Кириш Регистрация
20/11 01:00 Боливия 2-2 Парагвай
20/11 04:00 Колумбия 0-1 Эквадор
20/11 05:00 Аргентина 1-0 Перу
20/11 05:00 Чили 4-2 Венесуэла
20/11 05:45 Бразилия 1-1 Уругвай
21/11 18:00 Пахтакор - ОКМК
22/11 16:00 Нефтчи - Насаф
22/11 18:15 Қизилқум - Навбаҳор

Блог

Ҳасанали ота

Ўзингни англа

Борига шукр (4-қисм)

Баҳо:
+0; -0

4. КОЛЛИНА

Ҳ.Қ. Яша-ака, Сиз айтмоқчисизки, биз Купердан қандайдир сеҳргарлик кутмасдан вазифани бошқачароқ қўйишимиз керак. Эктор Купер икки йил ё бошқа бир муҳлат ичида Миллий терма жамоамиз ўйин даражасини Осиёда биринчи тўртлик қаторига олиб чиқсин. Бунинг учун Куперга барча шароитларни яратиб берайлик, шундайми.

Ф.Ҳ. Кейин ўша кунни кутиб, Куперга ишониб, ҳаммасидан беҳабар бўлиб, бир нимани пойлаб, нималигини ўзимиз билмасдан, Рустамакам айтгандай “сабр қилиб” ўтирайликми?

Ҳ.Қ. Бошқа нима чорангиз бор? Кейин Липпига ё Эрекссонга, ё Кейрушга ўхшаб унинг иши ўхшамай қолса, бизнинг Купер ҳам муҳлати ўтгач, Липпига ўхшаб липиллаб бадар кетворадими? Биз эски ҳаммом, эски тос билан қолиб кета берамизми? Кейин янги бош мураббийни излашга тушамизми? Кейин ҳаммасини 0дан бошлаймизми? Бундан бошқа нима чорамиз бор? ЎФА раҳбари қандай қилиб бош мураббий ишини назорат қила олсин? Энг билимдон саналган машҳур Профессоримиз ҳам унинг даражасига яқин келолмаса, чорамиз нимада? Нима қилмоқ керак? Менда бошқа бир таклиф бор. Украинада Коллина Ҳакамлар Қўмитасига кураторлик қилмоқда. ОК-2019 пайтида ҳар бир жамоа билан ОФКни боғлаб турувчи координаторлар хизмат қилишган экан. ЎФА раҳбарияти билан Куперни доимий боғлаб турувчи, ўртада икки ёқлама ҳаракат кўприги бўлувчи футбол билими баланд бўлган координатор керак эмасми? Ҳамда терма жамоалар мураббийларига ёрдам берувчи, улар танлаган йўлни тушуниб турувчи даражаси ундан паст бўлмаган куратор керак эмасми? Шундай вазифаларни бажарувчи баланд савиядаги мутахассисни чет элдан таклиф қилсак бўлмайдими? Ўша кимса ўз юртида яшаб туриб ҳам бундай вазифани бажариб юриши мумкин бўлади. 2008 йилдан бери Россия термасига Гусс Хиддинк сиртдан кураторлик қилиб келмоқда. Буни тегишли одамлар билади.

О.Т. Керимов уни “Анжи”га олиб келган эди. Россия термасига уни Абрамович олиб келган.

Ф.Ҳ. Отамизнинг фикрига қайтаман. Кейин натижани куратордан талаб қиламизми ё Куперданми. Ё кураторни ҳеч ким танимай билмай турсинми? Ё сиз отаҳон бошқарувда коллегиалликни жорий қилмоқчимисиз.

Ҳ.Қ. Ундай ҳам, бундай ҳам эмас. У киши бош мураббийнинг эмас, ЎФА раҳбарининг термалар бўйича бош маслаҳатчиси бўлади. Бошқарувнинг бош режаси бор бўлади. Шунда, масалан, 5 ё 10 йилга аталган терма ўйинини ўстириш йўлида узвийлик пайдо бўлади.

Ф.Ҳ. Бу билан бош мураббийнинг иши, масъулияти енгиллашиб қолмайди.

Ҳ.Қ. Жуда тўғри гап. Бу билан Купернинг масъулияти, жавобгарлиги камайиб қолмайди. Шундай экан, ишини енгиллаштириш ҳақида гаплашайлик. Купер ўзига хос футболимиз шароитида биринчи бор ишлаяпган бўлса керак. Бизникидай футбол хўжалиги криминаллашиб кетган бошқа бир футбол юрти дунёда бўлмаса керак. Масалан, бутун структураси яхши шаклланган Бунёдкорда ҳам ҳомийларнинг пулини ювиш авжига чиқиб кетган эди, деб эшитганим бор. Бошқа клубларни гапирмасак ҳам бўла беради. Баҳтиёр Бобоев қамалиб кетаёзган эмиш. Бундай ҳаётимизни ҳеч ким ошкор қилмайди.

Б.А. Отахон, тағин ўтлаб кетмоқдасиз. Хўжаликдаги аҳволнинг терма мураббийи ишига қандай даҳли бўлиши мумкин?

Ҳ.Қ. Куперга дахли йўқ, тўғри. Лекин ушбу ҳолат футболчиларимиз ўйинига таъсир қилмай қолмайди. Яшил майдондаги ҳолатлар майдон атрофидаги воқеаларда пишиб етилади. Қирғизистон термасининг ўйинидаги оддийлик ва ойдинлик билан, романтизм билан Суданга қарши ўйинимизни солиштиринг. Нимани кўрдингиз? Қирғизларнинг маҳорат даражаси бизникидан анча паст. Улар жон-жаҳт билан эркин ўйнашди. Бизникилар ўйин кўрсатишди. Интизомли ўйин кўрсатишди. Ўйинга футболчининг нафақат руҳий, балки руҳоний ҳолати ҳам таъсир қилади.

Б.А. Бу мавзу боши берк кўчага олиб келади. Бу кўчага кирсак ҳеч қаердан чиқолмаймиз.

Ҳ.Қ. Бобуржон, топиб айтдингиз. Раҳбарият футболдаги коррупцияга уриш эълон қилган. Эълондан нарига ўта олмаяпти. “Олтиариқ воқеаси”дан, “Рўзимбой Аҳмедов телефони”дан кейин тафтиш-текширув ишлари олиб борилмади. Таниқли ПФЛ амалдори бундай ишларга юридик хуқуқларимиз йўқ дейди-ю, ҳамма ёқни бости-бости қилиб қўяди. Шундай экан, ўзи ҳам тупикка кириб қолган, шекилли. Эзилиб қолган, шекилли. Нима қиларини билмай қолган, шекилли. Суҳбатимиз ҳам бу кўчага кирса, чиқолмай қолади. Нима демоқчиман? Шу аҳволда Купер ишламоқда. Шундай ташқи муҳитда Купер жамоада соф ва ижодий иқлим ярата олди. Келган заҳоти муҳим воқеа содир бўлди. Биринчи марта терма манфаати қайси бир фойдахўрнинг хос хонасига этагини очиб кириб кетмади. Йигирма йилда биринчи марта шундай бўлди. Термамиз учун биз ҳам бир нима яратайлик.

О.Т. Отахон, ёшингиз нечада? Ҳалигача қизил, китобий гаплар ёғдирасиз. Ким нуқсонлар билан курашади? Сизга онсон, арзандалик ёшидасиз. Мен, масалан, сиздака очиқ-ойдин Каттани танқид қилиб ёзсам, ишдан кетаман. Сиз оддий ишқибоз ҳолингизга, ё ман оддий журналист ҳолимга терма учун нима қила оламиз? Тинмаган қария-ей.

Ҳ.Қ. Мендан қаҳрамон ясаманг. Сиз ҳам ўз қарашингизга, ўз қаричингизга эгасиз. Ҳамма ўз фикрини ҳимоя қилиши керак. Куперга енгиллик яратиш керак деганимни биламан. Менга қўшилиб сизлар ҳам “ўтлаб” кетдингиз. Барчамиз учун жуда ҳам оғриқли мавзу бўлдими, дейман. Оғриқли ва жуда ачинарли мавзу.

Э-воҳ! Ёш ва истеъдодли бош мураббий Икром Мўйдинжонов ҳаром-ҳалолнинг фарқига бормаса!!! Энди футболга кириб келаётган авлодни айтмайман, ўз фарзандларинг кўзларига қандай қарайсан? Фарзандларинга ҳаром нон едиряпсан-ку. Пул ўлсин, пул!!!

Етиб келган еримиз шу бўлдими? Эсимни танибманки орзу қилиб кутган ҳуррият куним шу бўлдими? Мустақиллигимиз шу бўлдими? Қани, айтинг фалончилар, гумроҳлар, суллоҳлар, футболимизнинг эртаси сизларга қолдими? Узр. Қаричилик. Кўз ёшим қуйилиб кетди...

Б.А. Отахон, юрагингизга бунчалар яқин олманг. Совуққонлик билан мушоҳада юритинг. Икромлар шундай тизим ичида қолиб кетишган. Тизим бир кунда ўзгармайди.

Ҳ.Қ. Тизимдан жабр кўрувчилар, ҳаромдан ҳазар қилувчилар футболдан четга чиқиб туришибди. Икромга ўхшаганлар тизим тегирмонига сув қуйишмоқда. Уларнинг фарқига борайлик.

Ф.Ҳ. Ёпиғлиқ қозон ёпиқ турмай очилиб кетди. Энди “ўтлашга” мен ҳам қўшиламан. Отахон, Бобур ҳақ. пастдагиларга ёпишмоқдасиз. Футболнинг асл моҳияти бўлган ҳалолликка, спортавий адолатга оёғини артаётганлар энг тепада ўтиришибди. Улар футбол мусобақасига тупуриб қўйишган. Уларнинг хоҳишига футболдаги хамма нарса ЎФАга қўшилиб бўйсиниши керак. Бундай футбол, қўғирчоқ мусобақа ҳеч кимга ёқмаслиги билан уларнинг иши йўқ. Қайсидир корчалоннинг хоҳишига бўйсинадиган мусобақа ўйинини кўргани фақат аҳмоқ стадионга келади. Ўзбек футболига ишқибоз орқа ўгиргани шундан. Узун қулоқ гапларга кўра 21-асрнинг таниқли арбоби бўлган бир давлат раҳбарининг қайнотасига ёқиш учун мусобақа устуворлигини менсимасдан Сурхонни бу йил қулоғидан тортиб Супер лигага олиб чиқишмоқчи экан. Бунинг учун қайсидир шўрлик жамоани ўн иккиликдан чиқариб ташлаш керак бўляпти. Шундай бўлса, бу иш футаболга оёқ артиш эмас, бошқа жойини ҳам артиш бўлади. Марат Кабаев футболчи бўлган. Унинг бундай қилиши мумкин эмас. Лекин кимнингдир қандайдир хоҳишига кўра, ёки кимгадир ёқиш учун бу ишни қилишмоқчи. Бу факт.

Бошқа мисол келтираман. 2017-йил натижасига кўра “Пахтакор” раҳбарларига ёқиш учун янги соврун ўйлаб топишди ва уни Арвеладзега топширишди. Бой итининг қуйруғини тараш бўлди. 2018-йил мазкур соврунни бутунлай йўқ қилишди. Арвеладзе учун ўйлаб тўқилган эди-да. Кубокни бой берган Арвеладзега совринни топширишса, кулги бўлишар эди-да. Йўқ қилиш раҳбар учун онсон иш. Соврин топшириш ҳам масхарабозлик бўлди.

Термамиз нимчорак финалдан Марат ё Ислом зарбалари туфайли ўта олишмади дегувчилар адашади. Австралияга юзма-юз тўқнашувда бизга матонат етишмагани учун юта олмадик. Юзма-юз учрашувларда ғалаба қозонишни ўргатиш учун Форматда олтин очколар қоидаси жорий қилинган эди. Бундай жангда Арвеладзега жамоанинг молиявий ҳолатиям, раҳбарининг авторитети ҳам иш бермайди. Мураббий маҳорати, футболчиларнинг матонати иш беради. Керакли жангда ўзингни кўрсата олмайсанми, Шота, четга чиқ, орқага ўт, деди мусобақа формати. “Пахтакор” раҳбари бунга жавобан бу йил бундай форматни йўқ қилиб ташлади. ПФЛ раҳбарияти ўзи бошлаган ўта фойдали ташаббусни ўзи бўғиб ташлади. Бўғизлаб ташлади.

Энди мазкур клуб структураси, молияси билан осмондан келиб, турма-тур очко териб чемпион бўлади. Исми жисмига монанд “теримчи”. “ Очко тердим этак-этак”ми? Ўзини оқлаган форматдан воз кечиш футболимиз манфаатини оёқ ости қилиш бўлмайдими?

Б.А. Фатхулла, иккинчи босқичда олтин очколар туфайли мусобақада интрига йўқолиб кетмадими?

Ҳ.Қ. Кечирасиз, Бобур, гараж томидан чакка ўтса, гараж ичидаги мошина алмаштирилмайди. Иккинчи босқични биринчи ўринда бошлаган “Навбаҳор” ҳам, “Бухоро” ҳам, “Бунёдкор” ҳам, “Насаф”ни айтмайман, барчаси молиявий инқирозга учраб қолишгани туфайли иккинчи босқичда соврунлар учун кураш йўқолиб қолди. Форматнинг айби йўқ. Ислоҳотнинг энг муҳим қисми эскича қолиб кетмоқда. Клубларни молиялашда катта, туб ислоҳотлар амалга оширилмас экан, боқимандалик йўқотилмас экан футболимиз ри-вож-лан-май-ди. Бу кундай равшан бўлиб турибди. Энди сўнги ўйин ҳақида гаплашсак, бўлади. Билсам, билмасам Купер билан Арвеладзенинг бир бирига ўхшаш томонлари ҳам бор.

Киритилган сана: 15.03.2019 21:57. Ўкилди: 4406 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

Билдирилган фикрлар:


ZBOXONOV
Сана: 16.03.2019 15:35. ZBOXONOVга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


BARSACHICHOQ
Сана: 16.03.2019 13:30. BARSACHICHOQга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.