Кириш Регистрация
21/12 00:45 Верона 0-1 Милан
21/12 01:00 Жирона 3-0 Вальядолид
21/12 17:30 Астон Вилла 2-1 Манчестер Сити
21/12 18:00 Хетафе 0-1 Мальорка
21/12 19:00 Торино 0-2 Болонья
21/12 20:00 Брентфорд 0-2 Ноттингем Форест
21/12 20:00 Ипсвич 0-4 Ньюкасл
21/12 20:00 Вест Хэм 1-1 Брайтон
21/12 20:15 Сельта - Реал Сосьедад
21/12 22:00 Женоа - Наполи
21/12 22:30 Кристал Пэлас - Арсенал
21/12 22:30 Осасуна - Атлетик Бильбао
22/12 00:45 Лечче - Лацио
22/12 01:00 Барселона - Атлетико
22/12 16:30 Рома - Парма
22/12 18:00 Валенсия - Алавес
22/12 19:00 Фулхэм - Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер - Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед - Борнмут
22/12 19:00 Эвертон - Челси
22/12 19:00 Венеция - Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид - Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм - Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта - Эмполи
22/12 22:30 Леганес - Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас - Эспаньол

Блог

Ҳасанали ота

Ўзингни англа

Эски тоғора, эски гап

Баҳо:
+0; -0

Кеча Қозирабодга бориб “Металлург”нинг “Бунёдкор”га қарши ўйинини кўрдим. Бугун ТТЗга бориб “Насаф”нинг “Локомотив”га қарши туришини, жанг қилишини кўриб қайтдим. Жуда қизиқарли ўйинлар бўлди. “Металлург”га очко керак эмас. Бундай пайтларда олдинлари улар ўйинни сотиб ўзларининг молиявий ҳолатларини тузатиб олишар эди. Бу йил ундай эмас. Инсон йўқотган номини тиклаб олиши доим қийин бўлади. Бўрининг есаям оғзи қон, емасаям, деганларидек кеча “Металлург” ўйин бўйича, ютқазган бўлса-да, ўйинни топширган деб хаёл қилувчилар топилади. Бу аниқ. “Нефтчи” олдинги турда Қўқонга бориб ўйинни топшириб келди-ку. Ҳаммамиз шундай тахминга бормоқдамиз. Бу гапимни ҳеч ким инкор этмайди. Ҳеч ким буни эътироф ҳам қилмайди, гапимга ҳеч ким эътироз ҳам билдирмайди, пинагини ҳам бузмайди. Мутасаддиларимиз шаънига қанчалар танқид сўзларини ёғдирмайлик, ит ҳуради — карвон ўта беради деганларидек, улар хотиржам бўла берадилар. Барча камчиликларни кўрсатиб, сўз билан дўппосласак-да бетаъсир тура берадилар. Бошқаларгаям менинг бундай ёзишларим на ёқади, на ёқмайди. Футболимизга ҳамма бефарқ бўлгани учун, ёзишларимга ҳам бефарқдурлар. Чемпионатимиз маррасига ҳеч ким эътибор ҳам бермаяпти. Ишқибозлар майдонга келмаяптилар ҳам.

ТЎРТ ТОМОНИМИЗ ҚИБЛА.
ТТЗда ярим финал ўйини бўлиб ўтди. Унда “Бунёдкор” “Локомотив”га 0:1 ҳисобида ютқазиб қўйди. Уйга қайтиб келиб, кечки пайт “Орият Доно”нинг футболга бағишланган доно, билимдон гапларини эшитдим. Жуда қизиқарли, мушоҳадали, мунузарали гаплар айтилди. 4та жамоанинг бугунги ҳолати таҳлил қилинди. 4та мураббийнинг имкониятларига баҳо берилди. Тортишиб ҳам кетишди. Янги гаплар, янгича сифатлар, янги иборалар ишлатилди. Журналист бўлмасам-да, уларнинг маҳоратига қойил қолдим. Ҳавас қилдим. Бобур Акмалов яхши эшиттириш қилмоқда. Умридан, касбидан барака топсин. Лекин барча гаплар АПЛ жамоалари ҳақида бўлиб, дунёнинг гранд мураббийлари бўлган Моуриньо, Гвардиола, Конте, Клоппга бағишланган эди. Аламзада савол тилга келади: Нима учун Ўзбекистон кубогининг ярим финал ўйинига бағишлаб бир оғиз ҳам, ярим жумла ҳам сўз айтилмади. Ахир бу икки жамоа футболимизниг бугунги юзи-ку. Ҳамма гаплар Англия клублари, ўйинлари ҳақида кетди. Тўғри, тунда эшитганимиз, эрталаб дискка ёзилган бўлади. Ярим финал ўйинимиз ҳали бошланмаган эди. Шундай бўлса ҳам эрталаб ярим финал ҳақида анонс гаплар ёзиб олиниши мумкин эди-ку. Нега айтилмади? Эшиттириш ўзбек футболига бағишланмаган эдими? Ярим финалимиз тарғиботи алоҳида бағишловни талаб қилар эканда? Нега ўз футболимиз назардан четда қолиб Еврофутболни тарғиб қиламиз? Нега? Жавоб тополмай ожизлигимдан юрак бағрим эзилмоқда.

МАЗМУН ВА МАЪНО
Олдинги мақоламда ўз футболимиз тарғиботи жуда ёмон аҳволда қолган деб куюниб, эзилиб ёзган эдим. Ёзганларимни тарафкашликка йўйдилар. Гап бундай. “Чемпион”чилар бошқа журналистлардан яққол ажралиб туриши билан ҳамманинг назарига тушишган. Бу газетада ҳар бир мақола ўз юзига, ўз ғоясига, ўз услубига эга бўлиб, бир-бирини такрорлаш уларда умуман учрамайди. Газета ўз мухлисининг дидини шакллантириб бормоқда. Бошқа газетлар “Чемпион”га эргашиш ўрнига унга ҳасад қилишади. Қоқилишини кутишади. Ўртамиёна ёзишади. Мақолаларида мазмун бору, маъно йўқ. Хабар бору журналистика йўқ. Улар ёзганларим мазмунига қараб баҳо беришди. Маъноси нима экан деб ҳеч ким ўзига савол бермади. Чемпионнинг ёрқин ранглари ёнида улар хира тортиб туришади. Ҳаётда ўртамиёналар, хиракашлар ўзлари ёрқин бўла олишмагани учун ўзгаларнинг порлаганини кўра олишмайди. Ҳамкасбларининг ютуғидан хурсанд бўлишмайди. Ёрқинларнинг нуқсонларини очиб кўрсатсангиз, нуқсон кимда бўлмайди дейсиз, хиракашлар қувониб юришади. “Аввал ўзинга боқ” деб мақола ёзганимдан кейин термамизнинг Хитойга қарши ўйини бўлиб ўтди. Ҳамма журналистлар келган эди. Қаторимиз тўлган эди. Менга эътибор бермайдиганлар ҳам кифтимга қоққандай бўлиб мени қутлаб кетишди. “Чемпион”чиларнинг айбини юзига солиб танқид қилганим учун мени яхши мақола ёздинг деб, табриклаб кетишди. Во ажабо! Ўн йиллардан бери ёзаётган бўлсам-да, биринчи марта қутловни кўрдим. Ноқулай бўларкан.

Азиз Нурий ҳам қутлади. Мақоламни фэйсбукка қўйиб юборган эмуш. Фэйсбуки нимаси, билмадим. Келинимга атаб мақолани ёзган эдим десам, у киноямни тушунмади. “Чемпион”чилар мақоламни совуқ қарши олишди. Мен билан кўришмаганлари ҳам бўлди. Нега? Нега ёзганимга эмас, тарафкашликка жавоб қайтаришди. Сайтларда мен очмоқчи бўлган иллат четда қолиб ҳамма оғзи бўшлар мен санаб ўтган шахслар устидан кулишгандир. Бехабарман. Мен сайтга киришни. билмайман. Шахсларни номма-ном айтмасдан ёзишим керак эмуш. Шахсиятга теккан эмушман. “Чемпион”чилар ёшимни ҳурмат қилиб индамай туришган эмишлар. Номлардан чўчисам мақола тузсиз, маъносиз бўлиб қолар эди-ку. Абдулҳафиздан фарқим бўлмай қолар эди. У киши муҳим мавзуларни ёритмоқчи бўлади-ю, чала гапириб қўяди. Номларни яширади. Чалалик ёмон. Пушкиннинг машҳур мисраларига бир сўз қўшолмайман.

Шахсларни тилга олмай бўладими? Шахсиятга теккан эмушман. Ҳуррам замонга келиб ўз соҳасида Шахс бўла олмаганлар қанча? Кейин яна айтсам, мен ҳам, Қаҳрамон ҳам зарралармиз. Барчамиз ўтиб кетамиз. Ҳаёт қолади. Футбол қолади. Сену менинг номимиз Юрт олдида, тарих олдида нима деган нарса эди-ки, уларни тилга олишдан титраб турсак. Футболимизга жонимиз эмас, номимиз фидо бўлсин десак, бўлмайдими. Юртимиз футболи, очилган мавзу четда қолиб нега тарафкашликни қўллаб, бошқа тараф, қарши тараф бўлиб, сафдошларим мени, мавзуни ёлғизлатиб қўйишди. Муносабат билдиришмади. Сийқа мақтов лойига ботиб кетдим-ку. Бу аҳволда анчагача бошқа мақола ёзолмай юрдим. Тушунмайман. Тили аниқ, сўзи ёниқ шахсларни тушунмай қолдим.

ҚАНОТИ ҚИРҚИЛГАН ЖУРНАЛИСТИКА
Ярим финал ўйинида бир нимани назарга олдим. Бир нимани тушунгандай бўлдим. Арзимас детал шундай хулоса чиқаришимга сабабчи бўлмоқда. “Бунёдкор”да медиа-сектор, томнинг тагига об чиқиб қўйилган. “Пахтакор”да медиа-сектор билан ВИП сектор ораси бўялган ойна билан тўсиб қўйилган. Мутасаддилар бошқа эшикдан кириб биздан ажралган ҳолда кўринмас жойда ўтиришади. “Локомотив” стадионида ВИП сектор билан медиа-сектор орасида тўсиқ йўқ. Футбол раҳбарлари билан кўришиб, сўрашиб ҳам оламиз. Лекин жиҳозлашда ушбу секторлар орасида фарқ жуда катта. Ярим финал ўйинидан олдин ВИПдаги ҳар бир ўриндиқ олдига алоҳида тиззапўш жун мато қўйилган эди. Кун заҳ эди-да. Ҳар бир мутасадди раҳбар олдига иссиқ кофе қўйиб чиқилди. Офарин, инсон шундай қадрланиши керак. Журналистлар ВИП ёнида қўра ичига кира олмаган етим қўзилардай бир четда ўтиришар эди. Журналистлар раҳбарлар олдида ўзини тутиши Ғофурнинг Солиҳбой олдидаги аҳволига ўхшаб қолган. Ундан ҳам баттар. Улар Ҳомид каби ҳам бўла олишмайди. Ҳомид бойга чой, ош ташиса-да, букилиб турса-да, унга нисбатан истеҳзолик бўла олган эди. “Бой ила ҳизматчи” асар қаҳрамонларини айтмоқдаман. Журналистларимиз хақиқатни деб барчадан устун бўлиш ўрнига раҳбарлар олдида қўл қовуштириб туришади, пастроқда юришади. Юмшоқ гапиришади. Юмшоқ ёзишади. Олди-қочди, урди-чопти гаплар қидиришади. Ўйинни тушунайин дейишмайди. Ютди-ютқиздидан нарига ўтишмайди.

Шунинг учун раҳбарлар ҳам, бошқалар ҳам уларни назарга илишмайди. Ёзганларини ўқишмайди. Бутун ўйинни, ярим финални тикка туриб, юриб-сакраб томоша қилдим. Курсилар зах эди-да. Кейинги сафар кўрпача кўтариб келаман. Журналистларнинг ўзлари ҳам ўз касбларини бу ҳолатдан устун билишмайди. Ҳаммадан устун қўйишмайди. Шунинг учун раҳбарлар журналистларга эътибор ҳам беришмайди. Жойини кўрсатиб қўйишади. Бахтиёр Ширинов одоб юзасидан ВИП секторга ўтиб Иноятов билан кўришиб қайтгани эсимда. Қолоқликнинг асосий сабабчисини, ривожланишнинг асл моҳиятини, яъни футболимизнинг молиявий ҳолатини ёритиш бизда мутлоқ тақиқлаб қўйилган. Бизда ҳамма Мессининг пулини санайди. Бундай таъқиқ билан журналистиканинг қанотини қирқиб қўйишган. Бунга қарши турган, иллатга қарши гапирган Чемпион газетаси журналистикада эпизод ҳам бўла олмаяпти. Уни қарзга ботириб ташлашди. Унга эргашган ЎФФ. Узни умуман ёпиб ташлашди. Шундай аҳволга жавобан чемпиончилар ақл-идроку, тарғибу ташвиқотни атайин Еврофутболга қаратиб қўйишганми? Қастма-қастликми? Билмадим. Билолмадим.

КИШИНИНГ ЁШИГА ҚАРАБ ОТИЛГАН ЎҚЛАР.
Бургага аччиқ қилиб кўрпани куйдирмоқдамизми? Ўз Футболимиз тарғиботи билан атайин ишимиз бўлмасинми? Қастма-қастликнинг ўзику бу. Бу билан нимага эришамиз? Барча кўча-кўйда, автобусларда, идоралар, ташкилотлар даҳлизларида журалистларимизга эргашиб Фелайнининг ўйинини муҳокама қилишмоқда. Соса Солани реклама қилаётган кўчадаги кўшкларнинг ойнаравон деворларини безатган Месси, Рональду, Давидлар суратига ҳамма тикилмоқда. Ҳамма Давид Луис бекорга ПСЖга ўтди деб оҳ-воҳ уради. Ҳеч ким Иван Нагаев Қувайт жамоасига бориб келиб ўз тақдирини синдирди деб оҳ урмайди. Ўзимизнинг Бобур Йўлдошев, Дилшодбек Аҳмадалиев, Темур Толиповлар каби футболчиларнинг ўйини билан, футболдаги тақдири билан ишимиз йўқ. Уларни танимаймиз ҳам. Қастма-қастлик билан шунга эришдикми?

Бундай қастма-қастлик ҳолати Ободнинг “Машъал”га қарши кечган ўйинида ҳам кўзга ташланди. Жаъфарнинг йигитлари Майдонга тушуб бир бутун жамоа бўлиб жанг қилишмади. Ўйин сўнгида 4та ободчи атайин сариқ варақа олди. Шундай фикрга келдим. Чунки Обод жамоасининг “Локомотив”га қарши кечган ўйинидаги жанговарликдан урвоқни ҳам кўрмаган эдим. Мочинов ўрнига Ирисметов тайин этилгандан сўнг, ўзини ҳурмат қилган мутахассис бошида калтак синишини била туриб, мавсум тугашига бир ой қолганида жамоани қабул қилиб олмайди деб, бу воқеага ажабланган эдим. Қоралаган эдим. Бир ҳафта ўтгач, ажабланиш ҳайратга айланди. Жафар бош мураббий этиб тайинлангач, мавсум бошида жамоадан кетиб мавсум сўнгида қайтиб келганим нотўғри маълумот, деган эди. Мен жамоадан кетмаган эдим. Мен ҳеч қаерга кетмаган эдим, оилавий сабабларга кўра отпуска олган эдим деганида, Ирисметовни ва вақтинча бош мураббийлик қилиб турган Отабек Шоҳиддиновни тушунгандай бўлдим. У ёши туфайли Рустам Акрамовдан бекордан бекорга дашном эшитган экан. Боя айтганимдек, бир ҳафтадаёқ ТТЗ майдонида янги Ободни, тиришқоқ, жанговар, ўзига ишонган Ободни кўрганимда ажабланиш Ҳайратга айланди. Бизда ёш истеъдодли бош мураббий пайдо бўлди деб, хурсанд бўлдим.

Ҳайратим ҳам бир пасда йўқолди. “Жар”да бўлиб ўтган навбатдаги ўйинни кўриб нима дейишни билмай қолдим. Тахминим тўғри бўлса, Қўқондаги келишувга аччиқ қилиб атайин ютқазиш, сотқинлик олдида ночор қолган жамоанинг ожизлик аломати бўлмайдими. Курашмасдан ютқазиб бериш нимаси. Футболимиздаги исқирт келишувларга қарши шу йўл билан курашиб бўладими? Обод ютқазгани учун эмас, “Машъал”га қарши танбал ўйин кўрсатгани учун, эришган даражасини бир ҳафтадаёқ йўқотгани учун шундай фикрга, атайин шундай ўйнашди деган фикрга келдим. Бу ҳол ўйинни кўргани келган шунча ишқибозга тупуриш бўлмайдими? Бугунги кунда пойтахт клубларидан ишқибозлар юз ўгирган бир пайтда, стадионларга 3юзта одам ҳам келмаётган бир пайтда “Жар”га келган 2 минга яқин ишқибоз юзига, хонободлик, файзободлик, гулободлик, дўмбирободлик, мирободлик, хуллас пойтахтнинг барча Обод номли масканларидан келган ишқибозлар юзига этак силташ бўлмадими? Бизнинг футболдан, бир томондан боя айтганим, журналистлар Еврофутбол томон юз ўгирган бўлса, иккинчи томондан бизнинг ишқибоздан пойтахт клублари ҳам юз ўгирган бўлса, Обод ишқибозлари ҳам стадионни тарк этишсинми? Ният шуми? ТТЗ стадионида Соломин Тўхтахўжаевни ортта қолдириб чапдан ёриб ўтиб кучли зарба билан узоқдан урган голини эртакни кўргандай эслаб юраманми энди. “Обод” ҳам футболимиздан ўчиб кетадими? Футболимиз қисмати шуми? Йўқ, қастма-қастликдан “Машъал”га ютқазиб беришмагандир. Клубда биз бехабар қандайдир салбий воқеалар юз бермоқда, шекилли. Худо билади. Бундай ҳолатни, ҳаммани қувонтирган кучли ўйинни ўз-ўзидан йўқотиш ҳолатини тушунмай ожиз қолдим. Ҳар холда қастма-қастлик бўлмаса керак.

ЎЗИ БУЮК, ЎЗИ АЪЛАМ. ЎЗИ ЖАББОР
Худди шундай чемпиончиларнинг ўз футболимиздан юз буриб, Еврофутболга тикилиш холатини тушунмай ожизман. Тоттининг, Торреснинг шу ёшида ҳар бир урган голини таърифлаб ёзамиз. Нега Копадзенинг ҳар бир эпизоддаги ҳаракатларини таърифлаб, ёшлар учун ўрнак қилиб кўрсатмаймиз? У нафақат ўйин ҳолатини олдиндан кўра билади, уни ўқий олади, балки ўзи ҳам ҳолат ярата олади. Майдонда фойдали ҳаракат қила олади. Санжар Шоаҳмедов ҳужумни янги йўналишга сола олмаяпти. Ўйин тафаккури оқсамоқда. Копадзе майдонга тушмай қолганда Жепаров ўзига тенг ўйин тафаккурига эга шериги топилмаганидан ёлғизланиб қолмоқда. Ҳимоячи ортига тепган оширмаларини Абдухолиқов тушунмай қолмоқда. Олдинроқ тезланиш олмаяпти. Ярим финал ўйини шудай кечди. “Бунёдкор” жиддий ҳимояланди. Майдонни, ўйин назоратини рақибга топшириб ҳимояланди. Қисқа масофаларда оширмалар билан марказдан ёриб киришни бизда ҳеч ким билмайди. Қанотдан кириб марказ томон тўпни тепа берамиз, тепа берамиз. “Бунёдкор” узун оширмаларни ўзига қолип қилиб олган. Бошқа ўйин ҳолатларидан зарбдор вазиятга чиқишни хоҳламайди. Масалан, ўйиндан сўнги анжуманда “Металлург” бошлиғи Саидов ўз йигитлари қанотдан ёриб ўтолмаганидан зорланиб гапирган эди. Қисқа масофада қўш девор услубида ўйнаб марказдан ёриб кира билмай, зарбдор вазиятларни ҳавога совурдик демади, бундан зорланмади. Ўйиндаги бундай нуқсонни кўрмайдилар ҳам.

“Локомотив” ҳам тўпни қанотдан қанотга ўтқаза бериб, ҳужумни сусайтириб ярим финал жангини яримта қилиб қўя бошлади. “Бунёдкор” ҳужум қилмасдан ўз мақсадига, дурангга ё омади келса, ютуққа эришмоқчи бўлди. Майдонга Копадзе тушиб ўйин тақдирини ўзгартириб юборди. У ўнг қанотда Салим ва Сан”Жар” билан ўйнаб, атрофига рақибларни йиғиб олгач, бўшаб қолган чап томонга, чап устун ёнига тўсатдан тўпни узатди. У ерга Сардор ёриб кирди. Зарба, гол.

Ўйиндан сўнг Лушчан ёш ҳимоячи Аҳмадалиев ўйин давомида биргина хато қилганини, рақиб шундан фойдаланиб қолганини, лекин ўйиндан мамнун бўлганини, ўйин дурангга муносиб эканлигини айтди. Бекоргинанинг бештасини айтибди. “Локомотив” ҳужумга берилиб кетиб, 1 эмас камида 7та қўпол хатога йўл қўйганини Лушчан нега айтмади? Нега “қалдирғочлар” рақиб хатоларидан фойдаланиб 7та тугул 1та ҳам гол ура олишмади. Чунки улар орқани, чизиқлар бойламини, мураббий кўрсатмаларини ўйлаб ўйнашди. Жанг қилишмади. Ўйнаб беришди. Аҳмадалиев эмас, ҳужум қилишни истамасдан, прагматик ўйин қилган Лушчан, ё футбол ўйнашда, жанг қилишда роҳат нималигини билмай майдонда ҳисоб учун югуриб юрган футболчилар мағлубиятга айбдор бўлишмадими?

“Насаф” “Локомотив”га қарши жанг қилганини эсланг. Сўнги сонияларда Шахбоз Эркиновнинг калласи билан берган зарбасини, Икромов эса бу тўпни олиб чиққанини эсланг. Жанг қилиш мумкин экан-ку. Лушчан айтганидек олдинги ярим финал ўйини эмас ушбу ўйин дурангга лойиқ бўлди. Мавсумнинг энг жанговар ўйини бўлди. Бу ўйин ҳақида жуда кўп таҳлилий мақолалар ёзсак арзийди. Дуранг бўлса, адолатли бўлар эди. Лекин Худо буни хоҳламади. “Локомотив” ғалабасининг ҳикматини тушунмоқчи бўлмоқдаман. Охирги сониягача жанг қилган, хатто гол урайин деб Суюнов ҳам ҳужумга қўшилган “Насаф”га ачинмоқдаман. Лекин Эгам “Локомотив”нинг ютишини хоҳлади. Нима учун? Ҳикмати нимада? Бир нимани тушингандайман.

“Бунёдкор” “Металлург”ни ютгач, бўлиб ўтган анжуманда менинг жавобсиз қолган саволларимдан сўнг кимдир Лушчанга қизиқ савол берган эди. Ўткир эмас, муҳум эмас, қалтисроқ савол берган эди. Футболдан маҳоратни ё жанговорликни эмас, интригани излаган одамниг саволи эди. “Эртага “Локомотив” билан “Насаф” ўйини қандай ҳисобда тугашини хоҳлайсиз”, деб сўралди. Масалан, сиз қандай жавобни кутган бўлардингиз. Бабаян, биз рақиблар ўйинидан қатъий назар ўзимизга ишонишимиз керак, деган бўлар эди. Лушчан рақиблар ўйини жанговар дуранг билан тугашини хоҳлайман деди. Ана, холос. Оддий фанатнинг жавоби бўлди-ку. Яратган эгам Лушчаннинг бу истаги амалга ошишини истамади, шекилли. Бундай жавоби учун Лушчанни жазоламоқчи бўлди, шекилли. Тўғри, жанговар ўйин бўлди. Дуранг бўлмади. “Локомотив” навбатдаги ғалабасини қўлга киритди. Футбол ишқибозларига тенги йўқ жанговар ўйинни туҳва этдилар.

ОЖИЗЛИК ҚИСМАТИ Ё ҲАСРАТИ
Шу ўйинни “Чемпион”чилар батафсил ёритишса бўлмасмиди? Нега уларга осила бераман? Ўзим улар каби ёзолмайман-да. Менинг ёзганларим иштони йўқ иштони йиртиқ устидан шикоят қилган ҳолатга ўхшаб қолмоқда-ку. Нега менинг каби бошқаларнинг ҳам қўлидан келмаётган ишни чемпиончилардан кутмоқдаман. Улар эса, хатто стадионга ҳам келмайдилар. Келганлар, анжуманга колганлар ҳам ажойиб. Биз Еврофутбол ўйинларини батафсил ёритиб, етмаганига Жозе ўйиндан олдин, ўйиндан кейин, анжуманларда кимга нима деганини ёзиб, ҳаммани қизиқтирамиз. Ўз анжуманларимизда бўлиб ўтган сўз жангларини суваб-андавалаб ташлаймиз. Драматик тарзда ўтувчи савол-жавоблар бўлади. Масалан, жамоа бошлиғи Шавкат Саидовга берилган савол келтирилмасдан жавоб ёзилди. Нега Рустам Мирсодиқов анжуманларда қатнашмайди деб савол берилган эди. Жавоб ҳам “Футбол Экспресс”да тўлиқ берилмади. “Қизилқум”да бош менежер анжуманларга келади. “Пахтакор”да неча йил бош менежер матбуот олдига чиққан. Рустам ака билан ўзаро келишувга кўра мен журналистлар билан мулоқат қиламан, деган эди. Унга жавобан, протоколга биноан бош мураббий саволларга жавоб бериши керак эмасми, деди бояги журналист. Бу гапга залдан эътироз янгради. “Протокол бўйича анжуманда телеоператор қатнашиши керак эмасми, нега биронта ўйинда улар кўринмайди? Рустам-ака 7ой журналистлар эътиборидан четда қолганида нега уни эсламадигизлар” деб, тортишиб олишди. Чунки савол берувчи Спорт каналда ишлар эди-да. Моуринё оғзига тикиламиз. Гапларини оқизмай-томизмай шарҳлаймиз. Шавкат ким бўбди? У Жозе эмас-да. Унинг айтганларини андавалаб қўямиз. “Металлург” “МЮ” эмас-да. “Қаёдиги каманда. На доврў, на обрў бор. На бўйи бор, на эти бор. Нимаси машҳур.”дегувчилар топилади. Ўшаларга маъқул ишни қиламиз деб, “Металлург”ни эътибордан четга чиқариб қўямиз. Диққатимиз марказида доим М.Ю. туради. Нега шундай бўлмоқда?

Бундай аҳволда стадионга келмай қолган ишқибозлар хатто ТВ орқали ҳам ўйинни томоша қилмай Еврофутболга тикилишмоқда. Бу аҳволга нафақат журналистлар, балки Спорт канал ходимлари ҳам ўз “ҳиссаларини” қўшишмоқда. Нега бундай қиламиз. Ахир майдонга ўз фарзандларимиз кириб келишган-ку. Ўйинларимиз таҳлилига улар ҳам, ишқибозлар ҳам муҳтож-ку. Нега ўзимизни, ўз касбимизни, ўз футболимизни ўзимиз ерга урамиз.

Нега Еврофутболга кўз тикамиз. Ўз чемпионатимизни сояда қолдириб, нечун маҳорат билан Англия ўйинларини таҳлил қиламиз. Нега ўз футболимизга омма эътиборини қаратмай қўйдик. Нега?!! Ким юртимизда энг кучли ва ёш ҳужумчиларга эга бўлган “Бунёдкор”нинг ялқов, прогматик ўйинини менга тушунтириб беради, ким? Ким Бухорода, Фарғонада кечган ўйинлар эпизодларини шарҳлаб, лавҳаларни келтириб “Бухоро” ютуқлари сабабини очиб беради? Ким “Машъал” баъзи эпизодларда уч киши бўлиб, катта тезлик олишиб марказдан ёриб киришини тарғиб қилади? Ким? Абдуҳошим ғиччакми, ё Матмуса тажангми?

Ярим финал ўйини ҳақида боя гапирдим. Бахтиёр Ширинов ўйин тугагач, ВИПга ўтиб Иноятов билан одоб юзасидан кўришгани ҳақида ёзган эдим. Биласизми, улар нима ҳақида гаплашиб олишган эди? “МЮ” “Челси”га 0:4 ҳисобида ютқазган ўйин ҳақида суҳбатлашиб олишди.

Во ажабо! Ё алҳазар! Ҳозиргина бўлиб ўтган ўйин ҳаяжони, футболимизнинг хозирги аҳволи, яъни бошқача айтганда ўз кулбамиз аҳволи қўшнимиз кошонаси олдида биз учун бир пақирми?

Бундай ҳолатни мен тушунмай қийналмоқдаман. Сиз тушунсангиз менга ёрдам беринг? Қарияга тушинтириб беринг.

2.11.2016й.      
Жавобингизни кутиб, Хасанали-отангиз ёздим.

Киритилган сана: 03.11.2016 15:37. Ўкилди: 9772 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.