Кириш Регистрация
21/12 00:45 Верона 0-1 Милан
21/12 01:00 Жирона 3-0 Вальядолид
21/12 17:30 Астон Вилла 2-1 Манчестер Сити
21/12 18:00 Хетафе 0-1 Мальорка
21/12 19:00 Торино 0-2 Болонья
21/12 20:00 Брентфорд 0-2 Ноттингем Форест
21/12 20:00 Ипсвич 0-4 Ньюкасл
21/12 20:00 Вест Хэм 1-1 Брайтон
21/12 20:15 Сельта 2-0 Реал Сосьедад
21/12 22:00 Женоа - Наполи
21/12 22:30 Кристал Пэлас - Арсенал
21/12 22:30 Осасуна - Атлетик Бильбао
22/12 00:45 Лечче - Лацио
22/12 01:00 Барселона - Атлетико
22/12 16:30 Рома - Парма
22/12 18:00 Валенсия - Алавес
22/12 19:00 Фулхэм - Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер - Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед - Борнмут
22/12 19:00 Эвертон - Челси
22/12 19:00 Венеция - Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид - Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм - Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта - Эмполи
22/12 22:30 Леганес - Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас - Эспаньол

Блог

Ҳасанали ота

Ўзингни англа

Юз доллар ҳикояти (давоми-4)

Баҳо:
+0; -0

18. ВАТАН ТУЙҒУСИ. №4

БОШ БИЛАН ЭМАС, АҚЛ ВА ЮРАК БИЛАН

Бош мураббий ҳақида бир нимани ёзиш масъулияти мен учун оғирлик қилмоқда. Шунинг учун биргина эссени ёзиб тугатишим бир даврага, ярим футбол мавсумига чўзилиб кетди. ТТЗ стадионида “Насаф”га қарши давранинг биринчи ўйинига борган эдим. “Локомотив” йигитлари майдонга тушиб шиддат эмас шижоат кўрсатиб дуранг билан тугатган ўша ўйинга анча вақт бўлди. Ўша ўйинда Иброҳим Раҳимов чиройли зарба билан гол урган эди. Эсимда. Ўшандан бери ҳар бир ўйинга тушаман. Куни кеча “Металлург”ни қабул қилишди. Ҳалиям ўйинда шиддат йўқ. Маҳорат эвазига ютишмоқда. Бу кунларда Гейнрих 20метрлик масофада ҳаммага ўз ҳукмини ўтказмоқда. Нима хоҳласа, шуни қилмоқда. Натижада ўйнаб-кулиб 5:1га ютиб қўйишди. Сашанинг ўйин тафаккури атрофидаги шерикларидан кўра бир калла юқори. Лекин унинг ўйинида тезлик йўқ, шиддат йўқ. Нагаевнинг тезлигини сўндириб қўймоқда. Ўзбекистоннинг бугунги даражасида яхши ўйин кўрсатмоқда. Ашурматов ва Лушанлар барг ёзиб, бош кўтариб чиқишмоқда. Абрамов билан Қосимов орасидаги тарафкашлик эътибордан четга чиқиб бормоқда. Европа бир четда турсин Осиё даражасидаги ўйинлар ҳам бир четда турсин, "Локомотив" шиддатсиз ўйини билан жиддий рақибларимизга қарши ўйинларда ип эша олмай қолади. Кечаги ўйинларга тушаман-у, ўйин ҳақида репортаж эмас, мураббий ҳақида эссе ёзишни давом эттираман. Бошлаганимни тугатолмай қийналаман.

Ҳар гал ўйин кўргани стадионга борганимда Одилни кўриб қоламан. У билан қучоқ очиб кўришиб кетаман. Дохада Одил ишқибозлар сафида, Абдураҳмон ёнида юрар эди. У- моҳир созанда, чилдирмакаш. У хозир “Локомотив” фан клубининг раиси бўлса керак. Ушбу кунлар жуда кўп ўзбеклар турли мақсадлар билан бутун дунёга тарқалиб кетишган. Асосан кўп пул топаман деб юришибди. Бу оддий, одатий ҳол бўлиб қолди. Биз эса ҳаммамиз Доха-2011да бир мақсад билан бирлашиб ватандошларимизни қўллаб яшадик. Ватан туйғусида, ғалаба қайғусида бирлашиб бир ой бирга яшадик. Бир биримизга жуда яқин эдик, елкадош, ватандош эдик. Хозир ҳамма ўз дарди-ташвиши билан ҳар қаёққа тарқалиб кетган. Эсимда Тошкентга қўнганимиздан кейин кўчага чиқиб, тун қоронғусида Абдураҳмон кутилмаганда ЎЗ-БЕ-КИС-ТОН деб бақирган эди. Ҳаммамиз дилдан бирлашиб, унга бир овоздан жўр бўлган эдик. Агар эртага Эски Жўвада ё Ўрдада шундай деб бақирсак борми, бизни ё жиннихонада, ё мелисахонада кўрасиз. Кундалик ҳаётимизда ватан туйғусини қаергадир яшириб қўямиз. Тирикчилик дарди инсонни бир биридан ажратиб қўймоқда.

БИРИНЧИ САВОЛИМ.

Дохада Алексей билан финалгача бирга бўлганмиз. Гурух ўйинларидан сўнг Хитой журналистлари уйга кетишгач, катта Пресс Сенте зали дарров бўшаб қолган эди. Эсимда, Хитойга қарши ўйиндан олдинги матбуот анжуманида 100тача хитой журналистлари ичида 10та ўзбек журналисти кўзга кўринмай қолган эди. Хитой давлати ҳам жуда бой бўлгани билан гуруҳдан сўнг ҳамма журналистларини Дохадан олиб кетган эди. Бир кун олдин ўйин олди матбуот анжуманлари Прес Сентенинг биринчи қаватида бўлиб ўтди. Иордания журналистлари бизникидан кўп бўлишса-да, хитойчалик кўп эмасдилар. Абрамов залга Ахмедов билан бирга кириб келди. Савол жавобларни Бахтиёр таржима қилиб турди. Чет эл журналистлари бамаъни, тўқ савол беришди. Очилиш ўйинидан сўнг бизникилар ўйини сусайиб, Қатар термасининг ўйини кучайиб бормоқда деб, бунинг сабабини Абрамовдан қайсидир ғарб журналисти сўради. Абрамов таржимонсиз инглиз тилида ўзи жавоб берган эди. Алексей он лайн тизимида сайтларни тўлдириб, нетбукни тақиллатиб ўтирар эди. Жавоб таржимасини ундан ўша заҳоти сўролмадим. Кейин айтишича, Абрамов “Сизнинг субъектив фикрингизга изоҳ беролмайман”, деб жавоб берган экан. Ногирон журналист Алексейга ёрдам берувчи бўлганимдан, мен ҳам савол берайин деб, ундан руҳсат сўрадим. Ҳаяжон босиб, таркиб бўйича, Саҳоб Жўраев, ё Шатских ҳақида бир нималар сўрабман. Кейин, эртага ўзбек футбол тарихида янги саҳифа очиб беришимизга ишонч билдирдим. Анжумандан чиққанимиздан кейин Аҳатхон роса кулди. Мен Карпенко ҳақида жуда қизиқарли гаплар айтибман. Фақат унинг фамилиясини Шевченко деб адашиб кетибман.

19. ТАРИХИМИЗДА ЯНГИ САҲИФА.

БУГУН ЧОРАК ФИНАЛ.

Хозир бу воқеаларни ширин туш каби эсламоқдаман. Ўша куни кечқурун машғулотни кўриб, қайтишда бизни Рустам Акрамов меҳмонхонамизгача жипда элтиб қўйганини ёзган эдим. Ўша кезлари “Чемпион” газетаси ўзбек футбол ҳаётида бир воқелик бўлган эди. Жонли, тирик, тематик мақолалари билан ҳамманинг фикрини муаммо мағзига қарата олар эди. Нима учундир, “Чемпион”га ҳурмат юзасиданми, билмадим, Рустам Акрамов ўша кеча етиб келгунимизга қадар биз билан футбол одамлари ҳақида суҳбатлашиб келди. Ғийбат бўлмасин деб, киши номини айтмас эди. Алексей иккимиз гапнинг эгасини билиб борар эдик. Бир гал Алексей Ислом Аҳмедов деб ўзбек тилида пичирлаган бўлса, бошқа гал мен Саркисян деб гап эгасини топган эдим. Мошинада Асқар Толибжонов ҳам бор эди. Бизни кўча юзида ташлаб кетмай, меҳмонхонамиз эшигигача элтиб қўйишди. Енгил мошинада юмшоқ ўриндиқларда ўтириб ватандошларимиз билан ширин суҳбат қуриб “уйимизга” етиб келган эдик. Фақат Алексей баланд жипга чиқиб тушишда бир оз қийналди.Чорак финалнинг арафа куни мана шундай ўтган эди. Термамизни биринчи бўлиб олтинга етаклаб келган Мураббийнинг самимий суҳбатига сазовор бўлдик. Унинг тиниқ, ишонарли овози қулоғимда қолган. Эсимда, ўша куни Темур Копадзенинг ўйинида тажовузкорлик умуман йўқлигидан ажабланиб, футболчига бокс билан шуғулланиш ёрдам беришини айтган эди.

Биринчи Чорак финал ўйини бўлар куни, яъни 21- январ куни арафа кунидан кўра жуда ажойиб ўтди. Бутун умримга эсда қолди. Ҳам қувончи билан, ҳам...ўкинчи, ҳам аянчи билан. Арафа куни мириқиб ухлаган бўлсам, ўйин куни қувончни кўмган аянч билан тонгача бедор ўтириб чиқдим. Натижада тонга яқин изтиробларим бир тўртликка айланди-ю, бўлиб ўтган воқеага фалсафий баҳо бериб, ўкинчларим ўз ниҳоясига етиб қаттиқ ухлаб қолдим.

21-январ куни соат ўн бирда бошланадиган иккита чорак финалнинг матбуот анжуманларига борамиз. Австралия- Ироқ ва Эрон- Жанубий Корея ўйинлари 22- январ куни бўлиб ўтади. Биласиз, Юнус Маҳмуднинг даври ўтган бўлиб, Ироқ 0:2га ютқазиб, карислар Эрон термасини 1:0га зўрға ютган эди. Демак, соат ўнда меҳмонхонамиз ошхонасида нонушта қилиб, кейин “ишга” жўнаб кетамиз. Нонушта ҳаражатлари меҳмонхона хақига кирар эди. Футбол Журналистлар учун аввало, иш ҳисобланади. Улар ишқибозларга ўхшаб жўшиб, тошиб баҳслашмайдилар. Ўз фикрларини ичларида иш учун, яъни мақола учун асраб юрадилар.Чорак финал ўйини олдида ҳам тинчгина юришади. Ўша куни Алексейдан кўра эртароқ уйғондим. Шавкат қаергадир кетиб бўлган эди. Ишқибозлар ҳонасига кириб баҳсларга қўшилиб кетдим. Ишқибозлар сийраклашиб қолишган эди. Комилларнинг хонасида баҳс қизғин кетмоқда экан. Ҳамма омадимиз келганини, бизга энг қулай жамоа тушганини айтишмоқда эди. Мен Иордания бу йил кучайганини, Аднан Ҳамад кучли мураббий эканлигини, Ироқ билан олдин катта ютуқларга эришганини айтсам, бошқаси Дохадан олдин Абрамов улар билан ўйнаб, уларни тоза ўрганиб чиққанини айтиб, эътироз билдирар эди. Мен тағин авжига чиқдим. Гуруҳда Япония Иорданияга қарши биринчи ўйинда зўрға мағлубиятдан қочиб қутилган, дедим. Шуни айтиб устун келмоқчи бўлдим. Ишқибозлар мана шундай соатлаб томоғ қириши мумкин. Ҳамманинг термамизга ишончи баландлигидан кайфиятим чоғ бўлди. Фақат ишонч асоссиз бўлмасин деб баҳслашар эдим-у, ўзимни чиндан ҳавотир босмоқда эди. Куни билан бўлажак жангни ўйлаб юрдим. Шунинг учун ўша куни бўлиб ўтган қандайдир ходисалар эсимда қолмаган. Эртароқ бошланадиган Ал- Ғарафа стадионига Япония- Қатар ўйинини кўришга бора олмас эдик. Шунинг учун Ал-Ҳалифа стадионига эртароқ бориб,унинг трибуналари остидаги залда ўйинни ТВ орқали кўрдик. Қатар 2:1га юта туриб, ютқазиб қўйган ўша ўйин жуда драматик ўтган эди. Лекин ўшани кўрар пайтимда ҳам ўз ўйинимизни ўйлаб ҳаяжонланар эдим. Бизнинг ўйин бошланиши билан ҳаяжон йўқолди. Жанг бошланди. Жанг.

ТАБРИК ВА...

Абрамовга қойил қолдим. Эсласангиз керак. Непомняший журналистларга қараб, Улуғбек Боқоевни танимайман деган эди. Ўзимиздан тайёр ўзбекча Роже Миллани қидирар эди. Уни тополмай ўз юртига қайтиб кетган эди. Инилеев 2007-йили Боқоевни Малайзияда биринчи ўйинга туширган эди. Бақоевнинг тажовузкор ҳаракати билан Эронга урган биринчи голимизни эсланг. Абрамов эса учта ўйинда Бақоевни хатто заҳирадан ҳам майдонга туширмади. Чорак финалга асраб қўйган экан. Боқоев тажовузкор ўйнаб, доим голга шай бўлса-да, ўйини жуда жўн эди. Унинг ўйинини ўрганиб чиқиб, сўнгра уни нейтраллаш рақиб учун жуда осон иш ҳисобланади. Улар чорак финалда Бақоев ўйинига мослашиб олишгунча ўйин тақдири ҳал бўлди. Бизнинг чорак финал Бақоевга аталган экан. Тўйга кириб келган машҳур хонанда- ҳофиз сингари тўйни, ўйинни ўзиники қилиб олди. Урган иккала голи ҳамманинг эсида қолди.

Алексей билан бирга “уйимизга” қайтиб келганимизда ҳамюртларимизнинг кайфияти чоғ, қувонч ҳорорати баланд эди. Уларнинг хонасига кириб иккала голни роса муҳокама қилганмиз. Биринчи голни Оҳангаронлик Комил видиога ёзиб олган экан. Уни қайта-қайта кўриб чиқдик. Хонамизга қайтсам, Алексей нетбукни очиб ишламоқда эди. Уни бағримга босиб яна бир бор ғалаба билан табрикласам, қани эди. Йўқ. Алексейни турғузиб қўйиш мумкин эмас. Жимгина келиб халтамдан пепси, кока ва ҳар хил ширинликларни стол устига қўйиб, (танаффусда журналистлар ошхонасидан Алексей учун трибунага қайноқ кофе олиб борган эдим. Тунги нонушта учун эса боягиларни халтамга солиб қўйгандим.) Алексейни ўттиз ёшга тўлган куни билан яна бир бор табрикладим. Шундан сўнг муҳум нарса- бировнинг омонати эсимга тушди. Ғалаба шодиёнаси билан банд бўлиб бировнинг омонати бутунлай эсимдан чиқиб кетган экан... Кейинги воқеалар ёруғ кунда, кулиб турган мусаффо осмонни бирдан булут қоплаб чақин чақнагандай бўлди...

20. СИЗ КУТГАН ҲИКОЯТ.

ЎША ВОҚЕА.

Бу ўйинда биз биринчи марта микс зонага чипта олган эдик. Матбуот анжуманидан сўнг ўша зонага шошилдик. Ҳар қандай янгилик одам учун қизиқарли туюлади. Зона дегани “Пахтакор” стадионига кира беришдаги пўлат қувирдан ясалган тўсиққа ўхшар экан. Тўсиқ орасидан ишқибозлар эмас, футболчилару, мураббийлар ўтиб боришар экан. Олти метр масофа чувалиб ўттиз метрга чўзилибди. Журналистлар тўсиқлар ортида туриб саволга тутишар экан. Қаҳатчилик кунлари нон кўрмаган очлар тандирдан чиққан иссиқ нонга ташлангандай ёзувкашлар ташланиб яхши жойни талашар экан. Дарров Алексей учун курси излаб қолдим. Стадион хизматчилари тезда елим курси топиб беришди. Араб газетасида босилиб чиққан Алексей ҳақидаги бир мақолани деб, Ўзбекистонлик ногирон журналистни ҳамма таниб қолган эди. Улуғбек Бақоев ҳамма билан шошмасдан гаплашиб чиқди. Алексей чет эл журналисти учун таржимонлик қилиб турди. Мен ўртага сурилиб кетибман. Елкасига катта сўмка осиб олган Жасур Ҳасанов югургилаб ҳеч ким билан гаплашмай бир чеккадан тезда ўтиб кетди. Мен футболчиларни ҳеч қачон бундай яқин масофадан кўрмаган эдим. Ҳаммада қувончли кайфият. Вадим Абрамов чиқа бошлади. Менинг ёнимдан ўта бошлади. Ким биландур инглиз тилида гаплашди. Оғзи олдида уч тўртта микрофон. Фото Аппаратлар чарсиллаб чиқилламоқда. Менинг қўлимда аппарат ҳам, микрофон ҳам йўқ.

Диққатим марказида бир ойдан бери икки киши бор эди. Бири хозир қаршимда эди. Бугун ундан, яъни Абрамовдан чексиз фаҳрлансам, бошқасидан, (бир ойдан бери у ёнимда эди), Алексейдан ҳайратланар эдим. Алексей шу пайт ёнимда йўқ экан. Зона бошида қолиб кетибди. Мен эса зона ўртасига сурилиб қолибман. Бу икки одамни бир-бири билан таништирмоқчи бўлибман, шу тобда. Иложсиз. Шу пайт бугун Алексей ўттизга тўлганини, бугунги байрам унинг учун ажойиб совға бўлганини айтибман. Ҳамма ёқ олағовур. Бутун Ўзбекистон Абрамовга тикилиб турибди. (Афсус, сафимизда телеоператорлар йўқ эди.) Мен эса унга Алексей ҳақида гапириб ўтирибман. Шундан уялдим, шекилли. Гапни бошқа ёққа бурдим. Раҳмат дедим. Олдинда финал эшиги сизни кутиб турибди дедим. Ўзбек тилини Абрамов яхши билгани учунми, ҳаяжонли дамда рус тилида сўз тополмай қолишимданми, ўзбек тилида гаплашган эканман. Охирги гапимни тушуна олмай қолди. Зонадан чиқа туриб ортга қайтди. Ва бир иш билан мени довдиратиб, уялтириб қўйди. У Алексейга бериб қўйишим учун менга 100доллар ташлаб кетган эди. Бу воқеа шовқинда, тиқилинчда, энг асосийси ғалабамиз шодиёнасида бир арзимас эпизоддай ҳаёлим тасма кадридан ўтиб кетди. Ўшанда ҳар бир учраган одам билан диллашиб ғалабамизни байрам қилиб, қувониб тунгача ҳар қаёқларда юрибман. Кейин айтиб ўтганимдай, хонамизга шошилмай кириб келдим.

ТУҒИЛГАН КУН.

Мана хозир ўз хонамизда, нетбугини чиқиллатиб ўтирган Алексей ёнида тикка туриб қолдим. Чип- чут- чип... Нетбукдан товуш чиқар эди. Жимлик. Ширинликлар ёнида, столда 100доллар турибди. Президент бўлмай, пулга сурати чизилмай фалончининг башараси қурсин. Франклинмиди оти қурғури? Иштонига бажариб қўйган гўдак боладай қилган ишимдан уялиб, гуноҳга ботиб, бўзрайиб қотиб қолганман. Абгор аҳволда қолдим. Нега бу ишни қилдим? Бир ногирон журналистнинг туғилган куни мен учун байрам бўлса, ҳаммага буни билдиришим шартмиди? Амрамов учун ман ҳам, Алексей ҳам ким эдик-ки,...

Ётоғимиз икки хоналик, уч ўринлик эди. Қўшни хонага кириб кетдим. Алла маҳал ёлғиз қолдим. Шуҳрат тунда фоеда ўтириб ишлашни ёқтиради. Бир талай газет-пазетларнинг эгаси. Доҳадан туриб уларни саҳифалайди. Мендан бошқа ҳамма ақлли. Битта мен қип-қизил аҳмоқман. Гўдакман. Алексей бу пулни олмаслигини айтди. Тағин кўп гапирди. Тўғри, Абдураҳмон берган 200доллар ёрдам пулини олган эди. Чунки бу пуллар ЎФФнинг ёрдам пули бўлган эди. Пулдан пулнинг фарқи бор, деди. Бир гапи ичимни ўпириб ташлади. Наҳотки, наҳотки дер эдим ўзимга ўзим...

Журналистлар футболчилару мураббийлар ёнига яқинлашиб, тиланишиб юришар экан. Энг жўн баҳона туғилган кун экан. Мен буни билмас эдим.

Мен учун эрталаб байрам бошланди. Алексей ўттиз ёшга тўлган эди. Уни тонгда Алексей билан жимгина нишонладик. Кейин байрам байрамга қўшилиб кетди. Бу қўшалоқ байрамни Шуҳрат билан эмас, ёки ишқибозлар хонасига кирганимда Комилжонни қучоқлаб эмас, умримда биринчи марта учрашиб турган Абрамов билан бўлишаманми? Бунчалар гўдак бўлмасам? Э воҳ!

Ўзимга ҳеч қаердан жой тополмай қолдим. Нахотки...Наҳотки мен... Даҳлизга чиқдим, фоега тушдим. Ҳамма ёқ бегона жой. Томга чиқиб кетдим. У ерда тренажёр хонаси жойлашган. Осмонга тикилиб ўтирдим. Арабнинг Осмони ҳам бегона. Атрофимда ҳеч ким йўқ. Ўкириб йиғлаб юбордим. Бу дунёга мен бегонаман. Мен. Нега дунёнинг бир чеккасидан ўзимга яраша биргина жой тополмайман. Нега? Ҳовуримни босиб олиб. бу воқеадан ўзим учун бирор сабоқ изладим. Хонамизга тушсам, ҳамма ухлаб ётибди. Изтиробларим қоғозга тўрт мисра Сўз бўлиб тушди. Енгил тортдим. Сўз қудрати, қувватини, Сўз давосини, шифосини танам билан ҳис қилдим. Тўртликни нетбук ёнига қўйиб ухлаб қолдим.

 

ЕРГА ҚЎНИШ.

Тошкентга қўнганимиздан кейин, ўша тунда Аэропортдаёқ (“учаргарон” деб қўя қолсам бўлмайдими? Оқилон, Камолон деб номланган даҳаларимиз бор-ку.) оломон ичида Алексей билан ҳайрлашолмай ажралишиб кетган эдим. Ўшандан бери бошқа кўришмадик. Хотирамда бир умрга тунда, нетбукни тақиллатиб ўтирган ҳолати, ё мендан норози кўзлари эмас, эртасига эрталаб ярашиш ё бир ишонч билдириш маъносида менга айтган гаплари эсимда қолди. У билан асосан рус тилида гаплашар эдик. Акрамов билан суҳбатлашиб жипда келар чоғимизда у киши тушунмай қолсин деб, ўзбек тилида пичирлашиб келган эдик. Эрталабки суҳбатда менга ўшани эслатиб, “Гапнинг эгаси” деган ўзбек иборасининг маъносини сўраб қолди. Жўшиб, тўлиб-тошиб гапира кетдим. Русларнинг “Герой рассказа” деган ибораси таҳминан яқин келса-да, у ҳам тўғри келмаслигини айтдим. Ўзбек тилини қизиқиб ўрганаётган Алексейни бошқача ёқтирар эдим. Шу иборани деб, тунги оғир суҳбатни унутиб юборган эдик.

Мана, бадиҳамни тугатиб, ўртамиздан ўтган шаҳсий кечинмаларни бутун ўзбек ишқибозларига достон қилдим. Олти ойдан бери ёзолмай келар эдим. Охири ёздим. Мақсадим Алексейни мадҳ этиш эмас эди. Маддоҳликдан кейин туғилганман. Мавсум бошида Абрамов ҳақида бирор бир бадиҳа ёзмоқ бўлиб, у билан учрашиб суҳбатлашган эдим. Ўша суҳбатда назардан четга чиқиб турадиган бир ҳолатни деб Алексейни, Дохани, тунги воқеани, 100 долларни эслаб кетдим. Абрамов билан миксер зонадаги учрашувдан кейин иккинчи марта учрашган эдим. Ўшанда миксер зонада, ғалабадан қувониб “тиланган” журналистга пул ташлаб кетган эмас эди. У ҳеч қачон инсонни оёқ учида кўрмайди. Жуда бойиб кетган тақдирда ҳам, муҳтожни совғаси, ёрдами, эҳсони билан, асло ўзидан паст қўймайди. У атрофдагиларга жуда эътиборли, ёрдамини бировдан аямайдиган одамдир. Биз атиги ўнта жирналист эдик ўшанда. У албатта, Алексейни таниб қолган эди. Дохада биз ҳаммамиз бир ҳаводан нафас олиб юрган ватандошлар эдик. Мени ҳам танир, ҳам билар ва тушунар эди. Бундай фикрга келишимда иккинчи учрашувимизда эътиборимни тортган бир эпизод қувват бўлмоқда.

“Локомотив” ховлисидан юриб борар эканман, биринчи учрашувнинг кечинмалари юрагимнинг тубида ётар эди. Инсонга баҳо беришда қанчалик ҳадиксираб зийрак бўлишга интилмайин, барибир ҳар бир одамдан яхшилик кутиб унга очиқ юз билан қарар элим. Нима бўлса, бўлсин, майлига. Хозир футболда оддий бўлмаган тақдир эгаси билан, футболимизда ўз ўрнига эга бўлган бир инсон билан, ҳаётда ортиқчалик жабрини тўлиқ тортган одам билан учрашаман. Бу муҳум, менинг ички кечинмаларимдан муҳумроқ, деб юриб борар эдим.

Ўнг томондаги иморатнинг биринчи қаватига кирдик. Бу ерда ошхона бор экан. Футболчилар тушлик қилишмоқда. Мени Абрамов кутиб олиб ўз бўлинмасига таклиф қилди. Залнинг четида бош мураббий учун алоҳида бўлинма бор экан. Учрашувни кутиб, ўзи тушлик қилмаган экан. Иккаламиз учун дастурхон ёздирди. Биргалашиб тушлик қилишимизни сўради. Бу эпизод эътиборимни ўзига қаратди. Ташқаридан келган одам олдига дастурхон ёзиб, унинг қорнини тўйдириб, кейин суҳбат қурса ҳам бўлар эди. Шу билан ҳурмат кўрсатган бўлар эди. Шундай “мардикор” ҳолатида овқат еган дамларим кўп бўлган. У эса менсиз овқат емай мени кутиб турган экан. Бундай нозик эътиборни менга кўрсатди. Мени тавсия қилган Жамолиддинга нисбатан, ё ёшимга нисбатан кўрсатилган ҳурмат эди-да, дерсиз. Йўқ, бу киши ҳар бир одамга нисбатан эътиборли бўлишга одатланиб кетган. Суҳбат олдида рўй берган бу эпизод уч йил олдин миксер зонадан қолиб кетган ҳижолатни дилимдан олиб ташлади. 100доллар ҳикояси барҳам топди. Бутун суҳбат ширин кайфият остида ўтди.

Ҳурмат била, Ҳасанали отангиз.

Киритилган сана: 31.08.2014 16:29. Ўкилди: 11271 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

Билдирилган фикрлар:


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 07:10. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 07:10. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 07:07. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 07:07. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


OSKARKANN
Сана: 02.09.2014 11:32. OSKARKANNга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


MAMRINO
Сана: 31.08.2014 18:08. MAMRINOга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.