Кириш Регистрация
20/11 01:00 Боливия 2-2 Парагвай
20/11 04:00 Колумбия 0-1 Эквадор
20/11 05:00 Аргентина 1-0 Перу
20/11 05:00 Чили 4-2 Венесуэла
20/11 05:45 Бразилия 1-1 Уругвай
21/11 18:00 Пахтакор - ОКМК
22/11 16:00 Нефтчи - Насаф
22/11 18:15 Қизилқум - Навбаҳор

Блог

«InterFutbol» газетаси

InterFutbol газетаси блоги

Мўжиза мисол… Ёхуд Олий лига учинчи турининг тўлиқ шарҳи

Баҳо:
+0; -0

Олий лиганинг 3-турини мўъжизага қиёсласак, бунга қарши чиқадиганлар кўп топилмаса керак. Масалан, ушбу тур баҳслари деярли меҳмонларга аталди. Қатор-қатор қизил карточкаларни айтинг... Тур ўйинларининг 2 ҳафта олдин бошланганию, қачон якунига етиши номаълум бўлиб қолаётгани эса алоҳида масала. Буларнинг барчаси Ўзбекистон чемпионати 3-турига боғлиқ. Аммо ҳаммаси шугина эмас. Дўстлар, мавсум энди бошланмоқда. Модомики, тизимда бирор ўзгариш юз бермаса, бундай «мўъжиза»лардан кўпига гувоҳ бўлишимиз муқаррар...

Нодир сценарий бўйича. Ўтган ҳафта «Қўқон-1912» ва «Сўғдиёна» клубларининг ўз уйларида ғолиб чиқишганини айтмаса, қолган учрашувларда меҳмонлар омади чопди. Айниқса, «Сўғдиёна»нинг «Олмалиқ»ни енгганига алоҳида таъриф бериш керак. Бундай ирода ва ғалабага Европа клублари ҳам ҳавас билан боқишарди. Ҳарқалай, бу даражадаги «ўткир» сценарий кучли бешлик сирасига кирувчи чемпионатларда ҳам кузатилавермайди. Шунингдек, «Нефтчи»нинг сафарда «Навбаҳор» билан дуранг ўйнаганини ҳам таъкидлаш ўринли. Кимдир янги мавсумда «Пахтакор»нинг ўзига келишини кутаётган бўлса, катта силжишга илҳақ қарамай тургани маъқул. Зеро, «шерлар» 3-турда ўз майдонларида биринчи лигадан энди чиққан «Динамо»га 3 очко бериб қўйишди.

Карточкалар бунча кўп? 3-турнинг энг ажойиб баҳслари шанба оқшомида кузатилди. Эътибор қаратинг, шу куни 4тагина ўйинда умумий ҳисобда 5та (!) қизил карточка кўрсатилди. Бу нимадан далолат? Ҳаммаси «воҳа дербиси» саналган «Шўртан» - «Машъал» баҳси билан бошланди. Учрашувнинг 67-дақиқасида Зоҳир Қўзибоев майдондан четлатилди. Қарангки, бу йўқотиш муборакликларнинг 2:0 ҳисобида ғалаба қозонишларига асло халал бермади. Чунки ҳаммаси биринчи бўлимдаёқ ҳал бўлиб улгурганди. Кейинги четлатишлар «Бухоро» ва «Обод» ўртасида кечган ўйинда рўй берди. Аниқроғи, бу учрашувда бир йўла икки футболчи ўз рўпарасида ҳакамнинг қизил тусли қоғозини кўрди. Ҳа, 90Қ3-дақиқа ҳакам Бахтиёр Намозов учун «сермаҳсул» келди. У «Бухоро»дан Роббим Ҳасанов, «Обод»дан эса Наврўз Ҳаи­повни муддатидан бироз вақтлироқ кийиниш хонасига «жўнатди». Четлатишлар силсиласи «Сўғдиёна» - «Олмалиқ»  учрашувида давомийлик олди. Қизиқ томони, бу сафар ҳам айнан сўнгги дақиқаларда ва ҳар икки жамоадан бир нафардан футболчи «қизил» билан жазоланди. Афтидан, ҳакамлар ўйинни «синдирмаслик» учун сўнгги дақиқага қадар сабр қилишган, аммо бошқа илож қолмагач, ахийри чўнтак кавлаб, қизил карточкани олишга мажбур бўлишган, чоғи...

Соф чалкашлик. Ўзбекистон чемпионати 3-тури шундай таассурот уйғотдики, унда аниқликдан кўра, мавҳумлик кўпроқдек. Шарҳимиз кириш қисмида тур ҳали якунига етмаганини тилга олдик. Энг тушунарсиз томони, қолдирилган ўйинларнинг янги муддати ҳам номаълум. Бу учрашувлардан бирида етакчилар - «Бун­ёдкор» ва «Насаф»нинг ўзаро тўқнаш келиши лозимлиги эса вазиятни янада чигаллаштиради. Шунингдек, «Металлург» - «Локомотив» учрашуви аҳамияти ҳам у қадар паст эмас. Айнан шу 2та баҳсга қараб, 3-тур бўйича тўлиқ тасаввур ҳосил қилиш мумкин. Бироқ бунинг учун энди кутишга тўғри келади. Аммо қанчалиги мавҳум... Гарчи тур ўйинлари чала қолган бўлса ҳамки, мусобақа жадвалида катта ўзгариш кузатилгани йўқ. Ахир «Локомотив» ва «Насаф» клублари биттадан кам ўйин ўтказганига қарамай, 2-3-ўринларни эгаллаб турибди, барибир. Пешқадамлик эса «Пахтакор»ни пойтахтда уялтирган «Динамо» қўлида - ҳақли равишда.

Мезбонлик фактори. Ўтган ҳафта фақат 2та ўйинда мезбонлар ғалаба қозонишганини айтдик. Тан олиш лозим, «Қўқон-1912» ва «Қизилқум» ўртасидаги учрашув олдидан майдон эгаларининг имкониятлари у қадар юқори баҳоланмаётган эди. Ҳарқалай, Навоий жамоаси таркибини анча кучайтирган ва унинг сафарда ижобий натижа қайд этиши кутилаётганди. Аммо барчаси бошқача кўриниш олди. Нўъмон Ҳасанов шогирдлари стадион тўла мухлислар қаршисида ўзларини кўрсатиш ишқида борларини беришди. Якунда уларнинг ҳаракатлари бесамар кетмади - Мурод Холмуҳаммедов тўпни «аут»дан ташлаб бергач, у сербиялик Филипп Райевацга насиб этди ва ҳужумчи «Қизилқум» дарвозасини ўққа тутиб, қўқонликларга мавсумдаги илк ғалабани тортиқ қилди.

Тур қаҳрамони - Раду Рогак. «Динамо»нинг ғалабасида бирор футболчини алоҳида кўрсатиш нотўғри аслида. Чунончи, «Пахтакор» асосан жамоавий ўйин ва бирдамлик эвазига доғда қолдирилди. Аммо ўйинда асосий босим ҳимоя зиммасига тушганини ҳисобга олиш керак. Молдовалик легионер Раду Рогак эса бу босимга нафақат дош берди, балки зарур вақтда ҳужумга қўшилиб, ўртадаги 3 очко тақдирини ҳал қилган ягона гол муаллифига айланди. Шундай экан, уни бемалол тур қаҳрамони сифатида таърифлашимиз мумкин. Ишончимиз комил, агар «Динамо» шу таҳлит ўйнашда давом этса, мавсум охирига қадар жамоанинг кўплаб футболчилари тур қаҳрамонлари сафидан жой олишади. Ахир «Динамо» 17 йил мобайнида «Пахтакор»ни сафарда илк марта мағлуб этиш уддасидан чиқди. Бас, унинг футболчилари шундай мавсумда қаҳрамон рутбасини олишмаса, қачон олишади?

Давоми: www.iff.uz сайтида

InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Киритилган сана: 20.03.2017 16:27. Ўкилди: 6937 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.