Кириш Регистрация
20/11 01:00 Боливия 2-2 Парагвай
20/11 04:00 Колумбия 0-1 Эквадор
20/11 05:00 Аргентина 1-0 Перу
20/11 05:00 Чили 4-2 Венесуэла
20/11 05:45 Бразилия 1-1 Уругвай
21/11 18:00 Пахтакор - ОКМК
22/11 16:00 Нефтчи - Насаф
22/11 18:15 Қизилқум - Навбаҳор

Блог

«InterFutbol» газетаси

InterFutbol газетаси блоги

Орадан 10 йил ўтиб… ёхуд 2007 йилнинг энг яхши ёш футболчилари ҳозир қаерда?

Баҳо:
+-1; -0

2007 йилнинг ноябрида обрўли журнал - World Soccer томонидан жаҳоннинг энг истиқболли 50 нафар ёш футболчиси аниқланган ва уларнинг келажаклари ёрқин бўлиши тахмин қилинганди.

Мана, орадан 10 йил ўтди. Хўш, топ-50 кўринишидаги рейтинг нечоғли тўғри чиқди? Табиийки, World Soccer элит рўйхатга муносибларни танлаш баробарида айримларга баҳо беришда катта хатога ҳам йўл қўйган.

Чунончи, бўлажак юлдузлар қаторида эътироф этилган йигитларнинг баъзилари чиндан ҳам, юқори даражага кўтарилган бўлсалар, бир гуруҳ футболчилар «ном-нишонсиз» четга чиқишди.

Дейлик, ўша рейтингда 2-ўринни эгаллаган ўйинчи ҳаттоки, Россияда ҳам тўп сурди...

Кимлар ишончни оқлашди?

Гарет БЭЙЛ. Уэльслик футболчи 18 ёшида эндигина «Тоттенхэм» сафига қўшилган ва аста-секин асосий таркибда майдонга туша бошлаганди. Энг қизиғи, «шпорлар» Гаретга чап қанот ҳимоячиси сифатида қарашган.

Кейин ҳақиқий парвоз кузатилди - АПЛда қаҳрамонликлар, ЧЛда «Интер»га қарши ўйинда»хет-трик», 100 миллион евроли трансфер ва «Реал» билан беҳисоб совринлар...

Тўғри, World Soccer таҳлилчилари келажакни аниқ-тиниқ кўриш хусусиятига эга бўлишганида, Бэйлни ўз рўйхатларида 6-ўрин эмас, балки 1 ёки 2-поғонага қўйишарди.

Серхио АГУЭРО. Хабарингиз бордир, аргентиналик ҳужумчи яқиндагина «Манчестер Сити» тарихидаги энг яхши тўпурарга айланди. Айтиш мумкинки, агар жароҳатлар халақит бермаганида, Серхио ҳозиргидан анча кўп гол урарди.

Журнал ходимлари гарчи Агуэрони ўша рейтингнинг юқори ўнлигига киритган бўлсаларда, уларни ортиқча мақташ шарт эмас.

Зеро, Агуэро 10 йил олдин «Атлетико» учун гол ура бошлаган ва Аргентина миллий жамоасида дебютини нишонлашга ҳам улгурганди. Хуллас, бундай йигитни эътиборсиз қолдириш мумкин эмасди.

Анхель ДИ МАРИЯ. Ҳақли равишда эътироф этилган яна бир аргентиналик. Анхель «Бенфика»да яна 2 йилдан кейингина чинакамига нур сочганини ҳисобга олсак, World Soccer унинг иқтидорини олдиндан сезгандек.

Аммо аргентиналик йигитча тўп билан шундай ҳунарлар кўрсатардики, ёрқин истиқболга эгалигини бемалол айтиш мумкин эди. Дейлик, ўша вақтдаёқ заргарона тўп узатишларни қойиллатарди. Хуллас, тенгдошлари орасида яққол ажралиб турарди, худди Рикарду Куарежма каби.

Карим БЕНЗЕМА. Франциялик ҳужумчи ўсмирлигидаёқ «Лион»нинг бошланғич таркибидан жой олиб, мавсум давомида 8та гол уришга эришганди.

Бироқ экспертлар уни атиги 15-ўринга лойиқ кўришган. Бу ғалати, албатта. Нима бўлишидан қатъий назар, вақт ҳаммасини ўз ўрнига тушириб қўйди.

Ҳа, Каримнинг маҳсулдорлиги ўта юқори эмас, аммо у «Реал» ҳужумидаги энг фойдали футболчилардан бири бўлиб қоляпти, барибир.

Месут ОЗИЛ. Бу футболчининг ҳам топ-50га киргани ўз-ўзидан тушунарли. Ахир ўша вақт бундеслигада чемпионлик учун «Штутгарт» ва «Шальке» ўртасида кураш борган.

Месут эса Гельзенкирхен клуби асосий таркибининг тўлақонли вакили сифатидаги илк мавсумидаёқ тажрибали футболчиларга хос ҳаракатлари билан кўзга ташланганди.

Германиялик турк кейинчалик «Вердер» сафига қўшилиб, Бременда икки мавсум қойилмақом даражада тўп сурди, ЖЧ-2010да ёрқин нур сочганидан кейин эса Мадридга кўчиб ўтди. Унинг кейинги тақдири ҳаммага маълум.

Алексис САНЧЕС. Чилилик йигитча 18 ёшида Аргентина чемпионатида «Ривер Плейт» рақиблари кўнглига ғулғула сола бошлаганди.

Оёқларида мустаҳкам турадиган бақувват ва тезкор Алексис айниқса, кучли зарбаларию, юқори техник салоҳияти билан кўзга ташланиб, тез орада Италиянинг «Удинезе» клуби эътиборига тушди.

Санчес айнан «А» сериясидаги бир неча самарали мавсум натижасида еврофутболнинг энг сара юлдузлари қаторига қўшилди ҳамда «Барселона»дан таклиф олди.

Тони КРООС. Немис ярим ҳимоячиси бундан 10 йил олдин «Бавария»нинг биринчи ва иккинчи жамоаси ўртасида сарсон бўлганди. Футбол масаласида ғайриоддий ақл-тафаккурдан бебаҳра қолмаган Тони барқарор равишда жамоанинг юлдузли таркибига талпиниб, таҳлилчилар назарига ҳам тушди.

Бироқ «Бавария» йигитчани ижара асосида «Байер»га юборди ва у айнан Леверкузенда юқори савияда ўйнашга тайёрлигини исботлади. Шу тариқа 25 миллион евро эвазига «Реал»га ўтган Кроос Европадаги энг кучли ярим ҳимоячилардан бирига айланди.

Хуан МАТА. «Реал» 19 ёшли Матани «кераксиз»га чиқаргач, у «Валенсия»га йўл олди ва тез орада асли нималарга қодирлигини амалда кўрсатди.

Дейлик, ўша вақт клубда мураббийлик қилган Роналд Куман фахрий Ангулони захирада қолдириб, ёш Матага ишонч билдирганди. Натижада иқтидорли йигит икки Давид - Вилья ва Сильва билан ажойиб боғлам ҳосил қилиб, ўйинни кескин жонлантирди.

Хуллас, Хуан 23 ёшга тўлгач, «Валенсия»ни катта маблағ билан таъминлаганча Англия премьер-лигасини забт этишга чоғланди.

Иван РАКИТИЧ. Хорватиялик йигитнинг фаолияти тилга олинган юлдузларникидек юқори суръатда ривожлангани йўқ. Иван аввалига «Шальке» асосий таркибига киришда роса тер тўкди, кейин «Севилья»да ҳам ўз ўрнини топишда анча қийналди.

26 ёшида эса барча имтиҳонлардан муваффақиятли ўтиб, чинакам топ-клубда ўйнаш имкониятига эга бўлди. Ҳа, Ракитич «Барселона»да биринчи рақамли етакчи эмас, аммо асосий таркибнинг барқарор вакили ҳисобланади.

Ҳар ҳолда, 3 йилдирки, Каталония жамоасига ўзига яраша ёрдам беряпти.

Кимлар ишончни оқлашмади?

ДАВОМИ

Киритилган сана: 27.11.2017 10:45. Ўкилди: 9475 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.