Кириш Регистрация
21/12 00:45 Верона 0-1 Милан
21/12 01:00 Жирона 3-0 Вальядолид
21/12 17:30 Астон Вилла 2-1 Манчестер Сити
21/12 18:00 Хетафе 0-1 Мальорка
21/12 19:00 Торино 0-2 Болонья
21/12 20:00 Брентфорд 0-2 Ноттингем Форест
21/12 20:00 Ипсвич 0-4 Ньюкасл
21/12 20:00 Вест Хэм 1-1 Брайтон
21/12 20:15 Сельта 2-0 Реал Сосьедад
21/12 22:00 Женоа - Наполи
21/12 22:30 Кристал Пэлас - Арсенал
21/12 22:30 Осасуна - Атлетик Бильбао
22/12 00:45 Лечче - Лацио
22/12 01:00 Барселона - Атлетико
22/12 16:30 Рома - Парма
22/12 18:00 Валенсия - Алавес
22/12 19:00 Фулхэм - Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер - Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед - Борнмут
22/12 19:00 Эвертон - Челси
22/12 19:00 Венеция - Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид - Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм - Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта - Эмполи
22/12 22:30 Леганес - Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас - Эспаньол

Блог

«InterFutbol» газетаси

InterFutbol газетаси блоги

Месут Озилнинг олмонча идрок ва туркча муҳаббати

Баҳо:
+0; -0

Германия термаси ва Англиянинг «Арсенал» клуби вакили, келиб чиқиши турк бўлган Месут Озилнинг немислар бош жамоасидан мустаҳкам ўрин олиши ҳақидаги хотиралари кўпчиликни қизиқтириши турган гап.

Қуйида маҳоратли футболчи бошидан ўтган кечинамаларини ўзи сўзлаб беради.

- Германияда туғилганман, аммо Туркия фуқароси эдим. Ўша пайтларда икки мамлакат фуқаролиги бўлмаган. Албатта, болалигимда мен учун чегаралар мавжуд эмасди.

Қайси бола паспортига қараб, фуқаролиги тўғрисида баҳслашади, ахир? Унга иммиграция сиёсатининг қизиғи борми, у бўш вақтини фуқаролик тўғрисидаги қонунни мутолаа қилиш билан ўтказадими? Табиийки, йўқ.

Вояга етгач, мени ажойиб фаолият кутаётгани маълум бўлди ва бу масалага ойдинлик киритишга тўғри келди. Ўз-ўзимдан сўрашим керак эди: аслида кимман? Немисми ёки турк?

Қачонлардир имкон туғилса, қайси мамлакат шарафини ҳимоя қиламан? Германиями ёки Туркия? Бу каби саволларга саноқли дақиқаларда жавоб топиш осонмас.

Ахир биз майда-чуйда нарса ҳақида гаплашмаяпмиз-ку. Айнан ўшанда қабул қилган қарорим бутун фаолиятимга таъсир ўтказди.

Одатдагидай, мазкур масалани оиламиз даврасида муҳокама қилдик, турли қарашларни эшитдик. Ҳар ким ўз фикрини очиқ-ойдин баён этди ва бунинг учун улардан миннатдорман.

Тўғри, баъзида ҳатто оила аъзоларинг бераётган маслаҳатлар ҳам объектив даражада бўлмайди. Агар ўғил Германиянинг нарига бурчагига бормоқлигини айтса, она бунга қаршилик билдиради - зеро, у фарзанди доим ёнида бўлишини истайди. Буни тўғри тушунаман.

Онам Гулизар Туркия учун ўйнашимни хоҳлаганди. «Ёдингда тут, илдизларинг ўша ерда, - деганди у. - Бувиларинг ва боболаринг турклар юртидан келишган. Ўрнингда бўлганимда, Туркияни танлардим».

Тоғам Эрдоған ҳам шу фикрда эди, унинг сўзларини ҳам диққат билан тингладим. 17 ёшга тўлгунимга қадар Зонгулдакка икки марта борган ва ўзимни яхши ҳис қилган бўлсам-да, у ерни уйим деб билмагандим. Денгиз бўйида чуқур нафас олганимда ҳам ватанга қайтиш ҳиссини туймаганман.

Отам эса онам ва тоғамнинг фикрларига қўшилмади: «Месут Германияда туғилди. Шу ерда мактабга борди. Немис клубларида футбол сабоғини олди. Шунинг учун у Германия термасида ўйнаши керак».

Укам Мутлу бу масалада ўз мулоҳазаларини билдирганда эса кулгим қистади: «Месут Германия учун ўйнаши шарт, - деди у. - Сиз Туркия термасининг энг яхши иштирокини биласизми? 2002 йили Жанубий Корея ва Японияда ўтказилган мундиалда 3-ўрин.

Германия эса 1954, 1974 ва 1990 йилларда жаҳон кубогини ютган». Оилавий йиғин сўнгида синглим Несе ҳам мен билан гаплашгани келиб, чиройли жилмайганча деди: «Менга турклар жамоаси киядиган либослар ёқади».

Шу тариқа, Несенинг фикрини инобатга олмаганда, оиламиз аъзолари билдирган фикрлар тенг бўлди - 2:2. Хўш, менинг қарорим қандай бўлганди? Дастлаб отам каби ўйлагандим, аммо буни очиқ-ойдин айтолмасдим.

Ҳафталар давомида турли вариантларни кўриб чиқдим. Кўпинча кроватимда ётган кўйи майдонга немислар термаси сафида тушаётганимни хаёлимдан ўтказардим. Ниҳоят, бир тўхтамга келдим.

2006 йилнинг баҳорида яқинларимни қароримдан бохабар, қилдим. Ўшандаёқ отам билан Туркиянинг Мюнстердаги бош ваколатхонасига паспортимни топшириш учун бордик.

Онам ва тоғамни хафа қилиб қўйганимда, қайғуга тушган бўлсам-да, орзуларим рўёбидаги илк қадам мени қувонтирганди. Аммо ўша куни паспортимни топширишга имкон беришмади ва энди Мюнстердан Гельзенкирхенга 80 км. йўл босиб қуруқ қўл билан қайтишга тўғри келди.

Шунга қарамай, эртасига яна Туркия бош ваколатхонасига бордик. Кутдик, кутишдан чарчамадик. Ва ниҳоят, у ердагилар талабимизни бажаришга мажбур бўлишди.

Ўша даврга келиб кўп нарса ойдинлашганди. 2006 йилнинг сентябрида 17 ёш 10 ойу 21 кунлигимда илк бор Германия U-19 термаси сафида майдонга тушдим.

Мазкур жамоа учун 10 учрашувдан ортиқ ўйнадим ва бу давр Дитер Айльтс мени U-21 жамоасига ўтказгунича давом этди. FIFA қоидаларига кўра, ёшлар термасида ўйнаш миллий жамоани танлашга тўғаноқ бўлолмайди.

Лекин мени энди бу савол қизиқтирмас, ўз қароримни аллақачон қабул қилгандим.

Ўша пайтда Дортмундда жойлашган турк футбол ассоциациясининг Европа бўлими бош скаути Метин Текин (ҳозир бу ташкилот Кёльнда) бир нечта баҳсда Германия ёшлари таркибида майдонга тушганимдан сўнг отам билан мулоқотга чиқди ва Туркия термаси сафида майдонга чиқишим лозимлигига уни кўндирмоқчи бўлди.

Мени турклар машғулот ўтаётган лагерга таклиф қилишди ва жамоанинг ўша пайтдаги бош мураббийи Фотиҳ Терим 2009 йил февралида Кот-Д~Ивуарга қарши учрашувда мени албатта, таркибга қўшишга ваъда берди.

Ҳамит ва Ҳалил Олтинтўплар ҳам ассоциация илтимоси билан мени шу қадамни ташлашга чорлашди.

Ҳамма қароримни муҳокама қилишга тушганди. Аммо Германия ва Туркия ўртасидаги келишмовчиликда айбдор эмасдим. Ҳеч қандай ёмон иш қилмаган, шунчаки, якуний қароримни эълон қилгандим, холос. Ўша кезлари «Вердер» сафида тўп сурардим.

Туркиялик журналистлар машғулотлар лагерида мени саволларга кўмиб ташлашди. Турк жамоаси мураббийининг ёрдамчиси Муфит Эркасап ҳам мулоқот қилиш учун атайин Истанбулдан келганди.

Аммо мен на у ва на журналистлар билан гаплашдим, чунки тақдиримга бошқалар аралашишини истамасдим.

Йоахим Лев Норвегияга қарши ўйинда иштирок этишим учун термага жалб қилгач, матбуотчилар, ҳаттоки, немис сиёсатчиларининг ҳам менга бўлган қизиқиши ортди. Германия миллий жамоаси сафида майдонга чиқишим бу қадар шов-шув кўтаришини кутмагандим.

Кейинроқ Туркия футбол ассоциациясининг Европа бўлими директори Ҳоқон Эсероглу Bild нашри орқали мени айблади: «Месут яхши футболчи, жасоратли йигит. Аммо у атрофидагилар таъсирига тушиб қолади». Ғирт ёлғон.

Германия термаси сафида илк бор майдонга тушганимда, сайтимни вақтинча бўлсада ёпиб қўйишга тўғри келди - номимга билдирилган ёмон фикрлар бунга сабаб эди. Германия фойдасига чиқарган қарорим Туркияга нисбатан ёмон фикрдалигимни билдирмайди, асло.

2009 йилнинг 11 февраль куни 20 ёш 3 ойу 27 кунлигимда Германия миллий жамоаси таркибида дастлабки ўйинимни ўтказдим. Аниқроғи, баҳсни захира ўриндиғида - Тим Визе, Томас Хитцльспергер, Симон Рольфес ва бошқалар билан бошладим.

Мазкур учрашув Германия термасининг ўша йилдаги илк ўртоқлик баҳси бўлиб, у ЖЧга саралаш бошланишидан 6 ҳафта аввал ўтказилгани билан ҳам эътиборли эди.

Танаффусда мураббий бир нечта ўзгаришни амалга оширди - Пер Мертесакер, Андреас Хинкель ва Мирослав Клозенинг ўрнига майдонга Сердар Ташчи, Андреас Бек ва Патрик Хельмес туширилди. Бу ўта оғир учрашув бўлганди.

Биз нима қилишни билмасдик, босим ўтказолмасдик. Кристиан Гриндхайм бурчак зарбасидан гол уриб, ҳисобни Норвегия ҳисобига (1:0) ўзгартирди. Дюссельдорф стадионига йиғилган мухлисларнинг кайфияти тушиб кетди.

Йоахим Лев эса ўзгартиришларни давом эттирарди - Марио Гомесни Штефан Кисслингга, Торстен Фригсни эса Марко Маринга алмаштирди. 78-дақиқага келиб эса Петр Троховскининг ўрнига мен тушдим ва 12 дақиқа ўйнадим.

Менга аталган ҳуштакбозликлар узоққа чўзилмади. Тезлик олаётганимда секин бўлсада номимга билдирилган маъқулловчи гаплар янгради. Қисқаси, майдонга немислар либосида тушганимда ноқулай аҳволга тушмадим.

Аслида, шароит яхши эмасди. Фанатлар норозилиги ортар, жамоа ўз меъёрига туша олмас, ҳисоб ҳам «нотўғри» эди. Албатта, майдонга тушиганимдан қувондим.

Германия 1936 йилдаги Олимпиада ўйинларидан бери Норвегияга ютқазмаганди. Ушбу мағлубиятдан кейин эса (бунгача ноябрда Англия термасига ютқазиб қўйгандик) матбуот устимизга бир тонна ғишт ағдарилгандай танқид ёғдирди.

Зеро, 1956 йилдан бери Германия термаси қаторасига икки уй ўйинини бой бермаганди. Микст-зонадан стадионни тарк этаётганимда, мухбирлар мендан «Германия термасини танлаганингиздан афсусланмаймизми?», - деб сўрашди.

Албатта, афсусланмасдим, аммо бундай аҳмоқона саволга жавоб беришни истамадим.

Германия термаси учун 12 дақиқа ўйнаш мени шу юрт термасига боғлаб қўймаганди, чунки ФИФА қоидаларига кўра, Норвегияга қарши ўтган ўйин расмий мақомга эга эмасди.

2009 йил августида Озарбайжонга қарши баҳсда майдонда 6 дақиқа ҳаракат қилдим ва шу билан шахсимга нисбатан билдирилаётган турфа фикрлар қисман ниҳоясига етди, аммо батамом эмас.

Кульминация 2010 йилнинг октябрига тўғри келди - ўшанда Германия Берлинда Европа чемпионати саралаши доирасида Туркия термасини қабул қилди.

Менинг танловимни муҳокама қилмаган бирорта ҳам ОАВ қолмади, ўшанда. «У турк, асло немис эмас. У Германия билан қандай қилиб фахрланиши мумкин?» каби саволлар янгради. Аммо бу қарашларнинг бари пуч ёнғоқдай эди.

2010 йилнинг октябри. Берлинда Туркия термасига қарши ўйнаяпман. Волкан Демирел дарвозасига тўп киритгач, голимни нишонламадим, чунки бу ҳурматсизлик эди. Гап учрашув ёки 3 очко ҳақида эмасди.

Ҳатто айримлар баҳсдан сўнг бутсаларимнинг рангини муҳокама қилишди. Масалан, бир газета ранг танлашим орқали (қизил ёки оқ) туркиялик фанатларга Германияни танлаган бўлсам-да, Туркияга яқинлигимни исботлашга интилишим мумкинлиги билан қизиқди. Аммо мақсадим бу эмасди.

Ўта оғир кечган баҳснинг 79-дақиқасида Филипп Лам менга аниқ «пас» берди ва кутилмаганда рақиб дарвозабони билан бирга-бир чиқдим - 2:0, Германия фойдасига. Лекин голни байрам қилмасликда давом этдим. Чунки юрагим немисча ва туркча уради.

Ўйиндан сўнг дарҳол душхонага йўл олганим боис, кийим алмаштириш хонасидаги воқеалардан бехабар эдим. У ерга чиққанимда эса кутилмаган меҳмон - Германия канцлери Ангела Меркель менга қўл узатди:

«Ғалаба билан табриклайман, Месут, - деди Меркель хоним. - Голингиз билан ҳам. Баҳс қанчалик оғир бўлганини тасаввур қиляпман. Бутун ўйин давомида кузатилган ҳуштакбозликлардан ташвишга тушмаганлигингиз билинди».

Канцлер хотиржам оҳангда гапирар ва кўзларимга тик боққанча турарди. «Бугунгидан ҳам қийинроқ ўйинлар бўлган, - жавоб қилдим мен.

- Голни нишонламаганимнинг боиси провокацияларга сабабчи бўлиб қолмаслик эди». «Ҳаммасини ажойиб тарзда уддаладингиз», - деди Меркель.

Биз яна бир неча дақиқа суҳбатлашдик. Рақиб футболчиларининг ўзларини тутишидан қойил қолганимни айтдим. Ўйиндан сўнг Туркия термаси сардори олдимга келиб, футболкаларни алмаштиришни сўради.

Жуда хурсанд бўлдим. Рақиблар менинг қароримдан норози кайфиятда эмаслиги, мени тўғри тушунишганидан бошим осмонга етганди.

ОАВда канцлер билан тушган суратимиз тарқалгач, вазият тамомила ўзгарди. DieZelt мени «намунали иммигрант» деб атади, номим масалага оид муҳокамаларда тилга тушди.

Баъзилар ижобий фикр билдиришса, айримлар менинг ибратли бўла олмаслигимга сабаб сифатида немисчада бирорта гапни грамматик хатоларсиз ёзолмаслигимни кўрсатишарди. Футболдан бўлак ҳеч нарсани билмаслигимни таъкидламоқчи бўлишарди.

Ҳеч қачон бундай муҳокамаларда қатнашмадим, ўзимни бошқалардан юқори қўймадим. Зеро, узоқ ўйланишлардан кейин Германия учун ўйнашга қарор қилгандим. Ўз ишимни яхши бажардим.

Туркияда ҳам, Мадридда ҳам яхши яшадим, ҳозир эса Лондондаман. Айримлар ўзларининг бемаъни саволларига жавоб олишга интилишда давом этишяпти:

«Хўш, кимлигингни айт? Немисмисан ёки турк? Кўпроқ қаерда бўлишни истайсан? Германиями ёки Туркия? Улардан бирини танлашинг керак. Ҳар иккисини танлай олмайсан. Фақат оқ ёки қизил вариантлар бор. Худди турк ёки немис бўлгани каби».

Олдимда биргина савол турганди: Германия учун майдонга тушайми ёки Туркия? Оддийроқ айтганда, улардан бирини танлашим шарт эди. Лекин мени шошилтиришгани доим ҳам ёқавермайди.

Сен икки хил маданиятга тааллуқли бўлишинг ва бу билан мағрурланишинг, юрак бир пайтнинг ўзида немисча ва туркча уриши, немисча ўйлашинг ва ўзингни турк деб билишинг мумкин.

Интеграция шундай ишламоқда - ўзаро ҳурмат асосида, худди бирор катта футбол клубида бўлгани каби. Босимларга қарамай, немислар термасининг бир бўлаги эканлигимдан фахрланаман ва Туркия билан тескари бўлиб қолмаганимдан бахтиёрман.

И.ОБИДОВ тайёрлади

Киритилган сана: 27.11.2017 10:43. Ўкилди: 6513 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.