Кириш Регистрация
20/11 01:00 Боливия 2-2 Парагвай
20/11 04:00 Колумбия 0-1 Эквадор
20/11 05:00 Аргентина 1-0 Перу
20/11 05:00 Чили 4-2 Венесуэла
20/11 05:45 Бразилия 1-1 Уругвай
21/11 18:00 Пахтакор - ОКМК
22/11 16:00 Нефтчи - Насаф
22/11 18:15 Қизилқум - Навбаҳор

Блог

«InterFutbol» газетаси

InterFutbol газетаси блоги

Фрэнк Лэмпард: «Вест Хэм» юрагим, «Челси» эса уйим»

Баҳо:
+0; -0

Ҳар йили Нордофф-Роббинс мусиқа терапияси маркази бирор-бир футбол афсонаси билан учрашув ўтказади. Бу сафар Лондондаги «Гросвенор Хаус Отель» меҳмонхонасига «Челси»нинг собиқ етакчиси, айни пайт «Дерби Каунти» клубини бошқараётган Фрэнк Лэмпард таклиф этилди. Франциянинг France Football ҳафтаномаси бу имкониятдан унумли фойдаланиб, Лэмпард билан суҳбатлашди.

«Бутун ҳаётим давомида Карло отадек меҳнат қилганман»

- Энг аввало таклиф қилганларинг учун раҳмат, - дея гап бошлади Фрэнк Лэмпард. - Сэр Алекс Фергюсон, Брайан Клаф, Стивен Жеррард, Жозе Моуриньо каби афсоналар қаторида бўлишдан мамнунман. Уларнинг барчаларини чексиз ҳурмат қиламан. Лекин мени афсона дейишса, ўзимни ноқулай сезаман. Умуман олганда, афсона нима эканлигини тушунмайман. Буни камтарлик қилиб айтмаяпман. Бутун ҳаётим давомида Карло отадек меҳнат қилганим назарда тутилса, афсона бўлишим мумкин. Ҳақиқий афсона шу ерда ўтирибди. Бу - Жон Терри. Айнан ундан ўрнак олиш керак. Бу мамлакат тарихидаги энг кучли марказий ҳимоячи. Мен учун ҳақиқий афсона бу - Жон.

«Отам оёқларим қийшиқлигини айтганди»

- Бу ерда туришимнинг асосий сабабчиси отам - катта Фрэнк Лэмпард. Айнан у бутун ҳаётим давомида меҳнат қилишга ундаган. Бу гапларни «Дерби»даги шогирдларимга қайтаришдан чарчамайман. Энг муҳими сўз эмас, балки ишдир. Олдинлари бу ҳақда ўйламасдим. Лекин ҳозир шуни ҳис қиляпманки, ҳаётда мен учун энг бебаҳо неъмат иқтидор эмас, балки ота-онамдир. Улар мени тарбиялашди, ўқитишди, шахс сифатида танилишимни таъминлашди. Отам оёғим қийшиқлигини айтиб, кўпроқ югуришим кераклигини тушунтирган. Мен ҳам фақат югурардим. У майдонда ўзим учун шинамлик яратиб олганимни, яхши футболчилар гол уришни билиши лозимлигини таъкидларди. Ваҳоланки, унинг ўзи «Вест Хэм»да 551та ўйин ўтказиб, 18та гол урган, холос. Тўғри, отам чап қанот ҳимоясида ҳаракат қилган. У олдимга юқори мақсад қўйишимни хоҳларди. Отам меҳнаткашликдан ташқари одамларни ҳурмат қилишни, сабрни, мулойимликни ўргатди. Ўшанда бундай тарбиянинг ўта муҳим эканлигини тушунмасдим. Шунингдек, яна икки нафар тарбиячим, опаларим ҳам бўлган. Улар ҳам мени кузатиб юришарди, ҳимоя қилишарди. Бугун бу ерда терма жамоада юзтадан ошиқ ўйин ўтказганим учун эмас, балки оилам туфайли турибман.

«Реднапп мени майдонга туширарди, лекин уни қариндош-уруғчиликда айблашлари мумкин эди»

- Болалигимдан «Вэст Хэм»га мухлислик қилганман. Бу жамоа менинг қонимда. Ҳар қандай англиялик йигитча орзу қиладиган футбол мактабига йўл олдим. Яна бир омадим келгани - Гарри Реднапп нафақат мураббийим, балки поччам (Реднапп катта Фрэнк Лэмпарднинг божаси) ҳамдир. 17 ёшли йигитчани доимий равишда ҳимоя қилиш унга осон бўлмаган. Боз устига, отам ҳам уни тинч қўймасди. Ўттиз ёшларга яқинлашганимда, вазият қандай қийин бўлганини тушунганман. Гарри мени нима учун майдонга туширгани ёки туширмагани учун қариндошлар, жамоа ва матбуотга жавоб қайтариши керак эди. Тўғри, унинг қариндоши бўлганман, мени майдонга туширарди. Бунинг учун уни қариндош-уруғчиликда айблашлари ҳам мумкин эди. Кейин 2001 йили «Челси»га кўчиб ўтди. «Вэст Хэм» юрагим бўлса, «Челси» уйимга айланди. Омадим келгани - мени Клаудио Раньеридек ажойиб мутахассис жамоага таклиф қилганди. Унинг «Лестер»да омади келганидан жуда хурсанд бўлдим. У нафақат футбол соҳаси, балки инсонийлик борасида ҳам кўп нарса берди. Шунингдек, «Челси»нинг собиқ раҳбари Кен Бэйтсдан ҳам миннатдорман («Челси»нинг 1982-2003 йиллардаги президенти). Албатта, уни кўп танқид қилишган, лекин мухлислар унинг клубга қилган ишлари учун шляпаларини ечишлари керак. 23 ёшда эдим ва келажагим қандай бўлишини тасаввур ҳам қила олмасдим. «Вэст Хэм» ажо-йиб клуб. Лекин «Челси» бошқа даража. Жамоа еврокубоклар, олтин медаллар учун кураш олиб борарди. Янги давр бошланганди.

«Моуриньо даврида ўзимга бўлган ишонч ортди»

- Мен камтарин ва уятчан йигитча эдим. Бироқ ҳурматга сазовор бўлиш учун тинимсиз ишлаш керак. Бунинг устига, Жанфранко Зола, Жимми Флойд Хассельбайнк, Эммануэль Пети... каби футболчилар жамоадошларинг бўлса. Мен эса ўта юмшоқ эдим. Бахтимга Жон Терри ва Эйдур Гудьонсенлар ёнимда бўлишган. Ке-йин Жанфранко Золадан ўрнак ола бошладим. У жамоадаги энг кучли футболчи эмасди, аммо машғулотларда ҳеч ким унингдек ишламасди. Ҳеч ким футболга Золадек киришиб кетмаганди. Шунга қарамай, жуда камтар инсон бўлган. Золадек одамлар ўз иқтидорларидан кўра инсонийлик фазилатлари билан клубнинг юзига айланишган. Бу жамоанинг бир бўлаги бўлиш учун нима қилишим кераклигини тушуниб етгандим. Кейин Жозе Моуриньо келди. Унинг қўл остида ҳақиқий футболчига айландим. Моуриньо ким ўзи? Биринчи ўринда - Шахс. Моуриньо туфайли футбол менга яна қувонч улаша бошлади. У менга ўзимга бўлган ишончни қайтарди. Бир сўз билан айтганда, фаолиятимда катта роль ўйнаган.

«Шунчаки, бир оғиз сўз айтиш керак бўлган»

- Яна бир исмни тилга олмоқчиман - Аврам Грант. У Моуриньонинг ўрнини эгаллади ва унинг қўл остида Чемпионлар Лигаси финалига қадар етиб бордик. Жозенинг кетмаслигини жуда истагандим. Кейинчалик Моуриньодек мураббийни алмаштириш жуда қийинлигини тушуниб етдим. Лекин Аврамнинг ўз устунликлари бор эди. ЕЧЛ ярим финали жавоб учрашувидан ўрин олган «Ливерпул»га қарши учрашувдан бир кун олдин у ёнимга келди. Яқинда онамнинг вафот этганини биларди. Ёрдамчиси Хэнк Тен Катедан хонадан чиқиб туришни сўради ва менга мурожаат қилди: «Ўйнай оласанми?». Тўғриси, ўйнай олиш ёки олмаслигимни билмасдим. Аммо унга жавоб бермадим. Кейин Грант кетди, унинг ортидан бошқа ёрдамчиси Стив Кларк келди ва ўша саволни берди. Кейин «Бу ерда нимадир бор. Улар мени туширмоқчи эмасми?» деб ўйлаб қолдим. Лекин таркибга киритилдим ва биз 3:2 ҳисобида зафар қучдик. Мен эса ғалаба тўпини киритдим. Кейинчалик у ушбу саволни футболчига эмас, балки бир инсонга берганини тушуниб етдим. У ерда менинг тайёрлигим ёки тайёр эмаслигим Грантни мутлақо қизиқтирмасди. Шунчаки, яқинда онасидан айрилган инсонга бирор сўз айтмоқчи бўлган. Бунинг учун ундан миннатдорман.

ДАВОМИ

InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Киритилган сана: 22.01.2019 11:14. Ўкилди: 3629 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.