Кириш Регистрация
21/12 00:45 Верона 0-1 Милан
21/12 01:00 Жирона 3-0 Вальядолид
21/12 17:30 Астон Вилла 2-1 Манчестер Сити
21/12 18:00 Хетафе 0-1 Мальорка
21/12 19:00 Торино 0-2 Болонья
21/12 20:00 Брентфорд 0-2 Ноттингем Форест
21/12 20:00 Ипсвич 0-4 Ньюкасл
21/12 20:00 Вест Хэм 1-1 Брайтон
21/12 20:15 Сельта - Реал Сосьедад
21/12 22:00 Женоа - Наполи
21/12 22:30 Кристал Пэлас - Арсенал
21/12 22:30 Осасуна - Атлетик Бильбао
22/12 00:45 Лечче - Лацио
22/12 01:00 Барселона - Атлетико
22/12 16:30 Рома - Парма
22/12 18:00 Валенсия - Алавес
22/12 19:00 Фулхэм - Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер - Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед - Борнмут
22/12 19:00 Эвертон - Челси
22/12 19:00 Венеция - Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид - Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм - Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта - Эмполи
22/12 22:30 Леганес - Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас - Эспаньол

Блог

Қаҳрамон Асланов

25-кадр

Янги тажриба. Автодебат.

Баҳо:
+1; -0

ПОГБАНИНГ РЕКОРД СУММАГА СОТИБ ОЛИНИШИ ТЎҒРИМИ?


ЙЎҚ!
Пол Погбанинг юз миллиондан ортиқ баҳо эвазига сотиб олиниши ҳар томондан қараганда нотўғри, деб ҳисоблайман. Бир футболчи трансфер қиймати борасида рекорд қўяр экан, аввало, унга дунёнинг энг кучлиларидан бири сифатида қарашга ва бошқалар билан таққослашга мажбурмиз.
Бошқа бир Пол, бир пайтлар "Манчестер Юнайтед" сафида Погбанинг ўйнаб кетишига ҳалақит берган Скоулз ушбу трансфер ҳақида фикр билдирар экан, "юз миллионга олинадиган футболчи бир ўзи бир жамоани янги даражага олиб чиқа оладиган, мавсум давомида элликдан ортиқ голлар киритиб, жамоасига соврин олиб бера оладиган бўлиши кераклиги"ни қайд этди.

Мен ҳам шу фикрларга қўшиламан. Хусусан, аввалги трансфер рекордчилари Марадона, Зидан, Кака, Роналду, Бэйл каби футболчилар ўртасидаги умумийликни илғашга ҳаракат қилар эканмиз, бир жиҳатни кўрамиз - бу футболчиларнинг барчаси трансфер қилинишдан олдин ўйнаган клубларида якка ҳолда учрашувлар тақдирини, ва ҳатто турнирлар тақдирини ҳал қила олишган. Погба сўнгги йиллардаги "Ювентус"нинг энг яхши ўйинчиси бўлса-да, бундай таърифни бера олмаймиз. Ҳа, у энг яхши, лекин бир ўзи жамоани ўзгартириб юборадиган даражада эмас.

Иккинчидан, Пол ёшлигида "Манчестер Юнайтед" таркибига кира олмай, айнан Италияда ўйнаб кетди. Маълумки, Италия А Серияси умумий жиҳатда савия ва ижрочилар маҳорати, ўйинлар шиддати бўйича Англиядан сезиларли даражада ортда қолади. Буни оддий статистика билан ҳам исботлаш мумкин. Шу пайтгача Италияда ўзини кўрсата олган футболчилар Англияда кўнгилдагидек ўйнаб кета олишмаган. Оддий мисол қилиб, Куардадони кўрсатиш мумкин. У "Фиорентина" сафида лига юлдузларидан бири эди, "Челси"га келиб ўзини кўрсата олмади. Италияга қайтиб бориб, "Ювентус" аъзосига айлангач, яна эски даражасига чиқди.

Пол Погба ҳақиқий юлдуз сифатида фақат Италия клубида порлади. Ҳатто бошқачароқ муҳитдаги Европа чемпионатида ҳам жамоасини олдинга бошлай олмади. У ҳақиқатан топ футболчими ёки "А Серия" юлдузими, буни ҳеч ким айта олмайди. Мана шундай риск мавжуд бўлган вазиятда жуда катта пул сарфлаш кўр-кўроналик эмасми? Тўғри, Жозе Моуриню биздан яхши билади, унга тескари гапириш бироз ғалати туюлиши мумкин, аммо юқорида тилга олинган Куардадони ҳам айнан Моуриню Лондонга олиб келган. Оқибатни кўрдингиз, Куардадо фақат А Серия юлдузи бўлиб чиқди.

Учинчидан, бундай катта баҳога, айниқса, ҳали тўлиқ шаклланмаган ёш футболчини олиб келиш, футболчи ва жамоага ортиқча босим юклаши ҳеч гап эмас. Погба ҳар қанча юлдуз бўлмасин, Англия футболи унинг учун янги, эски даражани кўрсатиш тугул, ҳатто мослашиш учун вақт керак. Шунча катта пулга келган футболчидан эса, шунчаки ўйнаб кетиш эмас, жамоани олдинга бошлаш талаб этилади. Бу талаб футболчига ортиқча босим юклаши ҳеч гап эмас. Масалан, Мемфис арзонроқ пулга келган бўлса-да, мана шундай улкан босим билан келди, ҳамма ундан етакчиликни қўлга олишни талаб қилди. Бу юкни эса ёш футболчи кўтара олмади. Яхшиямки, Антони Марсиял мавсум олдидаги умидларни бироз унуттирди, акс ҳолда "МЮ"нинг муваффақиятсиз мавсумининг иккинчи айбдори сифатида Мемфис тилга олинаверган бўларди.

Погбанинг характери, уни олиб келиш давридаги шов-шувлар, катта маош агар футболчининг кейинги фаолиятида тўлиқ акс этмаса, бу жамоа муҳитининг бузилишига ҳам олиб келади. Моуриню Погбани тилаб олгани сир эмас. Айтингчи, Погба ва Шнайдерлин бир хил савияда ўйин кўрсатишса, ким майдонга тушади? Шнайдерлин устунроқ бўлсачи? Мураббий ўзига душман эмас, лекин шундай бўлса ҳам, бошқа мураббий олиб келган Моргандан кўра, Погба кўпроқ имкониятга эга бўлади. Шунча пулга олинган футболчи узоқ вақт захирада қолиши мураббийнинг ўз хатосини тан олиши билан баробар бўлиб қолиши мумкин. Куардадо ёки Салаҳда бу эътиборсиз қолар, "Юнайтед" биринчи ўринда юрса кечирилар, аммо бошқа ҳолатларда мураббийни ноқулай аҳволга солади. Жозе буни Погбанинг адаптация жараёни билан боғлаши мумкин, аммо Морган Шнайдерлинчи? Матачи? Жамоада соф рақобатнинг йўқлиги ҳақидаги фикрлар футболчилар кайфиятига ва муҳитга таъсир қилади, шубҳасиз.

Погбанинг айнан Манчестердан текинга қўйиб юборилгани ҳам трансферни бироз кулгили, "Манчестер Юнайтед" учун хунукроқ кўрсатмоқда. Ўз академияси ва иқтидорлари билан, клубнинг ҳар қандай номдан устун туриши-ю ва бошқа кўп жиҳатлари билан мақтанадиган жамоа рекорд суммага ўзи ташлаб юборган болани қайтариб олиши клуб имижига салбий таъсир кўрсатаётганини сзиш қийин эмас.

Шунингдек, "Манчестер Юнайтед"нинг ўтган мавсумдаги ўйинларидан келиб чиқиб, жамоада кучайтирилиши лозим бўлган бир неча позицияларни пайқаш мумкин эди. Йирик трансфер эса, баъзи нуқталарга кўз юмилишига ёки имкон қадар тежамкор вариантларни қидиришга олиб келади. Погба ўрнига айнан унинг вазифасини бажара оладиган Канте ёки Матиюди каби футболчиларни арзонроққа олиб, қолган пулга бир нечта оғриқли позицияларни ёпиш мумкин эди. Ёки Погбанинг пули бир нечта савияли ижрочилар комбинациясини сотиб олиниши мумкин эди. Ўз жамоасини қураётган янги мураббий учун айнан ўзи учун мос бўлган ўйинчиларнинг кўпроқ бўлиши мақсадга мувофиқ. У ёки бу трансфернинг ўхшамай қолиши ҳолатини "ёпиш" осонроқ кечарди. Погба ҳолати кўпроқ "ё чакка ё пукка"ни эслатиб юбормоқда.

Бундан ташқари, Пол Погба ҳозир ҳар қанча баландпарвоз гапирмасин, унинг учун "Реал" қизиқарлироқ бўлганини пайқаш қийин эмасди. Фақатгина "МЮ"нинг қатъияти ва агентнинг сайи ҳаракатлари билан Погбани кўндириш насиб қилди. Шу билан, Погбанинг "Реал" ёки "Барселона" орзуси тугаганига кафолат борми? Эсингизда бўлса, Погбанинг 2009 йилда "Гавр"дан Манчестерга келиши ҳам жанжалли тус олган, ҳатто Франция клуби футболчини судга берганди. Унинг "Юнайтед"нинг тарк этиши ҳам силлиқ кечмаган. Ҳали йигирма ҳам тўлмаган футболчи Фергюсондан асосий таркиб учун кафолат талаб қилган, мураббийнинг унга ишониши ҳақидаги ваъдаларига қарамасдан, агентининг гапига кириб, клубни тарк этганди. Ҳозирда Моуриню Погба ҳақида келажак ўн йилда жамоа етакчиси бўлишини айтаётгани билан, Погбанинг ўзи ростан ҳам ўз келажагини фақат Манчестерда кўряптимикин? Погба ҳали ҳам ўша Погба, унинг агенти ҳам ўша, ўзгаргани йўқ.

Арслонбек Қаҳрамонов


ҲА!
Авваламбор, "МЮ" бир пайтлар ўзи текинга қўйиб юборган футболчини рекорд баҳога қайтариб олиб, ўз хатосини тузатаётгани ҳақидаги фикрларга чек қўйиш керак. Погбанинг Манчестердан кетиши ва Погбанинг Манчестерга келиши - иккита алоҳида ходиса. Ўшанда "МЮ" ўз таркибига кира олмаётган ва кетишни истаётган ёш футболчига ялинишни истамаган ва қўйиб юборганди. Ҳар қандай клуб шу йўлни тутган бўларди. Ҳозир эса, ўзи учун муаммоли бўлган позициясига шу позициядаги дунёнинг энг яхши ўйинчиларидан бирини сотиб олмоқда. Агар пули бўлса, ҳар қандай клуб шу ишни қилган бўларди. Бу ерда хато кўрмаяпман.

Погба дунёдаги энг қиммат футболчими? Ҳа. Бу унинг дунёдаги энг зўр футболчи эканини англатадими? Йўқ. Погба сотилаётган футболчилар ичида энг баланд баҳодагиси холос. Масалан, ҳозир сотилмаётган Месси, Неймар, Бэйл каби футболчилар Погбадан қимматга сотилган бўлардилар. Демак, Погбанинг баҳосидан келиб чиқиб, уни саналган футболчилар билан таққосламасликларингизни, агар таққосланиш керак бўлса, бозорга чиқиб, 90 миллионлик Игуаин, 60 миллионлик Сане ёки 40 миллионлик (исмини ёзмадим, чунки танимайман) футболчилар билан солиштириш кераклигини илтимос қиламан. Бундай бозорда ЕЧЛ ва Евро финалчиси ва А Сериянинг энг яхши футболчиси бўлган Пол Погбанинг трансфери ғалати туюлмайди.

Давом этамиз. Агар "МЮ"нинг йиллик тушумларига нисбатан Погба трансферини таҳлил қиладиган бўлсак, у жамоа тарихидаги энг қиммат трансфер бўлмай қолади. Айтилишча, "МЮ" томонидан Погба учун тўланган пул клубнинг ўтган мавсумдаги даромадларининг 18 фоизини ташкил қиларкан ва бу кўрсаткич клуб тарихидаги учинчи поғонада. Бу нуқтаи назардан Хуан Верон ва Рио Фердинандларнинг трансферларининг салмоғи каттароқ бўлган. Ушбу футболчилар ўша пайтда атиги 28-30 миллион фунт евро эвазига сотиб олинганини эсласак, ўша пайтдаги бозор билан бугунги бозор ўртасидаги фарқни яққол кўрамиз. Ўша пайтларда бу трансферлар энг шов-шувли ёки рекорд воқеалар бўлишмаган. Гап фақат инфлацияда эмас, шунчаки, бугунги кунда футбол клубларининг даромадлари кескин равишда ошиб кетди. Футболда каттароқ пуллар айлана бошланди, демак футбол товарларининг қиймати ошиб кетди. Шундан келиб чиқсак, Зидан ёки Фигунинг трансферлари Погбаникидан кўра қимматроқ ва салмоқлироқ бўлганини кўрамиз. Бугунги кунда Зидан ёки Роналдиньо сотиладиган бўлганида, Погбадан анчагина қимматроққа сотилган бўлардилар, бу шубҳасиз.

Яна шуни қўшимча қилиш мумкин, агар "Кристал Палас" клуби ўз даромадининг 18 фоизига бир футболчи сотиб олса, у 15 миллион фунтлик футболчи олиши керак экан. Лекин биз бу клубнинг ҳатто 25-30 миллионга ҳам футболчи олаётганини кўрмоқдамиз, лекин ҳеч ким уларни аҳмоқликда айбламаяпти, тўғрими? Айтмоқчиманки, Погбанинг трансфери даромад/ҳаражат нуқтаи назаридан у қадар катта воқеа эмас, бугунги кунда бу даражада рекордга айланиб кетгани эса, шунчаки, футбол юлдузларининг оз экани ва сотилмаётганидан дарак холос.

"Юнайтед" Канте ёки бошқа футболчини сотиб олиш орқали, ўз муаммосини ёпиши ва бемалол мавсумга тайёргарлик кўриши мумкин эди. Албатта, бош мураббийда бундай вариант ҳам бўлган, агар Погба ўхшамай қолганида, ҳаёт тўхтаб қолмасди. Аммо Погбанинг трансфери шунчаки, маълум позицияни ёпишга қаратилмаганди. "Юнайтед", умуман Англия, ушбу трансфер орқали, янги даврни бошламоқда. Сабаби, қарийб 10 йиллардан бери, инглиз клублари ҳар жабҳада испан грандларидан ортда қолаётгандилар. АПЛ клублари умумий ҳисобда ҳар қанча пул сарфлашмасин, дунёнинг энг зўр ўйинчилари барибир ё "Реал" ёки "Барселона" сафида эдилар. Бу трансферни Европа футболи мувозанатидаги ўзгариш олдидан бир чақирув деб баҳолаш мумкин.

Жамоанинг ички кайфияти борасида ҳам бу муҳим аҳамият касб этади. Рекорд суммага керакли футболчини олиб келиш орқали "Юнайтед" футболчиларига ўз амбицияларини энг яхши шаклда хис қилдира олади. Уч йилдан бери ўз даражасини топа олмаётган футболчилар учун бу энг яхши усул. Эсингизда бўлса, бир пайтлар Руни клубдаги трансфер сиёсатидан норози бўлиб, юлдузлар жалб этилмаётганидан нолиганди. Худди шу сабаб, ван Перси ёки Суареснинг "Арсенал" ва "Ливерпул"ни тарк этишларига сабаб бўлган. Энди Манчестердаги бугунги ҳолатга эътибор беринг. Ҳар бир футболчи клуб йирик лойиҳа остонасида турганини ва совринлар яқин йилларда келишини сезиб туришибди ва ҳеч ким кетмоқчи эмас. Ҳатто Моуриню томонидан катта ишонч билдирилмаётган футболчилар ҳам қолиб, ўзларини исботламоқчи ва бу лойиҳанинг бир бўлагига айланмоқчилар. "МЮ" охирги уч йил ичида 23 нафар футболчини сотиб юборди. Ишонинг, уларнинг Манчестерни тарк этишлари у қадар қийин бўлмаган. Уларнинг кайфияти бугунги жамоа аъзоларидан бошқачароқ бўлгани аниқ.

Сўнгги йилларда "Реал" Бэйл, Хамес Родригес каби футболчиларни катта пулларга сотиб олди. Қизиғи, бу футболчиларнинг сотиб олинишида мураббийларнинг қўли йўқ. Мураббий ўзгараётган пайтда Перес томонидан амалга оширилди. "Реал" - буюк клуб. Бутун дунё бўйлаб ўз мухлисларига эга. Ҳар қанча қиммат бўлмасин, трансфернинг тижорий жиҳати вазиятни анча енгиллатади. Футболчилар зўр ўйнаб кетишмаса ҳам, уларнинг имижлари клубга катта фойда келтиради ва рискнинг катта қисмини ёпади. Трансфер омадсиз кечса-да, клуб ютқазмайди.

Шу жиҳатдан олинганда, "МЮ" дунёдаги уч буюк клубдан биридир. Погбани "Мидлсборо" сотиб олса, касод бўлади, аммо "МЮ" футболчининг имижи орақли ҳам яхшигина даромад қилади. Демак, вазият ўхшамай қолганда ҳам, клуб Погбани арзонроққа сотиши, ўртадаги фарқ эса турли реклама шартномалари орқали бемалол қопланиши мумкин. Клуб Ди Марияни бир йил ўйнатиб, 15 миллион зиёнига сотди. Аммо зиён қилдими? Йўқ. Ди Мария исми туширилган футболкаларнинг ўзи билан клуб кўпроқ даромадни ишлаб топиб бўлганди.

"Реал"дан фарқли равишда, "МЮ" футболчини тижорий томонини урғулаб эмас, айнан футбол ракурсида сотиб оляпти. Исботи, унинг трансферини шахсан Моуриню талаб қилган. Демак у Погбадан қандай фойдаланишни яхши билади. Шу жиҳатдан ҳам, Погбанинг трансфери аввалги рекордлардан ақллироқ трансфер эканини айтиш мумкин.
Юқорида Верон ва Фердинандни мисол келтирдим. Бир хил суммага сотиб олинган икки футболчи. Веронни омадсиз йирик трансфер сифатида эслашади. Фердинанднинг трансфер баҳоси эса ҳамманинг эсидан чиқиб кетган. Сабаби, Верон яхши ўйнаб кета олмаган, Фердинанд эса, ўн йилдан ортиқ жамоа сардори бўлди. Кўраяпсизми, асл фарқ нимада? Погба трансферини арзирли ёки арзирсиз, ақлли ёки аҳмоқона бўлганлигини ҳал қилиш барибир футболчининг ўзига юклатилган. Ҳаммаси Погбанинг қўлида. Агар футболчи ҳамма кутаётган ўйинни намойиш қилиб, "МЮ"ни янги босқичга кўтарса, бир қатор совринларни ютиб олса, унинг баҳоси борасидаги баҳсларга ўрин қолмайди. Унга бу имкониятни бериш керак.

Қаҳрамон Асланов

Киритилган сана: 17.08.2016 14:17. Ўкилди: 11785 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

Билдирилган фикрлар:


SHAMSHER
Сана: 17.08.2016 21:32. SHAMSHERга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.