойлиги “Локомотив” ўйинчисининг 4минг доллар пулига тенг бўлса борми, ўзи ишламас эди. Бошқаларни ишлатардими, қўлига мой теккизмасмиди, дейман. Тасаввур қилдингизми? Ҳаммани Йўлчи санаб, ўзини Мирзакаримбойдек тутмасмиди. Шоҳона ҳаёт, шоҳона кийим, шоҳона маишат ичида кўмилмасмиди.

РУБОБ   САДОЛАРИ.

Футболчиларчи? Улар ўзларини тутиб олиб, тиним билмай меҳнат қилиши мумкин. Майдонда меҳнат билан иш битмайди. Ундан ташқари пулнинг бошқа жиҳати ҳам бор. Биласиз, Ҳофиз тўқ қоринга ашула айтолмайди. Торнинг қорни бўм-бўш бўлганидан ичидан гўзал куйлар таралади. Футболчининг ўз турмушидан мамнунлик ҳолати, тўқлиги “қўшиғини” бўғиб қўяди. Бутун имкониятини, тезлигини, ақл-идрокини, бор кучини бир нуқтага жамлаб ўйнай олмайди. Қувватини энг юқори нуқтага кўтара олмайди. Шу гапларни ёзмоқдаман-у, “Арсенал” таркибида ўзининг сўнги ўйинларида майдонга тушиб юрган Аршавин кўз олдимга келади. Бу йилги “Бунёдкор”даги Пишурга нима дейсиз? Ўхшаш ҳолат. Пишурнинг шартномаси узайтирилмаган экан, жангариликни кўрмаймиз. “Навбаҳор” ўйинларида шижоат, ҳамжиҳатлик баланд нуқтага кўтарилган. Маҳорат орқада қолмоқда. “Локомотив” шундай шижоат кўрсата олмаётибди. Абрамов жамоалари шиддатга эмас, ақлга, маҳоратга таяниб ғалаба қозонишни маъқул кўришади. Тактик, теник маҳоратда ундан устун жамоа бизда топилмас, шу савияси билан чемпион бўлар. Осиё даражасида нима қилади? Фузайлов ҳолатига тушиб қолмайдими? Шижоатсиз ўйинда ўсиш бўлмайди-ку. Кимгадур иккита гол уриб олса, ўйинда тўйиниш аломати кўриниб қолмоқда.

Азизларим, ишқибозга ёқиш учун бадиҳам мавзуси четда қолиб, бугунги кун футболига шўнғиб кетганим йўқ. Мен ҳам бугунги кун дарди билан нафас оламан. Футболдаям, ўз касбимдаям беғам бўла олмайман. Қурувчи бўлганимдан менинг иш жойим, кабинетим бир қарич ер бети, ёки очиқ табият ҳисобланади. Қиш кунларидаям, у кунги сел қуйгандаям, жазирама куйдиргандаям ишдаман. Доим телефонлашиб, у қандай ўйнади, бу қандай ютди, деб юраман. Кимгадур ҳамдард бўламан-у, ўзимга дардкаш етишмайди.

Мен ҳам Сизлар каби бугунги футбол билан, бўлажак Ж.Ч.ўйинлари билан нафас олсам-да, Доха кўз олдимдан кетмайди. ОК-2011даги чорак финал ўйинимизни батафсил таҳлил қилмоқчи бўламан. Ниятим Абрамовни кўкларга кўтариб мадҳ этиш эмас, ҳеч қачон ҳеч кимга маддоҳлик қилмаганман, ниятим Мураббийнинг бугунги маҳоратини босиб ўтган йўлига, кечаги кунига солиштиришдир. Бундан ташқари ўша чорак финал ўйинидан сўнг, қувончим ичимга сиғмай, тошқиндай тошиб кетганидан ўйламай туриб, ножўя иш қилиб, Алексейни ранжитиб кўйган эдим. Шу туфайли ўшандан бери Алексей олдида ўзимни айбдор ҳис қилиб юрар эдим. Шунга ўхшаш ҳотираларим, шаҳсий кечинмаларим ичимдаги ўз жойини Жаҳон Чемпионатига бўшатиб берган бир паллада ушбу сўзларни ёзмоқдаман.  

Давоми бор.

12 июнь 2014 йил.

Ҳурмат билан, Ҳасанали отангиз.

Киритилган сана: 12.06.2014 18:38. Ўкилди: 11530 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

Билдирилган фикрлар:


ASHURIY
Сана: 20.06.2014 10:15. ASHURIYга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.