Кириш Регистрация
20/11 01:00 Боливия 2-2 Парагвай
20/11 04:00 Колумбия 0-1 Эквадор
20/11 05:00 Аргентина 1-0 Перу
20/11 05:00 Чили 4-2 Венесуэла
20/11 05:45 Бразилия 1-1 Уругвай
21/11 18:00 Пахтакор - ОКМК
22/11 16:00 Нефтчи - Насаф
22/11 18:15 Қизилқум - Навбаҳор

Блог

Қаҳрамон Асланов

25-кадр

"Ромарио фалсафаси"

Баҳо:
+0; -0

90-йиллардаги футболимиз ҳақида гап кетганида, кўпчилик, ўша пайтларда собиқ иттифоқнинг турли лигалаларида тобланган футболчилар олий лигамиз савиясини юқорида ушлаб турганликлари ҳақида гапиришади. Лекин фақат шумикин, масалан, илк чемпионатда Кечинов энг яхши тўпурар ва ўйинчи бўлган. 1994 йилдаги олий лигамиз ҳам эсимда, тўпурарлар баҳсида Олег Шацких, Мухтор Қурбонов ва Жаъфар Ирисметовлар беллашишган. Кечинов ўшанда 18, Шацких ва Қурбоновлар 19, Ирисметов 18 ёшда бўлганлар. Қурбонов бизнинг мактабда ўқиган, аниқ биламан, ростанам 19 ёшда бўлган.

Собиқ иттифоқ лигаларида тобланган кучли футболчилар тўлиб ётган даврда клубларимиз мураббийлари бу ёш футболчиларга имкон беришларига нима мажбур қилган экан-а? Парадокс шундаки, аслида, ёш футболчиларнинг футболга кириб келишларини осонлаштириш учун ташкил қилганимиз – Ёшлар Лигаси у пайтларда йўқ эди.
Кейинчалик биз ўринбосарлар ўртасида чемпионат ташкил қилиб, бу ёшлар футболи ривожига хизмат қилади дедик. Кейинчалик, ёшлар майдонга туширилмаяпти, деб ўринбосарлар номини ёшлар лигасига ўзгартирдик. Бир неча клубларимиз академиялар ташкил қилишди, миллиардлаб пуллар сарфланмоқда. Лекин натижа ўша ўша ҳам эмас ҳатто, ўн саккиз ёшли бомбардирларни кўрмаяпмиз клубларимизда.

Ёш футболчи ёшлар лигасида ўз пайтини пойлаб юраверади. У клуб асосий таркибида деярли майдонга тушмаслиги, айтайлик, келаси йил учун асосий таркибдан жой нақд қилиб қўймаслиги ҳам мумкин. Бу ҳолат уни кўп ҳам хавотирга солмайди. У ахир клуб қобиғи ичида, футбол ўйнамоқда, тирикчилик ўтмоқда – асосий таркиб эса бир кун келади. Қаранг, “Барселона” санкциялар туфайли, бир неча йил ёш футболчиларни заявка қила олмайди. Шунинг ўзи ҳам клуб доирасидаги ёшларнинг бирин кетин Барселонани тарк этишларига сабаб бўла оляпти. Деярли ҳеч бири, сабр қилиб юруврай Барселонадек жамоа қобиғида, бир кун майдонга тушарман, демаяпти.

Тўғри, бироз ғалати гаплар ёзяпман. Футболчиликнинг касб сифатида шаклланиши жуда муҳим жиҳат, академиялар, ёшлар лигаси, буларнинг ҳаммаси мана шу йўлда амалга оширилаётган ишлар, профессионализмнинг кўриниши, қўшиламан. Аммо агар 18 ёшли бомбардирга қўрқмасдан имконият берадиган ўша тўқсонинчи йиллардаги мураббийларсиз, бу профессионализм бизга қандай ёрдам беради? Футболчиларни борига рози бўладиган, дангасароқ, олдинга интилмайдиган, вазиятни ўзгартиришни истамайдиган қилиб қўймаяптими?

Ҳар қандай керакли дорининг ҳам ножўя таъсири бўлади ва баъзи беморларга зарар беради. Масалан, Африка баъзи ўлкаларида чинакам профессионал клубларнинг йўқлиги, у ердаги иқтидорларнинг келажаги суғурталанмагани туфайли, ёшлар жон жаҳдлари билан Европага интиладилар ва бу ўз навбатида Африка терма жамоалари савиясини оширади. Савол туғилади, агар у ерларда ҳам футбол соҳасини тўлиқ профессионаллаштирилса, вазият ижобий томонга кетадими ёки салбий? Менимча, иккинчиси...

Ромарио ёшлар ўртасида ҳам, катталар ўртасида ҳам жаҳон чемпиони бўлган. Ундан ушбу совринларнинг қайси бири қадрли эканини сўрашганда, кутилмаган жавобни беради:
- Менга ёшлар ўртасида қўлга киритган совриним қадрлироқ. Чунки, ўшанда мен бу бошланиши эканини, келажакда мени бошқа ютуқлар кутиб турганини билиб турганман.

Ромарио бу жавобни карьерасининг сўнгги паллаларида берган. Яъни у кейинчалик катталар ўртасида жаҳон чемпиони бўлди, бундай жавоб ярашаверади. Аниқ ишонаманки, бу савол аввалроқ берилганида, Ромарио энг муҳими катталар ўртасидаги олтин медал экани, шунга ҳаракат қилиши, агар катта бўлиб ҳеч нарсага эришмаса, ўсмирликдаги соврин бир чақага ҳам арзимаслигини жуда яхши биларди.

ОФК томонидан Осиёнинг энг яхши ёш ўйинчиси деб тақдирланган Достонбек Ҳамдамовдан шунақароқ савол сўралса, албатта, бугунги совриннинг муҳим эканини айтади. Энг ёмони, карьерасининг сўнггида ҳам худди шундай жавоб берар, балки. Энг қўрқинчилиси, ўша жавоб остида Ромарио фалсафаси эмас, шунчаки, бундан бошқа совриннинг бўлмагани ётади, эҳтимол. Қанийди, адашаётган бўлсам.

Киритилган сана: 23.12.2015 12:53. Ўкилди: 9974 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

Билдирилган фикрлар:


LEADERMAN
Сана: 23.12.2015 13:35. LEADERMANга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


LEADERMAN
Сана: 23.12.2015 13:32. LEADERMANга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.